Monday, Feb 27th

Last update06:53:18 AM GMT

You are here:

САЙЛОВОЛДИ ТАШВИҚОТИ

номзодлар ва сиёсий партиялар учун ўз имкониятларини намоён қилишнинг муҳим босқичидир

Мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги муҳим кун – Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига ҳам саноқли кунлар қолди. Сайловнинг энг муҳим ва масъулиятли босқичи – сайловолди ташвиқоти эса давом этмоқда.

Айни пайтда жойларда ҳар бир сиёсий партиядан Президентликка кўрсатилган номзодларнинг ишончли вакиллари томонидан ушбу жараён қизғин олиб борилмоқда. Мақсад – номзодларнинг сайловолди дастури билан сайловчиларни яқиндан таништириш орқали бўлажак сайловда муваффақият қозонишдир. Қисқа қилиб айтганда, сайловолди ташвиқоти номзодлар ва сиёсий партиялар учун ўз имкониятларини намоён этиш йўлидаги ўзига хос мавсум ҳисобланади.

Қонунчилигимизда бундай ташвиқотнинг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланиб, унинг тенглик, адолатлилик, очиқлик ва ошкоралик мезонлари асосида олиб борилиши кафолатланган.  Хусусан, “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги қонуннинг 281-моддасига кўра, сайловолди ташвиқоти Президентликка номзоднинг дастури ва номзод тўғрисидаги ахборотни уни ёқлаб овоз беришга даъват этган ҳолда тарқатиш, омма олдида мунозаралар, баҳслар, матбуот анжуманлари, интервьюлар, сўзга чиқишлар, сайловчиларнинг йиғилишлари, номзод тўғрисидаги роликларни жойлаштириш шаклида олиб борилиши мумкин.

Ташвиқотни сайловчиларга бепул ёки имтиёзли шартларда товарлар бериш, хизматлар кўрсатиш (ахборот хизматларидан ташқари), шунингдек, пул маблағлари тўлаш билан қўшиб олиб бориш эса тақиқланади. Албатта, бу жараёнда оммавий ахборот воситалари ниҳоятда муҳим ўрин тутади. Амалдаги қонунчилигимизда сайловолди ташвиқоти оммавий ахборот воситалари орқали олиб борилиши кафолатланган. Сайловолди ташвиқоти олиб борилаётганда давлат оммавий ахборот воситаларидан фойдаланишда Президентликка номзодларга ҳажмига кўра бир хил бўлган эфир вақти ва нашр майдонини бепул бериш йўли билан тенг шароитлар таъминланади. Номзодларга давлат оммавий ахборот воситаларида ҳақ эвазига ҳам эфир вақти ёки нашр майдони, нодав­лат оммавий ахборот воситаларида қонун ҳужжатларига мувофиқ эфир вақти ёки нашр майдони ажратилиши мумкин. Сайлов кампаниясида иштирок этувчи оммавий ахборот воситалари томонидан эфир вақти, нашр майдони учун белгиланадиган ҳақ тўлаш шартлари ҳамда бошқа талаблар номзодлар учун тенг ва бир хил бўлиши керак.

Энг муҳими, оммавий ахборот воситаларида тарқатиладиган ахборот ҳақиқатга мос бўлиши, номзодлар, сиёсий партияларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини бузмаслиги лозим. Ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотлар, шунингдек, номзодларнинг шаъни ва қадр-қимматига путур етказадиган маълумотларни тарқатиш тақиқланади.

Мухтасар айтганда, миллий қонунчилигимизда сайлов кампаниясининг муҳим таркибий қисми ҳисобланган сайловолди ташвиқотини ўтказиш билан боғлиқ етарли шарт-шароит ва имкониятлар белгиланган. Ушбу қоида ва талаблар сайловолди ташвиқотини олиб бориш борасидаги халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган қоида ва тамойилларига мос келади. Бу эса номзодлар ва сиё­сий партияларга ўз дастурларини кенг тарғиб қилиш имконини беради.

Эркин ХОЛБЎТАЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

O‘zLiDeP фракцияси аъзоси

Joomla