Monday, Feb 27th

Last update06:53:18 AM GMT

You are here:

ТАКЛИФ – ТАВСИЯ: НАТИЖА ҚУВОНАРЛИ!

Депутатлар фаолиятига баҳо берганда, албатта, амалий натижаларга таянилади. Айтайлик, ҳудудларда юзага келган муаммоларни ҳал этиш юзасидан сайловчилардан тушган мурожаатлар, партия депутатлик гуруҳлари томонидан аниқ йўналишларда Халқ депутатларининг маҳаллий Кенгашларидаги сессияларга таклифлар бериш ва ҳоказо.


Айни кунда Самарқанд вилояти Халқ депутатлари вилоят ва туман, шаҳар Кенгашларидаги O‘zLiDeP депутатлари 203 нафарни ташкил этмоқда. Бу албатта бошқа партияларга нисбатан анча юқори кўрсаткич ҳисобланади. Энг муҳими, сайловчилар томонидан мазкур партия вакилларига билдирилган ишонч ўз навбатида амалий ишлар билан оқланаяпти, десак муболаға бўлмайди.

Шу йилнинг бошида партиянинг вилоят Кенгаши ҳамда Халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партия депутатлик гуруҳи билан биргаликда 2016 йил бошида гуруҳнинг жорий йилга мўлжалланган иш режаси ишлаб чиқилди ва депутатлик гуруҳи йиғилишида тасдиқланди, – дейди O‘zLiDeP Самарқанд вилояти Кенгаши депутатлик бирлашмалари билан ишлаш сектори мудири Нодир Тўраев. – Депутатлик гуруҳи иш режасига асосан Халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партия депутатлик гуруҳининг назорат-таҳлил фаолияти бўйича 5 та, ҳокимлар ва уларнинг ўринбосарлари, ижро ҳокимияти, муассаса ва ташкилот раҳбарларининг эшитуви бўйича 26 та, депутатлик сўрови бўйича 50 та – жами 81 та масала кўриб чиқилиши белгиланган.

Энди натижаларга назар ташласак, агар ўтган йилнинг 9 ойида маҳаллий кенгашлардаги партия депутатлари томонидан тегишли идоралар раҳбарларига уч юзта депутатлик сўрови берилган бўлса, жорий йилнинг шу даврида беш юзта шундай сўровлар тақдим этилган. Шунингдек, депутатлик гуруҳлари томонидан ўтган йилнинг 9 ойида 64 та эшитувлар ташкил этилган. Жорий йилнинг шу даврига қадар эса 96 та мансабдор шахснинг ахбороти тингланди.

Чунончи, шу йилнинг август ойида бўлиб ўтган йиғилишда иккита масала кўриб чиқилди. Хусусан, банк ҳисобварақларига масофадан туриб хизмат кўрсатиш, “Интернет-банкинг” орқали солиқ ва бош­қа мажбурий тўловларни тўлаш тартибини жорий этиш борасида амалга оширилаётган ишларни таҳлил этиш ва аниқланган камчиликларни бартараф этиш тўғрисида Марказий банк вилоят бош бошқармаси юрист маслаҳатчисининг ахбороти эшитилди. Шунингдек, йўл-транспорт коммуникацияси ҳолатини яхшилаш, автомобиль йўлларини қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва инфратузилмани ривожлантириш юзасидан Тайлоқ ва Самарқанд туманларида амалга оширилган ишлар ҳақида “Самарқандавтойўл” корхонаси раҳбарининг ахбороти тингланди.

Депутатлар Самарқанд тумани ҳудудидан ўтувчи “Самарқанд айланмаси” автомобиль йўлини 10-33 км. қисмини қуриш ва қайта таъмирлаш ишларига эътибор қаратишди.  Умумий қиймати 77 миллиардни ташкил этган мазкур объект бўйича буюртмачи – Молия вазирлиги ҳузуридаги Республика йўл жамғармаси ҳамда “New Tech Samarkand” масъулияти чекланган жамияти ўртасида тузилган шартномага кўра, жорий йилда ўн миллиард сўмлик қурилиш-монтаж ишлари режалаштирилган бўлиб, етти ойда 7 миллиард 800 миллион сўмлик ишлар бажарилгани таъкидланди ва бу борадаги ишларнинг боришини назорат қилиш бўйича таклифлар берилди.

Шунингдек, Тайлоқ туманида ҳам бу борада бажарилаётган ишларга назар ташланди. Хусусан, мутахассисларнинг қайд этишича, халқаро аҳамиятдаги А-378 “Самарқанд – Ғузор” автомобиль йўлининг олти километр қисмини тўла таъмирлаш учун 300 миллион сўм маблағ ажратилган бўлиб, ҳозиргача 250 миллион сўмлик иш бажарилган. Ушбу маълумотлар тинглангач, депутатлар йўлларни ўз муддатида таъмирлаш ҳақида ўз таклифларини билдиришди.

Депутатлик гуруҳининг шу йил сентябрь ойида бўлиб ўтган йиғилишида ҳам муҳим масалаларга эътибор қаратилди. Чунончи, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ўз вақтида тўланиши устидан олиб борилаётган мониторинг ҳолати, бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчиларнинг харажатлар сметалари, шунингдек, уларга киритилган ўзгартишларни рўйхатдан ўтказиш борасидаги ишлар ҳолатини ўрганиш ижроси юзасидан Самарқанд вилоят ҳокимлиги молия бошқармаси раҳбарларининг ахбороти эшитилди.

– Шунингдек, Халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгашининг XXXII сессиясига партиямиз депутатлик гуруҳи томонидан Ўзбекистон Респуб­ликаси Президентининг 2015 йил 28 сентябрдаги “Тадбиркорлик субъектларига “Ягона дарча” тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатиш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг ижросини таъминлаш борасида ҳудудларда амалга оширилаётган ишлар вилоят сессиясида кўриб чиқилди. Шу ўринда айтиш керакки, вилоят адлия бошқармаси томонидан 2016 йилнинг май-июнь ойларида “Ягона дарча” марказлари ва уларга давлат хизматлари кўрсатувчи ташкилотлар фаолиятида ўтказилган ўрганишлар натижаларига кўра 557 та ҳолатда қонунбузилиши ҳолати аниқланган. Биргина мисол, вилоят Архитектура ва қурилиш бош бошқармаси ходимлари томонидан “Ягона дарча” орқали келиб тушган буюртманомаларни ижро қилишда қонунда белгиланган муддатга риоя қилинмаган. Шу туфайли сессияда “Ягона дарча” марказлари фаолиятини такомиллаштиришга оид, хусусан, ёш мутахассисларни қўллаб-қувватлаш, адлия бошқармаси билан ҳамкорликда ўқув-семинарлари ташкил этиш каби аниқ таклифлар берилди.

– Авваллари депутатлик эшитувларида муҳокама қилинган масала юзасидан таклиф ва тавсия бериш ҳақида кам гапириларди, – дейди Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи раҳбари ўринбосари Бахтиёр Хўжаёров. – Энди ўрганилган масала бўйича тавсия жўнатамиз. Бу депутат зиммасидаги масъулиятни яна бир карра оширади, десак хато бўлмайди. Қолаверса, бундай эшитувларда иштирок этиш давомида депутатларимиз тажрибага ҳам эга бўлишмоқда. Айтайлик, қайси масалани муҳокамага олиб чиқиш, унга чуқур ёндошиш, атрофлича ўрганиш ва ечими борасида зарур таклифларни бериш учун олдиндан тайёр бўлиб келишмоқда.

Муҳаббат РАВШАНОВА,

“XXI asr” мухбири

Joomla