Tuesday, May 30th

Last update07:38:55 AM GMT

You are here:

НУҚСОНЛАРДАН ХУЛОСАЛАР ЧИҚАРИЛЯПТИ

Ҳозирда Бухоро вилоятида 18 минг 457 нафар O‘zLiDeP аъзосини бирлаштирган 639 та бошланғич ташкилот фаолият кўрсатяпти. Ҳудуддаги маслакдошларимизнинг 7635 нафари  фермер, тадбиркор, шунинг­дек, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳасида ишлаётган юртдошларимиздан иборатлиги эътиборга молик. Албатта, сиё­сий куч учун сон ҳам муҳим. Лекин гап фақатгина миқдорда эмас. Гап шундаки, яқинда бўлиб ўтган ҳисобот-сайлов йиғилиш­лари қуйи бўғинларнинг вилоят ижтимоий-сиёсий ҳаётида ўзига хос ўрин эгаллаб бораётганини кўрсатди.

Даставвал шуни қайд этиш зарурки, мазкур жараёнда зиммасига юклатилган вазифаларни сидқидилдан бажарётган БПТ етакчиларига яна ишонч билдирилди. Масалан, Бухоро шаҳридаги “Саломатлик маскани” шифохонаси, “Шохруд” акциядорлик жамияти, “Ўзбектелеком” АК шаҳар телекоммуникация боғламаси, “Бухоро халқаро аэропорти” унитар корхонаси, вилоят марказидаги А. Ғиждувоний номли маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги таянч тузилмалар энг намуналилар қаторида эътироф этилди. Ана шу сингари фаол қуйи тузилмалар ўтган йили партия маҳаллий Кенгашлари ва депутатлар билан ҳамкорликда жойлардаги айрим муаммоларни ҳал этишга кўмаклашдилар. Масалан, Ромитан туманидаги салкам 4 минг аҳоли истиқомат қилаётган “Ҳазортут” МФЙ ҳудудида мактабгача таълим муассасасини барпо этиш кўп йиллардан буён пайсалга солиб келинётган эди. Маҳаллада тузилган бошланғич ташкилот фаоллари саъй-ҳаракати билан мазкур масалага Халқ депутатлари вилоят Кенгашига партиямиздан сайланган депутатлар эътибори қаратилди. Пировардида муаммо ижобий ечим топди. Шунингдек, Шофиркон туманидаги “М.Чандир”, Қоракўл туманидаги “Эски қалъа”  ва  “Сайёт”  қишлоқ фуқаролар йиғинлари ҳудудларида фаолият кўрсатиб келаётган таянч тузилмалар  депутатлар – Ж. Жалилов, У. Ҳасанов, Ю. Рўзиев билан бирга самарали иш олиб борганликлари натижасида  ҳисобот даврида жойларни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, экин майдонларининг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, фермер хўжаликларини маҳаллий ўғит, сув, ёқилғи-мойлаш материаллари ва бошқа ресурслар билан таъминлаш масалалари ўз вақтида ҳал этилди.

Умуман, вилоятдаги ишчан, партиявий бурчга масъулият билан ёндашадиган 557 нафар қуйи бўғин раиси қайта сайланди. 61 етакчи  иш ёки яшаш жойи ўзгаргани, саломатлиги ёмонлашгани ва бошқа шу каби сабабларга кўра ихтиёрий равишда таянч тузилмага раҳбарлик қилишдан воз кечдилар.  Ишлар ўз ҳолига ташлаб қўйилган, номигагина мавжуд бўлиб турган 7 та БПТ раҳбари эса алмаштирилди. Масалан, Бухоро туман тиббиёт бирлашмасидаги қуйи тузилма етакчиси томонидан ўтган йил давомида партияга бирорта ҳам янги аъзо қабул қилинмаган, йиғилишлар, ғоявий-сиёсий тадбирлар ўтказишга ҳам бефарқ қаралган. Қисқаси, БПТ фаолияти қониқарсиз баҳоланди. Мазкур бошланғич ташкилот фаолиятини яхшилаш мақсадида унга серғайрат ва билимдон сафдошимиз  Умиджон Ҳамроев раисликка сайланди. Яна 6 та ана шундай таянч тузилма эндиликда янги етакчилар билан иш юритяпти.

Партиямиз дастурий ғоя ва мақсадларининг жамиятда устуворлик касб этишида тарғибот ишлари алоҳида ўрин тутиши маълум. Ҳисобот даврида айнан бошланғич ташкилотлар ташаб­буси билан  кўплаб  тадбирлар ўтказилди. Уларда депутатлар, шунингдек, тадбиркорлар, фермерлар билан иш олиб борувчи турли ташкилотлар мутахассислари, таниқли ишбилармонлар, партия фаоллари иштирок этгани эса муайян самарадорликни таъминлади. Хусусан, учрашув ва мулоқотларда Президентимизнинг кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга оид фармон ва қарорлари мазмун-моҳияти тўғрисида сўз юритилди. Когон, Шофиркон, Вобкент, Жондор, Ғиждувон, Бухоро сингари шаҳар ва туманларда ўз бизнесини бошлаш арафасида турган  йигит-қизлар учун ўтказилган тадбирлар ҳам иштирокчиларга манзур бўлди. Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти, Бухоро давлат университети қошидаги 4-сон академик лицей, Бухоро туманидаги “Галаосиё” МФЙ, ”Гала-Ривер” қўшма корхонаси  ва бошқа  бир қатор  ташкилот ва муассасаларда уюштирилган мулоқотларда маҳаллий кенгашларнинг депутатлари, тадбиркорлар, фермерлар қатнашиб, муҳокама этилаётган масалалар бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.

Шуниси диққатга сазоворки, ҳисобот-сайловлар давомида 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг 5 та устувор йўналиши бўйича  Ҳаракатлар стратегиясида белгилаб  берилган вазифалар ва уларнинг ҳудудлардаги ижроси юзасидан ҳам атрофлича фикр алмашилди. Партия аъзоларининг вазифалари белгилаб олинди.

Ўтган йили кўпгина пешқадам қуйи бўғинлар етакчилари юқори партия ташкилотлари томонидан рағбатлантирилган. Чунончи,  Қоракўл тумани марказий касалхонаси  ҳамда  ушбу тумандаги “Хўжалар” МФЙ  ҳудудида ташкил этилган БПТ,  шунингдек, Шофиркондаги 30 дан ортиқ таянч бўғин етакчилари фахрий ёрлиқлар, ташаккурнома ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар. Бироқ  барча муносиб етакчилар ана шундай эътибордан баҳраманд бўляпти, дейиш қийин. Бу борадаги ишларни қайта кўриб чиқиш вақти етди.

– Сарҳисоб жараёнидан тегишли хулосалар чиқардик, – дейди O‘zLiDeP вилоят Кенгашининг ташкилий-партиявий ишлар бўлими мудири Мавжуда Рашидова. – Жумладан, бошланғич ташкилотларда партиявий фаолиятга доир ҳужжатлар билан ишлашни яхшилаш зарур. Таянч нуқталарни кенг мушоҳада юрита оладиган, аниқ фуқаролик позициясига эга одамлар, хусусан, ёшлар билан мустаҳкамлашга янада кўпроқ эътибор бериш керак. Афсусланарлиси, баъзи сабабларга кўра ҳанузгача махсус хонага эга бўлмаган қуйи бўғинлар бор. Айрим БПТлар эса талаб даражасида жиҳозланмаган, мослаштирилмаган хоналарда фаолият олиб боряпти.

“Ғиждувон Машҳураси” хусусий корхонаси раҳбари, БПТ раиси, Халқ депутатлари Бухоро вилоят Кенгаши депутати Замира Сафарованинг фикрига кўра, ҳисобот-сайлов йиғилишлари давомида билдирилган асосли таклифлар айтилган жойида қолиб кетмаслиги лозим. Бир қарашда амалга татбиқ қилиниши унчалик ҳам мушкул туюлмайдиган таклифларнинг амалга ошиши молиявий масалалар билан ҳам чамбарчас боғлиқлигини ҳисобга олиш керак. Қуйи тузилмаларни зарур адабиётлар, қўлланмалар билан таъминлаш, уларнинг тегишли нашрларга обуна бўлиши, БПТ хоналарини замонавий тарзда жиҳозлаш, махсус телекўрсатувлар ташкил этиш шулар жумласидандир.

– Гарчи ҳисобот-сайловларда туманимиздаги 52 та қуйи тузилма фаолияти қониқарли, деб топилган бўлса-да, бош­ланғич ташкилотларнинг ҳар жиҳатдан мукаммаллигига эришиш учун ҳали кўп тер тўкишимиз керак, – дейди O‘zLiDeP Вобкент туман Кенгаши аппарати раҳбари Бозор Одилов. – Хусусан, таянч бўғинлар томонидан ўтказилувчи тадбирларни шакл ва мазмун жиҳатдан қайта кўриб чиқишимиз тақозо этилётир. БПТ раисларининг сиёсий билимини нафақат партия вилоят ташкилоти ҳузуридаги Сиёсий таълим маркази томонидан уюштирилувчи ўқувлар, балки туман миқёсида ташкил этилувчи  машғулотларда ҳам ошириш мақсадга мувофиқ, деб ўйлайман. Бу борадаги фикр-мулоҳазаларимни тартибга келтириб, партия вилоят Кенгашига тақдим этганман.

Асхор  ИСТАМОВ,
Беҳзод ИСРОИЛОВ
“XXI asr” мухбирлари

Joomla