Thursday, Jan 19th

Last update06:53:34 AM GMT

You are here:

Кичик компаниялар — кадрлар устахонаси

Маълумки, тарихда ҳам, бугунги кунда ҳам тадбиркор ва ишбилармонлар ҳар қандай давлатнинг таянчи ва суянчи, жамиятнинг устуни бўлиб келган ва шундай бўлиб қолмоқда. Ўтган асрнинг 90-йилларида оёққа тура бошлаган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик тузилмалари бугун ўзининг бардошлилиги билан дунёда йирик монополиялар ҳукмронлиги тўғрисидаги қарашларни чиппакка чиқараётир. Айни пайтда мазкур соҳа ривожи ишсизликни камайтириш, иқтисодиётни мустаҳкамлаш, аҳоли фаровонлигини таъминлаш борасида пешқадамдир.

Ерга яхши ниятлар билан экилган ниҳол илдиз отиб, униб-ўсиши учун алоҳида эътибор ва парвариш талаб этганидек, кичик бизнеснинг томир отиб, мева бериши учун ҳам худди шундай ғамхўрлик зарур. Яъни, қаерда тадбиркор эркин, аниқроқ айтганда, солиқ, божхона, банк ва бошқа имтиёзларга эга бўлса, самара ҳам шунга яраша бўлади. Аксинча, ҳозир тилга олинган шарт-шароитларни яратмасдан туриб, иқтисодиётни кичик бизнес ҳисобига ривожлантириш, булутсиз осмондан ёмғир кутиш билан баробардир.

Айни пайтда жаҳоннинг барча малакатлари ана шу ҳаётий тамойилларга амал қилган ҳолда тадбиркорликни ривожлантириш иқтисодиётнинг таянчи, унинг эртанги кунини белгиловчи асосий омиллардан бири эканлигини англаб етмоқдалар.  Мазкур масалаларга жиддий эътибор қаратаётган аксарият мамлакатларда улкан натижаларга эришилаётгани ҳам сир эмас. Мисол учун, Япония, Германия, Жанубий Корея  бу борада ўзига хос мактаб яратган бўлса, ўз мустақиллигини қўлга киритгандан сўнг Ўзбекистон ҳам соҳада улкан ютуқларга эришмоқда.

Келинг, шу ўринда юқорида тилга олинган мамлакатларнинг кичик бизнес соҳасидаги тажрибалари билан қисқача танишсак. Масалан, Германияни олайлик. Мамлакатда кичик бизнеснинг ўзига хос жиҳатларидан бири унинг инновациялар яратишга қаратилганидадир. Ўтган асрнинг 80-йилларида Саноат ва савдо палатаси ҳузурида технологиялар трансферини рағбатлантириш комиссияси ва маслаҳат маркази тузилди. 90-йилларга келиб эса технопарклар яратилиб, кичик компанияларни имтиёз ва дотациялар асосида қўллаб-қувватлаш бўйича давлат ва миллий дастурлар амалиётга жорий этилди. Бугунги кунда инновацияларга ихтисослашган кичик бизнес субъектлари давлат томонидан қўллаб-қувватланмоқда. Яъни технологик марказлар ва тадқиқот институтлари ташкил этилган ва махсус транспорт тармоғи ҳам йўлга қўйилган.

Марказий Европадаги энг ривожланган давлатларидан бири Германияда тадбиркорлик билан шуғулланишга аҳд қилган ҳар бир фуқаро ҳеч бир тўсқинликсиз 20 йил муддатга 50 минг еврогача имтиёзли давлат кредитини олиши мумкин. Эътиборли томони, дастлабки икки йил давомида тадбиркор кредит маблағларидан беғараз фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлади. Кейинги 8 йил давомида банкка кредитнинг фақат имтиёзли фоизлари, яъни йиллик 4-5 фоиз тўланади. Қарз суммаси эса кредит даврининг ўн биринчи йилидан бошлаб тўлаб борилади. Бундан ташқари, Германия ҳукумати турли тадқиқот ва илмий ишларни амалга ошириш мақсадида олинган кредитнинг 40 минг еврогача бўлган қисмини ўзи қоплайди.

Германиянинг кичик компанияларини ҳақиқий кадрлар устахонаси дейиш мумкин. Чунки, олий таълим даргоҳлари битирувчиларининг 80 фоизи ўз меҳнат фаолиятини айнан кичик корхоналарда бошлайди. Малака ошириш тўғрисидаги шартномаларнинг 80 фоизи ҳам айнан кичик корхоналар ва олий таълим муассасалари ўртасида тузилади.

Имтиёзли солиққа тортиш тизими, давлат дотациялари ҳамда офисларни ижарага олиш нархларининг пастлиги туфайли кичик бизнес вакилларининг харажатлари йирик компанияларга қараганда кам бўлади. Шу боис кичик бизнесда мавжуд бўлган афзалликларни англаб етиб, йирик компаниялар майда шўъбаларга бўлина бошлади. Натижада бугунги кунга келиб, Германияда қайси корхона кичик фирмаю, қай бири йирик компаниянинг бўлими эканини тушуниш қийин. Йирик компания таркибига кирувчи кичик фирмалар камхаражат бўлгани боис хорижлик инвесторларга жозибадор кўринади. Шу сабабли кейинги йилларда Германиянинг кичик илмий-тадқиқот компанияларига АҚШ, Япония ва Швециядан киритилаётган инвестициялар ҳажми ортиб бормоқда. Бу эса, табиийки, мамлакат иқтисодиётини янада мустаҳкамламоқда.

Кичик бизнеснинг Жанубий Корея тажрибаси ҳам ўзига хос. Таъкидлаш жоизки, 2000-йилда мамлакат ҳукумати томонидан 10 йиллик дастур қабул қилинган бўлиб, у кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ривожланишида катта роль ўйнади. Дастурнинг асосий мақсади саноат маҳсулотлари экспортида кичик ва ўрта компаниялар улушини 37 дан 50 фоизгача ошириш, юқори қўшимча қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни 50 дан 56 фоизгача ошириш, аҳолини иш билан таъминланишини 70 дан 78 фоизга кўтариш, бериладиган кредит фоиз ставкаларини камайтириш нисбатан рақобатбардош бўлган компанияларни аниқлаб, уларга кўмак беришдан иборат эди. Шу билан бирга кичик бизнесни молиялаштириш соҳасида 4 та умуммиллий ташкилот  Корея Саноат Банки, Фуқаролик Миллий Банки, Корея кредит-кафолат ҳамда  Корея технология кредит фондлари фаолият олиб бормоқда. Давлат маблағлари янги технологияларни ишлаб чиқариш ва киритиш, айланма маблағни тўлдириш мақсадида имтиёзли шартларда тақдим этилади.

Юқорида таъкидлагангандек, ана шу мамлакатлар қаторида Ўзбекистонда ҳам кейинги йилларда кичик бизнес иқтисодиётни бошқаришнинг ишончли воситасига айланмоқда. Энг муҳими, соҳа вакиллари давлат томонидан ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётир. Президентимиз раҳнамолигида хусусий мулк ва хусусий тадбиркорлик ривожи йўлидаги барча ғов ва тўсиқларни олиб ташлаш, бу соҳага тўлиқ эркинлик бериш,  хусусий мулкдорларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда суд органлари ролини ошириш, давлат, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва назорат қилувчи органлар мансабдор шахсларининг тадбиркорлик субъектларининг хўжалик ва молиявий фаолиятларига ноқонуний аралашуви учун жавобгарлигини кучайтиришга катта аҳамият қаратилмоқда.

Бу борада қабул қилинаётган ҳуқуқий ҳужжатларнинг аҳамияти соҳа ривожида муҳим роль ўйнамоқда.  Хусусан, давлатимиз раҳбарининг 2015 йил 15 майдаги “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони тадбиркорлик фаолиятининг барча қирраларини қамраб олган. Илгари корхонани давлат рўйхатидан ўтказиш учун ҳафталаб вақт сарфланган бўлса, бугунга келиб тегишли тартибда рўйхатдан ўтиш, солиқ ва статистика ҳисоботларини топшириш электрон шаклда амалга оширилаяпти. Қолаверса, фармонда туман ҳокимликлари ҳузуридаги «ягона дарча» фаолиятини такомиллаштириш юзасидан белгилаб берилган чора-тадбирлар кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳаси вакилларини турли рухсат бериш характеридаги ҳужжатлар, лицензияларни олиш билан боғлиқ ташвишлардан халос этмоқда.

Кейинги йилларда солиқ қонунчилиги соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳам тадбиркорлик равнақига хизмат қилмоқда. Президентимизнинг «Ўзбекистон Республикасининг 2016 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида»ги Қарорига асосан  юртимизда тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш, аҳолининг реал даромадларини ошириш мақсадида қатор солиқ ва мажбурий тўловларнинг ставкалари пасайтирилди, шунингдек, қонун ҳужжатларига асосан берилган имтиёзлар муддати узайтирилди. Хусусан, микрофирма ва кичик корхоналар учун ягона солиқ тўлови ставкаси 2015 йилдаги 6 фоиздан 1 фоизли пунктга пасайтирилиб, 5 фоиз қилиб, божхона расмийлаштируви бўйича хизматлар кўрсатувчи юридик шахслар (божхона брокерлари) учун ягона солиқ тўлови ставкаси ҳам 1 фоизли пунктга пасайтирилиб, 5 фоиз қилиб белгиланди.

Соҳада узоқни кўзлаб олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотлар натижасида  кичик бизнеснинг мамлакат ялпи ички маҳсулотидаги улуши 56,7 фоизга етди. Бу 2000 йил билан таққослаганда 1,8 баравар кўпдир.

Шу ўринда яна бир гап. Маълумки, ҳар қандай жамиятда у ёки бу қатлам манфаатини, орзу-истакларини рўёбга чиқаришга интиладиган уюшмалар, сиёсий партиялар иш олиб боради. Мамлакатимизда ҳам кичик бизнес вакиллари манфаатини ҳимоя қилишга бел боғлаган муассасалар талайгина.  Улар қаторида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясини алоҳида тилга олиш жоиз. Айни пайтда партия ўзининг истиқболли лойиҳалари орқали тадбикорликни ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшиб келаётир. Мисол учун, “Ишбилармон талаба”, “Диплом билан — бизнесга”, “Оилавий тадбиркорликдан – мустаҳкам оилага”, “Агар мен депутат бўлсам...”, “Мулкдор оила” каби йирик партиявий лойиҳалар аҳолини, жумладан, ёшлар ва хотин-қизларни тадбиркорликка кенг жалб этиш, аҳоли бандлигини таъминлаш, кишиларнинг ижтимоий-иқтисодий, сиёсий билимларини оширишда муҳим аҳамият касб этаётир. Бугунги кунгача минглаб ёшлар партия лойиҳалари орқали ўз интилишларини рўёбга чиқаришга муваффақ бўлди.

Қисқача айтганда, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ўзининг ҳаётий хусусиятлари орқали бутун дунё иқтисодиётини модернизация қилиш, ислоҳотларни муваффақиятли амалга оширишда қўл келмоқда.

 

Акбар МУЗАФФАРОВ,

«XXI asr» мухбири

 

Joomla