Tuesday, May 30th

Last update07:38:55 AM GMT

You are here:

Қўмита журналистларга «имтиҳон» топширди

Аввал хабар берганимиздек, парламент қуйи палатасидаги Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси 2015 йилдаги фаолиятини ОАВ вакиллари ҳузурида сарҳисоб қилди. Қўмита раиси, O`zLiDeP фракцияси аъзоси Тўлқин Эшназаров дастлаб йиғилганларни Янги  йил билан қутлаб, амалга оширилган ишлар хусусида ахборот берди.

— Мамлакатимиз тараққиётида муҳим из қолдирган 2015 йил қўмита фаолиятида ҳам амалий ишлар билан ёдда қолди, — дейди Т. Эшназаров. — Хусусан, Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисида Президентимиз томонидан амалдаги қонун ҳужжатларини чуқур таҳлил этиш асносида улардаги камчиликларни аниқлаш ва бартараф этиш борасида билдирилган таклифлар асосида соҳага оид барча қонунлар инвентаризациядан ўтказилди. Йил давомида соҳага оид 1 та кодекс ва 16 та қонун қайта кўриб чиқилди. Мазкур йўналишдаги таҳлиллар натижаси эса бу борада айрим камчиликлар борлигини кўрсатди. Жумладан, баъзи қонунлар бугунги кун талабига жавоб бермаслиги, мазмунан эскирганлиги, соҳадаги айрим норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ўртасида ўзаро зиддиятлар мавжудлиги шулар жумласидандир. Айтиш жоизки, ушбу нуқсонлар қонун ижодкорлиги жараёнида бартараф этиб борилаётир. Зеро, қабул қилинаётган қонунлар қанчалик мукаммал бўлса, бундан халқимиз ҳам, давлат ва жамият ҳам фақат манфаат кўради.

Ҳақиқатан ҳам шундай. Бироқ қонунни қабул қилиш бошқа, уни ҳаётга изчиллик билан татбиқ этиш тамоман бошқа масала. Анжуманда шу ва бошқа фикрлар билдирилганидан сўнг муҳокамалар парламентнинг назорат функцияси ва бу борада қўмита томонидан амалга оширилган ишлар хусусида кечди.   Чунки айнан шу жараёнда жойларда қонун ижроси қандай таъминланаётгани ойдек равшан бўлади. Қўмита томонидан бу борада олиб борилган ишлар мисоллар ёрдамида айтиб ўтилди. Хусусан, Бухоро вилоятида «Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича Давлат дастури» ижроси назорат-таҳлилдан ўтказилганда, вилоятда мазкур дастур ижроси атрофлича қамраб олингани маълум бўлди. Аммо ажратилган маблағларнинг мақсадли ва самарали ишлатилиши, томчилатиб суғориш тизими ва сув тежайдиган бошқа суғориш технологияларини жорий этишда айрим камчиликлар мавжудлиги кўзга ташланди. Ана шуларни инобатга олган ҳолда қўмитанинг тегишли қарори қабул қилиниб, унда Бухоро вилояти ҳокимлиги, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Молия вазирлиги ҳузуридаги Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш жамғармасини бошқариш департаменти ҳамда Фермерлар кенгашига тегишли тавсиялар берилган.

Журналистлар томонидан берилган кўплаб саволларга атрофлича жавоб қайтарилган матбуот анжуманида, шунингдек, қўмита томонидан сайловчилар мурожаатлари эътибор ва масъулият билан кўриб чиқилаётгани алоҳида тилга олинди. Чунончи, 2015 йил давомида жами 144 та мурожаат кўриб чиқилиб, давлат бошқаруви ҳамда маҳаллий ҳокимият органларига жўнатилган. Уларнинг мазмунига эътибор берадиган бўлсак, кўпроқ фермер хўжалиги ташкил қилиш, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш, паррандачилик, балиқчилик, чорвачиликни ривожлантириш каби масалалар кўтарилган. Бу эса сайловчиларнинг мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларга дахлдорлик ҳисси юксалаётганидан далолатдир.

Акбар МУЗАФФАРОВ,

«XXI asr»

Joomla