Tuesday, May 30th

Last update07:38:55 AM GMT

You are here:

САЙЛОВЧИ ВА ДЕПУТАТ: амалий ишлар зарур!

Аввал хабар берганимиздек, жорий йилнинг 1-10 февраль кунлари Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари сайловчилар билан юзма-юз мулоқотда бўлиб қайтишди. Хусусан, унда фракциямиз аъзолари ҳам фаол иштирок этди. Таъкидлаш жоизки, ушбу учрашувлар олдин ҳам бўлган, лекин бу галгидек амалий ишлар билан ёдда қолмаган эди. Янада аниқроқ айтадиган бўлсак, бу сафар депутат мажлислар залида сайловчилар тўпланишини кутиб ўтирмади. Аксинча, улар Президентимиз қўйган устувор вазифаларни теран ҳис этган ҳолда сайловчиларнинг олдига ўзлари боришди. Қишлоқ-овулларда уйма-уй юриб, ҳақиқий аҳвол билан бевосита танишдилар. Одамлар билан самимий суҳбат қуриб, уларни ўйлантираётган масалаларни очиқ, ошкора тинглашди. Аксарият масалалар ўша жойнинг ўзида ҳал этилди. Қолганлари эса қатъий назоратга олиниб, тегишлилиги бўйича давлат идораларига депутатлик сўровлари жўнатилмоқда.

Бир сўз билан айтганда, мулоқотнинг вақт синовидан ўтган ушбу шакли депутат ва сайловчи ўртасидаги илиқ муносабатларга ижобий таъсир ўтказиб, одамларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашларига замин ҳозирламоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партиямиз фракцияси аъзоларининг қуйидаги фикрлари буни тасдиқлайди.

 


Клара ЖУМАМУРОТОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
O`zLiDeP фракцияси аъзоси:

– Сайловчиларни ўйлантираётган муаммоларни юз марта эшитгандан кўра бир марта жойига бориб, ҳақиқий вазиятни ўргандик ва унга холисона ёндашдик.

Қизғин ва масъулиятли жараёнда аҳолининг ҳар бир мурожаати эътиборимиз марказида бўлди. Айтиш жоизки, улар томонидан коммунал, тиббий хизмат, таълим ҳамда савдо ва маиший хизмат кўрсатиш соҳалари билан боғлиқ масалалар кўтарилди. Масалан, Хоразм вилояти, Қўшкўпир тумани аҳолиси томонидан марказлаштирилган табиий газ таъминоти етиб бормайдиган хонадонларга суюлтирилган газ етказиб берувчи ташкилотнинг терминал билан таъминланмаганлиги ўртага ташланди. Буни ижобий ҳал этиш мақсадида “Шимолгазтаъминот” Қўшкўпир туман филиали раҳбарияти билан мулоқотлар олиб борилди. Ҳақиқатан ҳам айни пайтда 8 та терминалга эҳтиёж борлиги аниқланиб, олиб борилган саъй-ҳаракатлар натижасида бу ерга керакли терминал аппаратлари ўрнатилиши таъминланди.

Ўрганишлар жараёнида, шунингдек, Қўшкўпир туманида 61 та кўп қаватли уй-жой мавжуд бўлиб, уларга хизмат кўрсатиш мақсадида атиги 1 та “Файзли-Қўшкўпир” хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати ташкил этилганлиги аён бўлди. Табиийки, ушбу ширкат томонидан кўп қаватли уй-жойларга хизмат кўрсатиш ўз вақтида ва талаб даражасида амалга оширилмаяпти. Чунки битта ширкат шунча кўп қаватли уй-жойга тўлақонли хизмат кўрсата олмайди-да.

Шу билан бирга, ушбу кўп қаватли уйлар марказлашган иситиш тармоғидан узилганлиги, куз-қиш мавсумида айрим уйларнинг том қисмидан чакки ўтиши, марказлашган канализация тизимининг йўқлиги, шунингдек, ҳудудда болалар учун ўйин майдончаси қуриш, ҳудудни ободонлаштириш ҳамда уйларнинг фасадлари, ички йўлакларини таъмирлаш масалалари ҳам эътибордан четда қолаётгани маълум бўлди.

Шулардан келиб чиққан ҳолда Қўшкўпир тумани ҳокими С. Юсуповга депутатлик сўрови жўнатилди ва ҳозирда унинг ижроси қатъий назоратга олинди.

Мухтасар айтганда, мазкур туманда ҳудудни ривожлантиришнинг энг муҳим вазифаларини ҳал этишга, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлашга доир ўтказилган ўрганишлар давомида парламент аъзолари томонидан жами 354 та хонадонга кирилди. Аҳоли билан бўлиб ўтган очиқ мулоқотлар давомида 123 та аниқ масала кўтарилди. Ушбу масалаларнинг 41 таси депутатлар томонидан ўз жойида ҳал этилди.


Баҳром НИЁЗМАТОВ, 
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
O`zLiDeP фракцияси аъзоси:

– Ўн кун давомида Андижон вилояти, Шахрихон туманидаги қайси хонадонга кирмайлик, одамларда ташаббускорлик, жонсараклик кўзга ташланди. Айниқса, уларнинг ишбилармон бўлиб, нафақат ўз хонадони, балки бутун эл-юртимизга наф келтириш истаги кучли эканлиги таҳсинга сазовордир. Бироқ гуруч курмаксиз бўлмаганидек, аҳоли томонидан баъзи камчиликлар рўй-рост айтилди. Мисол учун, туманнинг Найнаво қишлоғида истиқомат қилувчи Азизбек Шукуров томорқасида қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштириш мақсадида банкдан кредит ололмай сарсон эканлигини баён этди. Вазият ўрганилиб, муаммо жойида ҳал қилинди. Насибахон Раҳимова эса оилавий шароити туфайли шу кунга қадар суюлтирилган газ баллонини ололмаётганлигини айтди. Ушбу мурожаат ҳам ўз вақтида қондирилди. Тўғри, бир қарашда ушбу муаммолар кичкинадек кўриниши мумкин. Бироқ, денгиз ҳам майда томчилардан ташкил топганидек, муаммо каттами-кичикми, барибир унинг ортида инсон тақдири турганлигини бир зум бўлса-да, унутмаслигимиз лозим.

А. МУЗАФФАРОВ ёзиб олди.

Joomla