Tuesday, May 30th

Last update07:38:55 AM GMT

You are here:

Улкан имкониятлар мамлакатида яшаяпмиз

дейишмоқда жонли мулоқот иштирокчилари.

Жиззах вилоятида O`zLiDePнинг 1300 мингга яқин аъзоси бўлса, шунинг қарийб 3 минга яқинини хотин-қизлар, 7 минг 500 нафарини ёшлар ташкил этади. 1773 нафари ёш тадбиркорлар, 1450 нафари ёш фермерлардир. 510 та бошланғич ташкилотнинг 293 тасига 30 ёшгача бўлганлар етакчилик қилаяпти.

Бугунги суҳбатдошларимиз: O`zLiDeP Жиззах вилоят кенгаши Аёлларнинг сиёсий фаоллиги, жамиятдаги ўрни ва мавқеини ошириш бўлими мудири Шоира ҲАСАНОВА ҳамда Ёшлар билан ишлаш бўлими мудири Олим НОРЖИГИТОВ.

— Шоирахон, бўлим мудири бўлганингиздан кейин иш жараёнига кўникиб кетишингиз қийин кечмадими?

— Сира қийналмадим, десам ёлғон гапирган бўламан. Лекин аввал O`zLiDeP фаоли сифатида партия Дастури ва Сайловолди платформаси билан яқиндан танишлигим, қолаверса, нафақат тадбиркор хотин-қизлар, балки депутат ва фермер аёлларимиз билан доимий мулоқотда бўлганим анча қўл келди...

— Бундан чиқди партиянинг ҳар бир фаоли O`zLiDeP вилоят кенгаши бўлим мудири вазифасини бемалол бажариши мумкин эканда?

— Ундай фикрдан йироқман. Менимча, берилган вазифанинг ўзига хос кўникма, тажриба талаб қилинадиган жиҳатлари бор. Кимки ўз вазифасига сидқидилдан ёндашса, ўқиш-ўрганишдан чарчамаса, албатта, ўз олдига қўйган мақсадига эришади. Устозлар ўгити, ҳамкасблар кўмаги, маслакдошлар маслаҳати билан ишлашга ҳаракат қилган киши мақсадга тезроқ эришади.

Мана, сиз ҳам мухбир сифатида жойларда кечаётган бунёдкорлик ишлари билан танишсиз. Ҳамюртларимизнинг кайфиятидан хабардорсиз. Астойдил ишлайман, деганлар учун юртимизда барча шароитлар яратилганини яхши биласиз, шундай эмасми?

— Фикрингизга қўшилмай иложим йўқ. Ўзбекистон — улкан имкониятлар мамлакати!

— Худди шундай. Буни бевосита вилоятимизда истиқомат қилаётган тадбиркор ва ишбилармон йигит-қизлар, партиямиз сафига кириб келаётган сингилларимиз мисолида ҳам кўриш мумкин. Ўзбек аёли азалдан одоби, ибоси, уддабуронлиги, чеварлиги, қолаверса, гапга чечанлиги билан ҳам ажралиб туради. Айни пайтда Жиззах вилояти аҳолиси 1 млн. 244 минг нафардан зиёд. Шундан 532 минг 290 нафарини 14-30 ёшгача бўлган ёшлар,  627 минг 146 нафарини эса аёллар ташкил этади. Бугун аёллар нафақат меҳрибон она, севимли ёр, балки ижтимоий-сиёсий фаоллиги билан жамиятда ўз ўрни ва мавқеига эга бўлаётган таниқли шахслар ҳамдир. Хизмат юзасидан туманларда бўлишимизга тўғри келади. Ана шундай кезларда корхона ва ташкилотлар, фермер хўжаликларини бошқараётган опаларимизни кўриб, хурсанд бўлиб кетаман.

Мисоллар дейсизми? Марҳамат: Арнасой туманидаги «Сангзор» фермер хўжалиги раҳбари, халқ депутатлари вилоят кенгаши депутати Рашида Ёдгорова, Дўстлик туманидаги «Дўстлик босмахонаси» МЧЖ раҳбари Камила Хусанова, Зафаробод туманидаги «Боғ боши» фермер хўжалиги раҳбари Саодат Ҳалимова, Зомин маиший хизмат ва транспорт касб-ҳунар коллежи директори, халқ депутатлари туман кенгаши депутати Дилрабо Эргашева, Жиззах вилоят кўп тармоқли болалар шифохонаси бош шифокори, халқ депутатлари вилоят кенгаши депутати Холида Алимова... Санайверсам, суҳбатимиз фақат исм-фамилиялардан иборат бўлиб қолиши ҳеч гап эмас.

— Улар сафига энди қўшилаётган тадбиркор аёлларимиз ҳақида ҳам шундай ғурур билан гапира оласизми? Демоқчиманки, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида бўлимингиз томонидан қандай ишлар амалга оширилмоқда?

— Албатта. Биргина мисол: маҳаллий ҳокимликлар ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ҳамкорликда амалга оширилган «Хотин-қизларни ижтимоий-ҳуқуқий ва психологик қўллаб-қувватлаш, тадбиркорлик асосларига ўргатиш», «Эҳтиёжманд оилалар қизларини касб-ҳунарга ўргатиш ва иш ўринларини яратиш» каби лойиҳалар доирасидаги тадбирларда вилоятнинг энг чекка ҳудудларида ҳам бўлдик. Айниқса, коллежларни битираётган қизлар, уйда ўтирган аёлларга тикувчилик, пазандачилик, сартарошлик сирларини ўргатиш, бепул ўқув курсларини ташкил қилиш, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, миллий ҳунармандчилик анъаналаридан яхши хабардор кекса авлод вакилларини бу ишга кенг жалб қилиш, жойларда каштачилик, гиламдўзлик ва қуроқчилик, тўқувчилик ҳунарлари бўйича ёш уй бекаларига кўникмалар берилди. Ушбу лойиҳалар доирасидаги тадбирларга 1000 дан зиёд хотин-қиз жалб қилинди. Масалан, форишлик Тамара Ғозиева нон ва нон маҳсулотлари, қандолатчилик цехини ишга тушириб, ҳамқишлоқлари учун янги иш ўринлари яратди. Фаолиятини янада кенгайтириш мақсадида ушбу касб сирларини ёшларга ўргатиб, шогирдлар тайёрлаяпти...

—  Хўш, Олимжон бу фикрларга қандай муносабат билдирар экан?

— Баҳром ака, рақамларга кўп мурожаат қилмасам-да, ҳаётий мисол келтирсам. Ҳозиргина хонамизга келган ёшларни ўзингиз кўрдингиз. Улар касб-ҳунар коллежи битирувчилари. Партиямизнинг истиқболли лойиҳаларида мунтазам қатнашиб келадиган йигит-қизлар. Юртбошимиз айтганидек, қадамидан ўт, кўзларидан нур порлаб турибди. Тайёр бизнес-режалари бор. Фикрлари тиниқ, мақсадлари аниқ. Бундай ёшларнинг кўпайиб бораётгани кишини қувонтиради.

Масалан, Маликахон Сайфуллаева Жиззах тиббиёт коллежи талабаси. Ўзбек жанг санъати бўйича мамлакат чемпиони. Адабиётга қизиқади. Шеърлари матбуотда эълон қилиб борилади. Ёки арнасойлик Ойсанам Рустамовани олайлик. Уч тилда бемалол мулоқот қила олади. Ҳа, айтгандек, яқинда пойтахтдан яна бир хушхабар келди. Партия «Ёшлар қаноти» фаоли Чаросхон Ёқубова «Кексаларни эъзозлаш йили» Давлат дастури доирасида ўтказилган «Эҳтиром, Эъзоз, Эътироф» республика танловида «Энг яхши мақола» номинациясида совриндор бўлибди. Жиззах транспорт, алоқа касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Дадажон Нарзиқулов эса ўзининг «Бинолар, уйлар, турли иншоотларнинг ташқи ва ички фасад қисмларини безаш учун декоратив безакли ишланмалар» лойиҳаси устида иш олиб бормоқда.

Айтмоқчиманки, шуларнинг ҳаммаси партиямиз аъзолари. Уларнинг сафи кундан-кунга ўсиб бораётгани O`zLiDeP Сайловолди платформасида илгари сурилган мақсад ва вазифалар ёшларимиз қалбидан кенг ўрин олаётганидан далолат эмасми?!

— Яхши, бу каби ёшларни кашф этиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ишбилармон ва ташаббускор йигит-қизларни партия сафига жалб этиш бўйича Ёшлар билан ишлаш бўлими томонидан амалга оширилган ишларнинг кўлами ҳақида нималар дея оласиз?

— Барибир рақамларни тилга олишга мажбур қилдингиз. Эшитинг: бугун мамлакатимиз аҳолисининг 60 фоиздан кўпроғи 30 ёшгача бўлган ёшлардан иборат. Мазкур қатлам орасида тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш, уларни бизнеснинг турли йўналишларига жалб этиш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш долзарб вазифалардан бири ҳисобланади. Энг муҳими, айни шу йўналиш  O`zLiDePнинг дастурий мақсадларида ҳам ўз аксини топган. Хусусан, бизнинг бўлим ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, тадбиркорлик фаолиятига қизиқишини кучайтириш, ўз бизнесини ташкил этиш учун иқтисодий-ҳуқуқий шароит яратиш, ижтимоий-сиёсий фаоллигини оширишга бағишлаб 2015 йилнинг ўзида 320 та давра суҳбати, амалий ва очиқ мулоқотлар, форум, кўрик-танлов, ўқув-семинарлари ташкил этди. Бу тадбирларга 62 минг 477 нафар йигит-қиз жалб этилди.

— Келтирилган рақамлар фақат ҳисобот учун эмасми?

— Мен ундай демаган бўлардим. Чунки O`zLiDePнинг биргина «Хавфсиз интернет» лойиҳаси доирасида ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда вилоятдаги 2 та олий таълим муассасаси, 4 та академик лицей ва 75 та касб-ҳунар коллежида талаба-ёшлар билан «Ватан тақдирига дахлдорлик – олий мақсадимиз», «Ёшларнинг ахборот хуружига қарши иммунитетини шакллантиришнинг муҳим омиллари», «Ватанни ҳимоя қилиш ва кўз қорачиғидек асраш – муқаддас ва олижаноб вазифа», «Ёшлар мустақиллик ҳимоячиси» каби мавзуларда 81 та тадбир ўтказилди. Нафақат вилоят партия кенгаши ходимлари, балки депутатларимиз, фаол тадбиркорларимиз, ҳуқуқни ҳимоя қилиш идоралари ходимлари қатнашган мулоқотларда 35 минг 200 нафарга яқин навқирон авлод вакили бевосита иштирок этди. Вилоятимиздаги мавжуд 540 дан ортиқ умумтаълим мактаби, 4 та академик лицей ва 75 та касб-ҳунар коллежи, 2 та олий таълим муассасаси, маҳаллалар қамраб олинди. Муҳими, ушбу тадбирлар ҳисобот бериш учунгина ўтказилмади. Видеолавҳалар, слайдлардан кенг фойдаланилди. Ҳаётий тажрибага эга инсонлар, таниқли ижодкорлар таклиф этилди, десам мақтанганга йўйманг. Улар бугун кўплаб давлатларда юз бераётган нотинчликлар, хунрезликлар моҳиятини ёшларга тушунтириб берар эканлар, огоҳликка даъват этиб, дориламон кунлар қадрига етиш, яратилган шароитлардан унумли фойдаланиш нақадар зарурлигини мисоллар асосида тушунтириб бердилар.

Бу фикрни ёшларга оид бошқа истиқболли лойиҳалар ҳақида ҳам айтишимиз мумкин. Шу даврга қадар «Ишбилармон талаба», «Диплом билан — бизнесга» лойиҳаларида 3000 дан зиёд ёш иштирок этди. Ҳозирги кунда уларнинг 500 га яқини тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланмоқда. Партиямиз кўмаги билан уларга вилоятдаги тижорат банклари томонидан 1 млрд. 347 млн. 185 минг сўмлик кредит маблағлари ажратилди. 24 нафари партиянинг махсус стипендияси совриндори бўлди.

— Шоирахон, ҳамкасбингиз Олимжон партиявий лойиҳалар ҳақида сўз очди. Хотин-қизларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб этиш, уларнинг бандлигини таъминлашга ҳисса қўшиш мақсадида O`zLiDePнинг ҳам бир қатор лойиҳалари амалга ошириб келинаяпти. Айтингчи, уларнинг натижалари қанчалик кўзга ташланмоқда?

— Йил сарҳисобига кўра, «Соғлом оила — мустаҳкам оила» лойиҳаси доирасидаги тадбирларга 2 минг нафардан зиёд хотин-қиз  жалб қилиниб, «Соғлом авлод учун» жамғармаси ҳамда Соғлиқни сақлаш бошқармаси ҳамкорлигида ташкил қилинган тиббий кўчма бригадалар орқали чекка қишлоқ жойлардаги барча аёллар тиббий кўрикдан ўтказилди. Кекса аёлларимизга «Қариялар сиҳатгоҳи»га йўлланмалар берилди. «Оилавий тадбиркорликдан – мустаҳкам оилага» лойиҳаси доирасидаги тадбирларда 450 нафар хотин-қиз қатнашди. Уларнинг 15 нафарига имтиёзли кредит олиш ҳуқуқини берувчи банк сертификатлари топширилган бўлса, 14 нафар аёл  умумий қиймати 288 млн. сўм бўлган банк кредитини олиб, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйди. «Фермер аёллар» лойиҳаси доирасидаги кўплаб давра суҳбатларига жами 400 дан ортиқ хотин-қиз қамраб олинди.

— Баҳром ака, узр шу ўринда суҳбатларингизга аралашсам...

— Марҳамат, Олимжон.

— Жиззах шаҳридаги «Ёшлар қаноти» фаолларидан бири Севара Очилова  2012 йилда O`zLiDePнинг «Диплом билан — бизнесга» лойиҳасида ўз бизнес режаси билан қатнашиб, банкдан 9 млн. сўм имтиёзли кредит олишга мувоффақ бўлган ва «Севара-Нур» тикув цехига асос солганди. Натижада 5 та янги иш ўрни яратганди. Тиниб-тинчимас қиз ўз бизнесини янада кенгайтириш мақсадида тикув цехи қошида устоз-шогирд тикувчилик мактабини ҳам очди ва 50 нафардан ортиқ дугонасига тикувчилик касбини ўргатди. Жиззах туманидаги Дилфуза Туропова кулолчилик, ғаллаороллик Шоҳиста Абдуғаниева ва Шаҳло Санақулова тикувчилик, Жиззах шаҳридан Маҳлиё Нормуродова миллий қўғирчоқ ясаш цехларини ишга туширишган бўлса, яна бир ёш тадбиркор йигит Илҳом Тошбеков «WHITE DRAGON» хусусий корхонасида лак бўёқларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйди. Натижада кўплаб ёшларимиз доимий иш ўринларига эга бўлишди...

— Шу ерда мен ҳам суҳбатга қўшилсам, — дейди гурунгимизга қулоқ солиб ўтирган, партия вилоят кенгаши Ташкилий-партиявий ишлар бўлими мудири Шерзод Маматқулов. — 2015 йилда ташкил этилган «Ёш партия етакчилари — келажак кадрлари» лойиҳаси жуда аҳамиятли бўлди. Уни ўтказишдан мақсад партиянинг кадрлар захирасига ҳар томонлама етук ва салоҳиятли ёшларни танлаб олишдан иборат эди. Жиззах давлат педагогика институтида ўтказилган мазкур лойиҳа доирасидаги очиқ мулоқотда вилоятимиздаги иккита олий таълим даргоҳининг 100 нафардан зиёд битирувчиси иштирок этиб, 30 нафари партиянинг кадрлар захирасига қабул қилинди.

— Мулоқотимиз уч мудир, бир мухбир суҳбатига айланиб кетди чоғи... Дарҳақиқат, фикрларингизда жон бор. Умумий маслак ва мақсадимиз бир. Ҳар бир депутат, ҳар бир бўлим, ҳар бир фаол, умумиши учун бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилса, албатта, партия дастури ва Сайловолди платформасида илгари сурилган устувор мақсад ва вазифаларни ҳаётга татбиқ этишда янада самарали натижаларга эришаверамиз.

Суҳбатдош мухбир: Баҳром Мирзақобилов

 

Joomla