Tuesday, May 30th

Last update07:38:55 AM GMT

You are here:

Парламент назорати

қонунларнинг сифати ва самарадорлигини оширишга хизмат қилади

Маълумки, назоратнинг ушбу шакли орқали қонунларнинг ижро ҳокимияти томонидан қай даражада амалга оширилаётганлиги, парламентнинг мазкур функциясига доир ҳуқуқий механизмларни янада такомиллаштириш борасида яна қандай қонунларга эҳтиёж сезилаётгани маълум бўлади.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг O`zLiDeP фракцияси масъуллигидаги Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси томонидан «Парламент назоратини амалга ошириш самарадорлиги: ҳуқуқий асослар ва амалиёт» мавзуида ўтказилган семинарда масаланинг ана шу жиҳатларига алоҳида эътибор қаратилди.

Йиғилишда Президентимизнинг 2015 йил 23 январдаги парламент палаталарининг қўшма мажлисидаги маърузасида қайд этилганидек, ҳукумат аъзолари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарларининг қонунчилик талабларининг ижроси бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисидаги ҳисоботларини тизимли равишда эшитиб бориш, депутатларнинг сўровларига атрофлича жавоб қайтаришни таъминлаш парламентнинг кундалик иши бўлмоғи зарурлигидан келиб чиққан ҳолда, айни пайтда мазкур йўналишдаги чора-тадбирларни такомиллаштириш муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.

Бугунги кунда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан парламент назоратининг шакли, Давлат бюджетини қабул қилиш ва унинг ижросини назорат этиш, мамлакат ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг долзарб масалалари юзасидан Бош вазирнинг ҳисоботларини эшитиш ва муҳокама қилиш, тегишли давлат идоралари, вазирлик ва қўмиталарнинг ҳисоботларини тинглаш каби шаклларидан амалиётда самарали фойдаланилмоқда.

— Дарҳақиқат, мамлакатимизда ижро ҳокимияти органлари фаолияти устидан парламент назоратининг кучайиши билан ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш ҳолатини таҳлил этиш, белгиланган вазифалар ўз вақтида бажарилишига эришиш имконияти ортиб бормоқда, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O`zLiDeP фракцияси аъзоси Владислав Цветков. — Қолаверса, бу орқали нафақат марказда, балки олис қишлоқ ва туманларда ҳам аҳолини ўйлантираётган масалалар ўз вақтида ечимини топаётир. Парламентнинг назорат функциясини янада кучайтиш масаласига қайтадиган бўлсак, бу нафақат депутатлар, балки бутун партия тизимидаги ишларни самарали йўлга қўйишни талаб этади. Яъни, бошланғич ташкилотлар, маҳаллий кенгашлар ва партия гуруҳлари билан мустаҳкам алоқа ўрнатиш зарур. Ана шундагина қонун ҳужжатларининг жойларда қан­дай бажарилаётганини атрофлича ўрганиш, иқтисодиёт ривожига муносиб улуш қўшаётган тадбиркор ва фермерлар қандай ­му­ам­моларга дуч келаётгани, қандай қонунларга эҳтиёж борлиги ҳақида таклиф ва тавсиялар олиш имкони кенгаяди.

Ишчанлик руҳида ўтган йиғилишда депутатлар «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонунга асосан қонунчиликка парламент, депутат ва сенатор сўрови институтларига оид янги нормалар киритилганини алоҳида таъкидладилар.

Қайд этилганидек, авваллари қонунчилигимизда парламент назоратининг муҳим шакли  — парламент сўрови масалалари алоҳида белгиланган бўлса-да, айнан қуйи палата депутати ҳамда Сенат аъзоси томонидан сўров юбориш механизмлари тўлиқ аксини топмаган эди. Қонунчиликка киритилган янгиликлар асосида «депутат, сенатор сўрови», «парламент сўрови» институтларининг ўзига хос жиҳатлари аниқ белгилаб қўйилди.

Семинар давомида депутатлар парламент сўровини амалга оширишнинг ҳуқуқий механизмлари, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари мансабдор шахсларининг парламент сўровига жавоб йўллаш тартиби ва муддатлари, парламент томонидан муҳокама этиш жараёнлари хусусида қўмита ҳузурида тузилган эксперт гуруҳида фаолият юритаётган назариётчи олимлар ҳамда  мутахассислар билан ўзаро фикр алмашдилар.

Тадбир сўнгида қўмитанинг тегишли таклиф ва тавсиялари ишлаб чиқилди.

Акбар МУЗАФФАРОВ,

«XXI asr»

Joomla