Tuesday, Mar 28th

Last update07:51:18 AM GMT

You are here:

ДЕПУТАТ КЎМАККА КЕЛДИ

Маълумки, шу кунларда Олий Мажлис Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатларидан иборат ишчи гуруҳ жойларда сайловчилар ҳузурида бўлиб турибди. Мазкур жараёнда парламент қуйи палатасидаги O`zLiDeP фракцияси аъзолари ҳам фаол иштирок этишаётир. Депутатлар туманлар миқёсида аҳоли томонидан кўтарилган турли масалаларни жойида ўрганиб, уларни ижобий ҳал этишга кўмаклашишмоқда. Қуйидаги фикр-мулоҳазалар ҳам сўзимизни тасдиқлайди.

СУРХОНДАРЁ
– Каттагина иссиқхонангиз бор экан. Томорқада ишлаб топаётган даромадингиз рўзғорнинг бир томонини кўтариб турса керак-да?
– Албатта, давлатимиз томонидан шунча имкониятлар яратиб берилаётган бир пайтда, чеккада томошабин бўлиб турмаймиз-ку! Шулардан унумли фойдаланайлик деб бола-чақамиз билан меҳнат қилаяпмиз. 5 сотих ерда ташкил этилган иссиқхонада ўтган йили помидор, бодринг етиштирдик.
– Бу тадбиркорликни янаям кенгайтирсангиз бўлмайдими?
– Нега бўлмас экан, ўйлаб юрган режаларим бор. Жумладан, асаларичиликни йўлга қўймоқчи бўлиб юрибман. Лекин бунинг учун озгина сармоям етмай турибди. Хомчўт қилиб кўрсам, 50 миллион сўм атрофида маблағ керак экан. Яна асалари қутиларига жой ҳам керак...
Олий Мажлис Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари ҳамда қумқўрғонлик Ботир Тойировнинг мана шу мазмундаги суҳбатларидан сўнг тадбиркорнинг мақсадига мос бизнес-режа ишлаб чиқилди. Банкдан 50 миллион сўмлик имтиёзли кредит ажратиладиган бўлди. Туман ҳокимлиги томонидан қутиларни жойлаштириш учун ер майдони ажратиш чоралари ҳам кўрилди.
– Қишлоғимизда янгиликлар кўп, – дейди Қумқўрғон туманидаги Оқсой маҳалласи оқсоқоли, меҳнат фахрийси Воҳид Хуррамов. – Шу пайтгача томорқаларимизни суғориш муаммо эди. Чунки ариғимизга Жанубий Сурхон сув омбори томонидан қувурларни тортиб келиш ишлари тўхтаб қолган эди. Бир гуруҳ сенатор ва депутатларимиз ташрифидан сўнг мазкур лойиҳа давом эттирила бошланди.
Шунингдек, тумандаги “Ҳуррият” маҳалласида ҳам 4 минг нафардан зиёд аҳоли учун янги сув қудуқларини қазиш ишлари бошлаб юборилди.
– Ўрганишларимиздан келиб чиқиб, хулосалар тайёрлаяпмиз. Халқ депутатлари туман Кенгаши сессиясида мазкур масалалар бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланади, албатта. Мулоқотлар давомида Қумқўрғон тумани аҳолиси кўпроқ тадбиркорлик, коммунал хизматлар, ҳуқуқ-тартибот идоралари фаолияти билан боғлиқ масалалар бўйича ҳам мурожаат қилишмоқда. Муҳими шуки, юртдошларимизнинг келажакка, амалга оширилаётган ислоҳотларга ишончи янаям мустаҳкамланмоқда. Уларда мазкур янгиланишларга дахлдорлик ҳисси яққол сезилиб турибди, – дей­ди Қумқўрғон туманида сафарда бўлган Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O`zLiDeP фракцияси аъзоси Абдуқодир Тошқулов.
Муҳиддин ЖАББОРОВ,
“ХХI asr” мухбири

БУХОРО
Сенатор ва депутатлардан иборат гуруҳ айни пайтда вилоятнинг Жондор тумани аҳолиси билан бевосита мулоқот уюштирмоқда.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O`zLiDeP фракцияси аъзолари Шуҳрат Бафоев ҳамда Жамол Носиров мазкур учрашувларда фаол қатнашиб, мавжуд муаммоларни ҳал этишда ташаббускор бўлишаётир. Улар 500 дан зиёд хонадонга, қишлоқ ва маҳаллаларга кириб, аҳоли билан жонли ва самимий мулоқот қилишди. Бунинг самараси ўлароқ туман ҳудудида ўз ечимини кутаётган масалалар юзага чиқаяпти. Эътиборлиси, мавжуд муаммоларнинг  кўпчилиги ўша жойнинг ўзида ҳал этилмоқда. Масалан, туман деҳқон бозорига туташ ҳудуддан  оқиб ўтувчи Зарафшон дарёси қирғоғида тўпланиб қолган  ахлат ва чиқинди уюмлари туман марказидан чиқариб ташланди. Шунингдек, “Пўлатли” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида истиқомат қилувчи Латиф Жумаев мурожаатига асосан унга томорқа ери ажратиш, “Жондор” маҳалласидаги “Пахтаой” мактабгача таълим муассасаси филиали тарбияланувчиларини озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш борасидаги муаммолар  ўз ечимини топди. Бундан ташқари, асоссиз тарзда табиий газ қувуридан узиб қўйил­ган “Навработ” маҳалласида яшовчи Маъмура Неъматова хонадони  “зангори олов”га қайта уланди.
Фақат шугина эмас. Олиб борилган саъй­-­ҳаракатлар натижасида “Сомончук” қишлоқ фуқаролар йиғинига қарашли очиқ дренажни тозалаш ишлари амалга оширилиб, ушбу ҳудудда зах сувлари кўтарилишининг олди олинди.
Бундан ташқари қисқа вақт давомида депутатлар ва сенаторлар томонидан ечимини кутиб қолган жами 100 га яқин масала бў­йича тегишли маҳаллий давлат органлари ва бошқа ташкилотларга аниқ таклиф ва тавсиялар берилиб, уларнинг ижроси назоратга олинди.
Жондор туманида  Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенат аъзоларининг аҳоли билан учрашув ва мулоқотлари давом этмоқда.
Асхор ИСТАМОВ,
“ХХI asr” мухбири

Joomla