Thursday, May 25th

Last update04:49:24 AM GMT

You are here:

“БОФАНДА” электрон тижорат орқали ҳамкорлик қилиш арафасида

Самарқанд шаҳридаги “Бофанда” масъулияти чекланган жамияти хорижда ҳам ўз харидорига эга бўлишга интилаётган корхоналардан бири. Трикотаж кийим-кечаклар ишлаб чиқарувчи мазкур корхонадаги замонавий технологияларни асосан касб-ҳунар коллежини тугатган йигит-қизлар бошқаради.

– Бир неча йилдирки, Жанубий Корея, Болгария, Россия, Қозоғис­тон каби давлатларда бўлаётган халқаро кўргазмаларда доимий иштирок этаяпмиз, – дейди корхона директори Азиз Аҳроров. – Яқинда Москвада бўлган “Текстиль лег пром – 2016” енгил саноат маҳсулотлари ва ускуналари халқаро ярмаркасида корхонамизда ишлаб чиқарилган ёз ва қиш мавсумида кийиладиган трикотаж маҳсулотларимиз билан қатнашдик. Энг муҳими, ушбу нуфузли кўргазмада юртимиздан таклиф қилинган бошқа  пешқадам корхоналар вакиллари билан биргаликда Ўзбекистоннинг ишлаб чиқаришдаги имкониятларини намоён этдик.

Мазкур кўргазма доирасида ўзбекистонлик тадбиркорлар имзолаган экспорт шартномаларининг қиймати қарийб 280 миллион АҚШ долларини ташкил этгани қувонарлидир. Шундан бизнинг корхонамиз 3 миллион АҚШ доллари қийматидаги келишувга эришди. Айни пайт­да жорий йилнинг 12-13 октябрь кунлари пойтахтимизда ўтказиладиган халқаро  ярмаркада иштирок этиш учун пухта тайёргарлик кўраяпмиз.

Бундай кўргазмаларнинг доимий қатнашчиси бўлиш тадбиркор учун нафақат тажриба алмашиш, хорижий харидорлар сони ошишига, балки янги иш ўринлари кўпайишига ҳам асос бўлмоқда.

“Бофанда”да яқинда электрон тижорат тури ҳам йўлга қўйилгани яна бир янгилик бўлди.

– Хориж мамлакатларида электрон тижорат жорий этилган бўлиб, одамлар кундалик, зарур харидларини ўтирган жойларида амалга оширади, – дейди лойиҳа координатори Фарангиз Раззоқова. – Биз ҳам бундай қулайликни ташкил этишга эришдик – яъни,
www.bofanda.uz электрон сайтини ишга тушириб, электрон тижоратни амалга ошираяпмиз. Эндиликда нафақат ўз маҳсулотимизни, балки вилоятда фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари маҳсулотларини ҳам электрон сайтимиз орқали сотишда ёрдам бераяпмиз. Қувонарлиси, ўзимизда ишлаб чиқарилаётган маҳсулот ва миллий либосларимизнинг талабгори кўпайиб бораётир.

Харидордан электрон тарзда олинган буюртмалар тезкорлик билан етказиб берилмоқда. Яхши сифат, миллий маҳсулот ва арзон нарх – муҳим тамойилимизга айланган. Режамиз МДҲ давлатларидаги харидорларга ҳам электрон тижорат орқали маҳсулотлар етказиб беришдир.

 

Муҳаббат РАВШАНОВА,

“ХХI asr” мухбири

Joomla