Tuesday, May 30th

Last update07:38:55 AM GMT

You are here:

Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш долзарб масалага айланмоқда

O`zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси, Ўзбекистон Фермерлари кенгаши ҳамда Озиқ-овқат саноати корхоналари уюшмаси ҳамкорлигида «Мамлакатда озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмлари ҳамда турларини кўпайтириш бўйича манзилли дастурларнинг ижроси: 2015 йил сарҳисоби ва навбатдаги устувор вазифалар» мавзуида давра суҳбати ташкил этилди.

Тадбирда соҳага оид қонунчиликни янада такомиллаштириш сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш кўламини кенгайтириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини интенсив усулда етиштириш амалиётини кенг жорий этиш, ердан самарали фойдаланиш ва озиқ-овқат саноатини жадал ривожлантириш билан боғлиқ масалалар хусусида атрофлича сўз юритилди.

Шунингдек, 2015 йилда мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2016 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамаси мажлисида Президентимиз томонидан белгилаб берилган навбатдаги вазифаларга яна бир бор эътибор қаратилиб, уларнинг ижросини таъминлаш юзасидан аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқиш лозимлиги таъкидланди.

— Юксак тараққиёт даражасига ўз-ўзидан эришиб бўлмайди, — деди тадбирда сўзга чиққан O`zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси ўринбосари Дилшод Шоумаров. — Президентимиз таъкидланганидек,  «Ўта оғир ва мураккаб вазиятда қўлга киритилган бундай ютуқ ва марралар аввало чуқур ва атрофлича ўйланган сиёсатнинг натижаси бўлиб, уларнинг замирида меҳнаткаш, мард ва матонатли халқимизнинг қаҳрамонона меҳнати мужассам эканини кўрамиз». Буни доимо ёдда тутишимиз лозим. Олдимизга қўйилган устувор вазифаларни муваффақиятли амалга ошириш кўп жиҳатдан партия электорати ҳисобланган  тадбиркор ва фермерларга боғлиқ эканлигини назарда тутадиган бўлсак, O`zLiDePнинг бу борадаги ўрни нақадар масъулиятли эканлиги ўз-ўзидан равшан бўлади.

Тадбирда мамлакат озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, белгиланган манзилли дастурлар, шунингдек, инвестиция лойиҳаларининг тўлиқ амалга оширилишига эришиш ва лойиҳа ташаббускорларига амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида O`zLiDePнинг халқ депутатлари маҳаллий кенгашларидаги 2 119 нафар депутатлари томонидан доимий равишда жамоатчилик ва депутатлик назорати олиб борилгани алоҳида қайд этилди.

— Назорат-таҳлил жараёнида 1200 та амалий учрашув ўтказилиб, аниқланган 511 та муаммоли ҳолат юзасидан лойиҳа ташаббускорларига тегишли ёрдам кўрсатилди, — деди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O`zLiDeP фракцияси аъзоси Исломжон Зокиров. — Сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш ва уларни экспорт қилиш миқдорларини кўпайтириш, шунингдек, қишлоқ жойларида маҳаллий озиқ-овқат саноати тармоқларини шакллантиришга қаратилган муҳим қадамлар самара бераётгани қувонарлидир.

Тадбир давомида аграр соҳага оид қонунчиликни мустаҳкамлаш, хусусан, Ўзбекистон Республикасининг «Фермер хўжалиги тўғрисида»ги, «Озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ва хавфсизлиги тўғрисида»ги қонуни лойиҳаларини янада такомиллаштириш юзасидан муҳим таклиф ва тавсиялар билдирилди.

Рисолат МАДИЕВА,

«XXI asr»

 

 

Joomla