Tuesday, May 30th

Last update07:38:55 AM GMT

You are here:

Қонун ижроси билан кучли

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда O`zLiDeP фракцияси масъуллигидаги Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмиталари ҳамкорлигида ташкил этилган  конференцияда қонунларнинг сифатини ошириш ва уларни ҳаётга татбиқ этиш механизмларини такомиллаштиришга доир масалалар борасида Конституциямизнинг 23 йиллигига бағишланган тантанали маросимда Президентимиз Ислом Каримов томонидан белгилаб берилган вазифалар ижроси атрофлича муҳокама қилинди.

— Қуйи палата олдига қўйилган вазифаларни муҳокама қилиш жараёнида зиммамиздаги масъулиятни теран ҳис этдим, — дейди O`zLiDeP фракцияси аъзоси Дониёр Абдуқодиров. — Қонуннинг кучи унинг ижросида акс этганидек, биздан қабул қилинаётган қонунларни амалга ошириш механизмларини ўз вақтида яратиш талаб этилаётир. Бу эса, ўз навбатида, парламентда энг кўп ўринга эга бўлган фракциямиз зиммасидаги вазифалар кўламини ҳам кенгайтиради. Эндиликда қабул қилинаётган қонунларга муносабат билдирар эканмиз, унинг ижро механизми бўйича ҳам аниқ таклиф ва тавсияларни тайёрлашимиз шарт. Бу борада хориж тажрибасини ўрганиш, унга таҳлилий ва танқидий нуқтаи назардан ёндашишимиз яхши самара беради.

Йиғилиш давомида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси қўмиталарининг жорий йилда ўтказилган қонун ҳужжатлари инвентаризацияси ҳақидаги ҳисоботи тингланди. Депутатларниг фикрича, инвентаризациядан мақсад  қонунчиликдаги «ҳуқуқий бўшлиқлар»ни, «ишламаётган» ва «турлича талқин қилиниши мумкин бўлган» нормаларни аниқлашдан иборат эди.

Бу борада озми-кўпми кўзланган муддаога эришилди. Хусусан, юқорида зикр этилган амалий тадбир натижасида айрим муаммолар, жумладан, баъзи ижтимоий муносабатларнинг ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солинмаганлиги ёки ҳанузгача амалга ошириш механизми билан таъминланмаган «ҳавола нормалар»нинг мавжудлиги аниқланди. Уларни бартараф этиш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

Айниқса, мазкур жараёнда манфаатдор вазирлик ва идоралар, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари ҳамда илмий-ўқув муассаса профессор-олимларининг қатнашганлиги, шунингдек, ўрганилган қонунларнинг ҳуқуқни қўллаш амалиёти ва хорижий тажриба билан ўзаро алоқадорликда таҳлил этилганлиги, қонун ҳужжатларининг тегишли ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий тартибга солиш бўйича бугунги аҳволини тўғри баҳолаш имконини берди.

Амалий таклиф ва тавсиларга бой бўлган йиғилишда ҳозирги кунда ҳуқуқий ахборотни тарқатиш билан боғлиқ бир қатор масалалар ҳам кўриб чиқилди. Масалан, қонунларда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бевосита ижрочиларга етказишнинг аниқ механизми, муддатлари назарда тутилмаганлиги, ушбу йўналишдаги ишларни ташкил этишда ягона тизимнинг йўқлиги сингари ўз ечимини кутиб турган масалалар тилга олинди. Депутатларнинг таъкидлашича, мазкур ҳолат қабул қилинган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни ижрочиларга етказишни аниқ тартибга соладиган махсус қонунни қабул қилишни тақозо этмоқда.

Акбар МУЗАФФАРОВ,

«XXI asr»

Joomla