Tuesday, May 30th

Last update07:38:55 AM GMT

You are here:

ҲИСОБОТ-САЙЛОВ САБОҚЛАРИ

бошланғич ташкилотларда икки ой мобайнида ўтказилган сарҳисоб
йиғилишлари партия таянч нуқталари фаолиятини янги сифат босқичига олиб чиқиш зарурлигини кўрсатди

 

Халқ ишончини қозониш, аҳоли ўртасида юксак нуфузга эга бўлиб, жамиятнинг муайян қатламларини ўз ғоялари атрофида бирлаштиришга интилаётган сиёсий партия олдида биргина йўл бор. У ҳам бўлса, одамлар орасига чуқурроқ кириб бориш, электорат билан доимо ҳамнафас бўлишдир. Бошланғич партия ташкилотларисиз эса ушбу вазифани уддалаш ғоят мушкул. Айтайлик, ҳатто партия аъзоларини ҳисобга олиш ҳам қуйи бўғиндан бошланади. Сиёсий кучнинг юқори органи қарорлари амалга оширилиши, депутатлик гуруҳи самарали фаолият юритиши учун зарур маълумотлар тўпланиши, партия конференцияларига делегатлар сайланиши, тарғибот-ташвиқот ишлари ва бошқа кўпгина жараёнларни таянч тузилмалар иштирокисиз тасаввур қилиш мумкин эмас.

 

Таъкидлаш керакки, Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган устувор йўналишлар давлатимиз раҳбарининг “Халқ бой бўлса, давлат ҳам бой ва қудратли бўлади” деган эзгу даъватини ҳаётимизга жорий қилишга қаратилган. “Иқтисодиётни янада ривожлантириш ва либераллаштириш” номли учинчи йўналиш ана шу мақсад рўёбга чиқишини таъминлайдиган олтита аниқ вазифадан иборат. Улар орқали мамлакатимизда янада қулай, янада эркин ишбилармонлик муҳитини яратиш мақсади илгари суриляпти. Ушбу муҳим йўналиш соҳада мутлақо янги босқични бошлаб берди. O‘zLiDeP тарихий аҳамиятга молик, ўз дастурий вазифаларига ҳамоҳанг ана шу ҳужжатни дастуриламал, бундан кейинги партиявий фаолиятнинг асос-негизи сифатида қабул қилди. Шунинг баробарида Президентимизнинг партия VIII съездидаги маърузасида баён қилинган муҳим вазифалар ҳам таянч нуқталар зиммасига янги-янги вазифаларни юкламоқда. Шундай экан, сиёсий кучнинг мазкур муҳим бўғини фаолияти бугунги давр талаблари даражасидами?  БПТ сайловчилар билан партия ўртасида ишончли кўприк бўла олаяптими?  Яқинда поёнига етган ҳисобот-сайлов йиғилишлари мазкур долзарб саволларга муфассал жавоб қайтариш, бошланғич ташкилотларнинг нечоғлик ишчанлиги, ташаббускорлиги ҳақида муайян хулосалар  чиқариш учун асос яратиб, уларни бундан-да такомиллаштиришнинг янгича усул ва тамойилларини белгилаб берди.

 

 

ТАЙЁРГАРЛИК ПУХТА БЎЛСА...

 

Аввало шуни қайд этиш зарурки, ҳисобот-сайловларни ўтказишда ўтган йилларда мазкур жараёнда кўзга ташланган айрим камчиликларга деярли йўл қўйилмади. Хусусан, тадбирларга тадорик бир неча ҳафта илгари бошланди. Тегишли ахборотлар тарқатма материал ва бошқа воситалар орқали имкон қадар кечиктирилмай, ўз вақтида жойларга етказилди. Бу йилги ҳисобот-сайлов йиғилиш­ларида БПТ тузилган корхона, муассасалар раҳбариятининг ҳам қатнашишига алоҳида урғу берилди. Шунингдек, мазкур тадбирлар учун ҳар томонлама қулай, етарлича жиҳозланган жойлар танланишига ҳаракат қилинди. Яна бир диққатга сазовор жиҳат шу бўлдики, ҳисобот-сайлов даврида бошқа партиявий тадбирлар сони имкон қадар камайтирилди.

 

 

ДОЛЗАРБ САВОЛГА ЖАВОБ

 

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитасининг бошланғич ташкилотлар билан ишлаш сектори ходими Сардор Маликовнинг маълум қилишича, ҳисобот-сайловларда барча қуйи бўғинларнинг фаолияти атрофлича таҳлил этилиб, истиқболдаги асосий вазифалар белгилаб олинди. Масъулиятли жараёнда партиянинг 265 мингдан зиёд аъзоси ва тарафдорлари, жумладан, 900 нафардан зиёд депутат, шунингдек, нодавлат ва жамоат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари вакиллари, бевосита хусусий сектор билан ишловчи тузилмалар ходимлари, тадбиркор ва фермерлар иштирок этди. Йиғилишларда “2016 йили БПТлар қандай ютуқларга эришди, зиммасидаги вазифаларни қай даражада бажара олди?” деган асосий саволга жавоб берилар экан, даставвал, партиямиз ғояларини, мақсадларини қўллаб-қувватловчилар тобора кўпаяётгани тилга олинди. Дарҳақиқат, ўтган йил мобайнида 64515 нафар юртдошимизга O‘zLiDePга аъзолик гувоҳномалари топширилди. Бу эса олиб борилган тарғибот ишлари қанчалик таъсирчан бўлганини кўрсатиши билан бирга либерал-демократик ғояларнинг ниҳоятда ҳаётий ва халқчил эканлигини  яна бир бора намойиш этаётир.

 

Ҳисобот даврида БПТлар ҳам сон, ҳам сифат жиҳатдан ўсишга эришди. 998 та янги таянч тузилмага асос солинди ва жорий йил 1 апрель ҳолатига жами бошланғич ташкилотлар сони 10886 тани ташкил этди. Эътиборга молик томони, ҳисобот-сайлов даврида тузилган 254 та қуйи тузилманинг 55 фоизи хусусий субъектларда фаолият юритяпти. Бошқача айтганда, хусусий сектор вакиллари ўртасида партия илгари сураётган ғоялар моҳиятини тарғиб-ташвиқ қилиш кўлами янада кенгайди. Айниқса, самарқандлик маслакдошларимизнинг зиммаларидаги вазифаларга масъулият билан ёндашаётганликлари яққол кўзга ташланди – ҳисобот даврида вилоятда 47 та янги БПТга асос солинди. Партиявий тадбирларда фаол қатнашиб, таянч тузилмалар орасида ўзаро тажриба алмашиш, эришилган ютуқларни оммалаштириш, фаолликни кучайтиришга қаратилган асосли таклифлар билдирган, ташкилотчилиги ва бош­қа фазилатлари билан маслакдошлари ҳурматини қозонган сафдошларимизнинг 1836 нафари O‘zLiDeP раҳбар кадрлар захирасига олинди.

 

Маълумки, қуйи ташкилот мурожаатлар билан изчил иш олиб бориши, баъзи масалаларга депутат, мутасадди идоралар ҳамда жамоатчилик нигоҳини қаратиш билан шуғулланишлари керак. Ижроия қўмитанинг “БПТлар томонидан жойлардаги ижтимоий-иқтисодий ва бошқа муаммоларни ўрганиш ва уларни партиявий воситалар орқали ҳал этиш тўғрисида”ги қарори ва бу борадаги йўриқномаси БПТларнинг бу йўналишдаги фаолиятини бир неча йилдан буён мувофиқлаштиряпти. Шу билан бирга икки йил муқаддам маҳаллий Кенгашлар депутатлари қуйи тузилмаларга бириктирилган эди. Яратилган ана шу имкониятларга қарамай, бу йўналишда – энг муҳим йўналишларнинг бирида – ҳали-ҳануз оқсаш кузатилаётганини таассуф билан айтиш керак. Бошқача айтганда, асосий электоратимиз манфаатларини ифодалаш билан боғлиқ ишлар изчил, тизимли ва самарали тус олгани йўқ. Бошланғич ташкилотларнинг бу борадаги фаолиятини такомиллаштириш учун тегишли чора-тадбирлар ишлаб чиқилаётганини таъкидлаш лозим.

 

 

ҒАЛВИР СУВДАН КЎТАРИЛГАНДА...

 

Бўлиб ўтган муҳим тадбирларда БПТ етакчилари ва аъзоларининг сифат таркибини янада яхшилаш масаласига эътибор қаратилди. Ваколатларидан оқилона фойдаланиб, жойларда партия мавқеини мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшаётган 9240 та қуйи бўғин раиси қайта сайланди. Шунингдек, 1429 та таянч нуқта эндиликда янги етакчилар билан ишини давом эттирадиган бўлди. Бундан ана шу бошланғич ташкилотлар раислари яхши ишламагани учунгина алмаштирилди, деган хулоса чиқмаслиги керак. Кимдир иш жойи, кимдир яшаш жойи ўзгаргани учун, яна кимдир пенсияга чиққани ёхуд саломатлиги важидан, баъзилар эса ўз ихтиёри билан қуйи ташкилот етакчилигидан воз кечдилар. Айни пайтда 483 нафар масъулиятсиз, лоқайд етакчига ишонч билдирилмади. Мисол учун, Зарафшон шаҳридаги “Ёшлик” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги БПТ ўтган йил давомида партия сафига янги аъзоларни жалб қила олмаган.  Бирор марта йиғилиш ёки ғоявий-сиёсий тадбир ўтказилмаган. Партия шаҳар Кенгаши ҳамда депутатлар билан алоқалар деярли узилиб қолган. Қуйи тузилма аъзоларининг боши қовушмаган – улар ўртасида тарқоқлик вужудга келган. Йиғилишда шу сингари нуқсонлар очиқ-ошкора айтилиб, мазкур ташкилотга сафдошимиз Алишер Суюнов етакчи этиб сайланди. У Навоий давлат кончилик институтини тамомлаган. 6 йилдан буён Зарафшон саноат касб-ҳунар коллежида  ўқитувчилик қиляптики, бу унинг ёшлар билан ишлаш бўйича муайян тажрибага эга эканидан далолат. “Камолот” ЁИҲ фаолларидан. Маслакдошлар унинг ишчанлиги, ташкилотчилиги, ўзгалар дардини ўз дарди деб ҳисоб­лаши каби талай фазилатларини эътироф этдилар.

 

Наманган вилоятида энг кўп – 169 та қуйи бўғин раиси ўзгарди. Бу эса ҳудуддаги жами қуйи бўғинларнинг 20 фоизи демакдир. Демак, ҳисобот-сайловлар кутилган натижани берди, халқона айтганда, “ғалвир сувдан кўтарилди”. Шу билан бирга, холисона мушоҳада юритилса, наинки БПТ аъзолари, балки туман ва шаҳар партия ташкилотлари мутасаддиларининг эътиборсизлиги охир-оқибат ана шу ҳолатни юзага чиқарди.

 

Аҳамиятлиси,  янги раисларнинг 632 нафари ҳамда ҳисобот-сайловлар мобайнида партия сафига қабул қилинган 23 мингдан зиёд юртдошимизнинг деярли 60 фоизи навқирон авлод вакилидир. Бу O‘zLiDePнинг собитқадамлик билан ёшлар учун ижтимоий кўтаринкилик муҳитини яратишга, уларнинг ижтимоий-сиёсий истиқболини бунёд этишга йўналтирилган саъй-ҳаракатлари самарасидир. Зеро, партия фаолиятини, хусусан, бошланғич ташкилотлар ишини такомиллаштириш юзасидан билдирилаётган асосли таклифларнинг аксариятини ёш етакчилар ва аъзолар илгари сураяпти.

 

 

Асосли таклиф ва мулоҳазалар

 

Шу хусусда гап очилган экан, жорий йилдаги ҳисобот-сайловлар пайтида аввалгиларидан фарқли равишда жуда кўп асосли таклифлар илгари сурилганини мамнуният билан қайд этиш жоиз. Айтайлик, андижонлик сафдошларимиз бошқа мурожаатлар қаторида Сиёсий Кенгаш Ижроия қўмитаси томонидан “O‘zLiDeP фидойиси” кўкрак нишони таъсис этилиши ва у билан партиявий фаолиятда жонбозлик кўрсатаётган сафдошларимизни тақдирлаш йўлга қўйилиши айни муддао бўлиш таклифини билдирдилар. Самарқанд вилоятидаги партиядошларимиз эса БПТ раислари учун услубий-амалий қўлланмалар тайёрлаш зарурлиги тўғрисида фикр билдирдилар. Таянч бўғин етакчиларини моддий ва маънавий рағбатлантиришга оид таклифлар ҳам кўп. “БПТ раислари куни”ни ўтказиш, чорак якунлари бўйича энг муносиб бошланғич ташкилотларга турли мукофотлар бериш шулар жумласидандир. Пойтахтимиздаги БПТлар йиғилишларида ҳисобот-сайловларни видеомулоқотлар тарзида уюштириш, умуман, бу тадбирларда янги технологиялардан кенг фойдаланиш, шунингдек, ҳар бир туманда ўртача 90-100 та қуйи бўғин фаолият юритаётгани туфайли партия туман Кенгашларидаги ходимлар сонини ошириш каби фикрлар айтилди.

 

Мавриди келганда шуни ҳам баён этиш жоиз: ўтган йили тажриба тариқасида “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси қарийб ҳар бир БПТда муҳокама қилинганди. Тажриба ўзини оқлади. Лойиҳа юзасидан талай таклиф ва тавсиялар олинди. Уларнинг айримлари қонунда ўз ифодасини топди. 2017 йилда бундай амалиёт кенгроқ қўлланилиши мўлжалланмоқда. Яна бир янгилик: эндиликда депутатлик гуруҳларининг туман (шаҳар)ни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дас­тури юзасидан ўтказадиган йиғилишларида таянч тузилмалар етакчилари ҳам қатнашиб, кун тартибидаги масалалар бўйича ўз мулоҳазаларини билдирадилар.

 

ТАФТИШЛАР НАТИЖАЛАРИ

 

Бу йилги ҳисобот-сайловларда партия туман ва шаҳар бўлимлари илк бора БПТларни тўлиқ тафтишдан ўтказиш, партия аъзолари сонини қайтадан кўриб чиқиш, улар сафини ёш, иқтидорли, ташаббускор инсонлар ҳисобига кенгайтириш, қоғоздагина мавжуд бўлиб қолаётган таянч нуқталарга (яъни, фаолиятини тўхтатган катта-ю кичик корхона ва ташкилотлардаги  қуйи тузилмаларга) барҳам бериш масалалари билан жиддий шуғулландилар. Натижада 77 та БПТ тугатилди. 228 нафар партия аъзоси эса турли сабабларга кўра, хусусан, O‘zLiDeP Устави талабларини бажармаганлиги учун ҳисобдан чиқарилди. Шунингдек, 174 қуйи ташкилот фаолияти қайта тикланди.

 

Ҳисобот-сайловларда қўлга киритилган муваффақиятлар қайд этилиши баробарида қатор хато-камчиликлар борлиги ҳам тан олинди. Чунончи, ички имкониятлардан, берилган ваколатлардан етарлича фойдалана билмаслик, айрим партия аъзоларининг ижтимоий масъулиятни чуқур ҳис қилолмаслиги шулар жумласидандир.

 

Хулоса сифатида шуни айтиш мумкинки, ҳисобот-сайлов йиғилишлари БПТларнинг ҳақиқатан ҳам партиянинг таянч нуқталарига айланаётганини  кўрсатди. Гарчи муайян камчиликларга йўл қўйилган бўлса-да, мазкур жараён юқори савияда ўтди, дейиш мумкин. Галдаги вазифа эса муваффақиятларни мустаҳкамлаш, нуқсонларни тузатиш, партия фаолиятида БПТлар салоҳиятидан тўла-тўкис фойдаланиш, бу жараёнда ҳар бир сафдошимиз масъулиятини янада кучайтиришдан иборат.

 

Беҳзод ИСРОИЛОВ,
“XXI asr” мухбири

Joomla