Tuesday, May 30th

Last update07:38:55 AM GMT

You are here:

15 НАФАР ЕТАКЧИ ЎРНИГА иқтидорли, ташаббускор ёшлар сайланди

НИҲОЯСИГА  ЕТАЁТГАН ҲИСОБОТ-САЙЛОВ ЙИҒИЛИШЛАРИ O‘ZLIDEP БОШЛАНҒИЧ ТАШКИЛОТЛАРИ ЛИБЕРАЛ-ДЕМОКРАТИК ҒОЯЛАРНИНГ ЖЎШҚИН ТАРҒИБОТЧИСИГА, ЖОЙЛАРДАГИ ИЖТИМОИЙ-ИҚТИСОДИЙ МУАММОЛАР ҲАЛ ЭТИЛИШИГА КЎМАК БЕРА ОЛУВЧИ ФАОЛ КУЧГА АЙЛАНАЁТГАНИНИ, ШУНИНГДЕК, ДАСТУРИЙ ҒОЯ ВА МАҚСАДЛАРИМИЗНИ ИЗЧИЛ ТАРҒИБ ҚИЛИШДА ПАРТИЯНИНГ
БИРОР БЎҒИНИ БПТЛАРДЕК КАТТА ИМКОНИЯТЛАРГА ЭГА ЭМАСЛИГИНИ ЯНА БИР КАРРА НАМОЙИШ ЭТДИ.

_______________________________

Бугунги кунда Қашқадарё вилоятида 22 минг 605 нафар маслакдошимизни жипслаштирган 916 та бошланғич партия ташкилоти фаолият кўрсатмоқда. Қуйи бўғинларнинг ҳисобот-сайлов йиғилиш­лари ошкоралик, ўз-ўзини танқид асосида бўлиб ўтгани эътиборга молик.

Абдулла Йўлдошев воҳада биринчилардан бўлиб партия сафига кирган ташаббускор инсонлардан. У Шаҳрисабз туманидаги “Паҳлавон” тиббий ташхис марказида иш юритаётган таянч тузилмага етакчилик қилаётир. 26 сафдошимизни бирлаштирган мазкур БПТ  нафақат туман, балки вилоят миқёсида ҳам энг намунали тузилмалардан биридир. Ҳисобот-сайлов давомида қайд этилганидек, ўтган даврда қуйи бўғин йиғилишларида ўндан ортиқ долзарб масала муҳокама этилиб, O‘zLiDeP туман Кенгашига тақдим этилган. Шунингдек, депутатлик назорати амалга оширилишига партиявий воситалар билан ёрдам берилган. Қуйи бўғин шу йўсинда аҳолини қийнаётган баъзи муаммолар ҳал қилинишига ҳисса қўшяпти. Фаоллар ғоявий-сиёсий тадбирларни ҳар жиҳатдан такомиллаштириш ишига ҳам сидқидилдан ёндошмоқдалар.

– Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси партиявий ишни ташкил этишда ҳам дастуриламалдир, – дейди БПТ раиси.  – Унинг мазмун-моҳиятини электоратимиз вакилларига етказиш мақсадида турли тадбирлар ўтказяпмиз.  Ҳар ойда бўлиб ўтадиган йиғилишимизда тадбирлар натижаларини сарҳисоб қиляпмиз.

Илҳом Абдуллаев кўп йиллардан буён Касби тумани марказий шифохонасидаги қуйи ташкилотга раҳбарлик қиляпти. Ташаббускорлиги,  ташкилотчилиги билан ҳаммаслакларига ўрнак кўрсатяпти. Таъкидлаш жоизки, ҳисобот даврида қуйи бўғин сафлари кенгайиб, сифат таркиби яхшиланди. Сайловчилардан тушган мурожаатлар бўйича тегишли ишлар олиб борилди. Ўтган йили йигирмага яқин партиявий тадбир ташкил этилгани ва уларда мингдан ортиқ киши қатнашгани диққатга сазовор.

Шу билан бирга вилоятда партия сафига адашиб кириб қолган, зиммасидаги масъулиятни унутган БПТ раислари ҳам борлигидан кўз юммаслик зарур. Ҳисобот-сайловлар даврида 32 та қуйи бўғин етакчиси ўрнига янгилари сайланди. Улардан 17 нафарининг яшаш ёки иш жойи ўзгарган. 15 нафар қуйи бўғин етакчисига эса партиядошлар томонидан ишонч билдирилмади.

Хусусан, “Деҳқонобод калийли ўғитлар заводи” унитар корхонасидаги бошланғич ташкилотда 67 нафар партия аъзоси ҳисобда туради. БПТ етакчиси зиммасидаги вазифаларни сидқидилдан бажармаган, сафдошларини O‘zLiDeP нуфузини янада оширишга қаратилган ишларга бошлай олмаган. Қуйи бўғин фақат қоғозда “фаолият кўрсатган”. Ҳисобот даврида бу ерда бирор марта ҳам йиғилиш ўтказилмаган. Аъзолар сонини кўпайтиришга эътибор берилмаган. Ҳисобот-сайловда шу ва бошқа камчиликлар ошкора айтилиб, фаолиятни жонлантириш юзасидан чора-тадбирлар режаси белгилаб олинди. Ишчан, истеъдодли Меҳринисо Мелиева етакчиликка сайланди.

АТ “Агробанк” Ғузор туман бўлимида иш юритаётган таянч тузилма  фаолияти ҳам қониқарсиз деб топилди. Янги сайланган етакчи Маҳлиё Чориевага қуйи бўғин фаолиятини жонлантириш вазифаси топширилди. Шунингдек, тумандаги “Янги кент” ва “Чаноқ” маҳалла фуқаролар йиғинларидаги қуйи бўғинлар етакчилари ҳам  қайта сайланмадилар.

Қарши шаҳридаги “Хўжахиёл” МФЙ ҳудудида тузилган бошланғич ташкилот йиғилиш­ларни хўжакўрсинга ўтказган. Маҳаллада аҳоли бандлиги ва фаровонлигини ошириш билан боғлиқ ишлар қуйи бўғин назаридан четда қолган. БПТ билан партия маҳаллий Кенгаши орасида ҳеч қандай алоқа йўқ.

Таллимаржон шаҳарчаси Нишон туманининг чекка ҳудудида жойлашган. Шаҳарчада ўзига хос муаммолар талайгина. Аммо ҳудудда ташкил қилинган қуйи бўғин томонидан уларга жамоатчилик эътиборини қаратиш учун ҳеч қандай амалий иш қилинмаган. 53 аъзони бирлаштирган мазкур тузилмада йиғилишлар ўтказилмаган,  партия туман Кенгашига ҳеч қандай таклифлар, маълумотлар тақдим қилинмаган.  Тарғибот-ташвиқот ишлари ҳам деярли амалга оширилмаган. Ҳисобот-сайлов йиғилишида сўзга чиққанлар янги раис Шерхон Қораев маслакдошларни аниқ амалий ишлар, муваффақиятлар сари етак­лай олишига ишонч билдирдилар.

– Айрим бошланғич ташкилот хоналарининг партиявий тарғибот воситалари билан жиҳозланмагани, услубий қўлланмаларнинг етишмаётгани қуйи бўғинлар ишига салбий таъсир этмоқда, – дейди партия вилоят ташкилотининг БПТлар билан ишлаш гуруҳи раҳбари Алибек Раҳматов. – Бинобарин, ана шу масалани ҳал этиш учун аъзолик бадалларининг бир қисмини қуйи бўғинларда қолдириш мақсадга мувофиқ, деб ўйлайман. Умуман, муаммоларни кимдандир кўмак сўраб эмас, балки мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиб, билим ва тажрибани, интеллектуал қобилиятни ишга солган ҳолда бартараф этиш мақсадга мувофиқ.

O‘zLiDeP ҳудудий Кенгаши ташкилий-партиявий ишлар бўлими мудири Муҳиддин Ҳамроевнинг айтишича, эндиликда бошланғич ташкилотларда “Фаолият дафтари” юритиш йўлга қўйилиб, ўша дафтардаги қайдлар орқали ташкилот фаолия­ти атрофлича таҳлил этилади. Бу янгилик ҳам қуйи тузилмалар фаолияти мукаммаллашувига хизмат қилиши шубҳасиз.

Сайфулла ИКРОМОВ,
“ХХI asr” мухбири

... ҚУЙИ ТУЗИЛМАДАН БОШЛАНАДИ

Ховос тумани “Гулбаҳор” ШФЙ ҳудудида фаолият юритаётган бошланғич партия ташкилоти 2010 йилда ташкил этилган бўлиб, айни вақтда ўз атрофида 27 нафар маслакдошни бирлаштирган.

Ўтказилган навбатдаги ҳисобот-сайлов йиғилишида ўтган йили амалга оширилган ишлар ҳамда “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да мўлжалланган чора-тадбирлар режаси таҳлил қилинди.

Йиғилишда Президентимизнинг фармони билан тасдиқланган “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси”ни амалга ошириш, “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлашда партия олдида турган вазифаларга эътибор қаратилди. Зеро, ушбу вазифалар ижроси мамлакатимизда “Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун” деган ғояни ҳаётга татбиқ этишда ҳал қилувчи аҳамиятга эга.

Йиғилиш сўнггида таянч тузилма фаолияти қониқарли деб топилиб, етакчиликка бир овоздан Илҳомжон Эгамов қайта сайланди.

***

АТ “Агробанк” Мирзаобод туман филиалидаги БПТ раиси М.Ярашева ҳисобот мажлисида сўзга чиқиб, бошланғич партия ташкилоти фаолиятини янада жонлантириш, аъзолар сонини  кўпайтириш лозимлиги ва бунга эришиш учун нафақат БПТ раиси, балки ҳар бир аъзолар ҳам масъул эканлигини таъкидлаб ўтди.

Тадбир якунида бошланғич партия ташкилоти фаолияти қониқарли деб топилиб, 2017 йил учун мўлжалланган иш режаси тасдиқланди.

***

Оқолтин тумани “Андижон” ҚФЙ ҳудудидаги бошланғич партия ташкилоти йиғилишида O‘zLiDeP мамлакатимиздаги етакчи партия сифатида сиёсий саҳнада ўз электорати – хусусий мулк эгаларининг интилишларини ифода этиши, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш учун партиянинг барча қуйи бўғинлари фаолиятини янада яхшилаб боришга алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги таъкидланди.

Йиғилиш якунида бошланғич партия ташкилоти раислигига Сулаймон Равшанов  бир овоздан қайта сайланди.

***

Сардоба туманида 41 та бошланғич партия ташкилоти 948 нафар аъзони бирлаштирган. Улар туман Кенгаши билан ҳамкорликда партиянинг мақсад ва вазифаларини тарғибот-ташвиқот қилишда муҳим рол ўйнамоқда.

“Ота-юрт” МФЙ ҳудудидаги БПТ йиғилишида қайд этилганидек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси замирида мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини тубдан ошириш, давлат ва жамиятнинг жадал ривожланишини таъминлаш учун шарт-шароитлар яратиш, ҳаётнинг барча соҳаларини эркинлаштиришга қаратилган эзгу мақсадлар мужассам бўлганлиги кун сайин ўз исботини топиб бормокда.

Йиғилиш ниҳоясида қуйи ташкилот раислигига З.Тожиев қайта сайланди.

***

Гулистон шаҳрида таркибида йигирмадан зиёд корхоналарни бирлаштирган “БЕК” бирлашмасидаги бошланғич партия ташкилотининг навбатдаги ҳисобот-сайлов йиғилишида ҳам Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифалар аҳоли, айниқса, хотин-қизлар ва ёшлар бандлигини таъминлаш, тадбиркорликни ривожлантириш билан боғлиқ долзарб масалаларга эътибор қаратилди.

Маълумот сифатида айтиш керакки, мазкур бошланғич ташкилот  ташкил топган вақтда – 2014 йилда ўз сафига 110 нафар фаолларни бирлаштирган бўлса, айни вақтда уларнинг сони 550 нафарга етган.

Тадбирда сўз олганлар Ўзбекистон саноати тез суръатлар билан ривож­ланиб бораётгани, аҳолининг турмуш даражаси тизимли равишда ошаётганлигини таъкидлашди. Бу ютуқларнинг асоси мамлакатимизда хусусий мулк, тадбиркорлик ва ишбилармонликни изчил ривожлантириш учун қулай шароит ва имкониятларнинг яратилганлигидир.

Дилшод МАДРАҲИМОВ,
O‘zLiDeP Сирдарё вилоят
Кенгаши Ташкилий-партиявий ишлар
бўлими бош консультанти

ТЕГИШЛИ ХУЛОСАЛАР ЧИҚАРИЛДИ

Избоскан туманидаги Қорадарё-Майлисой ирригация тизимида иш олиб бораётган бошланғич ташкилотда бўлиб ўтган ҳисобот-сайлов йиғилиши ўзининг очиқлиги ва муҳокамаларга бойлиги билан кўпчиликда қизиқиш уйғотди. Йиғилишда мавжуд нуқсонлар, йўл қўйилаётган хатолар атрофлича сарҳисоб қилинди. Бугунги кунда партиянинг Избоскан туман Кенгашида 1100 дан зиёд аъзони ўзида бирлаштирган 36 та бошланғич партия ташкилоти фаолият юритмоқда. Йиғилишда партия сафига ташаббускор, ғайратли, жамиятимизда кечаётган жараёнларга бефарқ бўлмаган, эл корига камарбаста инсонларни янада кўпроқ жалб қилиш кераклиги алоҳида таъкидланди.

Ҳисобот-сайловда қуйи бўғин аъзолари, депутатлар, жамоат ташкилотлари вакиллари, тадбиркор ва фермерлар кун тартибидаги масалаларга муносабатларини билдирдилар. Ечимини кутаётган муаммолар бўйича аниқ ва асосли таклифларни илгари сурдилар.

Мажлисда бошланғич партия ташкилоти фаолиятига тегишли саволларга жавоблар берилди. Қуйи бўғин раиси олдига фаолиятни янада жонлантириш, эришилган натижаларга танқидий баҳо бериш каби топшириқлар қўйилди.

Пирвардида таянч бўғин фаолияти қониқарли топилиб, Музаффар Турғунов БПТ раислигига  қайта сайланди.





Зилола РАҲМОНОВА,
“ХХI asr” мухбири

Joomla