Monday, Apr 24th

Last update01:59:47 AM GMT

You are here:

ХАЛҚИМИЗ МАНФААТИ АКС ЭТГАН ДАСТУР

O`zLiDePдан Президентликка кўрсатилган номзод
Шавкат Мирзиёевнинг сайловолди дастури билан танишган ҳар бир кишининг кўнглида келгусида Ватанимиз янада гуллаб-яшнашига ишонч кучаяди. Зеро, унда иқтисодий ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, макроиқтисодий барқарорлик ва ўсиш суръатларини изчил таъминлаш юртимизни янада юксалтиришнинг асосий омили сифатида илгари сурилмоқда.

Қайд этиш зарурки, 2006 йилдан республикамизда ўртача йиллик иқтисодий ўсиш 8,3 фоизни ташкил этаётгани халқаро ҳамжамият томонидан юқори баҳоланган эди. Жаҳоннинг ривожланган давлатлари иқтисодиётида юзага келаётган айрим муаммоларга қарамай, жорий йилда ҳам биз юқори натижаларга эришдик. Ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, таркибий ўзгаришларни узлуксиз амалга ошириш эса ана шундай ижобий жараённи сақлаб қолишда муҳим аҳамият касб этади. Шу маънода ушбу сайловолди дастурида 2030 йилга қадар ялпи ички маҳсулот ҳажмини икки баробардан зиёд кўпайтириш, иқтисодиёт таркибида саноат улушини 40 фоизга етказиш бўйича аниқ мақсадли дастурлар амалга оширилиши баён қилингани айни муддаодир.

Саноат тармоқларини ривожлантириш, уларнинг экспорт салоҳиятини ўстириш, ишлаб чиқариш корхоналарини техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш, ички бозорни корхоналаримизда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар билан тўлдириш, мавжуд ресурслардан унумли фойдаланиш, фаол инвестиция сиёсатини амалга ошириш туфайли иқтисодиётимиз самарадорлиги ва рақобатбардошлигини янада оширишга эришилади. Кези келганда таъкидлаш лозимки, қайта ишловчи тармоқларнинг улуши 2010 йилдаги 53,1 фоиздан 2015 йилда 60,1 фоизга, электроэнергетика, машинасозлик, кимё саноатида 29,3 дан 32,5 фоиз­га, истеъмол товарлари ишлаб чиқаришда 31,4 дан 36,4 фоизга ўсган. Дастурда кўрсатилганидек, келгусида саноатнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши ортиши ҳисобига тармоқлар орасидаги ана шу нисбатлар янада ортишига шубҳа йўқ.

2015 йилда иқтисодиётни модернизациялашга молиялаштириш манбалари ҳисобидан 15,8 миллиард АҚШ долларига тенг маблағ йўналтирилган, бошқача ифодалаганда, соҳада 2014 йилга нисбатан ўсиш 9,6 фоизни ташкил этган. Ўтган йили умумий қиймати 7,4 миллиард долларлик 158 та йирик ишлаб чиқариш объектини қуриш ва ишга тушириш якунланган бўлса, дастурга мувофиқ яқин беш йил ичида ушбу жараёнларни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш учун умумий қиймати қарийб 40 миллиард доллар бўлган 657 та инвестиция лойи­ҳаси амалга оширилади. Бу чора-тадбирлар саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини 1,5 баробар кўпайтириш имконини беради. Шунингдек, маҳаллий хомашёни чуқур қайта ишлаш имкониятига эга бўлган тўқимачилик саноатини янада такомиллаштириш режалари ишлаб чиқилиши якунига етказилди. Улар рўёбга чиқса, қиймати 2 миллиард 300 миллион долларлик 140 та инвестициявий лойиҳани амалга татбиқ қилиш натижасида тайёр тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 3 баробар кўпаяди.

Эътироф этиш керакки, аграр тармоқда кечаётган туб ислоҳотлар ва таркибий ўзгаришлар натижасида қишлоқ хўжалигига тааллуқли кўрсаткичларда барқарор ўсиш кузатилмоқда. Масалан, 1990-2015 йилларда дон етиштириш 3,7 баробар, картошка етиштириш 5, сабзавот 2,2, мева 2,6, узум 1,3, гўшт 1,9, сут 2 ва тухум ишлаб чиқариш 2,4 баробардан зиёдроққа ошган. Эътиборлиси, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳажмининг ошиши экин майдонларини кенгайтириш эвазигагина эмас, балки, интенсив ривожланиш, яъни, экинлар ҳосилдорлиги ва чорва моллари маҳсулдорлигини ошириш ҳисобига ҳам таъминланмоқда. Дастурга биноан 2017-2020 йилларда кўп тармоқли фермер хўжаликларини янада ривожлантириш, экин майдонларини оптималлаштириш ва пахта экишни босқичма-босқич қисқартириш режалаштирилмоқда.

Маълумки, замонавий технологиялар асосида тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришга йўналтирилган тармоқларни жадал ривожлантириш энг долзарб вазифалардандир. Бинобарин, хорижий инвестиция­лар ва илғор технологияларни кўпроқ жалб этиш мақсадида Ургут ва Ғиждувон туманлари, Қўқон шаҳрида ҳам эркин иқтисодий зоналарни барпо этиш режалаштирилмоқда. Шунинг баробарида 2017 йилда янги иш ўринлари ташкил этиш дастури доирасида 390 минг кишини доимий, 200 минг ҳамюртимизни мавсумий ва вақтинчалик иш билан таъминлаш, 309 минг фуқарони эса шахсий ёрдамчи ва деҳқон хўжаликлари, ҳунармандчилик ва оилавий тадбиркорлик субъектларида банд қилиш чоралари белгиланган. Бунда иқтисодиётда пул айланишини тезлаштириш орқали аҳоли турмуш даражаси янада яхшиланади.

Дастурда “Ислоҳот ислоҳот учун эмас, аввало инсон учун” деган энг муҳим тамойиллардан бири рўёбга чиқарилишини изчил давом эттиришга алоҳида урғу берилган. Хусусан, эҳтиёж ва талаблар ҳисобга олиниб, қишлоқ жойларида намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастури қабул қилиниб, унга биноан 2017 йилдан муҳтож оилалар учун бошланғич тўлов ҳажми икки баробар камайтирилиб, тўрт хил янги намунадаги замонавий, қулай ва арзон уй-жой барпо этиш мўлжалланмоқда. Бундан ташқари, 2017-2020 йилларда шаҳар жойларда 945 та кўп қаватли уйлар қуриш лойиҳаси тайёрланяпти. Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Рес­публикаси ва вилоятлар марказлари ҳамда бошқа йирик шаҳарларда 50 мингга яқин кўп қаватли, арзон уйлар қурилади. Келгуси беш йилда қарийб 9 минг километр узунликдаги ичимлик суви тармоқлари, 1 минг 400 та қудуқ ва 3 минг 600 та сув иншооти қурилади ва реконструкция қилинади. Бу эса Қорақалпоғистон Республикаси ва Андижон, Жиззах, Навоий, Сирдарё, Самарқанд, Тошкент, Хоразм вилоятларида яшаётган 3 миллион 200 минг фуқаро тоза ичимлик суви билан таъминланишини англатади.

Халқимиз манфаатини ўзида мужассам этган мазкур ислоҳотларнинг амалга ошиши Биринчи Президентимиз томонидан амалга оширилган кенг миқёсли ишларнинг узвий давоми сифатида эътироф этилажак. Қолаверса, мамлакатимизни дунёнинг энг ривож­ланган, ҳар томонлама баркамол давлатлари қаторига олиб чиқишга замин яратади.

Тўлқин РАСУЛОВ,

Тошкент давлат шарқшунослик

Институти профессори,
иқтисод фанлари доктори

Joomla