Thursday, Jan 19th

Last update06:53:34 AM GMT

You are here:

ЭЗГУЛИККА БАХШИДА УМР

Умрини ёқилғи-энергетика ривожига бахшида этиб келаётган “Муборак газни қайта ишлаш заводи” масъулияти чекланган жамиятининг режа ва иқтисод бўлими бошлиғи, иқтисод фанлари номзоди, доцент Панжи Жалилов Ўзбекистон фани хазинасини ўзининг қимматли илмий асарлари билан бойита олган иқтидорли олимдир. Ўндан ортиқ долзарб мавзудаги китоблари, энергетика ва таълим истиқболига бағишланган юздан ортиқ мақолалари ҳозир ҳам кенг жамоатчилик томонидан қизиқиб ўрганилаяпти.

Панжи ака Муборакнинг Қорақум қишлоғида дунё­га келган. Тошкент Политехника (ҳозирги Техника университети) институтида таҳсил олган кезларидаёқ курсдошларидан ажралиб турар, илмий кенгаш йиғилишлари, талабалар ўртасида ташкил этилаётган  мусоҳабаларда маъруза билан қатнашар, янги-янги таклифларни ўртага ташларди. Тармоқ муаммолари ва истиқболлари мавзуидаги илмий иш қилиш нияти талабаликнинг илк йилларида туғилган эди. Аммо бу иш анчайин мураккаб ва катта меҳнат талаб қилишини англагач, билмаганларини етук олимлардан ўрганиб, материаллар тўплаб, илмий ишланмаларини матбуотда чоп эттира бошлади. 1989 йилда институтни тугатгач, танлаган мавзусини янада чуқурроқ ўрганиш учун илмий фаолиятни амалиёт билан уйғунлаштирган ҳолда ташкил этиш учун тармоқ корхоналарида меҳнат қилди. Қаерда ишламасин, зиммасига юклатилган вазифани сидқидилдан бажариб, ташаббус­кор ва меҳнатсеварлиги учун жамоа назарига тушди. Қийин­чиликларни метин иродаси билан енгиб, илмий изланиши учун вақт ҳам, куч ҳам топа олди. 2002-2003 йилларда Ўзбекис­тон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академиясида  таҳсил олди. Энди у юксак орзусини рўёбга чиқариш учун етарли малака ва тажрибага эга эди.

Панжи Жалилов (чапдан биринчи) маслакдошлар даврасида

 


 

2007 йилга келиб, узоқ йиллик машаққатли меҳнатлари, тинимсиз изланишлари ўз самарасини берди. “Энергетика корхоналарининг молиявий барқарорлигини таъминлаш масалалари” мавзуида номзодлик диссертациясини ёқлади. Илмий ишда иқтисодиёт, ишлаб чиқаришни ривожлантиришда катта аҳамият касб этган энергия таъминоти, ундан самарали ва тежамли фойдаланиш борасида қатор қимматли
фикр-мулоҳаза, таклифлар билдирилиб, теран таҳлиллар қилинганки, улар ҳозирга кунда ҳам муҳим манба сифатида тадқиқ этилаяпти.

– Ҳар бир мамлакат энергетика тармоғининг ҳолатига қараб, унинг иқтисодий ва техникавий жиҳатдан қай даражада ривожланганини тасаввур этса бўлади, – дейди Панжи Жалилов. – Саноатнинг тараққиёт даражаси мамлакат аҳоли жон бошига истеъмол қилинадиган электр энергияси миқдори билан белгиланади. Ўзбекистон катта ҳажмдаги бирламчи энергетика ресурслари, жумладан, қазиб олинадиган ёқилғи ресурсларига эга. Мамлакатимиз электр қувватига бўлган эҳтиёжни таъминлашда ўнлаб электр станцияларига таянади.

“Энергетика” атамасини 2 хил талқин этиш мумкин. Кенг маънода бу табиий энергияни ўрганиш ва фойдаланишни ўз ичига олувчи ҳозирги замон хўжалик комплексидир. Табиий энергия ресурслари деганда кўмир, нефть, газ, торф, сув шалолалари, шамол, атом, қуёш нури, ер ости иссиқлик сувлари, денгиз тўлқинлари ва бошқалар тушунилади. Тор маънода эса энергияни турли-туман йўллар билан ишлаб чиқариш, истеъмолчиларга етказиб бериш билан шуғулланувчи соҳани тушуниш мумкин.

Иқтисодий ислоҳотларнинг ҳозирги босқичида мамлакатимиздаги энергетика корхоналарининг молиявий барқарорлигини таъминлашда иқтисодиётнинг бошқа тармоқларини яширин субсидиялаш, аҳолининг турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш, бошқа мамлакатларга иқтисодий қарамликка барҳам беришга алоҳида эътибор қаратилаяпти.  Қанчалик муҳим ва принципиал аҳамиятга эга бўлмасин, энергетика корхоналарининг молиявий ресурслари етарли эмаслиги боис қарз маблағларига муҳтож бўлаётганини унутмаслик керак. Иқтисодий ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва хусусийлаштириш – энергетика корхоналари молиявий барқарорлигини таъминлашнинг муҳим шарти ҳисобланади. Бусиз юзага келган муаммоларни ҳал этиб бўлмайди. Молиявий барқарорликка эришишнинг яна бир муҳим шарти  нотўловларга барҳам бериш, тарифлар даражасини ошириш ва самарали фаолият кўрсатишдир. Ўрнатилган тарифлар даражасининг бозор иқтисодиёти талаблари ва умумэътироф этилган тамойилларга мос келмаётгани, электроэнергия тармоғи фаолиятининг етарли даражада самарали эмаслигидадир. Дунёда электр ресурслари етишмаслиги ва нархи мунтазам ошиб бораётган бир пайтда биз қимматбаҳо ва қайта тикланмайдиган ресурсларимиздан тежамли фойдаланишимиз зарур.

У киши билан суҳбат қилсангиз, иқтисодиётнинг мўъжизакор хусусиятлари ҳақида қизиқарли маълумотларга эга бўласиз.

Бу ташаббускор инсон халқ депутатлари туман Кенгаши депутати сифатида ҳам қатор хайрли ишларга бош бўлиб, эл олқишини олаётир. Муборак шаҳридаги Болалар истироҳат боғи кейинги йилларда қаровсизликдан харобазорга айланиб қолганди. Муаммо депутатлик гуруҳи томонидан ўрганилиб, туман Кенгаши сессиясига масала киритилди. Сессия қарори билан мазкур истироҳат боғи завод ҳомийлигида капитал реконструкция қилиниб, жиҳозлантирилиб, фарзандларимиз ихтиёрига топширилди. Айни пайтда иккинчиси ҳам таъмирланаяпти.

Панжи Жалилов доимо одамлар ташвиши билан елиб-югуради, сайловчилар ишончини оқлашга интилади. Унинг ташаббуси билан депутатлик гуруҳи аъзолари томонидан турли идора ва ташкилотларга шаҳар кўчаларини ободонлаштириш, ёшлар тадбиркорлигини йўлга қўйишда молиявий қўллаб-қувватлаш, кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш каби турли масалаларда сўровномалар юборилиб,  эшитувлар ташкил этилди. Халқ депутатлари туман Кенгаши сессиясига депутатлик гуруҳи томонидан Муборак шаҳридаги Теннис кортини капитал таъмирлаш ва зарур инвентарлар билан жиҳозлаб, Футбол мактаби ихтиёрига бериш, “Машъал” футбол клуби қошида шахмат, каратэ, таэквондо, рассомчилик, бадиий гимнас­тика тўгараклари, хотин-қизлар учун спорт клуби ташкил этиш, “Маржон” сиҳатгоҳидаги сув ҳавзасини таъмирлаш ва дам олувчиларнинг сув спорти билан шуғулланиши учун  шароит яратиш, шаҳар кўчаларини таъмирлаш ва ободонлаштиришнинг 2016-2018 йилларга мўлжалланган аниқ чора-тадбирларини ишлаб чиқиш ва молиявий манбаларини белгилашга оид долзарб масалалар киритилиб, улар ижроси юзасидан  амалий ишлар қилинаяпти. У раислик қилаётган туман Кенгашидаги қонунийлик, ҳуқуқ-тартибот ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш масалалари бўйича доимий комиссияси  томонидан ўтган даврда йигирмага яқин долзарб масала ўрганилиб, мақбул ечимлари топилиб, ижобий натижаларга эришилди.

– Яқинда бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида партиямиздан кўрсатилган номзод Шавкат Мирзиёевнинг кўп овоз олгани барчамизни қувонтирди, – дейди у. – Халқимиз ўз хоҳиш-иродасини намоён этиб, сайловда фаоллик билан қатнашиб, энг муносиб номзод учун овоз берди. Тумандаги барча маслакдошларимиз ислоҳотлар узвийлиги ва изчиллигини таъминлашни ўз зиммасига олган номзодни ёқлаб овоз бергани бежиз эмас. Демак истиқлолнинг мунаввар йўли янада порлоқ, эзгу ишларимиз бардавом бўлади.

 

Сайфулла ИКРОМОВ,
“ХХI asr” мухбири

Joomla