Monday, Apr 24th

Last update01:59:47 AM GMT

You are here:

ТИЗИМ ЯНАДА ТАКОМИЛЛАШМОҚДА


Раҳимжон ҲАКИМОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик
палатасидаги O‘zLiDeP фракцияси аъзоси

Тинч-осойишта ҳаёт кечириш, инсоннинг энг олий, бирламчи ҳуқуқларидан биридир. Мус­тақиллик йилларида фуқароларимизнинг ушбу ҳуқуқий меъёрларини рўёбга чиқариш, уларнинг қонуний манфаатларини таъминлашнинг асослари яратилди. Мамлакатимизда фаровон турмуш тарзи, ҳамжиҳатлик ҳамда бағрикенглик мустаҳкам қарор топди. Ушбу улуғ неъматни асраб-авайлаш ва сақлашда ички ишлар органлари муҳим аҳамият касб этади, албатта. Шу боис тизимни ислоҳ қилиш, уни илғор технология ҳамда малакали кадрлар билан таъминлаш масаласига доимий эътибор қаратиб келиняпти.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан жорий йилнинг 10 апрель куни имзоланган “Ички ишлар органларининг фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш, жамоат тартибини, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлашда уларнинг масъулиятини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳам тизимни янада такомиллаштириш, мавжуд жиддий камчилик ва муаммолар, уларнинг келиб чиқиш сабаблари ҳамда салбий оқибатлари чуқур таҳлил қилинганлиги билан ғоят аҳамиятлидир.
Айтиш керакки, ушбу фармон ички ишлар органлари фаолиятининг ҳуқуқий асосларини яхлит тизимга келтирмоқда. Шунингдек, ички ишлар органларининг ташкилий тузилмалари, уларнинг жамият ва давлат ҳаётидаги ўрни ҳамда ролини белгилаб бермоқда. Фармонда ички ишлар органлари ва ходимларининг асосий вазифалари, фаолияти йўналишлари, принциплари ҳамда уларнинг ваколат ва мажбуриятлари мужассамлашмоқда. Айниқса, ушбу тизимга аҳоли билан доимий мулоқот қилиш, уларни қийнаётган муаммоларни ҳал этишнинг янги механизм ва самарали усулларини жорий этиш назарда тутилаётгани диққатга сазовордир. Бинобарин бу каби муаммо ва камчиликларни ҳал этиш учун ички ишлар органлари тизимини ислоҳ қилишнинг асосий йўналишлари белгилаб берилди. Унга кўра, бу соҳани аҳолига ўз вақтида ва сифатли ёрдам кўрсатадиган ижтимоий йўналтирилган профессионал хизматга айлантириш зарурлиги, “Халқ манфаатларига хизмат қилиш” ҳар бир ходимнинг асосий хизмат бурчи экани қайд этилиб, Ички ишлар вазирлиги ҳузурида Жисмоний, юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш ва иш юритиш бошқармасини ташкил этиш кўзда тутилмоқда. Мақсад, фуқароларнинг мурожаатларини ўз вақтида ва сифатли кўриб чиқилишини таъминлашдан иборатдир.
Партиямиз дастурида ҳам жамоат хавфсизлигини таъминлашга, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларини изчил ислоҳ этишга, уларнинг жамоатчилик билан алоқаларини мустаҳкамлаш йўналишларига алоҳида эътибор қаратилган. Шундан келиб чиққан ҳолда фракциямиз ушбу фармонни мутахассислар иштирокида атрофлича ўрганиб, унинг мазмун-моҳиятини халқимизга янада кенгроқ тушунтиришни мақсад қилмоқда.
Умуман олганда, фаолияти аҳоли билан ишлаш, унинг тинчлиги, қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш бўлган тузилмалар янада такомиллаштирилаётгани эътиборга молик. Бу эса амалиётда халққа янада яқинроқ бўлиш, унинг эҳтиёжларини билиш, унга хизмат қилиш имкониятларини бундан-да кенгайтиради.

Joomla