Monday, Apr 24th

Last update01:59:47 AM GMT

You are here:

Депутат минбари

ТИЗИМ ЯНАДА ТАКОМИЛЛАШМОҚДА


Раҳимжон ҲАКИМОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик
палатасидаги O‘zLiDeP фракцияси аъзоси

Тинч-осойишта ҳаёт кечириш, инсоннинг энг олий, бирламчи ҳуқуқларидан биридир. Мус­тақиллик йилларида фуқароларимизнинг ушбу ҳуқуқий меъёрларини рўёбга чиқариш, уларнинг қонуний манфаатларини таъминлашнинг асослари яратилди. Мамлакатимизда фаровон турмуш тарзи, ҳамжиҳатлик ҳамда бағрикенглик мустаҳкам қарор топди. Ушбу улуғ неъматни асраб-авайлаш ва сақлашда ички ишлар органлари муҳим аҳамият касб этади, албатта. Шу боис тизимни ислоҳ қилиш, уни илғор технология ҳамда малакали кадрлар билан таъминлаш масаласига доимий эътибор қаратиб келиняпти.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан жорий йилнинг 10 апрель куни имзоланган “Ички ишлар органларининг фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш, жамоат тартибини, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлашда уларнинг масъулиятини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳам тизимни янада такомиллаштириш, мавжуд жиддий камчилик ва муаммолар, уларнинг келиб чиқиш сабаблари ҳамда салбий оқибатлари чуқур таҳлил қилинганлиги билан ғоят аҳамиятлидир.
Айтиш керакки, ушбу фармон ички ишлар органлари фаолиятининг ҳуқуқий асосларини яхлит тизимга келтирмоқда. Шунингдек, ички ишлар органларининг ташкилий тузилмалари, уларнинг жамият ва давлат ҳаётидаги ўрни ҳамда ролини белгилаб бермоқда. Фармонда ички ишлар органлари ва ходимларининг асосий вазифалари, фаолияти йўналишлари, принциплари ҳамда уларнинг ваколат ва мажбуриятлари мужассамлашмоқда. Айниқса, ушбу тизимга аҳоли билан доимий мулоқот қилиш, уларни қийнаётган муаммоларни ҳал этишнинг янги механизм ва самарали усулларини жорий этиш назарда тутилаётгани диққатга сазовордир. Бинобарин бу каби муаммо ва камчиликларни ҳал этиш учун ички ишлар органлари тизимини ислоҳ қилишнинг асосий йўналишлари белгилаб берилди. Унга кўра, бу соҳани аҳолига ўз вақтида ва сифатли ёрдам кўрсатадиган ижтимоий йўналтирилган профессионал хизматга айлантириш зарурлиги, “Халқ манфаатларига хизмат қилиш” ҳар бир ходимнинг асосий хизмат бурчи экани қайд этилиб, Ички ишлар вазирлиги ҳузурида Жисмоний, юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш ва иш юритиш бошқармасини ташкил этиш кўзда тутилмоқда. Мақсад, фуқароларнинг мурожаатларини ўз вақтида ва сифатли кўриб чиқилишини таъминлашдан иборатдир.
Партиямиз дастурида ҳам жамоат хавфсизлигини таъминлашга, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларини изчил ислоҳ этишга, уларнинг жамоатчилик билан алоқаларини мустаҳкамлаш йўналишларига алоҳида эътибор қаратилган. Шундан келиб чиққан ҳолда фракциямиз ушбу фармонни мутахассислар иштирокида атрофлича ўрганиб, унинг мазмун-моҳиятини халқимизга янада кенгроқ тушунтиришни мақсад қилмоқда.
Умуман олганда, фаолияти аҳоли билан ишлаш, унинг тинчлиги, қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш бўлган тузилмалар янада такомиллаштирилаётгани эътиборга молик. Бу эса амалиётда халққа янада яқинроқ бўлиш, унинг эҳтиёжларини билиш, унга хизмат қилиш имкониятларини бундан-да кенгайтиради.

АМАЛИЙ НАТИЖА КЕРАК

Маълумки, депутатлик гуруҳларининг самарали фаолияти партия нуфузини оширишга хизмат қилади. Шу маънода Халқ депутатлари Жиззах вилоят, туман (шаҳар) кенгашларидаги O`zLiDeP депутатлик гуруҳлари партия­мизнинг дастурий мақсад ва вазифалари, Сайловолди платформасидан келиб чиқадиган устувор вазифалар, Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Президент фармонлари, ҳукумат ҳамда Халқ депутатлари вилоят Кенгаши қарорларининг ижросини таъминлашда фаоллик кўрсатиб келмоқдалар. Қолаверса, тегишли корхона-ташкилотлар ва мансабдор шахсларга турли масалаларда сўровлар билан чиқиб, уларнинг ҳисоботларини эшитиш, маҳаллий кенгашлар сессиялари кун тартибига киритиш ва депутатлик назоратини олиб боришдек масъулиятли вазифалар ҳам астойдил бажарилмоқда.
– Ҳар қандай ҳаракатнинг самараси унинг амалий натижаси билан баҳоланади, – дейди O`zLiDeP Жиззах вилоят Кенгаши депутатлик гуруҳлари билан ишлаш сектори мудири Акрам Шахаров. – Агар депутатлик гуруҳи фаолиятига назар ташлайдиган бўлсак, авваламбор таҳлилий-танқидга, иш самарадорлигига алоҳида эътибор қаратилаётганлиги кўзга ташланади. Мисол учун, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида депутатлик гуруҳлари томонидан жами 167 та депутатлик сўровлари, 42 та депутатлик гуруҳи йиғилиши, 13 назорат-таҳлил фаолияти ўтказилиб, Халқ депутатлари Жиззах вилоят, туман (шаҳар) кенгашлари сессияларига жами 13 та таклиф киритилди. Эътиборли жиҳати, депутатлик гуруҳлари фаолиятида асосий эътибор сайловчилар мурожаатига, жойлардаги ижтимоий-иқтисодий муаммоларнинг ечимини топишга қаратилмоқда.
Ҳамсуҳбатимизнинг фикрида жон бор. Яқинда бўлиб ўтган  O‘zLiDeP Жиззах вилоят Кенгаши депутатлик гуруҳининг навбатдаги йиғилиши ҳам айнан шундай ишчанлик руҳида бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг 2017 йилга мўлжалланган комплекс Ҳаракат дас­турига асосан, Жиззах вилоятида умумтаълим мактабларининг моддий-техник базасини ривож­лантириш, ўқувчиларнинг сифатли таълим-тарбия олишлари ҳамда уларнинг маънан баркамол этиб тарбияланишлари борасида олиб борилаётган ишлар юзасидан Жиззах вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи ўринбосари  И. Умаровнинг ҳисоботи эшитилди.
Таъкидланишича, бугунги кунда  вилоят халқ таълими тизимида жами 756 та таълим муассасаси фаолият юритмоқда. Эътиборли жиҳати, таълим сифатини яхшилаш мақсадида вилоят халқ таълими бошқармаси Таълим марказининг веб сайти орқали ўзаро методик хизмат, яъни, фанлар кесимида ишлаб чиқилган намунавий дарс ишланмалар, видеодарслар, тест намуналари, методик тавсиялар етказишнинг электрон айланма тизими йўлга қўйилган. Ўтган йил давомида вилоят бўйича 540 та умумий ўрта таълим мактаби,  14 та Баркамол авлод болалар маркази, 15 та мусиқа ва санъат мактаби,  4 та махсус мактаб-интернатда интернет тармоғи билан таъминлаш ишлари олиб борилди.
Ўқувчи-ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, жиноятчилик ва суициднинг олдини олиш, уларнинг ҳуқуқий саводхонлиги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш, интернет ва мобиль телефонлар орқали кириб келаётган турли ёт таъсирларга қарши иммунитетни шакллантириш мақсадида ҳамкор ташкилотлар ва кенг жамоатчилик билан биргаликда алоҳида режа асосида турли давра суҳбатлари, учрашувлар ташкил этиб борилмоқда.
Йиғилишда, шунингдек, Ўзбекистон Респуб­ликаси Президентининг “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривож­лантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармойиши ижросини таъминлашни назорат қилиш, ўсиб келаётган ёш авлодни китоб ўқишга йўналтириш, аҳоли ўртасида китобхонлик кўникмаларини шакллантириш мақсадида вилоят ахборот маркази, халқ таълими ҳамда ўрта махсус, касб ҳунар таълими бошқармалари, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Жиззах вилоят бўлими, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди билан ҳамкорликда жойларда халқ кутубхоналарини  ташкил этиш, шу билан бирга мунтазам равишда тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш лозимлиги таъкидланди.
Йиғилишда муҳокама қилинган масалалар юзасидан партия депутатлик гуруҳининг тегишли қарори қабул қилинди.
Баҳром МИРЗАҚОБИЛОВ,
“ХХI asr” мухбири

ХАЛҚЧИЛ ИСЛОҲОТЛАР ИЖРОСИ


Тўлқин ЭШНАЗАРОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
O‘zLiDeP фракцияси аъзоси,
Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси раиси

– Таъкидлаш жоизки, муҳтарам ­Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясида иқтисодиётни янада ривожлантириш ҳамда либераллаштиришга оид белгиланган чора-тадбирларнинг ҳаётга татбиқ этилиши, энг аввало, мамлакатимиз иқтисодий барқарорлигини таъминлаш, пировардида аҳоли фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир. Бинобарин унда иқтисодиётнинг очиқлиги ва рақобатдошлигини ошириш, иқтисодий мустақилликни кучайтириш, макроиқтисодий барқарорликни мустаҳкамлаш ҳамда иқтисодий ўсиш суръатларини сақлаб қолиш, етакчи ишлаб чиқариш тармоқларини модернизация ва диверсификация қилиш, молия-банк соҳасини тубдан ислоҳ этиш, ташқи иқтисодий алоқаларни янада кенгайтириш, хорижий инвестицияларни фаол жалб этишга алоҳида эътибор қаратилган.

Айниқса, аҳолининг энг фаол қатламига айланиб бораётган тадбиркор ва фермерларни ўйлантираётган долзарб масалаларни ҳар томонлама ўрганиш, уларни қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини таъминлаш борасида белгиланган вазифалар, шубҳасиз, оилалар фаровонлигини таъминлашга хизмат қилади. Зеро, Ҳаракатлар стратегиясида тадбиркорликни ривожлантириш ҳамда хорижий инвесторлар учун инвестициявий жозибадорликни ошириш, солиқ маъмурчилигини яхшилаш, банк фаолиятини тартибга солишнинг замонавий принциплари ва механизмларини жорий этиш, кўп тармоқли фермер хўжаликларини ривожлантириш, шунингдек, туризм индустриясини жадал ривожлантириш бўйича ҳам аниқ йўналишлар белгилангани, асосийси, унинг молиявий манбаси назарда тутилгани шундан далолат бериб турибди.

Умуман олганда, мамлакатимиз тараққиёти кўзланган ҳолда халқимиз билан бамаслаҳат тарзда, пухта ишлаб чиқилган ушбу стратегияда шу каби долзарб вазифалар, уларни амалга ошириш механизмлари аниқ тамойиллар асосида кўрсатиб берилган. Гап фақат ушбу вазифалар ижросини тўғри ва самарали ташкил этиш, унда ҳар доимгидан-да фаол қатнашишда қолаяпти. Табиийки, бу парламентда энг кўп депутатлик ўрнига эга бўлган фракциямиз аъзоларидан ташаббус ва фаолликни талаб этади.  Зотан, O‘zLiDeP дастурида алоҳида қайд этилганидек, мамлакат иқтисодиёти рақобатбардошлигини таъминлаш партиянинг биринчи даражали вазифасидир. Партия шу орқали тадбиркорликка кўпроқ эркинлик бериш, бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, кичик бизнес субъектларининг кредит-молия ва хомашё ресурслардан, ўзлари ишлаб чиқараётган маҳсулотларга давлат буюртмаларидан кенг фойдаланишни таъминлаш бўйича тизимли ишларни давом эттириш тарафдоридир.

Бир сўз билан айтганда, Ҳаракатлар стратегиясидан келиб чиқувчи ислоҳотлар ижроси барчамиздан масъулият ва уюшқоқликни талаб этади.

ДЕПУТАТ КЎМАККА КЕЛДИ

Маълумки, шу кунларда Олий Мажлис Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатларидан иборат ишчи гуруҳ жойларда сайловчилар ҳузурида бўлиб турибди. Мазкур жараёнда парламент қуйи палатасидаги O`zLiDeP фракцияси аъзолари ҳам фаол иштирок этишаётир. Депутатлар туманлар миқёсида аҳоли томонидан кўтарилган турли масалаларни жойида ўрганиб, уларни ижобий ҳал этишга кўмаклашишмоқда. Қуйидаги фикр-мулоҳазалар ҳам сўзимизни тасдиқлайди.

СУРХОНДАРЁ
– Каттагина иссиқхонангиз бор экан. Томорқада ишлаб топаётган даромадингиз рўзғорнинг бир томонини кўтариб турса керак-да?
– Албатта, давлатимиз томонидан шунча имкониятлар яратиб берилаётган бир пайтда, чеккада томошабин бўлиб турмаймиз-ку! Шулардан унумли фойдаланайлик деб бола-чақамиз билан меҳнат қилаяпмиз. 5 сотих ерда ташкил этилган иссиқхонада ўтган йили помидор, бодринг етиштирдик.
– Бу тадбиркорликни янаям кенгайтирсангиз бўлмайдими?
– Нега бўлмас экан, ўйлаб юрган режаларим бор. Жумладан, асаларичиликни йўлга қўймоқчи бўлиб юрибман. Лекин бунинг учун озгина сармоям етмай турибди. Хомчўт қилиб кўрсам, 50 миллион сўм атрофида маблағ керак экан. Яна асалари қутиларига жой ҳам керак...
Олий Мажлис Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари ҳамда қумқўрғонлик Ботир Тойировнинг мана шу мазмундаги суҳбатларидан сўнг тадбиркорнинг мақсадига мос бизнес-режа ишлаб чиқилди. Банкдан 50 миллион сўмлик имтиёзли кредит ажратиладиган бўлди. Туман ҳокимлиги томонидан қутиларни жойлаштириш учун ер майдони ажратиш чоралари ҳам кўрилди.
– Қишлоғимизда янгиликлар кўп, – дейди Қумқўрғон туманидаги Оқсой маҳалласи оқсоқоли, меҳнат фахрийси Воҳид Хуррамов. – Шу пайтгача томорқаларимизни суғориш муаммо эди. Чунки ариғимизга Жанубий Сурхон сув омбори томонидан қувурларни тортиб келиш ишлари тўхтаб қолган эди. Бир гуруҳ сенатор ва депутатларимиз ташрифидан сўнг мазкур лойиҳа давом эттирила бошланди.
Шунингдек, тумандаги “Ҳуррият” маҳалласида ҳам 4 минг нафардан зиёд аҳоли учун янги сув қудуқларини қазиш ишлари бошлаб юборилди.
– Ўрганишларимиздан келиб чиқиб, хулосалар тайёрлаяпмиз. Халқ депутатлари туман Кенгаши сессиясида мазкур масалалар бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланади, албатта. Мулоқотлар давомида Қумқўрғон тумани аҳолиси кўпроқ тадбиркорлик, коммунал хизматлар, ҳуқуқ-тартибот идоралари фаолияти билан боғлиқ масалалар бўйича ҳам мурожаат қилишмоқда. Муҳими шуки, юртдошларимизнинг келажакка, амалга оширилаётган ислоҳотларга ишончи янаям мустаҳкамланмоқда. Уларда мазкур янгиланишларга дахлдорлик ҳисси яққол сезилиб турибди, – дей­ди Қумқўрғон туманида сафарда бўлган Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O`zLiDeP фракцияси аъзоси Абдуқодир Тошқулов.
Муҳиддин ЖАББОРОВ,
“ХХI asr” мухбири

БУХОРО
Сенатор ва депутатлардан иборат гуруҳ айни пайтда вилоятнинг Жондор тумани аҳолиси билан бевосита мулоқот уюштирмоқда.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O`zLiDeP фракцияси аъзолари Шуҳрат Бафоев ҳамда Жамол Носиров мазкур учрашувларда фаол қатнашиб, мавжуд муаммоларни ҳал этишда ташаббускор бўлишаётир. Улар 500 дан зиёд хонадонга, қишлоқ ва маҳаллаларга кириб, аҳоли билан жонли ва самимий мулоқот қилишди. Бунинг самараси ўлароқ туман ҳудудида ўз ечимини кутаётган масалалар юзага чиқаяпти. Эътиборлиси, мавжуд муаммоларнинг  кўпчилиги ўша жойнинг ўзида ҳал этилмоқда. Масалан, туман деҳқон бозорига туташ ҳудуддан  оқиб ўтувчи Зарафшон дарёси қирғоғида тўпланиб қолган  ахлат ва чиқинди уюмлари туман марказидан чиқариб ташланди. Шунингдек, “Пўлатли” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида истиқомат қилувчи Латиф Жумаев мурожаатига асосан унга томорқа ери ажратиш, “Жондор” маҳалласидаги “Пахтаой” мактабгача таълим муассасаси филиали тарбияланувчиларини озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш борасидаги муаммолар  ўз ечимини топди. Бундан ташқари, асоссиз тарзда табиий газ қувуридан узиб қўйил­ган “Навработ” маҳалласида яшовчи Маъмура Неъматова хонадони  “зангори олов”га қайта уланди.
Фақат шугина эмас. Олиб борилган саъй­-­ҳаракатлар натижасида “Сомончук” қишлоқ фуқаролар йиғинига қарашли очиқ дренажни тозалаш ишлари амалга оширилиб, ушбу ҳудудда зах сувлари кўтарилишининг олди олинди.
Бундан ташқари қисқа вақт давомида депутатлар ва сенаторлар томонидан ечимини кутиб қолган жами 100 га яқин масала бў­йича тегишли маҳаллий давлат органлари ва бошқа ташкилотларга аниқ таклиф ва тавсиялар берилиб, уларнинг ижроси назоратга олинди.
Жондор туманида  Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенат аъзоларининг аҳоли билан учрашув ва мулоқотлари давом этмоқда.
Асхор ИСТАМОВ,
“ХХI asr” мухбири

ЧИРОҚЧИДА ЧИРОҚСИЗ МАКТАБ БОР...


Чироқчи туманидаги Файзулла Хўжаев ҳудудига қарашли Ободон қишлоқ фуқаролар йиғинидаги 129-мактабда 450 нафар ўғил-қиз таҳсил олади. Мактаб 2009 йилда қурилиб, фойдаланишга топширилган бўлса-да, ҳанузгача электр токи билан таъминланмаган. Демак, истиқболимиз эгалари бўлган ёшлар шунча вақтдан буён замонавий илм – компьютер сабоқларидан бебаҳра қолиб келишмоқда. Мазкур масъ­улиятсизлик ортидан келадиган маънавий бўшлиқ ўрнини билимсизлик, лоқайдлик тўлдирмаслигига ким кафолат беради? Илм маскани электр энергиясисиз фаолият кўрсатаётганидан наҳотки  тегишли идора раҳбарлари бехабар бўлишса?
Халқ депутатлари Қашқадарё вилоят Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳининг навбатдаги йиғилишида ана шундай муаммоларнинг ечимини топиш, ёшларнинг пухта билим олиши учун зарур шароит яратиш, аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш борасида қилинаётган ишлар юзасидан мутасаддиларнинг эшитуви ташкил этилди.
– Жорий йилда вилоят бўйича 375 километрли электр тармоғи ва 47 та трансформатор пунктларини реконструкция қилиш, 84 километр электр тармоғи ва 20 та трансформатор пунктларини янгидан қуриш учун 38 миллиард 700 миллион сўм маблағ сарфланади, – деди Қашқадарё ҳудудий электр тармоқлари акциядорлик жамияти эксплуатация ва техник масалалари бўйича директори Сирожиддин Асқаров. – Дастлабки ярим йилликда носозлик туфайли узилишларга сабаб бўлаётган 877 километр электр тармоқлари, 400 та трансформатор пунктлари мукаммал таъмирланади. Олдимизда турган энг долзарб муаммо бу – етказиб берилган  электр энергияси учун тўловларни ўз вақтида ундириш, дебитор қарздорликни қисқартиришга асосий эътибор қаратишдир. Ўтган йили вилоятга 875 милилард 400 миллион сўмлик электр энергияси етказиб берилган бўлса-да, аҳоли қарздорлиги 6 миллиард сўмга ошган. Айниқса, Қарши шаҳри, Ғузор, Чироқчи, Қарши, Шаҳрисабз туманларида фойдаланилган энергия учун тўловлар ўз вақтида амалга оширилмаётгани боис қарздорлик йил сайин ортиб бораётир. Тарғибот-ташвиқот ишларини ҳар қанча кучайтирмайлик, фуқароларимиз электр ҳақини ўз вақтида тўлаш - таъминотни яхшилашини тушуниб етишмаяпти. Эндиликда дебитор қарздорлиги мавжуд ёки олдиндан тўловни амалга оширмаган ҳамда ноқонуний уланган истеъмолчилар тармоқдан узилиб, уларга электр энергияси бериш қатъиян тўхтатилади. Мақсадимиз – таъминотни янада яхшилаш учун қарздорлик бўлмаслигига эришиш. Газлашмаган ҳудудларда аҳоли учун электр энергия тўлови 50 фоизга арзонлаштирилган.
Шундан сўнг вилоят Архитектура ва қурилиш бош­қармаси бошлиғининг ўринбосари Расул Шоймардонов ҳамда вилоят автомобиль йўллари бошқармаси бошлиғи Камол Маҳкамовнинг ҳисоботлари эшитилди.
– Депутатлик гуруҳларининг вилоят, туман, шаҳар партия ташкилотлари билан ҳамкорликда ишлашини таъминлаш, фаолияти ҳақидаги ҳисоботларни мунтазам эшитишнинг самарали тизими яратилди, – дейди вилоят Кенгаши депутатлар билан ишлаш сектори мудири Сарвар Бекмуродов. – Давлатимиз раҳбарининг кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш учун қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантириш, бюрократик тўсиқларни бартараф этиш ҳамда тадбиркорлик фаолияти эркинлигини ривожлантиришга қаратилган қарор ва фармонларидан келиб чиқадиган партия депутатлик гуруҳларининг асосий вазифалари, назорат органлари томонидан хўжалик субъектлари фаолиятига асоссиз аралашувларга йўл қўйилмаслигини таъминлашда депутатлар фаоллигини янада ошириш борасида асосли фикрлар билдирилди. Ҳар ойда депутатлик гуруҳи йиғилиши ўтказилиб, унда вилоят аҳлини қийнаб келаётган  масалаларнинг мақбул ечимларини топиш борасида изланаяпмиз. Депутатлар томонидан  ичимлик суви, табиий газ ва электр таъминотини яхшилаш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш учун молия муассасаларидан ёшларга имтиёзли кредитлар ажратишга кўмаклашиш, касаначиликни ривожлантириш орқали янги иш ўринлари яратиш борасида амалий ишлар қилинди. Жойларда кенг кўламда ташкилий-партиявий, ғоявий-сиёсий масалалар тарғиботини амалга оширдик.
Йиғилиш сўнгида O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзолари томонидан мавжуд муаммо ва таклифларни мунтазам равишда ўрганиб мониторинг қилиб бориш юзасидан тегишли вазифалар белгилаб олинди. Депутатлик гуруҳи аъзолари ижро этувчи идоралар раҳбарларининг қонунлар, давлат дастурлари ҳамда ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари ижроси юзасидан эшитувларини ташкил этишнинг муҳим ва таъсирчан усулларини ишлаб чиқиш, бошланғич партия ташкилотлари ва халқ депутатлари Кенгашларидаги депутатлик гуруҳларининг жойлардаги муаммоларини ўрганиш, уларни партиявий воситалар орқали ҳал этиш бўйича
фикр-мулоҳазалар билдирилди.
ТАҲРИРИЯТДАН: Мухбиримиз ўз мақоласининг биринчи хатбошисида кўтарилган муаммога ойдинлик киритиш мақсадида Қашқадарё ҳудудий электр тармоқлари акциядорлик жамияти эксплуатация ва техник масалалари бўйича директори Сирожиддин Асқаровга мурожаат этганида, у Чироқчи туманидаги 129-мактаб тез орада электр энергияси билан тўла таъминланишига ваъда берилганлигини билдирди. Таҳририят бу мавзуга яна қайтади.
Сайфулла ИКРОМОВ,
“ХХI asr” мухбири

КЕЛАЖАК ОЛДИДАГИ МАСЪУЛИЯТ

ўз бурчимизга нисбатан виждонан ёндашишга ундамоқда

Абдурауф АБДУЛЛАЕВ,
Халқ депутатлари Андижон вилояти
Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик
гуруҳи раҳбари, иқтисод фанлари доктори

 

Мамлакатимизда ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш, хусусий тармоқни жадал ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратилган. Жумладан, тармоқда “Ягона дарча” тамойилини жорий этиш, статистика ва солиқ ҳисоботларини тақдим этиш механизмини соддалаштириш, хусусий мулкдорлар учун хомашё ресурсларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш бўйича тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Ўз навбатида вилоятимизда ҳам тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш учун кенг майдон вужудга келди, десак муболаға бўлмайди. Хусусан, иқтисодиётимизнинг юксалишига асос бўладиган мустаҳкам омиллар яратилдики, иқтисодий ислоҳотларни жадаллаштиришда улар ўз самарасини бермоқда. Ҳаётий бир мисол: ялпи ҳудудий маҳсулотни шакллантиришда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг улуши 2011 йилдан бери 56,3 фоиздан 61,5 фоизга, саноат маҳсулоти ишлаб чиқариш 11,1 фоиздан 29,5 фоизга, экспорт 9,7 фоиздан 56,6 фоизга ўсди. Ҳозирги кунда вилоятда 8 минг 670 та кичик бизнес субъекти бўлиб, улар асосан ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш фаолияти билан шуғулланаётир. Кўпчилиги солиқ имтиёзларидан баҳраманд. Соҳани молиявий қўллаб-қувватлаш учун сўнгги беш йилда тижорат банклари томонидан ажратилган маблағлар ҳажми 3,3 баробарга кўпайди.

Хусусан, маҳсулотларнинг айрим турларини ишлаб чиқаришни рағбатлантириш ва хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантиришга қаратилган қарорлар асосида жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 2 минг 5 та тадбиркорлик субъекти 117 миллиард сўмдан зиёд маблағни тежаб қолди. Шу ҳисобдан ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш, янги технологияларни жорий этиш ва қўшимча иш ўринлари яратишга эришилмоқда.

Жумладан, Олтинкўл туманидаги “Krav teks” масъулияти чекланган жамияти 7 миллиард 595 миллион сўмлик маҳсулотни эркин алмаштириладиган валю­тада эскпорт қилиш ҳисобига
457 миллион 800 минг сўм миқдоридаги ягона солиқ тўлови имтиёзидан фойдаланди. Бу эса нафақат корхона иқтисодиёти, балки юртимиз равнақига қўшилган муносиб ҳисса ҳамдир.

Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг ўн еттинчи сессиясида 2016 йил якунлари ва 2017 йилда белгиланган устувор вазифалар юзасидан вилоят ҳокими, O‘zLiDeP аъзоси Шуҳратбек Абдураҳмоновнинг ҳисоботи тингланди. Муҳокамада партиямиз фаоллари қизғин иштирок этишди. Сўзга чиққанлар давлат бошқаруви органлари раҳбарларининг асосий вазифаси ўзлари масъул бўлган соҳа ва тармоқларда ишни тўғри ташкил этиш учун мавжуд ички имкониятлардан тўла фойдаланиши лозимлигини алоҳида таъкидлашди.

Ҳозирга кунда вилоятимизда 4 минг 877 та саноат корхонаси фаолият кўрсатмоқда. Бултур улар томонидан 7 триллион 800 миллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди. Ўсиш суръати 2015 йилга нисбатан қарийб 121 фоизга уддаланган. Бу, албатта, қувонарли ҳол. Ялпи қиймати 507 миллиард 100 миллион сўмлик инвестиция ўзлаштирилиши натижасида 42 минг 500 тадан зиёд янги иш ўрни яратилган. Мисол учун, илгари Булоқбоши туманида пахтани қайта ишловчи корхона йўқ эди. Ўтган йили “Фан текстиль” масъулияти чекланган жамияти томонидан 666 минг 500 АҚШ доллари миқдоридаги лойиҳа ўзлаштирилди ва 220 нафар кишининг бандлиги таъминланди.

Ўтган йил якуни бўйича ҳудудий корхоналар томонидан 183 миллион 700 минг доллар миқдоридаги маҳсулот экспорт қилинди. Шунинг 49,6 фоизини мева-саб­завот ташкил қилади. Умуман, “Ўзагроэкспорт” акциядорлик жамияти билан ҳамкорликда 25 та шартнома имзолангани тармоқни жадал ривожлантириш, фермерларнинг моддий манфаатдорлигини янада ошириш имконини бермоқда.

Вилоятимизда аҳоли томорқалари жами 27 минг 425 гектарни ташкил қилади. Шу кунга қадар 6 минг 484 та хонадондаги жами 143 гектар ерда лимонарийлар ташкил қилинди. Яна 20 минг 785 та хонадонда цитрус мевалари етиштириш режалаштирилмоқда. Томорқачиликдаги илғор тажриба ва технологияларни ўрганиш мақсадида бир гуруҳ мутасаддилар яқинда Туркияга йўл олишди. Улар орасида партиямиз аъзолари ҳам бор.

Рўйхатга олиш жараёнининг соддалаштирилиши, текширувлар ва статистик ҳисоботларнинг камайтирилиши, шунинг­дек, бошқа кўплаб омиллар туфайли кейинги беш йилда вилоятда 10 минг 327 та янги бизнес субъектлари ташкил этилди ҳамда уларнинг сони 23 минг 848 тага етди. Натижада ушбу даврда ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 1,7 баробар ошди.

Ҳаёт тарзимизда юз бераётган ўзгариш ва янгиланишларни инобатга олган ҳолда олдимизда турган долзарб масалаларга ҳозиржавоблик билан муносабатда бўлишимиз лозим, албатта. Чунки давр, замон сусткашликни кечирмайди. Партия вилоят Кенгашининг ташаббуси билан Жалақудуқ туманида ўтказилган мулоқотда мен бунга яна бир карра гувоҳ бўлдим. Ойим қишлоғида 30 минг киши истиқомат қилади. Тоза ичимлик суви таъминоти, йўл қурилиши, тиббий хизмат сифати ва маданияти билан боғлиқ муаммолар аввал ҳам турли йиғинларда кўп бор кўтарилган. Расмиятчилик, бепарволик оқибатида вазият ўзгармай қолаверган. “Халқ қабулхоналари” ҳамда “портал” хизмати йўлга қўйилганидан сўнг одамлар ўзини ўйлантираётган масалалар юзасидан очиқ-ошкора фикр юритиш имконига эга бўлишди. Натижада мавжуд нуқсонларни жойида ҳал этиш имкони туғилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, эндиликда мурожаатларни кўриб чиқишда сансалорликка йўл қўйилмайди. Биз вилоятда ахборот-коммуникация технологиялари ҳамда интерактив давлат хизматларини ривожлантириш бўйича ижобий ишлар билан бирга айрим камчиликларга йўл қўйилганининг гувоҳи бўлдик. Жумладан, ўтган йил давомида Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали жами 12 минг 572 та мурожаат келиб тушган бўлиб, улардан 390 таси ўз муддатида кўриб чиқилмаган. Масалани ижобий ҳал этиш мақсадида ахборот-коммуникация технологиялари йўналишидаги ишлар чуқур таҳлил қилинди ва вилоят ҳокимлигининг расмий веб-портали тубдан янгиланди ва 2016 йил 15 декабрдан вилоят ҳокимининг виртуал қабулхонаси фаолият юрита бошлади.

Жорий йилнинг I чорагида шаҳар ва туман ҳокимликларининг веб-сайтларини тўлиқ ишга тушириш ва виртуал қабулхоналар ташкил қилиш кўзда тутилмоқда. Унга жалб этилган мутахассисларнинг билим ва малакасини ошириш мақсадида ўқув курслари ташкил қилинади ва тўлиқ электрон ҳужжат айланиши тизимига ўтилади. Бу борада дастлабки қадамлар қўйилмоқда. Мақсад аниқ, фақат изланиш, ташаббус ва фидойилик кўрсатиб ишлаш лозим. Ҳудудларни комплекс ва жадал ривожлантириш, тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари доирасини кенгайтириш, иқтисодиётни бошқаришда давлат иштирокини босқичма-босқич камайтириш кўзда тутилмоқда.

Тараққиёт тушови

Конституциямизнинг 2-моддасида давлат халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қилиши, давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг жамият, фуқаролар олдида масъуллиги белгиланган. Мазкур талаблар давлат ҳокимияти, давлат хизмати ва маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органлари мансабдор шахсларининг жамият ва фуқаролар олдидаги масъулияти ҳамда мажбуриятини оширади.

Аммо коррупция аталмиш иллат ҳам борки, тараққиётга кескин таъсир этиши баробарида халқнинг давлат ва унинг хизматчиларига бўлган ишончига путур етказади.

Айтиш жоизки, мамлакатимиз мустақилликка эришган илк даврларданоқ коррупцияга қарши курашиш борасида изчил ишлар олиб борилмоқда. Айниқса, жорий йилнинг 3 январида “Коррупцияга қарши кураш тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилиниши бу  борадаги чора-тадбирларнинг мантиқий давоми бўлди. Зеро, ушбу қонунни қабул қилишдан кўзланган мақсад коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборатдир. Ҳужжатда “коррупция”, “коррупцион ҳуқуқбузарлик” ва “манфаатлар можароси” каби тушунчаларга атрофлича изоҳ берилган.

Аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг олдини олишга қаратилган ишларни амалга ошириш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш, чек қўйиш, салбий оқибатларни, уларга имкон берувчи сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш, коррупцияга тааллуқли ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлиги принципини таъминлаш кабилар коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари ҳисобланади.

Мазкур ҳужжатга кўра шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб, моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, худди шунингдек, бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этиши коррупция ҳисобланади. Ушбу аломатларга эга бўлган, содир этилгани учун қонун ҳужжатларида жавобгарлик назарда тутилган қилмиш эса коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик дейилади. Шахсий (бевосита ёки билвосита) манфаатдорлик шахснинг мансаб ёки хизмат мажбуриятларини лозим даражада бажаришига таъсир кўрсатаётган ёхуд таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳамда шахсий манфаатдорлик билан фуқароларнинг, ташкилотларнинг, жамият ёки давлатнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ўртасида қарама-қаршилик юзага келаётган ёки юзага келиши мумкин бўлган вазиятга “манфаатлар тўқнашуви” деб таъриф берилган.

Шу ўринда айтиш лозимки, фуқароларимизга ушбу хавфли иллат ҳақида маълумотлар бериш, ёш авлод қалбида унга қарши иммунитетни шакллантириш мақсадида олиб борилаётган профилактика ишларини янада кучайтиришимиз лозим. Чунки порахўрлик авж олган жамиятда ривожланиш бўлмайди. Бу иллат тараққиётнинг тушовидир.

Фируза МУСАЕВА,
Тошкент шаҳар Яккасарой тумани
4-сонли давлат нотариал идораси нотариуси

 

САЙЛОВЧИ ВА ДЕПУТАТ: амалий ишлар зарур!

Аввал хабар берганимиздек, жорий йилнинг 1-10 февраль кунлари Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари сайловчилар билан юзма-юз мулоқотда бўлиб қайтишди. Хусусан, унда фракциямиз аъзолари ҳам фаол иштирок этди. Таъкидлаш жоизки, ушбу учрашувлар олдин ҳам бўлган, лекин бу галгидек амалий ишлар билан ёдда қолмаган эди. Янада аниқроқ айтадиган бўлсак, бу сафар депутат мажлислар залида сайловчилар тўпланишини кутиб ўтирмади. Аксинча, улар Президентимиз қўйган устувор вазифаларни теран ҳис этган ҳолда сайловчиларнинг олдига ўзлари боришди. Қишлоқ-овулларда уйма-уй юриб, ҳақиқий аҳвол билан бевосита танишдилар. Одамлар билан самимий суҳбат қуриб, уларни ўйлантираётган масалаларни очиқ, ошкора тинглашди. Аксарият масалалар ўша жойнинг ўзида ҳал этилди. Қолганлари эса қатъий назоратга олиниб, тегишлилиги бўйича давлат идораларига депутатлик сўровлари жўнатилмоқда.

Бир сўз билан айтганда, мулоқотнинг вақт синовидан ўтган ушбу шакли депутат ва сайловчи ўртасидаги илиқ муносабатларга ижобий таъсир ўтказиб, одамларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашларига замин ҳозирламоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партиямиз фракцияси аъзоларининг қуйидаги фикрлари буни тасдиқлайди.

 


Клара ЖУМАМУРОТОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
O`zLiDeP фракцияси аъзоси:

– Сайловчиларни ўйлантираётган муаммоларни юз марта эшитгандан кўра бир марта жойига бориб, ҳақиқий вазиятни ўргандик ва унга холисона ёндашдик.

Қизғин ва масъулиятли жараёнда аҳолининг ҳар бир мурожаати эътиборимиз марказида бўлди. Айтиш жоизки, улар томонидан коммунал, тиббий хизмат, таълим ҳамда савдо ва маиший хизмат кўрсатиш соҳалари билан боғлиқ масалалар кўтарилди. Масалан, Хоразм вилояти, Қўшкўпир тумани аҳолиси томонидан марказлаштирилган табиий газ таъминоти етиб бормайдиган хонадонларга суюлтирилган газ етказиб берувчи ташкилотнинг терминал билан таъминланмаганлиги ўртага ташланди. Буни ижобий ҳал этиш мақсадида “Шимолгазтаъминот” Қўшкўпир туман филиали раҳбарияти билан мулоқотлар олиб борилди. Ҳақиқатан ҳам айни пайтда 8 та терминалга эҳтиёж борлиги аниқланиб, олиб борилган саъй-ҳаракатлар натижасида бу ерга керакли терминал аппаратлари ўрнатилиши таъминланди.

Ўрганишлар жараёнида, шунингдек, Қўшкўпир туманида 61 та кўп қаватли уй-жой мавжуд бўлиб, уларга хизмат кўрсатиш мақсадида атиги 1 та “Файзли-Қўшкўпир” хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати ташкил этилганлиги аён бўлди. Табиийки, ушбу ширкат томонидан кўп қаватли уй-жойларга хизмат кўрсатиш ўз вақтида ва талаб даражасида амалга оширилмаяпти. Чунки битта ширкат шунча кўп қаватли уй-жойга тўлақонли хизмат кўрсата олмайди-да.

Шу билан бирга, ушбу кўп қаватли уйлар марказлашган иситиш тармоғидан узилганлиги, куз-қиш мавсумида айрим уйларнинг том қисмидан чакки ўтиши, марказлашган канализация тизимининг йўқлиги, шунингдек, ҳудудда болалар учун ўйин майдончаси қуриш, ҳудудни ободонлаштириш ҳамда уйларнинг фасадлари, ички йўлакларини таъмирлаш масалалари ҳам эътибордан четда қолаётгани маълум бўлди.

Шулардан келиб чиққан ҳолда Қўшкўпир тумани ҳокими С. Юсуповга депутатлик сўрови жўнатилди ва ҳозирда унинг ижроси қатъий назоратга олинди.

Мухтасар айтганда, мазкур туманда ҳудудни ривожлантиришнинг энг муҳим вазифаларини ҳал этишга, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлашга доир ўтказилган ўрганишлар давомида парламент аъзолари томонидан жами 354 та хонадонга кирилди. Аҳоли билан бўлиб ўтган очиқ мулоқотлар давомида 123 та аниқ масала кўтарилди. Ушбу масалаларнинг 41 таси депутатлар томонидан ўз жойида ҳал этилди.


Баҳром НИЁЗМАТОВ, 
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
O`zLiDeP фракцияси аъзоси:

– Ўн кун давомида Андижон вилояти, Шахрихон туманидаги қайси хонадонга кирмайлик, одамларда ташаббускорлик, жонсараклик кўзга ташланди. Айниқса, уларнинг ишбилармон бўлиб, нафақат ўз хонадони, балки бутун эл-юртимизга наф келтириш истаги кучли эканлиги таҳсинга сазовордир. Бироқ гуруч курмаксиз бўлмаганидек, аҳоли томонидан баъзи камчиликлар рўй-рост айтилди. Мисол учун, туманнинг Найнаво қишлоғида истиқомат қилувчи Азизбек Шукуров томорқасида қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштириш мақсадида банкдан кредит ололмай сарсон эканлигини баён этди. Вазият ўрганилиб, муаммо жойида ҳал қилинди. Насибахон Раҳимова эса оилавий шароити туфайли шу кунга қадар суюлтирилган газ баллонини ололмаётганлигини айтди. Ушбу мурожаат ҳам ўз вақтида қондирилди. Тўғри, бир қарашда ушбу муаммолар кичкинадек кўриниши мумкин. Бироқ, денгиз ҳам майда томчилардан ташкил топганидек, муаммо каттами-кичикми, барибир унинг ортида инсон тақдири турганлигини бир зум бўлса-да, унутмаслигимиз лозим.

А. МУЗАФФАРОВ ёзиб олди.

ОЧИҚ ВА ХОЛИСОНА

Адҳам ШОДМОНОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси
депутати, Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар
қўмитаси раиси

– Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимизни 2016 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий якунлари ва 2017 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги маърузасида мамлакатимиз ҳаётининг барча соҳаларидаги ҳақиқий аҳвол қатъий, лекин адолатли таҳлил қилинганлиги билан аҳамиятлидир. Давлатимиз раҳбари мамлакатимизни ривожлантиришнинг очиқ ва холисона манзарасини аниқ, ҳаётий мисоллар ёрдамида батафсил баён этиб, йўл қўйил­ган камчиликларни таҳлилий тарзда кўрсатиб берди. Ўз навбатида тараққиётнинг устувор йўналишларини ҳам белгилаб берди.

Бу эса биз – депутатлар олдида  ҳам жиддий вазифалар турганлигини кўрсатади. Хусусан, парламент қуйи палатаси депутатларининг масъу­лияти ҳақида тўхталадиган бўлсак, маълумки, улар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг ижроси тўғрисидаги ҳисоботларни тинглаш ваколатига эгадирлар. Шуни инобатга олган ҳолда бу борадаги ёндашувларни жиддий қайта кўриб чиққан ҳолда келажакда Давлат бюджети ижросини ўрганиш жараёнида эришилган марралар билан чекланиб қолмасдан, жиддий муаммоларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш асосий вазифамизга айланмоғи лозим.

Мисол учун, иқтисодиёт ўсишининг юқори суръат­лари ва инвестиция ресурсларига ўсиб бораётган талабни қаноатлантириш бир-бирига мувофиқ эмаслиги, нақд ва нақд пулсиз ҳисоб-китобларда тафовут мавжудлиги, ҳудудларни барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни молиялаштириш учун маҳаллий бюджетларнинг маблағлари етарли эмаслиги каби масалалар эътиборимиз марказида бўлиши зарур.

Афсуски, ҳалигача Давлат бюджети параметр­ларининг ижросини таҳлил қилаётганда парламент аъзолари солиқ-бюджет сиёсатига қатъий амал қилиш, давлатнинг ижтимоий мажбуриятларини бажариш, иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендиялар ҳажми, йирик инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш, аввало, ижтимоий соҳадаги маблағларни ўзлаштириш ва бошқа мақсадларга сарфлаш ҳолатларининг олдини олиш масалаларига қатъий ёндашмаяпти.

Мухтасар айтганда, зиммамиздаги масъулият юки енгил эмас. Уларни сидқидилдан адо этиш учун, энг аввало, биздан фидойилик, масъулият, ташаббускорлик, ишчанлик талаб этилади. Хусусан, халқимиз манфаатлари ва Ватанимиз тараққиётига хизмат қилувчи қонунларни қабул қилиш, энг муҳими, уларнинг амалий ижросини таъминлашда парламентнинг назорат функция­сидан унумли фойдаланишимиз керак бўлади. Шунингдек, маърузада алоҳида қайд этилганидек, олдимизда ўтган йили иқтисодиёт тармоқлари ва ҳудудларни ривожлантиришнинг айрим кўрсаткичларига эришилмаганининг сабаб ва омилларини аниқлашга қаратилган ишларни тубдан кучайтириш, бу борадаги камчиликларни бартараф этиш бўйича аниқ таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш вазифаси турибди.

МУЛОҚОТНИНГ ЭНГ ҚУЛАЙ ЙЎЛИ

Гулшана ХУДОЁРОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик
палатаси депутати
O`zLiDeP фракцияси аъзоси

Ўтган йилнинг сўнгги чорагида ўз фаолиятини бошлаган Бош вазирнинг виртуал қабулхонаси фаолияти фикримизга ёрқин мисол бўла олади. Зеро, қисқа фурсат ичида ушбу портал минглаб ҳамюртларимизнинг мушкулини осон қилишга хизмат қилди. Хусусан, виртуал қабулхонага юборилган мурожаатларнинг аксар қисми веб-сайт орқали келиб тушган. Бу эса фуқароларнинг ахборот-коммуникация технологияларидан самарали фойдаланаётганидан далолат беради. Энг асосийси, ушбу технологиялар имкониятларидан унумли фойдаланиш жисмоний ва юридик шахслар фаолиятида юзага келган кўплаб муаммоларни жуда қисқа муддатда ҳал қилиш имконини бермоқда. Бу эса фуқароларларнинг нафақат вақтини тежамоқда, балки ортиқча сарф-харажатлардан ҳам халос этмоқда.

Қолаверса, янги йилдан бошлаб ҳар бир вазирлик ва қўмиталар томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида алоҳида электрон қабулхоналар фаолияти йўлга қўйилаётгани эътиборга моликдир.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, ушбу қабулхоналар расмиятчилик ё хўжакўрсинга тузилаётгани йўқ. Аксинча улар одамларни ўйлантираётган муаммоларга амалий ечим излаш мақсадида ташкил этилаяпти.

Айниқса, Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2016 йил 28 декабрда имзолаган “Жисмоний ва юридик шахс­ларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармон мазкур йўналишдаги ишларни янада жадаллаштиришда муҳим қадам бўлди. Фармонда қайд этилганидек, давлат ҳокимияти ҳамда бошқаруви, хўжалик бошқаруви органлари, барча даражадаги ҳокимиятлар билан фуқаролар ўртасидаги ҳамкорликнинг самарали механизмига айланган Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг виртуал қабулхонаси фаолияти давлат органларининг мурожаатлар билан боғлиқ ишни ташкил этишда уларни кўриб чиқиш тартиби ва муддатларига, расмиятчилик, бюрократизм ҳамда сансалорлик ҳолатларига доир қатор тизимли камчиликларни аниқлади. Одамларни ўйлантираётган, ташвишу оворагарчиликларига сабаб бўлаётган турли муаммолар, аввало, айрим раҳбар ҳамда мансабдор шахсларнинг мурожаатлар билан ишлаш масаласига жиддий ёндашмаётганидан далолат беради. Зотан, ислоҳотларни баҳолаш мезони ҳисобланган мурожаатлар ортида бир ёки бир неча инсонлар манфаати, тақдири туради. Уларнинг тўлиқ, холисона, ўз вақтида кўриб чиқилиши жисмоний ва юридик шахс­ларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини кафолатлайди. Давлатимиз раҳбарининг бу соҳада замон талабларига мос, аниқ ҳамда пухта вазифаларни қамраб олган фармонига биноан, мурожаатлар билан ишлашда сифат жиҳатидан янги тизим жорий этилмоқда. Бу эса ўз навбатида фуқаролар билан очиқ мулоқотларни кенгайтириб, халқнинг давлат органларига бўлган ишончини янада мустаҳкамлайди.

Мазкур тизим, аввало, фуқароларнинг бевосита ўзи ва бошқалар билан биргаликда ваколатли давлат органларига, муассасаларига ёки халқ вакилларига ариза, таклиф ҳамда шикоятлар билан мурожаат этишга оид конституциявий ҳуқуқини амалда таъминлаш, уларнинг ўз вақтида ечим топишига замин яратади. Мазкур муҳим ҳужжатда кўзда тутилган чора-тадбирларнинг ҳаётга татбиқ этилиши фуқароларимизнинг ҳуқуқ ҳамда манфаатларини рўёбга чиқариш, мурожаатлари кўриб чиқилиши устидан самарали назорат механизмларини ўрнатиш имкониятини беради. Айниқса, Халқ қабулхоналари ва Виртуал қабулхонага келиб тушаётган мурожаатларнинг қайд этилиши, умумлаштирилиши ҳамда кўриб чиқилишини назорат қилиш бўйича ягона электрон ахборот тизимини жорий этиш, яъни мурожаатлар билан ишлашда замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланиш белгилангани соҳада давлат ҳокимияти ҳамда бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, самарадорлигини ошириш ҳамда раҳбар ходимларнинг масъулиятини янада кучайтиришга хизмат қилади.

МИЛЛАТ ТАҚДИРИГА ДАХЛДОР

Ойбек ЭГАМОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик
палатаси депутати,
O‘zLiDeP фракцияси аъзоси

Энг ривожланган даврда яшаяпмиз. Фан-техника тараққиёти янги босқичга кўтарилиб, одамларга қулай шарт-шароит ва имкониятлар туҳфа этмоқда. Бироқ тинчлик, ҳамма даврларда бўлгани каби ҳозир ҳам энг қадрли ва бебаҳо неъмат. Буни дунёнинг ҳар кунги манзараси инсониятга бот-бот эслатиб турибди.

Шу маънода бемалол айтиш мумкинки, истиқлол йилларида Биринчи Президентимиз раҳнамолигида халқимиз эришган энг катта бойлик, ҳеч шубҳасиз, фаровон турмушимиз, барқарор тинчлигимиздир. Зеро, ана шу осойишта ва барқарор ҳаёт ҳимоячиси, мустаҳкам қалқони сифатида мустақилликнинг илк кунлариданоқ миллий армиямизга асос солинди.

Таъкидлаш жоизки, мустақилликнинг дастлабки йилларида юртимизда барча талабларга жавоб берадиган, тезкор ва ҳаракатчан, ташкилий жиҳатдан мукаммал, замонавий қурол-яроғ ва техникага эга бўлган миллий армияни барпо этишга алоҳида эътибор қаратилди. Ўша пайтда Қуролли Кучларимизни ҳар қандай хавф-хатарни чуқур таҳлил қилишга қодир, тезкор қарорлар қабул қила оладиган, замонавий билим ва тафаккурга эга, юксак маънавиятли офицер кадрлар билан тўлдириш ниҳоятда муҳим эди.

Дунёдаги айрим илғор давлатлар катта маблағ эвазига четдан ёлланган ҳарбийларга таянишни маъқул кўрган бир пайтда, Биринчи Йўлбошчимиз  Ислом Каримов ташаббуси билан ҳарбий таълимни ривожлантириш, миллий армиямиз сафини миллати, тили ва динидан қатъи назар, ўз заминимизда туғилиб, тарбия топиб, камолга етган мард йигитлар билан кенгайтиришга катта эътибор қаратилгани муваффақиятларга замин яратди.

Соҳани ривожлантириш йўлида олиб борилган кенг кўламли ислоҳотлар туфайли ўтган вақт мобайнида Қуролли Кучларимиз ташкилий ва таркибий жиҳатдан янада такомиллашди. Хусусан, муддатли ҳарбий хизматга чақирувнинг бир йилда бир марта ташкил этилаётгани, шартнома асосида хизмат қилувчилар сафининг кенгаяётгани, сафарбарлик чақируви резервидаги ҳарбий хизматнинг жорий этилгани натижасида армиямизнинг қиёфаси, ҳарбий жамоалардаги маънавий муҳит тубдан ўзгарди.

Бир пайтлар ота-оналар фарзандини ҳарбий хизматга минг ҳадик билан кузатган бўлса, бугун оиласида ўғил тарбиялаётган ҳар бир ота-она фарзанди ҳарбий хизматга боришини орзу қилади. Негаки, улар Қуролли Кучларимиз сафида хизмат қилаётган аскарларнинг жисмоний чиниқиши, бўш вақтини мазмунли ўтказиши ҳамда бекаму-кўст ҳаёт кечириши учун қандай қулай шарт-шароит яратилгани, интеллектуал салоҳияти ошаётганини бевосита кўриб, гувоҳи бўлишаётир. Бу сўзларда ҳеч қандай муболаға йўқ, албатта. Чиндан ҳам ҳарбий хизмат ёшларда мустаҳкам ирода ва характерни шакллантирадиган, жисмоний чиниқиш ва юксак инсоний фазилатлар камол топадиган ўзига хос мактабга айланди.

Ҳар йили 14 январь – Ватан ҳимоячилари кунини юрт тақдирини ўз тақдири билан боғлаган мардлар байрами сифатида кенг нишонлаш яхши анъанага айланган. Бу қутлуғ кун халқимизга бемисл хурсандчилик бағишлайди, десак асло муболаға бўлмайди. Зеро байрам миллат тақдири ва ҳаётига дахлдор бўлсагина, унинг шукуҳи ва руҳи халқнинг кўнглидан, маънавиятидан чуқур жой олади.

Шу фурсатдан фойдаланиб, Қуролли Кучларимиз ташкил этилганининг 25 йиллиги муносабати билан барча ҳарбий хизматчилар – аскар ва сержантлар, офицер ва генералларни, шунингдек, Қуролли Кучларимиз фахрийларини, ўз умрини она Ватанимизни ҳимоя қилишдек муқаддас, шарафли ва масъулиятли бурчни адо этишга бағишлаган барча-барча фидойи инсонларни самимий муборакбод этаман.

Саҳифа 1 - 17

Joomla