Tuesday, May 30th

Last update07:38:55 AM GMT

You are here:

Эришилган марралар хотиржамликка асос бўла олмайди

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг янги таркиби иш бошлаганига роса бир йил бўлди. Қонун ижодкорлари шу йил давомида сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ҳаётда муҳим аҳамият касб этувчи 60 та қонун лойиҳасини тайёрлаб, қабул қилдилар. Уларнинг аксарияти Президентимиз томонидан имзоланиб, кучга кирди. Ушбу жараёнда энг кўп депутатлик ўрнига эга O`zLiDeP фракцияси ҳам фаол иштирок этди. Парламентдаги мухбиримизнинг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси раиси Адҳам ШОДМОНОВ билан Янги йилдаги илк мулоқоти мазкур саъй-ҳаракатларнинг тафсилотлари хусусида бўлди.

— Адҳам Хурсанбаевич, суҳбатимизни бевосита O`zLiDeP фракциясининг ҳисобот давридаги фаолиятидан бошласак, нима дейсиз?

— Айни муддао. Ҳар қандай меҳнат самараси сарҳисобда аён бўлади. Биз ишни Президентимизнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисидаги, шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йилда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2015 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор вазифаларига бағишланган мажлисидаги маърузаларидан келиб чиқиб, палатамизнинг 2015 йилга ва кейинги йилларга мўлжалланган ташкилий-ҳуқуқий тадбирлари, қонун ижодкорлиги ва назорат-таҳлил фаолияти дастури асосида бошладик.

Янаям аниқроғи, Ўзбекистоннинг кейинги йиллардаги ривожланиш стратегиясини белгилаб берган «Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепцияси» ғоялари ҳамда партиянинг Сайловолди дастуридан ўрин олган давлат ва жамият қурилишини либераллаштириш соҳасидаги фаолиятини изчил давом эттирдик, десам хато бўлмайди.

— Якунига етган йил фракция фаолиятида қайси жиҳатлари билан ёдда қолди?

— Қонун ижодкорлиги доимий ҳаракатдаги жараён. Шу боис унда барча фракциялар бирдай фаол ҳаракат қилдилар. Йил мобайнида Қонунчилик палатасида 37 та ялпи мажлис ўтказилиб, унда жами 48 та қонун лойиҳаси муҳокама қилинди. Янги таҳрирдаги «Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида», «Ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида» ҳамда «Инвестиция ва пай фондлари тўғрисида»ги қонунларни маромига етказишда бизнинг фракция алоҳида жонбозлик кўрсатди. Бошқа сиёсий партиялар фракциялари ва Экоҳаракат депутатлар гуруҳи билан биргаликда қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида 7 та қонун лойиҳасини ишлаб чиқиб, муҳокамаларга киритишга муяссар бўлдик.

Бундан ташқари, «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига қўшимча киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси 2015 йилдаги илк ташаббусимиз бўлди. Ушбу қонун маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари назорат функцияларининг амалда самарали татбиқ этиш ва бунда сиёсий партиялар депутатлик гуруҳларининг фаол иштирокини тақозо этувчи, шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари олдида турган ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий ислоҳотларни муваффақиятли амалга ошириш ҳамда ҳудудлар фаровонлигини муносиб таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

2013 йилда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонунга кўра, қонун лойиҳаларини кўриб чиқишнинг барча босқичларида сиёсий партиялар фракциялари масъул қўмита билан биргаликда иштирок этиб, қонун лойиҳалари нафақат масъул қўмита, балки фракцияларга ҳам юборилиши белгиланган. Яъни, фракциялар қонун лойиҳаларини масъул қўмита билан бир вақтда кўриб чиқишга киришади ҳамда лойиҳани ҳар бир ўқишга киритишда ўзининг хулоса ва таклифларини бериб боради.

Шу муносабат билан қонун лойиҳалари бўйича фракция позициясини тайёрлаш, қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва мукаммаллаштириш мақсадида фракциямиз қошида Эксперт кенгаши тузилди. Ишбилармонлар, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари вакиллари, етакчи олимлар ва мутахассисларни ўзида бирлаштирган мазкур кенгаш барча лойиҳалар бўйича биринчи ва иккинчи ўқишларда фракция нуқтаи назарини шакллантириб, самарали фаолият олиб борди. Ўзини тўла оқлаган мазкур механизм O`zLiDeP электорати манфаатларининг қонунларда акс эттирилиши ва иш сифатини янада оширишга кўмаклашиб келмоқда.

— Қонунларнинг жойларда қандай ишлашини назорат қилиш ҳам муҳим ва кечиктириб бўлмайдиган вазифалар сирасига киради. Модомики, депутатлар қонун ижроси назоратига ҳам масъуллар, шундай эмасми?

— Албатта. Президентимиз Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 23 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида таъкидлаганидек, «...Олий Мажлис, ҳукумат ва қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига эга бўлган бошқа субъектларнинг энг муҳим вазифаси шундан иборат бўлиши керакки, улар қонунлар ва уларни ҳаётга жорий этиш механизмларини ҳар томонлама пухта ишлаб чиқиши зарур». Шундай экан, фаолиятимизни ана шу ҳаётий тамойил асосида янада жонлантириш янги йилдаги асосий вазифаларимиздан бири бўлиб турибди.

Энди фракциянинг бевосита назорат функциясига тўхталадиган бўлсак, 2015 йилда O`zLiDeP масъуллигидаги қўмиталар фаол ишлашди. Хусусан, Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси томонидан Адлия вазирининг «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги қонун талаблари бажарилишининг ҳолати ҳақида»ги ахбороти тингланди. Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлигининг «Тайёр маҳсулот, бутловчи қисмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш соҳасини такомиллаштириш бўйича фаолияти натижалари» юзасидан ахбороти эшитилиб, муҳокама этилди. Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитасининг Сирдарё вилоятида «Фермер хўжалиги тўғрисида»ги қонун талабларининг ижро этилишини назорат-таҳлил тартибида ўрганиш якунларига бағишланган мажлиси бўлиб ўтди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг 2014 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи тингланди. Ушбу муассаса масъуллари ҳисобот даврида 149 та ташкилотда 33 та йўналиш бўйича ўтказилган назорат-тафтиш ишлари жараёнида Давлат бюджети даромадлари ва харажатлари, давлат ҳамда инвестиция дастурларининг рўёбга чиқарилиши, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш ва янгилашнинг амалий натижалари хусусида батафсил ахборот бердилар. Умуман олганда, фракциямиз молиявий қоидабузарликларнинг олдини олиш мақсадида парламентнинг назорат ваколатларини кучайтириш, соҳадаги қонунчилик базасини янада такомиллаштириш масалаларида Ҳисоб палатаси билан ҳамкорликни янада  кучайтириш зарур, деб ҳисоблайди.

— Депутатлар Олий Мажлис Қонунчилик палатаси регламентига мувофиқ тез-тез сайловчилар билан юзма-юз мулоқотда бўлишади. Айтинг-чи, электоратни асосан қандай масалалар кўпроқ қизиқтирмоқда?

— Бугунги сайловчи парламентдаги вакили билан доимий мулоқотда бўлишни истайди. Бу ижобий ҳолат, албатта. Зеро, қачонки сайловчи ва депутат ўртасида мустаҳкам алоқа ўрнатилсагина, қабул қилинаётган қонунлар мукаммаллашиб, жойларда юзага келаётган муаммолар ўз ечимини топиб бораверади.

Ўтган йили O`zLiDeP фракцияси аъзолари ўз сайлов округларида ўтказган 1031 та учрашув жараёнида 107 мингга яқин сайловчи иштирок этди. Бундан ташқари, махсус ишлаб чиқилган Ҳаракат дастурини ижро этиш доирасида O`zLiDeP Ижроия қўмитаси аппарати томонидан партиянинг Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари билан биргаликда барча вилоятларда электорат вакиллари билан мақсадли учрашувлар ҳам ташкил этилди.

Амалий мулоқотлар давомида турли соҳаларга тааллуқли жами 4400 га яқин мурожаат келиб тушди. Аҳамиятлиси, уларнинг аксарияти жойида ҳал этилди. Бир қисми O`zLiDeP фракцияси аъзолари томонидан маҳаллий давлат ҳокимияти органларига ҳамда республиканинг тегишли идораларига ёзма равишда тақдим этилди. Ечими муайян вақт талаб этадиган мурожаатлар фракция  назоратига олинди. Аҳолидан асосан турар-жой, коммунал хизмат, молия, солиқ, божхона, банк муассасалари, тадбиркорлик тузилмаларини коммуникацияларга улаш масалалари, транспорт, қурилиш ва алоқа, қишлоқ хўжалиги, фермерлик соҳасига тааллуқли савол ва мурожаатлар келиб тушмоқда.

Сайловчилар билан йил давомида доимий мулоқотда бўлиш мақсадида ОАВ орқали чиқишга эътибор қаратаяпмиз. Зотан, бу ҳам сайловчилар билан мулоқот қилишнинг самарали усулларидан бири. Имкон қадар «Ахборот», «Давр» ва бошқа теледастурлар, «Халқ сўзи», «Народное слово», «XXI asr» сингари марказий газеталар, радиоканаллар, интернет саҳифалари, шунингдек, маҳаллий ОАВда кўпроқ чиқишлар қилишга ҳаракат қиляпмиз.

Айниқса, «XXI asr» ижтимоий-сиёсий газетасининг ҳар сонида фракция аъзолари томонидан биринчи ўқишдан иккинчи ўқишга ўтаётган қонун лойиҳаларига шарҳ, шунингдек, мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида рўй бераётган воқеаларга партия позицияси нуқтаи назаридан келиб чиқиб муносабат билдириш яхши анъанага айланди. Айрим масалалар бўйича керак бўлса икки-уч маротаба чиқиш қилинаётгани бежиз эмаслигини парламент мухбири сифатида яхши биласиз. Ушбу мақолаларни тайёрлашда иложи борича расмийликдан чекиниб, кўпроқ содда тилда баён этишга эътибор қаратилаяпти. Бу эса қонун лойиҳаларининг аҳолига янада тушунарлироқ бўлишини таъминлайди.

Сўзимнинг якунида айтмоқчиманки, эришилган марралар хотиржамликка асос бўла олмайди. Чунки юқорида таъкидланганидек, қонун ижодкорлиги — доимий изланишларга асосланган серқирра фаолиятдир. Кимки замон билан ҳамқадам яшамас экан, ҳеч шубҳасиз, тез ўзгараётган дунёнинг бир чеккасида қолиб кетади. Шундай экан, сиёсий платформамиз ўзагини ташкил этувчи либерал-демократик ғоялар ва мақсадларни ҳаётга татбиқ этиш, бу борада ҳар томонлама ва чуқур ўйланган режаларни амалга ошириш 2016 йилда ҳам фаолиятимизнинг ўқ-негизини ташкил этиши шак-шубҳасиздир.

— Мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур. «XXI аср» жамоаси янги  йилда фракция фаолиятига улкан муваффақиятлар тилайди.

— Раҳмат!

Акбар МУЗАФФАРОВ суҳбатлашди.

 

Joomla