Tuesday, May 30th

Last update07:38:55 AM GMT

You are here:

ХАЛҚЧИЛ ИСЛОҲОТЛАР ИЖРОСИ


Тўлқин ЭШНАЗАРОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
O‘zLiDeP фракцияси аъзоси,
Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси раиси

– Таъкидлаш жоизки, муҳтарам ­Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясида иқтисодиётни янада ривожлантириш ҳамда либераллаштиришга оид белгиланган чора-тадбирларнинг ҳаётга татбиқ этилиши, энг аввало, мамлакатимиз иқтисодий барқарорлигини таъминлаш, пировардида аҳоли фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир. Бинобарин унда иқтисодиётнинг очиқлиги ва рақобатдошлигини ошириш, иқтисодий мустақилликни кучайтириш, макроиқтисодий барқарорликни мустаҳкамлаш ҳамда иқтисодий ўсиш суръатларини сақлаб қолиш, етакчи ишлаб чиқариш тармоқларини модернизация ва диверсификация қилиш, молия-банк соҳасини тубдан ислоҳ этиш, ташқи иқтисодий алоқаларни янада кенгайтириш, хорижий инвестицияларни фаол жалб этишга алоҳида эътибор қаратилган.

Айниқса, аҳолининг энг фаол қатламига айланиб бораётган тадбиркор ва фермерларни ўйлантираётган долзарб масалаларни ҳар томонлама ўрганиш, уларни қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини таъминлаш борасида белгиланган вазифалар, шубҳасиз, оилалар фаровонлигини таъминлашга хизмат қилади. Зеро, Ҳаракатлар стратегиясида тадбиркорликни ривожлантириш ҳамда хорижий инвесторлар учун инвестициявий жозибадорликни ошириш, солиқ маъмурчилигини яхшилаш, банк фаолиятини тартибга солишнинг замонавий принциплари ва механизмларини жорий этиш, кўп тармоқли фермер хўжаликларини ривожлантириш, шунингдек, туризм индустриясини жадал ривожлантириш бўйича ҳам аниқ йўналишлар белгилангани, асосийси, унинг молиявий манбаси назарда тутилгани шундан далолат бериб турибди.

Умуман олганда, мамлакатимиз тараққиёти кўзланган ҳолда халқимиз билан бамаслаҳат тарзда, пухта ишлаб чиқилган ушбу стратегияда шу каби долзарб вазифалар, уларни амалга ошириш механизмлари аниқ тамойиллар асосида кўрсатиб берилган. Гап фақат ушбу вазифалар ижросини тўғри ва самарали ташкил этиш, унда ҳар доимгидан-да фаол қатнашишда қолаяпти. Табиийки, бу парламентда энг кўп депутатлик ўрнига эга бўлган фракциямиз аъзоларидан ташаббус ва фаолликни талаб этади.  Зотан, O‘zLiDeP дастурида алоҳида қайд этилганидек, мамлакат иқтисодиёти рақобатбардошлигини таъминлаш партиянинг биринчи даражали вазифасидир. Партия шу орқали тадбиркорликка кўпроқ эркинлик бериш, бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, кичик бизнес субъектларининг кредит-молия ва хомашё ресурслардан, ўзлари ишлаб чиқараётган маҳсулотларга давлат буюртмаларидан кенг фойдаланишни таъминлаш бўйича тизимли ишларни давом эттириш тарафдоридир.

Бир сўз билан айтганда, Ҳаракатлар стратегиясидан келиб чиқувчи ислоҳотлар ижроси барчамиздан масъулият ва уюшқоқликни талаб этади.

Joomla