Monday, Apr 24th

Last update01:59:47 AM GMT

You are here:

ЕТАКЧИНИНГ ЕТТИ ХИСЛАТИ


Буюк бобомиз Алишер Навоий ҳазратлари бир байтида инсоннинг халққа қанчалар кўп нафи тегса, бундан унинг ўзи кўпроқ манфаат кўришини айтади. Аҳоли билан чинакам мулоқотни, эл-юрт ва фуқароларнинг манфаатларини фаолиятининг бош мазмуни қилиб белгилаган O‘zLiDeP ҳам юртимиз тараққиётига муносиб улуш қўшмоқда. Томчида қуёш акс этганидек, бу янглиғ эзгу саъй-ҳаракатларни бошланғич партия ташкилотларида бўлиб ўтаётган сарҳисоб анжуманлари мисолида яққол кўриш мумкин.
Амударё туманидаги “Гўзалой Махмуд қизи” масъулияти чекланган жамиятида фаолият юритаётган партия таянч бўғини Қорақалпоғистондаги 761 та ана шундай тузилмалардан бири. Албатта, ушбу бошланғич ташкилот O‘zLiDeP ғоя ва мақсадларини амалга ошириш, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлардаги фаол иштирокига кўра бошқа қуйи бўғинлар билан узвий уйғунликка эга. Айни чоғда БПТнинг ўз сиёсий қиёфаси, партиявий таж­рибаси, ўзига хос услуб ва анъаналари бор. Бўлиб ўтган ҳисобот-сайлов йиғилиши ҳам буни тасдиқлади. Мазкур тадбирда БПТ раиси Гулбаҳор Қурбонбекова ҳисобот берди. Етакчи  умумий гаплардан кўра аниқ таҳлилларга кўпроқ аҳамият қаратди. Камчиликлар тўғрисида ҳам гапириб, уларни бартараф этиш бўйича фикр-мулоҳазаларини билдирди. Хуллас, ҳисобот-сайлов холис таҳлиллар, ўз-ўзини принципиал танқид, аниқ таклиф ва ташаббуслар билан ўтди. Буларнинг ҳаммаси  қуйи бўғин иши мукаммаллашувига хизмат қилади, албатта. Йиғилишда ўн йилдан буён БПТ етакчиси, лидерлик фазилатлари билан ўзини амалда кўрсатган Г. Қурбонбекова раисликка қайта сайланди. Дарҳақиқат, Гулбаҳор тимсолида таянч тузилма раҳбарининг етти муҳим қиррасини кўриш мумкин. Авваламбор, у юксак эътиқодга, қатъий нуқтаи назарга, кенг сиё­сий билимларга эга. Қолаверса, ўз сафдошларига ишчанлиги, қимматли ташаббуслари билан ибрат кўрсатиб келмоқда. Шунингдек, у ўзи билан ишлаётган одамларнинг кўнглига йўл топган, ортидан эргаштира олган ташкилотчи. Энг асосийси, у китоб билан яқин дўст. Сиёсий адабиётлар билан ҳам, бадиий асарлар билан ҳам мунтазам танишиб боради. БПТ фаоллари, электорат вакиллари, ёши улуғ инсонларга байрам ва тантаналарда совға тарзида биринчи навбатда китоб ҳадя қилади. Еттинчи қирраси – оиласи ҳар жиҳатдан ҳавас қилгулик.
– Йиғилишдан олдин мен ўз-ўзимга “Бошланғич ташкилотимиз ҳақиқатан ҳам ижтимоий-сиёсий жиҳатдан фаолми? Раисликка лойиқманми? Ҳисобот даврида янги ғоялар, ташаббуслар билан чиқдимми? Партиядошларимга шахсий намуна кўрсата олдимми? Айни кундаги ишларимиз Ҳаракатлар стратегияси билан ҳамоҳангми?” деган  саволларни бериб кўрдим, – дейди Г. Қурбонбекова. – Сарҳисоб кўрсатдики, анча ишларни уддалабмиз.
Тумандаги кўп тармоқли “Амирхон” фермер хўжалигида иш олиб бораётган қуйи тузилмада ҳам ҳисобот-сайлов йиғилиши юқори савияда ташкил қилинди. Унда фермерлик ҳаракати қишлоқдаги ислоҳотларнинг локомотиви сифатида давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги фармони ижросида ҳал қилувчи вазифани бажараётгани таъкидланди. Фермер хўжалиги ва айни пайтда БПТ раҳбари Отахон Қурбонниёзов пахта, ғалладан мўл ҳосил етиштириш билан бирга қишлоққа саноатни олиб киришда ташаббускор бўлаётгани ҳам алоҳида қайд этилди. Қўлга киритилган ютуқлар билан бирга йўл қўйилган хато-камчиликлар хусусида ҳам сўз юритилди. Хусусан, талай депутатлар сайлов арафасида партиямиз электорати билан яқин алоқалар ўрнатган эди. Бироқ кейинчалик партиямизнинг айрим вакиллари сайловчилар билан деярли мулоқот қилмай қўйишди. Бу борадаги ишларни ўнглаш учун БПТ имкониятларидан унумли фойдаланиш зарурлиги айтилди. Пировардида ташкилотнинг 25 аъзоси ўз зиммасидаги вазифаларни сидқидилдан уддалаётгани ва бунда етакчининг раҳбарлик қобилияти муҳим аҳамият касб этаётгани ҳисобга олиниб, О. Қурбониёзов қуйи бўғин етакчиси этиб қайта сайланди.
– Ҳисобот-сайлов йиғилишларида аксарият етакчиларга қайта ишонч билдирилди, – дейди O‘zLiDeP туман Кенгаши аппарати раҳбари Мадамин Қозоқов. – Бу эса сафдошларимиз орасида партиянинг бош мақсадларини тўла англаб етган, маслакдошларни ўз атрофида жипслаштира оладиган иқтидорли инсонлар кўп эканлигини билдиради.
Янгибой ҚЎЧҚОРОВ,
“XXI asr” мухбири

ҲАММАМИЗ ВА ҲАР БИРИМИЗГА БОҒЛИҚ

Навоий вилоятидаги бошланғич партия ташкилотларида ҳам ўтган йилдаги
фаолият атрофлича сарҳисоб қилиниб, тегишли хулосалар чиқариляпти, режалар тузиляпти, масъулиятсиз етакчилар ўрнига ишчан, ташаббускор сафдош­ларимиз сайланяпти.
Хусусан, Навоий кон-металлургия комбинати тасарруфидаги 27-сонли болалар ва катталар поликлиникасида иш олиб бораётган таянч тузилмада ҳам навбатдаги ҳисобот-сайлов йиғилиши бўлиб ўтди.
– Мавжуд нуқсонлар, йўл қўйилаётган хатолар кишининг ўзига сезилмаслиги мумкин, – дейди мазкур қуйи бўғин раиси Исроил Ахтамов. – Шу маънода йиғилишда партия Навоий шаҳар ташкилоти масъул ходимлари, маҳаллий кенгаш депутатлари, шунингдек, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва хусусий сектор вакиллари фаол иштирок этгани айни муддао бўлди. Улар БПТ фаолияти юзасидан турли саволлар беришди, алоҳида эътибор қаратиш, жонлантириш зарур бўлган жиҳатларни кўрсатиб беришди. Жумладан, фуқаролар мурожаатлари билан ишлашда партия юқори органлари, депутатлар ҳамда БПТ ўртасидаги ҳамкорлик талаб даражасида эмаслиги қайд этилди. Бу борадаги ишларни такомиллаштириш юзасидан маслаҳатлашиб олдик. Зеро, мазкур йўналишга алоҳида эътибор қаратилмас экан, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган тегишли устувор вазифаларни амалга ошириш осон кечмайди.  Бу вазифаларни бекаму кўст  уддалаш эса ҳаммамизга ва ҳар биримизга боғлиқ.
Йиғилишда таянч бўғин фаолияти қониқарли топилиб, И. Ахтамов етакчиликка қайта сайланди.
Азамат САФАРОВ,
“XXI asr” мухбири

АСОСЛИ ТАКЛИФЛАР БИЛДИРИЛМОҚДА

O‘zLiDeP Жиззах туман Кенгашида 2000 га яқин аъзони бирлаштирган 81 та бошланғич ташкилот фаолият юритмоқда. Туманда 201 мингдан ошиқ аҳоли истиқомат қилишини ҳисобга олсак, сафимизга ташаббускор, ғайратли, жамиятимизда кечаётган жараёнларга бефарқ бўлмаган, эл корига камарбаста инсонларни янада кўпроқ жалб қилишимиз кераклиги аёнлашади. Зеро, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури тасдиқланди.
Эътиборлиси, мазкур ҳужжат лойиҳасини тайёрлаш давомида жамоатчилик муҳокамаси натижалари бўйича 1310 та таклиф, тавсия ва фикр-мулоҳазалар келиб тушди. Улар асосида Давлат дастуридаги 41 та банд қайта кўриб чиқилди. Бошқа ҳудудлардаги таянч нуқталарда бўлганидек, партия Жиззах туман Кенгаши таркибидаги қуйи тузилмаларда ҳам лойиҳа муҳокамалари ўтказилганини, унда нафақат маслакдошларимиз, балки электорат ва кенг жамоатчилик вакиллари фаол иштирок этгани, кўплаб таклифлар билдирилгани эътиборга молик.
Шу кунларда бўлиб ўтаётган ҳисобот-сайлов йиғилишларида ҳам БПТ аъзолари, депутатлар, жамоат ташкилотлари вакиллари, тадбиркор ва фермерлар йиғилишлар кун тартибига олиб чиқилган масалаларга ўз муносабатини билдираётгани, ечимини кутаётган муаммолар бўйича аниқ, асосли таклифларни илгари сураётганини мамнуният билан қайд этиш жоиз. Жумладан, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил қилиш, касб-ҳунар коллежларида янги йўналишлар, бўлимлар очиш, партиявий тадбирларни шакл ва мазмун жиҳатдан янада мукаммаллаштириш, хусусий сектор вакилларининг билимларини ошириш ва бошқа масалалар бўйича кўплаб таклифлар айтилмоқда. Улар умумлаштирилиб, тегишли ташкилотларга тақдим этиляпти.  Шунисиям борки, таклиф айтиш осон, уни амалга  татбиқ  қилиш муҳим. Айниқса, депутатлар четда турса, уларни ҳаётга жорий этиш янада мушкуллашади. Шу боис йиғилишларда БПТ ва депутат ҳамкорлигини янада кучайтиришга йўналтирилган чора-тадбирлар ҳам ишлаб чиқиляпти.
Фарҳод МАМАТҚУЛОВ,
O‘zLiDeP Жиззах туман Кенгаши аппарати  раҳбари

Joomla