Thursday, Jan 19th

Last update06:53:34 AM GMT

You are here:

ЭЛЕКТОРАТ МАНФААТЛАРИНИ КЎЗЛАБ

Сиёсий партияни ўз электорати билан боғлашда депутатлик гуруҳлари асосий кўприк вазифасини ўтайди. Депутатлик гуруҳимиздаги ўн бир нафар аъзонинг ташаббускор ва жонкуярлиги боис сайловчилар ишончини қозоняпмиз. Гуруҳимиз томонидан Халқ депутатлари Ғузор туман Кенгаши сессиясига тумандаги касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг бандлигини таъминлашни янада яхшилаш, хотин-қизлар ва ёшларни тадбиркорликка йўналтиришга оид таклиф киритилиб, тегишли қарор қабул қилинди. Сессияда кўриб чиқилган таклиф ҳамда қонун ҳужжатлари, давлат дастурлари ижросини таъминлашга оид ишлар юзасидан 14 нафар мансабдор шахснинг ҳисоботи эшитилди,  электорат манфаатини кўзлаб элликдан ортиқ сўровнома киритилди, 2 та депутатлик назорат таҳлили олиб борилди.

Шунингдек, сайловчиларнинг таклиф ва мулоҳазалари, муаммоларига ечим топиш мақсадида ҳар бир йиғилишда мутасадди раҳбарларнинг ҳисоботини тинглашни йўлга қўйганмиз. Унда кичик бизнес субъектларини молиявий қўллаб-қувватлаш, маҳаллий ишлаб чиқаришни ривожлантириш, лалмикор майдонларда боғ ва узумзорлар ташкил этиш, қишлоқда хизмат кўрсатиш ҳамда бошқа инфратузилмаларни юксалтириш,  автомобиль йўллари қуриш, аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, ер ости захираларига бой ҳудудларда гипс, мел ва доломит тоши маҳсулотларини қайта ишлашни йўлга қўйиш орқали янги иш ўрни яратиш ва иқтисодиётни кучайтириш  борасида амалий таклифлар ишлаб чиқилди.

суратда Шуҳрат Қурбонов маслакдошлар даврасида


 

Бугунги кунда туманимизда 3 минг 44 нафар O‘zLiDeP аъзоси 61 та бошланғич партия ташкилоти атрофида бирлашган. Айтиш жоизки, партиянинг ҳар бир бўғини фаолиятини тез-тез таҳлил этиб борса, амалга оширилиши лозим бўлган ишлар жадаллашади, тегишли тавсиялар ишлаб чиқилади. Бу борада депутатлар эришаётган ижобий ютуқларни оммалаштириш, кўрсатмаларни жадаллик билан амалга ошираётган намунали бошланғич партия ташкилотлари тажрибаси билан бошқа қуйи бўғинларни таништириш яхши натижа бермоқда.

Масалан, “Шўртангазкимё” мажмуасида фао­лият юритаётган бошланғич партия ташкилоти Қашқадарёдаги энг намунали қуйи тузилмалардандир. Бир ярим минг нафарга яқин маслакдошимизни ўз сафида бирлаштирган мазкур қуйи бўғин фаоллари  томонидан амалга оширилган сиёсий, ташкилий ишлар кўлами ниҳоятда кенг. Мажмуамиздаги 25 та цехда ёш партия ташкилотчилари фаолият кўрсатиб, ишлаб чиқаришни янада такомиллаштириш, маҳсулот сифатини яхшилаш, замонавий технологияларни жорий этиш таклифлари билан чиқишмоқда. Ҳар ойда цехларнинг бирида мажмуа раҳбарининг ташаббуси билан ташкил этиладиган давра суҳбатида аъзолар фаол қатнашиб, ёшлар муаммосини бартараф этиш, тадбиркорларнинг ҳуқуқий билимини ошириш бўйича мунозара юритишади. Ғузор, Деҳқонобод туманларида бўлиб ўтган семинарларда депутатларнинг мазкур ҳудудлар ички имкониятларидан самарали фойдаланиш борасида билдирган таклифлари, ўттиздан ортиқ фермер ва тадбиркорларнинг муаммоси ижобий ҳал этилгани кенг қамровли фаолиятимиз самарасидир.

Маълумки, олижаноб, тажрибали инсонгина бошқаларни ҳам эзгу мақсад сари йўналтира олади. Мажмуа директорининг умумий масалалар бўйича ўринбосари, O‘zLiDeP фаоли Фахриддин Қувватов, бошланғич партия ташкилоти раиси Шуҳрат Уватов, депутатлар – Шокир Эшмуродов, Муҳаррам Турсунова, Бекзод Абдураззоқовлар ҳам ана шундай фазилат соҳибларидир. Улар ўз зиммаларидаги масъулиятни теран англайди, эришилган ютуқларга муносиб ҳисса қўшиш баробарида аҳоли ўртасида ташкил этилаётган тадбирларда фаол қатнашади. Шўртангазкимё шаҳарчасида асосан ёшлар истиқомат қилгани боис, уларнинг иқтисодий-сиёсий саводхонлигини ошириш, ҳуқуқий манфаатларини ҳимоялаш мавзуида мунтазам савол-жавоб кечалари ташкил этаяпмиз. Мулоқотларда истиқлол йилларида амалга оширилган ислоҳотлар,  эришилган ютуқлар моҳияти тушунтирилмоқда. Шунингдек, хотин-қизлар  ўртасида ҳам спорт  мусобақалари мунтазам ўтказиб турилади.

Кенгашимизга якунланаётган йил мобайнида партия электорати ва аҳолидан келиб тушган
74 та мурожаат эгасининг 51 тасига амалий ёрдам кўрсатилди, 23 та ариза эса назоратга олинди. Ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири ётганини унутмаган ҳолда унда битилган муаммоларни имкон қадар бартараф этаяпмиз. Хусусан, қайд этилган даврда коллеж битирувчилари бандлигини таъминлаш, хотин-қизларни тадбиркорликка йўналтириш ва банк кредити ажратишда кўмаклашилди, ғузорликларни ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида қувурлар тортилди, мажмуа ҳомийлигида Ғузор, Деҳқон­обод туманларидаги Болалар спорт комплекси, мактаб ва тиббиёт масканлари қурилиб, зарурлари таъмирдан чиқарилди.

Тадбиркорлик ва ишбилармонликни қўллаб-қувватлашга қаратилган ғояларимиз ҳаё­тийлиги билан одамларнинг қалбидан жой олиб улгурди. Эндиликда ислоҳотларни янада жадаллаштиришдек улкан масъулиятни зиммасига олган ягона сиёсий куч сифатида янада фаолроқ бўлишимиз даркор.  Бир сўз билан  айтганда, депутатлар ва фаолларимиз  партия сайловолди дастурида кўзда тутилган вазифаларни амалга ошириш  борасида қатъият билан иш олиб боришаяпти. Натижада ҳудудимизда йил сайин аҳоли бандлиги ва фаровонлиги ортиб, янги-янги замонавий иншоотлар барпо этилиб, туманимиз қиёфаси йилдан-йилга гўзаллашмоқда.

Шуҳрат ҚУРБОНОВ,
O‘zLiDeP Ғузор туман Кенгаши раиси,
туман Кенгаши депутати

Joomla