Tuesday, May 30th

Last update07:38:55 AM GMT

You are here:

ОЧИҚ ВА ХОЛИСОНА

Адҳам ШОДМОНОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси
депутати, Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар
қўмитаси раиси

– Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимизни 2016 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий якунлари ва 2017 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги маърузасида мамлакатимиз ҳаётининг барча соҳаларидаги ҳақиқий аҳвол қатъий, лекин адолатли таҳлил қилинганлиги билан аҳамиятлидир. Давлатимиз раҳбари мамлакатимизни ривожлантиришнинг очиқ ва холисона манзарасини аниқ, ҳаётий мисоллар ёрдамида батафсил баён этиб, йўл қўйил­ган камчиликларни таҳлилий тарзда кўрсатиб берди. Ўз навбатида тараққиётнинг устувор йўналишларини ҳам белгилаб берди.

Бу эса биз – депутатлар олдида  ҳам жиддий вазифалар турганлигини кўрсатади. Хусусан, парламент қуйи палатаси депутатларининг масъу­лияти ҳақида тўхталадиган бўлсак, маълумки, улар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг ижроси тўғрисидаги ҳисоботларни тинглаш ваколатига эгадирлар. Шуни инобатга олган ҳолда бу борадаги ёндашувларни жиддий қайта кўриб чиққан ҳолда келажакда Давлат бюджети ижросини ўрганиш жараёнида эришилган марралар билан чекланиб қолмасдан, жиддий муаммоларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш асосий вазифамизга айланмоғи лозим.

Мисол учун, иқтисодиёт ўсишининг юқори суръат­лари ва инвестиция ресурсларига ўсиб бораётган талабни қаноатлантириш бир-бирига мувофиқ эмаслиги, нақд ва нақд пулсиз ҳисоб-китобларда тафовут мавжудлиги, ҳудудларни барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни молиялаштириш учун маҳаллий бюджетларнинг маблағлари етарли эмаслиги каби масалалар эътиборимиз марказида бўлиши зарур.

Афсуски, ҳалигача Давлат бюджети параметр­ларининг ижросини таҳлил қилаётганда парламент аъзолари солиқ-бюджет сиёсатига қатъий амал қилиш, давлатнинг ижтимоий мажбуриятларини бажариш, иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендиялар ҳажми, йирик инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш, аввало, ижтимоий соҳадаги маблағларни ўзлаштириш ва бошқа мақсадларга сарфлаш ҳолатларининг олдини олиш масалаларига қатъий ёндашмаяпти.

Мухтасар айтганда, зиммамиздаги масъулият юки енгил эмас. Уларни сидқидилдан адо этиш учун, энг аввало, биздан фидойилик, масъулият, ташаббускорлик, ишчанлик талаб этилади. Хусусан, халқимиз манфаатлари ва Ватанимиз тараққиётига хизмат қилувчи қонунларни қабул қилиш, энг муҳими, уларнинг амалий ижросини таъминлашда парламентнинг назорат функция­сидан унумли фойдаланишимиз керак бўлади. Шунингдек, маърузада алоҳида қайд этилганидек, олдимизда ўтган йили иқтисодиёт тармоқлари ва ҳудудларни ривожлантиришнинг айрим кўрсаткичларига эришилмаганининг сабаб ва омилларини аниқлашга қаратилган ишларни тубдан кучайтириш, бу борадаги камчиликларни бартараф этиш бўйича аниқ таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш вазифаси турибди.

Joomla