Tuesday, May 30th

Last update07:38:55 AM GMT

You are here:

МУЛОҚОТНИНГ ЭНГ ҚУЛАЙ ЙЎЛИ

Гулшана ХУДОЁРОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик
палатаси депутати
O`zLiDeP фракцияси аъзоси

Ўтган йилнинг сўнгги чорагида ўз фаолиятини бошлаган Бош вазирнинг виртуал қабулхонаси фаолияти фикримизга ёрқин мисол бўла олади. Зеро, қисқа фурсат ичида ушбу портал минглаб ҳамюртларимизнинг мушкулини осон қилишга хизмат қилди. Хусусан, виртуал қабулхонага юборилган мурожаатларнинг аксар қисми веб-сайт орқали келиб тушган. Бу эса фуқароларнинг ахборот-коммуникация технологияларидан самарали фойдаланаётганидан далолат беради. Энг асосийси, ушбу технологиялар имкониятларидан унумли фойдаланиш жисмоний ва юридик шахслар фаолиятида юзага келган кўплаб муаммоларни жуда қисқа муддатда ҳал қилиш имконини бермоқда. Бу эса фуқароларларнинг нафақат вақтини тежамоқда, балки ортиқча сарф-харажатлардан ҳам халос этмоқда.

Қолаверса, янги йилдан бошлаб ҳар бир вазирлик ва қўмиталар томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида алоҳида электрон қабулхоналар фаолияти йўлга қўйилаётгани эътиборга моликдир.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, ушбу қабулхоналар расмиятчилик ё хўжакўрсинга тузилаётгани йўқ. Аксинча улар одамларни ўйлантираётган муаммоларга амалий ечим излаш мақсадида ташкил этилаяпти.

Айниқса, Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2016 йил 28 декабрда имзолаган “Жисмоний ва юридик шахс­ларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармон мазкур йўналишдаги ишларни янада жадаллаштиришда муҳим қадам бўлди. Фармонда қайд этилганидек, давлат ҳокимияти ҳамда бошқаруви, хўжалик бошқаруви органлари, барча даражадаги ҳокимиятлар билан фуқаролар ўртасидаги ҳамкорликнинг самарали механизмига айланган Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг виртуал қабулхонаси фаолияти давлат органларининг мурожаатлар билан боғлиқ ишни ташкил этишда уларни кўриб чиқиш тартиби ва муддатларига, расмиятчилик, бюрократизм ҳамда сансалорлик ҳолатларига доир қатор тизимли камчиликларни аниқлади. Одамларни ўйлантираётган, ташвишу оворагарчиликларига сабаб бўлаётган турли муаммолар, аввало, айрим раҳбар ҳамда мансабдор шахсларнинг мурожаатлар билан ишлаш масаласига жиддий ёндашмаётганидан далолат беради. Зотан, ислоҳотларни баҳолаш мезони ҳисобланган мурожаатлар ортида бир ёки бир неча инсонлар манфаати, тақдири туради. Уларнинг тўлиқ, холисона, ўз вақтида кўриб чиқилиши жисмоний ва юридик шахс­ларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини кафолатлайди. Давлатимиз раҳбарининг бу соҳада замон талабларига мос, аниқ ҳамда пухта вазифаларни қамраб олган фармонига биноан, мурожаатлар билан ишлашда сифат жиҳатидан янги тизим жорий этилмоқда. Бу эса ўз навбатида фуқаролар билан очиқ мулоқотларни кенгайтириб, халқнинг давлат органларига бўлган ишончини янада мустаҳкамлайди.

Мазкур тизим, аввало, фуқароларнинг бевосита ўзи ва бошқалар билан биргаликда ваколатли давлат органларига, муассасаларига ёки халқ вакилларига ариза, таклиф ҳамда шикоятлар билан мурожаат этишга оид конституциявий ҳуқуқини амалда таъминлаш, уларнинг ўз вақтида ечим топишига замин яратади. Мазкур муҳим ҳужжатда кўзда тутилган чора-тадбирларнинг ҳаётга татбиқ этилиши фуқароларимизнинг ҳуқуқ ҳамда манфаатларини рўёбга чиқариш, мурожаатлари кўриб чиқилиши устидан самарали назорат механизмларини ўрнатиш имкониятини беради. Айниқса, Халқ қабулхоналари ва Виртуал қабулхонага келиб тушаётган мурожаатларнинг қайд этилиши, умумлаштирилиши ҳамда кўриб чиқилишини назорат қилиш бўйича ягона электрон ахборот тизимини жорий этиш, яъни мурожаатлар билан ишлашда замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланиш белгилангани соҳада давлат ҳокимияти ҳамда бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, самарадорлигини ошириш ҳамда раҳбар ходимларнинг масъулиятини янада кучайтиришга хизмат қилади.

Joomla