Tuesday, May 30th

Last update07:38:55 AM GMT

You are here:

Кун тартибидаги масалалар муҳокамаси

Аввал хабар берганимиздек, O`zLiDeP фракциясининг навбатдаги йиғилишида мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётида долзарб аҳамият касб этувчи бир қатор қонун лойиҳалари биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан  кўриб чиқилди.

Дастлаб «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар ва қўшимча киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси атрофлича муҳокама қилинди.

Депутатларнинг таъкидлашича, мазкур қонун лойиҳасига асосан «Табиий монополиялар тўғрисида»ги қонуннинг 20, «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонуннинг 27-моддаларига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш кўзда тутилаётир. Бу билан монополияга қарши давлат органининг қарорларини (кўрсатмаларини) тўлиқ ёки қисман ҳақиқий эмас, деб топиш тўғрисидаги ариза билан нафақат судга мурожаат этиш, балки қарор (кўрсатма)ни бекор қилиш ёки ўзгартириш ҳақидаги ариза билан бўйсуниш тартибида юқори турувчи органга ёхуд мансабдор шахсга шикоят қилиш ҳуқуқи белгиланмоқда.

Қолаверса, лойиҳага судга ариза берилганида устидан шикоят қилинаётган давлат бошқаруви органининг кўрсатмасини ижро этиш суднинг қарори қонуний кучга киргунига қадар тўхтатиб турилиши талаби киритилмоқда. Фавқулодда вазиятлар, эпидемиялар ҳамда аҳолининг ҳаёти ва соғлиғи учун бошқа ҳақиқий хавф юзага келишининг олдини олиш билан боғлиқ бўлган кўрсатмалар бундан мустасно.

Қисқа қилиб айтганда, янги қоидаларнинг кучга кириши натижасида ҳар иккала қонуннинг юқорида қайд этилган моддалари «Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида»ги қонуннинг 19-моддаси билан мувофиқлаштирилади.

Ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши қўшимча бюджет маблағлари ажратилиши ҳамда меъёрий ҳужжатларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилишини талаб этмайди.

Кейинги муҳокамалар «Қон ва унинг таркибий қисмлари донорлиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси атрофида кечди.

— Тиббиёт нуқтаи назаридан қараганда, қон бу органларга озуқа ва кислород етказиб берувчи нодир суюқлик саналади. Унинг таркиби шундай мураккаб тузилганки, қоннинг ўрнини босадиган модда ҳам яратилмаган. Бу борада ягона манба донордир. Шу маънода мазкур қонун лойиҳаси донорларнинг бир марта олинадиган донорлик қони ҳажми меъёрини ва қон топшириш даврийлигини тартибга солиш, шунингдек, текинга қон топшираётган шахсларни қўшимча моддий рағбатлантириш йўли билан мамлакатда донорликни янада ривожлантиришга қаратилган, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O`zLiDeP фракцияси аъзоси Тўлқин Каримов. — Зеро, партиямиз ўз Дастури орқали мамлакатимизда малакали тиббий ёрдам кўрсатиш соҳасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш орқали инсон саломатлигини сақлаш, умр узоқлигини таъминлаш ғояларини илгари суради.

Қонун лойиҳасида «Қон ва унинг таркибий қисмлари донорлиги тўғрисида»ги қонуннинг 19-моддасига ўзгартишлар киритиш назарда тутилиб, унга мувофиқ, қон ва унинг таркибий қисмларини топшириш, шунингдек қонни лаборатория текширувлари учун топшириш тартиби, даврийлиги ва ҳажмини  белгилаш Соғлиқни сақлаш вазирлиги ваколатига ўтказилмоқда. Умуман олганда, фракция йиғилишида қонун лойиҳасига киритилаётган қатор янгиликлар бирма-бир санаб ўтилди ва қонунни иккинчи ўқишга қадар янада маромига етказишга келишиб олинди.

Йиғилишда, шунингдек, солиқ ва бюджет сиёсатининг 2016 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг қонунига ўзгартишлар киритиш ҳақида» қонун лойиҳасига ҳам тўхталиб ўтилди.  Якунда депутатлар кун тартибига киритилган қонун лойиҳаларини биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан маъқуллаб, улар юзасидан O`zLiDeP фракциясининг тегишли қарорини қабул қилдилар.

Акбар МУЗАФФАРОВ,

«XXI asr»

Joomla