Tuesday, May 30th

Last update07:38:55 AM GMT

You are here:

Ўз вақтида киритилган қонунчилик ташаббуси

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O`zLiDeP ва «Миллий тикланиш» ДП фракциялари ўртасида тузилган «Демократик кучлар блоки» йиғилишида депутатлар «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги амалдаги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни назарда тутувчи янги қонун лойиҳасини кўриб чиқдилар.

Вазирлар Маҳкамаси томонидан киритилган мазкур қонун лойиҳаси парламент қуйи палатасида концептуал жиҳатдан маъқулланиб, ўтган йилнинг декабрь ойида биринчи ўқишда қабул қилинган эди.

— Бугунги амалиёт қонуннинг айрим нормаларини бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқлаштириш, асосий тушунчаларга аниқлик киритиш, бухгалтерия ҳисобини ва молиявий бошқарувга масъул шахсларнинг ҳуқуқлари ва вазифаларини мустаҳкамлаб қўйиш, бухгалтерия ходимлари касбий малакасига нисбатан қўйиладиган талабларни такомиллаштиришни тақозо этмоқда, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O`zLiDeP фракцияси аъзоси Илҳом Носиров. — Мақсад хўжалик юритувчи субъектлар, давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг молия-хўжалик фаолияти самарадорлигини янада оширишдан иборат.

Йиғилиш иштирокчилари «бухгалтерия ҳисоби» соҳасидаги айрим тушунчалар юзасидан нормаларни қонун билан мустаҳкамлаб қўйиш, хусусан, «бухгалтерия ҳисоби» ва «бухгалтерия ахбороти» тушунчаларининг аниқ таърифларини белгилаш ўз вақтида ва тўғри таклиф этилаётганини қайд этдилар. Бу эса, ўз навбатида, бухгалтерия ҳисобини юритиш тамойилларининг тўлиқ очиб берилишини таъминлайди.

Блок аъзолари, шунингдек, қонун лойиҳасидаги бухгалтерия хизматлари раҳбарларига нисбатан талабларни ошириш орқали амалиётда уларнинг масъулиятини кучайтиришга қаратилган нормаларни ҳам қўллаб-қувватладилар. Йиғилиш давомида депутатлар лойиҳада таклиф этилган бухгалтерия хизматлари раҳбарларининг малакасини ошириб боришни назарда тутувчи нормани фақат йирик корхоналарнинг, яъни мажбурий аудиторлик текширувлари ўтказиладиган хўжалик субъектларининг бухгалтерия хизмати раҳбарларига нисбатан белгилаш лозимлигини таъкидладилар.

Умуман олганда, «Демократик кучлар блоки» аъзолари «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритган ҳолда, уни янги таҳрирда қабул қилишни мақсадга мувофиқ деб топдилар.

Якунда «Демократик кучлар блоки»нинг яхлит нуқтаи назари ишлаб чиқилди ва масъул қўмитага қонун лойиҳасини маромига етказиш бўйича тавсиялар тақдим қилиш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Акбар МУЗАФФАРОВ,

«XXI asr»

Joomla