Tuesday, May 30th

Last update07:38:55 AM GMT

You are here:

МИЛЛАТ ТАҚДИРИГА ДАХЛДОР

Ойбек ЭГАМОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик
палатаси депутати,
O‘zLiDeP фракцияси аъзоси

Энг ривожланган даврда яшаяпмиз. Фан-техника тараққиёти янги босқичга кўтарилиб, одамларга қулай шарт-шароит ва имкониятлар туҳфа этмоқда. Бироқ тинчлик, ҳамма даврларда бўлгани каби ҳозир ҳам энг қадрли ва бебаҳо неъмат. Буни дунёнинг ҳар кунги манзараси инсониятга бот-бот эслатиб турибди.

Шу маънода бемалол айтиш мумкинки, истиқлол йилларида Биринчи Президентимиз раҳнамолигида халқимиз эришган энг катта бойлик, ҳеч шубҳасиз, фаровон турмушимиз, барқарор тинчлигимиздир. Зеро, ана шу осойишта ва барқарор ҳаёт ҳимоячиси, мустаҳкам қалқони сифатида мустақилликнинг илк кунлариданоқ миллий армиямизга асос солинди.

Таъкидлаш жоизки, мустақилликнинг дастлабки йилларида юртимизда барча талабларга жавоб берадиган, тезкор ва ҳаракатчан, ташкилий жиҳатдан мукаммал, замонавий қурол-яроғ ва техникага эга бўлган миллий армияни барпо этишга алоҳида эътибор қаратилди. Ўша пайтда Қуролли Кучларимизни ҳар қандай хавф-хатарни чуқур таҳлил қилишга қодир, тезкор қарорлар қабул қила оладиган, замонавий билим ва тафаккурга эга, юксак маънавиятли офицер кадрлар билан тўлдириш ниҳоятда муҳим эди.

Дунёдаги айрим илғор давлатлар катта маблағ эвазига четдан ёлланган ҳарбийларга таянишни маъқул кўрган бир пайтда, Биринчи Йўлбошчимиз  Ислом Каримов ташаббуси билан ҳарбий таълимни ривожлантириш, миллий армиямиз сафини миллати, тили ва динидан қатъи назар, ўз заминимизда туғилиб, тарбия топиб, камолга етган мард йигитлар билан кенгайтиришга катта эътибор қаратилгани муваффақиятларга замин яратди.

Соҳани ривожлантириш йўлида олиб борилган кенг кўламли ислоҳотлар туфайли ўтган вақт мобайнида Қуролли Кучларимиз ташкилий ва таркибий жиҳатдан янада такомиллашди. Хусусан, муддатли ҳарбий хизматга чақирувнинг бир йилда бир марта ташкил этилаётгани, шартнома асосида хизмат қилувчилар сафининг кенгаяётгани, сафарбарлик чақируви резервидаги ҳарбий хизматнинг жорий этилгани натижасида армиямизнинг қиёфаси, ҳарбий жамоалардаги маънавий муҳит тубдан ўзгарди.

Бир пайтлар ота-оналар фарзандини ҳарбий хизматга минг ҳадик билан кузатган бўлса, бугун оиласида ўғил тарбиялаётган ҳар бир ота-она фарзанди ҳарбий хизматга боришини орзу қилади. Негаки, улар Қуролли Кучларимиз сафида хизмат қилаётган аскарларнинг жисмоний чиниқиши, бўш вақтини мазмунли ўтказиши ҳамда бекаму-кўст ҳаёт кечириши учун қандай қулай шарт-шароит яратилгани, интеллектуал салоҳияти ошаётганини бевосита кўриб, гувоҳи бўлишаётир. Бу сўзларда ҳеч қандай муболаға йўқ, албатта. Чиндан ҳам ҳарбий хизмат ёшларда мустаҳкам ирода ва характерни шакллантирадиган, жисмоний чиниқиш ва юксак инсоний фазилатлар камол топадиган ўзига хос мактабга айланди.

Ҳар йили 14 январь – Ватан ҳимоячилари кунини юрт тақдирини ўз тақдири билан боғлаган мардлар байрами сифатида кенг нишонлаш яхши анъанага айланган. Бу қутлуғ кун халқимизга бемисл хурсандчилик бағишлайди, десак асло муболаға бўлмайди. Зеро байрам миллат тақдири ва ҳаётига дахлдор бўлсагина, унинг шукуҳи ва руҳи халқнинг кўнглидан, маънавиятидан чуқур жой олади.

Шу фурсатдан фойдаланиб, Қуролли Кучларимиз ташкил этилганининг 25 йиллиги муносабати билан барча ҳарбий хизматчилар – аскар ва сержантлар, офицер ва генералларни, шунингдек, Қуролли Кучларимиз фахрийларини, ўз умрини она Ватанимизни ҳимоя қилишдек муқаддас, шарафли ва масъулиятли бурчни адо этишга бағишлаган барча-барча фидойи инсонларни самимий муборакбод этаман.

Joomla