Monday, Feb 27th

Last update06:53:18 AM GMT

You are here:

ФАРМОН МОҲИЯТИ ТУШУНТИРИЛМОҚДА

Бухоро шаҳридаги 70 та бошланғич ташкилот 1950 нафар O‘zLiDeP аъзосини жипслаштирган. Улар томонидан хусусий секторни қўллаб-қувватлашга қаратилган меъёрий ҳужжатлар мазмун-моҳиятини муфассал ўқиб-ўрганиш, бу борада аҳолининг турли қатламлари орасида тушунтириш ишлари олиб боришга ҳам алоҳида эътибор берилмоқда.

Эътиборлиси, бундай муҳим мавзулар аввало қуйи бўғинларнинг ўзида муҳокама этилаяпти, шу аснода маслакдошлар бажариши лозим бўлган вазифалар ҳам белгилаб олинаяпти.

“Эркатой болажон” масъулияти чекланган жамиятида ташкил этилган таянч тузилма ҳам айни йўналишда фаол. Хусусий корхонада 60 дан ортиқ киши ишламоқда. Уларнинг 13 нафари, жумладан, Акмал Ғаниев, Зулфия Музаффарова, Тоҳир Аминов, Муҳаббат Норова ва бошқалар ўз етакчилари Шаҳноза Бақоева бошчилигида O‘zLiDePнинг дастурий ғоя ва мақсадларини оммалаштиришга ҳисса қўшишяпти. Яқинда БПТ фаоллари ва партия Бухоро шаҳар ташкилоти ходимлари, маҳаллий Кенгаш депутатлари иштирокида ўтказилган йиғилишда корхона ишчи-хизматчилари Ўзбекис­тон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Ш. Мирзиёев томонидан имзоланган “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармон мазмуни билан яқиндан таништирилди.

Мулоқотда мамлакатимизнинг Биринчи Президенти раҳнамолигида мустақиллик йилларида мулк­дорлар синфини шакллантириш, иқтисодиётни либераллаштириш бўйича яратилган меъёрий-ҳуқуқий база ишбилармонлик иқтидорига эга юртдошларимизнинг салоҳиятини рўёбга чиқаришга хизмат қилаётгани таъкидланди. Жорий йилнинг 5 октябрида эълон қилинган фармон бу борадаги меъё­рий ҳужжатларнинг мантиқий давоми сифатида тадбиркорлар ва фермерлар томонидан мамнуният билан кутиб олинганлиги қайд этилди.

– Ушбу фармонга мувофиқ тадбиркорлар ишига қонунга хилоф равишда аралашганлик ва тўсқинлик қилганлик ёки уларнинг фаолиятини асоссиз тўхтатиб қўйганлик учун мансабдор шахс­ларнинг жавобгарлиги янада оширилди, – деди йиғилишда сўзга чиққан O‘zLiDeP Бухоро шаҳар Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Раҳим Файзиев. – Хусусан, ноқонуний хатти-ҳаракатлар натижасида тадбиркорлик субъектларига етказилган зарарнинг бевосита айбдор шахслардан ундирилиши хусусий бизнес вакилларининг янада эркин ва самарали иш юритиш­ларини таъминлайди.

Қуйи ташкилот йиғилишида, шунингдек, БПТ етакчиси Шаҳноза Бақоева, технолог Муҳаббат Норова, кадрлар бўлими бошлиғи Муҳаббат Ахмедова ва бошқалар сўз олиб, фармон барча тадбиркорлар учун айни муддао бўлгани ва у иқтисодиётимизнинг янада мустаҳкамланиши, аҳоли фаровонлигининг ортишида улкан аҳамиятга эга экани тўғрисида фикр-мулоҳазалар билдирдилар.

Асхор ИСТАМОВ,
“ХХI asr” мухбири

Joomla