Tuesday, May 30th

Last update07:38:55 AM GMT

You are here:

Долзарб мавзудаги амалий семинар

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O`zLiDeP фракцияси Халқ депутатлари Тошкент вилоят Кенгашидаги партия депутатлик гуруҳи аъзолари, тадбиркор ва фермерлар иштирокида «Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, фермерликни ҳимоя қилишда партия депутатлик гуруҳлари олдидаги устувор вазифалар» мавзуида амалий семинар ўтказилди.

O`zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Содиқжон Турдиев ушбу мулоқотни кириш сўзи билан очар экан, партия фаолларининг Тошкент вилоятида амалга оширган ишларига қисқача тўхталиб, жорий аҳволга танқидий-таҳлилий нуқтаи-назардан баҳо берди. Жумладан, вилоятдаги хусусий сектор вакилларини партия сафига кенг жалб қилиш, тадбиркорлик субъектларидаги БПТларнинг сифати ва салмоғини ошириш борасида сўз юритилди.

Маълумки, O`zLiDeP тузилмалари ва депутатлик бирлашмалари олдига амалдаги қонунчилик, давлат дастурлари, Президентимиз фармонлари, ҳукумат қарорлари ҳамда ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари ижросини назорат қилиш, жойлардаги мавжуд муаммоларни ўрганиш учун депутатлик эшитувларини ташкил этиш ҳамда партия воситалари орқали уларни ўз вақтида ҳал қилишни таъминлаш каби вазифалар қўйилган. Ана шундан келиб чиққан ҳолда партия депутатлик гуруҳлари аъзолари ўз фаолиятини доимо такомиллаштириб бориши лозим. Хўш, бу борада Тошкент вилоятида аҳвол қандай? Партиямиз вакиллари вилоят аҳли, хусусан, электорат қалбига йўл топа олаяптими? Семинарда ана шу саволлар атрофида сўз юритилди.

Маълум бўлишича, ўтган йил давомида Халқ депутатлари Тошкент вилоят Кенгашидаги партия депутатлик гуруҳи томонидан бир қатор самарали ишлар амалга оширилган. Йиғилишида қайд этилганидек, ўтган вақт давомида маҳаллий кенгаш депутатлари томонидан тегишли ташкилот ва муттасадди раҳбарларга 290 та депутатлик сўрови юборилган. Депутатлик гуруҳлари ташаббуси билан 78 та мансабдор шахс ҳисоботи эшитилиб, 37 та назорат-таҳлил фаолияти олиб борилган. Қолаверса, маҳаллий Кенгашлар сессияларига 40 га яқин масала киритилган. Бу сўровлар, мурожаатларнинг мазмуни партия электорати бўлган тадбиркор ва фермерларнинг ҳуқуқ ҳамда манфаатларига дахлдордир. Ушбу рақамлар O`zLiDeP Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги депутатлик гуруҳларининг партия дастурий мақсадларини амалга ошириш — кучли депутатлик назоратини шакллантириш, кичик бизнес, хусусий тадбиркорлик ва фермерлик ҳаракатига тўсқинлик қилаётган муаммоларни бартараф қилиш, умуман, жойларда қулай ишбилармонлик муҳитини яратишга доир фаолиятини кучайтираётганидан далолат беради.

Семинарда, шунингдек, партия органлари ва Халқ депутатлари Кенгашларидаги депутатлик гуруҳларининг қонун ижодкорлиги фаолиятидаги иштирокини фаоллаштириш, депутатларнинг ўз сайловчилари олдида ҳисобот бериб туришлари, улар билан мунтазам учрашувлар ўтказишларини таъминлаш, депутатлик гуруҳлари фаолиятини мувофиқлаштириб бориш борасида фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Тадбирда вилоятда аграр соҳани ривожлантириш, хусусан, кўп тармоқли фермер хўжаликлари фаолиятини янада қўллаб-қувватлаш натижасида ҳудудда қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантиришга ҳам эътибор қаратилди.

— Ҳозирда вилоятимизда 9418 та фермер хўжалиги фаолият олиб бормоқда. Бу эса, ўз навбатида, ялпи қишлоқ хўжалиги ва чорвачилик маҳсулотларининг айнан шу хўжаликлар томонидан тайёрланаётганидан далолат беради, — дейди Оҳангарон туманидаги «Обиз Тупкент Бўстони» фермер хўжалиги раҳбари Ойбек Хайдаров. — Фермерлик ҳаракатида янги босқичга қадам қўйилаётгани эса биз учун айни муддао бўлмоқда. Чунки қишлоқ мулкдори доим эл-юрт дастурхони учун арзон ва сифатли маҳсулотларни етказиб беришга ҳаракат қилади.

Беҳзод ҚОБУЛОВ,

«XXI asr»  мухбири

Joomla