Tuesday, May 30th

Last update07:38:55 AM GMT

You are here:

КЕЛАЖАК ОЛДИДАГИ МАСЪУЛИЯТ

ўз бурчимизга нисбатан виждонан ёндашишга ундамоқда

Абдурауф АБДУЛЛАЕВ,
Халқ депутатлари Андижон вилояти
Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик
гуруҳи раҳбари, иқтисод фанлари доктори

 

Мамлакатимизда ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш, хусусий тармоқни жадал ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратилган. Жумладан, тармоқда “Ягона дарча” тамойилини жорий этиш, статистика ва солиқ ҳисоботларини тақдим этиш механизмини соддалаштириш, хусусий мулкдорлар учун хомашё ресурсларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш бўйича тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Ўз навбатида вилоятимизда ҳам тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш учун кенг майдон вужудга келди, десак муболаға бўлмайди. Хусусан, иқтисодиётимизнинг юксалишига асос бўладиган мустаҳкам омиллар яратилдики, иқтисодий ислоҳотларни жадаллаштиришда улар ўз самарасини бермоқда. Ҳаётий бир мисол: ялпи ҳудудий маҳсулотни шакллантиришда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг улуши 2011 йилдан бери 56,3 фоиздан 61,5 фоизга, саноат маҳсулоти ишлаб чиқариш 11,1 фоиздан 29,5 фоизга, экспорт 9,7 фоиздан 56,6 фоизга ўсди. Ҳозирги кунда вилоятда 8 минг 670 та кичик бизнес субъекти бўлиб, улар асосан ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш фаолияти билан шуғулланаётир. Кўпчилиги солиқ имтиёзларидан баҳраманд. Соҳани молиявий қўллаб-қувватлаш учун сўнгги беш йилда тижорат банклари томонидан ажратилган маблағлар ҳажми 3,3 баробарга кўпайди.

Хусусан, маҳсулотларнинг айрим турларини ишлаб чиқаришни рағбатлантириш ва хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантиришга қаратилган қарорлар асосида жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 2 минг 5 та тадбиркорлик субъекти 117 миллиард сўмдан зиёд маблағни тежаб қолди. Шу ҳисобдан ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш, янги технологияларни жорий этиш ва қўшимча иш ўринлари яратишга эришилмоқда.

Жумладан, Олтинкўл туманидаги “Krav teks” масъулияти чекланган жамияти 7 миллиард 595 миллион сўмлик маҳсулотни эркин алмаштириладиган валю­тада эскпорт қилиш ҳисобига
457 миллион 800 минг сўм миқдоридаги ягона солиқ тўлови имтиёзидан фойдаланди. Бу эса нафақат корхона иқтисодиёти, балки юртимиз равнақига қўшилган муносиб ҳисса ҳамдир.

Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг ўн еттинчи сессиясида 2016 йил якунлари ва 2017 йилда белгиланган устувор вазифалар юзасидан вилоят ҳокими, O‘zLiDeP аъзоси Шуҳратбек Абдураҳмоновнинг ҳисоботи тингланди. Муҳокамада партиямиз фаоллари қизғин иштирок этишди. Сўзга чиққанлар давлат бошқаруви органлари раҳбарларининг асосий вазифаси ўзлари масъул бўлган соҳа ва тармоқларда ишни тўғри ташкил этиш учун мавжуд ички имкониятлардан тўла фойдаланиши лозимлигини алоҳида таъкидлашди.

Ҳозирга кунда вилоятимизда 4 минг 877 та саноат корхонаси фаолият кўрсатмоқда. Бултур улар томонидан 7 триллион 800 миллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди. Ўсиш суръати 2015 йилга нисбатан қарийб 121 фоизга уддаланган. Бу, албатта, қувонарли ҳол. Ялпи қиймати 507 миллиард 100 миллион сўмлик инвестиция ўзлаштирилиши натижасида 42 минг 500 тадан зиёд янги иш ўрни яратилган. Мисол учун, илгари Булоқбоши туманида пахтани қайта ишловчи корхона йўқ эди. Ўтган йили “Фан текстиль” масъулияти чекланган жамияти томонидан 666 минг 500 АҚШ доллари миқдоридаги лойиҳа ўзлаштирилди ва 220 нафар кишининг бандлиги таъминланди.

Ўтган йил якуни бўйича ҳудудий корхоналар томонидан 183 миллион 700 минг доллар миқдоридаги маҳсулот экспорт қилинди. Шунинг 49,6 фоизини мева-саб­завот ташкил қилади. Умуман, “Ўзагроэкспорт” акциядорлик жамияти билан ҳамкорликда 25 та шартнома имзолангани тармоқни жадал ривожлантириш, фермерларнинг моддий манфаатдорлигини янада ошириш имконини бермоқда.

Вилоятимизда аҳоли томорқалари жами 27 минг 425 гектарни ташкил қилади. Шу кунга қадар 6 минг 484 та хонадондаги жами 143 гектар ерда лимонарийлар ташкил қилинди. Яна 20 минг 785 та хонадонда цитрус мевалари етиштириш режалаштирилмоқда. Томорқачиликдаги илғор тажриба ва технологияларни ўрганиш мақсадида бир гуруҳ мутасаддилар яқинда Туркияга йўл олишди. Улар орасида партиямиз аъзолари ҳам бор.

Рўйхатга олиш жараёнининг соддалаштирилиши, текширувлар ва статистик ҳисоботларнинг камайтирилиши, шунинг­дек, бошқа кўплаб омиллар туфайли кейинги беш йилда вилоятда 10 минг 327 та янги бизнес субъектлари ташкил этилди ҳамда уларнинг сони 23 минг 848 тага етди. Натижада ушбу даврда ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 1,7 баробар ошди.

Ҳаёт тарзимизда юз бераётган ўзгариш ва янгиланишларни инобатга олган ҳолда олдимизда турган долзарб масалаларга ҳозиржавоблик билан муносабатда бўлишимиз лозим, албатта. Чунки давр, замон сусткашликни кечирмайди. Партия вилоят Кенгашининг ташаббуси билан Жалақудуқ туманида ўтказилган мулоқотда мен бунга яна бир карра гувоҳ бўлдим. Ойим қишлоғида 30 минг киши истиқомат қилади. Тоза ичимлик суви таъминоти, йўл қурилиши, тиббий хизмат сифати ва маданияти билан боғлиқ муаммолар аввал ҳам турли йиғинларда кўп бор кўтарилган. Расмиятчилик, бепарволик оқибатида вазият ўзгармай қолаверган. “Халқ қабулхоналари” ҳамда “портал” хизмати йўлга қўйилганидан сўнг одамлар ўзини ўйлантираётган масалалар юзасидан очиқ-ошкора фикр юритиш имконига эга бўлишди. Натижада мавжуд нуқсонларни жойида ҳал этиш имкони туғилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, эндиликда мурожаатларни кўриб чиқишда сансалорликка йўл қўйилмайди. Биз вилоятда ахборот-коммуникация технологиялари ҳамда интерактив давлат хизматларини ривожлантириш бўйича ижобий ишлар билан бирга айрим камчиликларга йўл қўйилганининг гувоҳи бўлдик. Жумладан, ўтган йил давомида Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали жами 12 минг 572 та мурожаат келиб тушган бўлиб, улардан 390 таси ўз муддатида кўриб чиқилмаган. Масалани ижобий ҳал этиш мақсадида ахборот-коммуникация технологиялари йўналишидаги ишлар чуқур таҳлил қилинди ва вилоят ҳокимлигининг расмий веб-портали тубдан янгиланди ва 2016 йил 15 декабрдан вилоят ҳокимининг виртуал қабулхонаси фаолият юрита бошлади.

Жорий йилнинг I чорагида шаҳар ва туман ҳокимликларининг веб-сайтларини тўлиқ ишга тушириш ва виртуал қабулхоналар ташкил қилиш кўзда тутилмоқда. Унга жалб этилган мутахассисларнинг билим ва малакасини ошириш мақсадида ўқув курслари ташкил қилинади ва тўлиқ электрон ҳужжат айланиши тизимига ўтилади. Бу борада дастлабки қадамлар қўйилмоқда. Мақсад аниқ, фақат изланиш, ташаббус ва фидойилик кўрсатиб ишлаш лозим. Ҳудудларни комплекс ва жадал ривожлантириш, тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари доирасини кенгайтириш, иқтисодиётни бошқаришда давлат иштирокини босқичма-босқич камайтириш кўзда тутилмоқда.

Тараққиёт тушови

Конституциямизнинг 2-моддасида давлат халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қилиши, давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг жамият, фуқаролар олдида масъуллиги белгиланган. Мазкур талаблар давлат ҳокимияти, давлат хизмати ва маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органлари мансабдор шахсларининг жамият ва фуқаролар олдидаги масъулияти ҳамда мажбуриятини оширади.

Аммо коррупция аталмиш иллат ҳам борки, тараққиётга кескин таъсир этиши баробарида халқнинг давлат ва унинг хизматчиларига бўлган ишончига путур етказади.

Айтиш жоизки, мамлакатимиз мустақилликка эришган илк даврларданоқ коррупцияга қарши курашиш борасида изчил ишлар олиб борилмоқда. Айниқса, жорий йилнинг 3 январида “Коррупцияга қарши кураш тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилиниши бу  борадаги чора-тадбирларнинг мантиқий давоми бўлди. Зеро, ушбу қонунни қабул қилишдан кўзланган мақсад коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборатдир. Ҳужжатда “коррупция”, “коррупцион ҳуқуқбузарлик” ва “манфаатлар можароси” каби тушунчаларга атрофлича изоҳ берилган.

Аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг олдини олишга қаратилган ишларни амалга ошириш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш, чек қўйиш, салбий оқибатларни, уларга имкон берувчи сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш, коррупцияга тааллуқли ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлиги принципини таъминлаш кабилар коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари ҳисобланади.

Мазкур ҳужжатга кўра шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб, моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, худди шунингдек, бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этиши коррупция ҳисобланади. Ушбу аломатларга эга бўлган, содир этилгани учун қонун ҳужжатларида жавобгарлик назарда тутилган қилмиш эса коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик дейилади. Шахсий (бевосита ёки билвосита) манфаатдорлик шахснинг мансаб ёки хизмат мажбуриятларини лозим даражада бажаришига таъсир кўрсатаётган ёхуд таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳамда шахсий манфаатдорлик билан фуқароларнинг, ташкилотларнинг, жамият ёки давлатнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ўртасида қарама-қаршилик юзага келаётган ёки юзага келиши мумкин бўлган вазиятга “манфаатлар тўқнашуви” деб таъриф берилган.

Шу ўринда айтиш лозимки, фуқароларимизга ушбу хавфли иллат ҳақида маълумотлар бериш, ёш авлод қалбида унга қарши иммунитетни шакллантириш мақсадида олиб борилаётган профилактика ишларини янада кучайтиришимиз лозим. Чунки порахўрлик авж олган жамиятда ривожланиш бўлмайди. Бу иллат тараққиётнинг тушовидир.

Фируза МУСАЕВА,
Тошкент шаҳар Яккасарой тумани
4-сонли давлат нотариал идораси нотариуси

 

Joomla