Monday, Apr 24th

Last update01:59:47 AM GMT

You are here:

ҲАЁТ БИЛАН ҲАМҚАДАМ БЎЛАЙЛИК

Атрофга синчков назар ташлайлик. Ҳаёт шиддат билан ўтиб бормоқда.

Ҳар бир кун онгу тафаккуримизда ўзгариш ясамоқда. Бу – мустақилликнинг шарофати!

Ферузахон ЙЎЛДОШЕВА,
Халқ депутатлари
Андижон шаҳар Кенгаши депутати

Халқ депутатлари шаҳар Кенгашига ўтган сайловда 12-Марказ сайлов округидан номзодим кўрсатилганида: “Агар депутат бўлсам, мени нималар кутяпти?”, деган савол кўнглимдан кечган, айниқса ҳудуддаги кўчаларнинг ҳолати, қатор муаммолар хаёлимдан ўтган эди... Сайловдан сўнг қарашларим бутунлай ўзгариб кетди. Шаҳар кенгаши сессия­ларида халқ ишонган вакиллар – депутатларнинг янгича фикрлайдиган корпуси майдонга чиқаётгани, бугунги депутат кечагидан тамомила фарқ қилиши, нима қилсак, эртага яхши бўлади, деган саволга жавоб топиш иштиёқи устун туришини тушундим. Зеро, иқтисодий, маиший муаммолар ижро ҳокимияти зиммасидаги юмуш, биз депутатлар эса назорат тартибида фаолият юритишимиз тақозо этилади, деган тамойилни чуқур англадим.

Ҳамнафаслик

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Конституциямиз қабул қилинганининг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида: “Давлат органларининг фуқаролар билан ўзаро муносабатлари юзасидан ёндашувини тубдан қайта кўриб чиқиш зарур. Бу борада аҳоли билан доимий мулоқот қилиш, уларни қийнаётган муаммоларни ҳал этишнинг янги механизмлари ва самарали усулларини жорий этишимиз даркор”, дея таъкидлади. Дарҳақиқат, одамларнинг дардини эшитиш, улар билан очиқ мулоқотда бўлиш, оғирини енгил қилиш – аҳолининг давлат ва жамиятга ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Табиийки, бу жараёнда маҳаллий Кенгаш депутатларидан фидокорлик, уйғоқлик талаб қилинади. Яъни, ваколати доирасидаги масалаларнинг ташкилий-ҳуқуқий асосини ўрганиш,  ҳудуд ва умумдавлат манфаатини ҳисобга олиб, амалдаги қонунчилик асосида малакали фаолият олиб бориш зарур. Ҳар бир депутат қайноқ ҳаёт ўртага қўяётган масалаларни сессиялар кун тартибига олиб чиқиш, қонунчиликка ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш юзасидан ўз таклиф ва мулоҳазасига эга бўлмоғи даркор.

Айтиш жоизки, сайловчиларнинг ҳуқуқий билими, сиёсий фаоллиги ошгани учрашувларда яққол намоён бўлаяпти. Улар шахсий муаммоларини эмас, кўпроқ ҳудудлар ва жамиятга дахлдор масалаларни ўртага қўйишмоқда, соҳа ва тармоқлардаги ислоҳотларни таҳлил қилиш асосида саволлар беришмоқда. Демак, биз, мана шу жараёнга, сайловчиларнинг талаб ва эҳтиёжларига ҳар доим тайёр туришимиз, аниқ, жўяли жавобларга эга бўлмоғимиз шарт.

Халқ депутатлари шаҳар Кенгашининг тавсиясига биноан ўрта махсус касб-ҳунар коллежларидаги ҳолатни ўргандик. Депутатлар гуруҳи давомат, битирувчиларни иш билан таъминлаш, моддий-техник базани мустаҳкамлаш юзасидан сессияга масала тайёрлашди. Шунда бир муаммо эътиборимни тортди. Умумтаълим мактабининг директори сифатида ўқувчиларни ижара тизими асосида дарсликлар билан таъминлаш тажрибаси яхши самара бераётганини биламан. Коллежларда мана шундай тизим ҳали қарор топмаган. Ўқувчи дарсликлар билан фақат кутубхонада танишади. Коллеж ўқитувчилари билан суҳбат чоғида дарс­ликлар таъминотидаги муаммолар тилга олинди. Машғулотлар асосан маъруза тартибида олиб борилади. Ўқувчи коллеж ахборот ресурс марказида дарс­ликдан фойдаланиб, камдан-кам ҳолларда уйига олиб кетади. Чунки, адабиётлар саноқли. Биз бир пайтлар шаҳар ва туманлардаги бой марказий кутубхоналарни коллежларнинг эҳтиёжини қондириш, китоб­ларни  ёшлар гавжум даргоҳларга кўчириш учун йўналтирдик. Бундан яхши ниятлар кўзлангани барчага аён. Аммо бугун коллеж ўқувчиси ўқув йили давомида ҳар бир фандан ўз дарслигига эга бўлмас экан, таълим самарадорлиги хусусида оқсоқлик кузатилаверади.

Ўрта махсус касб-ҳунар таълими тизими фаолиятида дарсликларнинг узлуксиз таъминотини йўлга қўйиш, ижара шартномасига тўла ўтиш пайти келди. Муаммонинг олдини олиш, оқилона йўл билан фурсатни бой бермасдан  ҳал этиш  эртага ўз мевасини беради.

Сифатли маҳсулотга нима етсин!

Аҳолининг кам таъминланган қатлами, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлаш юзасидан ҳукуматимиз томонидан ниҳоятда хайрли ишлар рўёбга чиқарилмоқда. Мустақилликнинг олий неъматларидан бири, инсон омилига, унинг ҳаёти ва тақдирига ҳамиша бағрикенглик билан ёндашиш муҳити яратилганидир. Умумтаълим мактабларида эҳтиёжманд оилаларнинг фарзандларини ярашиқли кийим-бош билан таъминлашдек жуда нозик масала ҳам ана шу инсонпарварлик тамойилидан келиб чиқиб адо этилмоқда. Бу тамойил тендер асосида ўзини ҳар томонлама оқлайдиган тадбиркорлик субъектлари зиммасига юклатиляпти. Гуруч курмаксиз бўлмаганидек, “ишбилармонлар” орасида шахсий манфаатни устун қўювчилар ҳам топилади. Яъни, кам таъминланган оилаларнинг фарзандларига сифатли уст-бошлар туҳфа этиш мақсадга мувофиқ бўларди.

Мана шундай тендер мактаб жиҳозлари, синф хоналарини замонавий асбоб-ускуналар билан таъминлаш йўналишида ҳам ўтказиляпти. Аммо сифатсиз жиҳозлар, айниқса, айрим фан хоналари  учун таклиф этилаётган мактаб стол ва стуллари ҳақли эътирозларга сабаб бўляпти. Умуман, тендер танловларида кўзбўямачилик, тадбиркорлар томонидан “мендан кетгунча, эгасига етгунча” қабилида иш тутишга чек қўйиш вақти келди.

Мен ҳамкасбларим даврасида мана шундай муаммолар хусусида сўз бораётгани учун ҳам уларни айтишни жоиз, деб билдим. Депутат сифатида нафақат таълим тизими, сайлов округи доирасидаги ижтимоий-иқтисодий муаммоларга ҳам ўз вақтида жавоб топишга тўғри келади, албатта. Сайловчилар билан учрашувлар ташкил қилиш, фуқаролар мурожаати билан ишлаш, жойлардаги муаммолар ечимини ҳал этиш масаласи доим фикру хаёлимизда туради.

Инсон – олий қадрият

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг маърузасида  Конституциямизда ифодасини топган энг асосий мақсад – инсон манфаатларини ҳар томонлама таъминлаш масаласи долзарб вазифа қилиб қўйилгани барчамизнинг дилимиздаги гаплар бўлди. Ҳар бир туман ва шаҳарда “Халқ қабулхоналари”ни ташкил этиш ва уларнинг тўлақонли фаолият кўрсатишини таъминлаш юзасидан билдирилган таклиф беқиёс аҳамиятга эга.  Айни вақтда бу қабулхоналарнинг ҳуқуқий мақоми, уларнинг ваколат ва мажбуриятларини ҳам аниқ белгилаб қўйиш мақсадга мувофиқлиги таъкидланди. Бундан кўзланган асосий мақсад – “Халқ қабулхоналари”га қилинган ҳеч бир мурожаат эътиборсиз қолмайдиган тизимни яратишдан иборат.

Дарҳақиқат, маърузада Президентимиз томонидан қўйилаётган талаб жуда муҳим: “Айтиш керакки, бундай қабулхоналар сиёсий партиялар, жумладан, Ўзбекистон Либерал-демократик партияси тизимида фаолият кўрсатиши мақсадга мувофиқдир. Чунки сиёсий партия фуқароларнинг мақсад ва манфаатларини рўёбга чиқарадиган куч сифатида одамлар ҳаётидаги муаммолардан доимо хабардор бўлиш керак.”

Кун тартибида турган мана шундай эзгу мақсад инсон манфаати ҳар нарсадан улуғ, деган тамойилни ҳаётимизга янада собитқадамлик билан татбиқ этишдан далолат беради.

Ваколат доирасида

Янги иш ўринлари яратишга жиддий киришганмиз. Вилоятимизда аҳоли зич яшайди. Вилоят аҳли республиканинг қарийб 10 фоизини, ер майдони деярли 1 фоизини  ташкил этади. Муаммолар ечимига мана шу нуқтаи назардан ёндашишга интиламиз. Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг платформасида илгари сурилган мақсад ва вазифаларни рўёбга чиқаришда ушбу жиҳатга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Масалан, моддий неъматлар ишлаб чиқарувчи корхоналарни кўпайтириш, яъни, шу йўналишдаги тадбиркорлик субъектларига алоҳида ёндашиш керак. Ишлаб чиқариш ривожи – барқарор иш ҳақи, деганидир. Зеро, бунда миграцияга ижобий таъсир кўрсатиш, мажбурий ишсизлар масаласини оқилона ҳал этиш мумкин.

Мустақил ҳаётга қадам қўяётган ёшларнинг касб танлаши, ўз мутахассислиги бўйича мукаммал амалий кўникмага эга бўлиши йўлида ҳозир тўлақонли шароит яратиляпти. Вилоятимизда мавжуд 129 та касб-ҳунар коллежи ва академик лицейни ҳар йили 40 мингдан зиёд ёшлар битириб чиқишмоқда. Ўрта махсус касб-ҳунар таълими шаҳодатномасини олгач, кафолатланган биринчи иш ўрни билан таъминлаш ишларини янги босқичга кўтаришда ҳам айнан уларнинг кўпчилигини ишлаб чиқариш соҳаларига йўналтириш тарафдориман.

O`zLiDeP депутатлик гуруҳининг жорий йилнинг ўтган давридаги фаолиятида кўрдикки, ана шу механизм устида жиддий бош қотириш, электорат манфаатини ҳимоя қилиш, қонун ҳужжатлари ижросини изчил назорат қилиш борасидаги вазифалар самара беряпти. Албатта, ҳали биз етиб бора олмаётган жойлар мавжуд. Қонун бузилиши ёки ижроси сустлашган ҳолатлар юзасидан депутат тегишли давлат органлари мансабдор шахсларига мурожаат қилиш ва ўртага қўйилган масалани кўриб чиқишда иштирок этиш ҳуқуқига эга. Бу, биринчи навбатда, депутатнинг ваколат доираси кенг­лигини кўрсатса, бошқа томондан депутатлик назорати кучайишини таъминлайди.

Назоратнинг энг таъсирчан шаклларидан бири эса депутатлик сўровидир. Шу боис,  ҳудудлардаги ижтимоий-иқтисодий муаммо ва камчиликларни бартараф этишга жиддий эътибор қаратиляпти. Масалан, ўтган 11 ойда Халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги  O`zLiDeP депутатлик  гуруҳи аъзолари сайловчиларнинг 200 га яқин мурожаатини атрофлича ўрганиб, улар юзасидан тегишли ташкилот ва муассасаларга сўров жўнатишди. Қолаверса, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ҳамкорлигида электорат вакиллари билан учрашувлар ташкил этилди. Бу эса сайловчиларнинг мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларга дахлдорлик ҳиссини ошириб, партиянинг ғоя ва мақсадларига бўлган ишончини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Бизнингча, ўз фаолиятига танқидий ёндашаётган, долзарб масалаларни биргаликда муҳокама қилаётган, сайловчилар билан доимий алоқани йўлга қўйган, ҳаёт билан ҳамнафас бўлишга ҳаракат қилаётган депутатлар кўпроқ ютуқларга эришади.

Ишончни оқлаш керак

Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг мана шу сўзларини ён дафтарчамга ёзиб қўйган эдим: “Ўзбекистонимизни ягона Ватан деб, ўзини аямасдан хизмат қилаётган ҳар бир инсон – қайси соҳада қайси вазифани бажармасин, бу ютуқларда менинг ҳам ҳиссам бор, деб бошини баланд кўтариб юришга, албатта, ҳақлидир”. Дарҳақиқат, Президентимизнинг юқоридаги маърузасида  айтилган ҳар бир жумла, ҳар бир таъкид  бугун юртдошларимиз қалбига катта ҳаяжон ва фахр-ифтихор бағишлади. Одамлар ишончини қадрлаган, халқ вакили бўлишни ҳис қилган, ишга виждонан ёндашаётган депутатлар ҳар доим ҳаракатда, изланишда. Галдаги вазифалар масъулият ҳиссини оширса оширадики, камайтирмайди. Негаки, ҳали  шаҳарда, вилоятда депутатлар эътибор қаратиши лозим бўлган юмушлар талайгина. Бир сўз билан айтганда, билдирилган ишончни амалий ишлар билан оқламоғимиз даркор.

Joomla