Tuesday, May 30th

Last update07:38:55 AM GMT

You are here:

ҲОРМАНГ, ЗАМОНДОШ!


Инсон ўз ишининг устаси бўлиши мумкин. Бироқ маҳсулотини тақдим қилиши учун ташкилотчи ҳам бўлиши керак. Шу икки ҳислатни жамлаган одам том маънода тадбиркор ҳисобланади.  Андижонлик Гулнозахон Эгамбердиева ана шундай тадбиркор аёллардан. Қўли гул чевар бўлгани боис мижозлари сероб.

Гулнозахон уйида ўтириб ҳам ўз ишини қилавериши мумкин эди. Бироқ бу унинг имкониятларини маълум даражада чеклаб қўярди. Чунки, у фабрика очиш, янги шакл-шамойилдаги либослар тўплами яратиш иштиёқида ёнарди-да. Турмуш ўртоғи ҳам бу соҳадан узоқ эмас: унинг ғояларини амалга оширишда ҳар томонлама қўллаб-қувватлади. Демак, ҳаракат қилса, натижага эришиши тайин. Шундай бўлди ҳам.
Аввалига  учта замонавий тикув машиналари сотиб олинди. Уч нафар шогирд билан  иш бошлади. Ишлар аста-секинлик билан силжиб, маълум ўзанга тушиб олгунча қаттиқ ишланди. Бора-бора фаолияти  кенгайиб, катта цех бунёд бўлди.
Бу ҳали ҳаммаси эмасди. Ички бозорда ўз ўрнини топган тадбиркор мавжуд имкониятлардан унумли фойдаланишни чамалай бошлади. Чамаи-чўтда янглишмади ҳисоб. Аввалига шаҳардаги “Яхши” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги фойдаланилмай турган бинони олди. Бу борада йиғин мутасаддилари ёрдамларини дариғ тутмади. Фақат бир шарт билан: ҳудуддаги хотин-қизлар бандлигини таъминлайсиз! Гулнозахон мамнун жилмайди:  асл мақсадимиз ҳам шу-да?!
Ғайрат билан ишга киришилди, натижаки, қисқа фурсатда маҳалланинг 10 нафар хотин-қизлари иш билан таъминланди.
Қаҳрамонимиз ҳақида O‘zLiDeP Андижон шаҳар Кенгаши раиси Наврўзбек Юсупов шундай дейди:
– Гулноза Эгамбердиева изланувчан тадбиркорларимиздан. Бугун у бозор талабларидан келиб чиқиб, қўшимча
12 турдаги болалар ва аёллар кийимларини тайёрлашни йўлга қўйди.  Ҳар ойда 50 миллион сўмлик маҳсулот харидорларга етказиб берилмоқда. Демак, ишлар чаккимас.
Ўтган 2016 йил жамоа учун ўсиш даври бўлди. Россияга 10 минг АҚШ доллари миқдорида маҳсулот экспорт қилинди. Жорий йилда бу кўрсаткич уч баробарга ортиши режалаштирилган. Бу йил охирига қадар иш ўринлари сони 50 тага етишини англатади.
Чарчаманг, замондош!

Ўз мухбиримиз

ЧЎЛДА МЎЛ ҲОСИЛ ОЛИШ МУМКИН

O‘zLiDeP Сирдарё вилоят Кенгаши ва олима аёллар уюшмаси ҳамкорлигида  “Инновацион технологиялар – кичик ва оилавий бизнесни ривожлантириш учун имкониятлар” мавзусида семинар бўлиб ўтди.

– Сирдарёнинг шўрхок ерларида кам суғориладиган икки хил навли нўхатга  муаллифлик гувоҳномасини олдик, – дейди Гулистон давлат университети катта ўқитувчиси, қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди Гулжаҳон Миршарипова. – Бу навларни  чўл шароитида экиб, мўл ҳосил олса бўлади.
Шунингдек, Фароғат Эргашева анор етиштириш ва ундан самарали ҳосил олиш, Рўзигул Бозорова эса  цитрусли  мевалардан  ананас  етиштириш сир-асрорлари ҳақида сўз юритди.
Тадбир давомида фермер опа-сингилларимиз ўз тажрибаларини ўртоқлашишди.
Норинисо ҚОСИМОВА,
“XXI asr” мухбири

БИРГАЛИКДА БИР КУЧМИЗ

Избоскан туманида O‘zLiDeP Андижон вилоят Кенгаши томонидан “Оилавий тадбиркорлик – аёллар бандлигини таъминлашнинг муҳим омили” мавзуида давра суҳбати бўлиб ўтди.

– Хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш борасида қатор ишлар  амалга оширилиб келинмоқда, – дейди O‘zLiDeP туман Кенгаши “Аёллар қаноти” гуруҳи раҳбари З. Ҳайдарова. – Уларда тадбиркорлик ва ишбилармонлик кўникмаларини шакллантириш, бизнес фаолиятини тўғри ташкил этишга ўргатиш, оилавий тадбиркорлик, ҳунармандчилик, касаначилик фаолиятига кенг жалб этиш орқали оилавий бизнесни ривожлантириш асосий мақсадимиздир.
Давра суҳбати давомида тадбиркорлик фаолияти турлари, коллеж битирувчиларига яратилаётган имтиёзлар ҳақида атрофлича маълумот берилди.

***
Қўрғонтепа туманида партиянинг “Оилавий тадбиркорликдан – мустаҳкам оилага” лойиҳаси доирасида касб-ҳунар  коллежи битирувчи қизлари учун “Маҳорат дарси” ташкил этилди. Тадбирда касаначилик, ҳунармандчилик, оилавий тадбиркорликни бошлашда тегишли меъёрий ҳужжатлар билан ишлаш, солиқ ва банк имтиёзлари хусусида атрофлича маълумот берилди.
–  Аёлларни тадбиркорлик фаолиятига йуналтириш ва уларни қўллаб- қувватлаш борасида партия туман Кенгаши билан биргаликда фаолият олиб бораяпмиз, – дейди O‘zLiDeP вилоят Кенгаши раисининг Аёллар масалалари бўйича ўринбосари Хуршидахон Халилова. – Тадбиркорлар олдида турган тўсиқ ва муаммолар, хусусан оилавий бизнес билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларини молиялаштиришда туғилаётган муаммоларни ҳал этишда биргаликда бир куч бўлишимиз зарур.
Тадбир якунида чекка қишлоқлардаги хотин-қизларни касаначилик, ҳунарманд­чилик, фермерлик фаолиятига жалб қилишга оид слайд намойиш этилди.

Ўз мухбиримиз

БИЗНЕС ҒОЯЛАР АМАЛДА

Ўзбекистон Тадбиркор аёл уюшмаси ва Қорақалпоғистон Республикаси хотин-қизлар қўмитаси томонидан Нукусда ўтказилган семинарда Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясига биноан жойларда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, шу жумладан, касаначиликни ривожлантиришда мунис опа-сингилларимиз, академик лицей ва касб-ҳунар коллежларини битираётган қизлар иштирокини кучайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Ташкилотчилар Орол денгизининг қуриб бориши билан юзага келган экологик вазият минтақасидаги Мўйноқ, Тахтакўпир, Шуманай туманларида бўлиб, хотин-қизлар ўртасида тадбиркорликни ривожлантиришга оид галдаги вазифаларни белгилаб олишди.
– Тадбир икки муҳим жиҳати билан долзарб аҳамиятга эга бўлди, – дейди O‘zLiDeP Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши Аёллар масалалари  бўйича ўринбосари А. Қаландарова. – Биринчиси – юз нафардан ортиқ хотин-қизларимиз, шу жумладан, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари битирувчилари малакали иш ўринлари билан таъминландилар. Иккинчидан, эллик нафарга яқин аёл тадбиркорларнинг бизнес ғоялари амалга оширилди.

Ўз мухбиримиз

Joomla