Tuesday, May 30th

Last update07:38:55 AM GMT

You are here:

Анъанавий учрашувлар: МУАММО – ТАҲЛИЛ – ЕЧИМ

ЖИЗЗАХ:

Халқ депутатлари Жиззах вилояти Пахтакор туман Кенгашининг йигирма тўртинчи сессиясида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Сенат аъзоларининг жорий йил 1-6 май кунлари туманда олиб борган кузатувлари натижалари кўриб чиқилди.
Таҳлиллар жараёнида 314 хонадон, 1508 нафар аҳоли билан мулоқот ўтказилиб, тумандаги  тижорат банклар филиаллари, деҳқон ва буюм бозорлари, соғлиқни сақлаш, мактаб ва мактабгача таълим муассасалари, фуқаролар йиғинлари фаолияти билан яқиндан танишиб чиқилди.
Сессияда таъкидланишича, туманда ютуқлар билан бирга зудлик билан ҳал қилиниши лозим бўлган бир қатор муаммолар ҳам мавжуд. Аҳоли мурожаатларининг кўп қисми уй-жой коммунал хизмати, таълим, бандлик, соғлиқни сақлаш соҳаларига тўғри келади.
Аксарият масалаларга депутат ва сенаторларнинг амалий кўмаги билан жойида ечим топилди. Хусусан, “Олмазор” қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудидаги 16 хонадонли уйнинг оқова сув тизимидаги носозлик туман ҳокимлиги ва ободонлаштириш бўлими масъуллари билан бартараф қилинди. Тадбиркор Шуҳрат Имомназаров дўконига терминал ўрнатиш юзасидан берган мурожаатига жавобан Марказий банкнинг вилоят бошқармаси мутасаддилари томонидан ўз вақтида амалий чора кўрилди.
Сессияда туманнинг ижтимоий-иқтисодий аҳволи чуқур таҳлил этилиб, келгусида амалга ошириладиган дастурий режалар ҳақида фикр-мулоҳазалар билдирилди. Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш, аҳолига савдо, маиший хизмат кўрсатиш, пенсия таъминоти ва бош­қа соҳалар билан боғлиқ муаммоларни бартараф этиш йўл-йўриқлари ҳақида аниқ кўрсатмалар берилди.
Сессияда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Нурдинжон Исмоилов, вилоят ҳокими Улуғбек Узаков сўзга чиқди.
Тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари Содиқжон Турдиев иштирок этди.
Баҳром МИРЗАҚОБИЛОВ,
“ХХI asr” мухбири

ХОРАЗМ:

– Депутат ва сайловчи мулоқоти ҳар икки томон учун ҳам фойдали. Биринчидан, билвосита вакил аҳолини ўйлантираётган масалалар хусусида тасаввур ҳосил қилибгина қолмай, уларнинг ечими борасида ваколати доирасида ҳаракат қилади. Иккинчидан, бундай жонли мулоқотларнинг қонун ижодкорлигига таъсири ҳам катта, яъни аҳоли манфаатлари қабул қилинаётган ҳуқуқий ҳужжатларда янада кўпроқ ўз ифодасини топади. Бу жараённинг аҳоли ҳуқуқий маданияти шаклланишида таъсири беқиёс.
Сайловчилар билан Хива туманида бўлиб ўтган навбатдаги учрашувларимиз ҳам бундан мустасно бўлмади.
Таъкидлаш жоизки, салкам уч минг йиллик тарихга эга бўлган кўҳна ва боқий шаҳар кейинги йилларда янада чирой очди. Шу боис хорижий ва маҳаллий сайёҳларнинг бу гўшадан оёғи узилмаяпти. Аммо ютуқларга соя соладиган камчиликлар ҳам йўқ эмас. Хусусан, ҳудуддаги чакана савдо фаолияти ўрганилганда тегишли тартиб-қоидаларга риоя этмаслик ҳолатлари кўзга ташланди. Назаримизда, тадбиркорлар ҳуқуқи ва уларга яратилаётган шарт-шароитлар ҳақида тушунтириш ишлари кўнгилдагидек эмасдай. Ҳуқуқни билмаслик муайян жавобгарликдан озод этилмаслигини тушунтирар эканмиз, қонунга итоаткор тадбиркор – давлат ҳимоясида эканлиги алоҳида уқтирилди.
Хива туманида жами 138 та кўп қаватли турар-жой бўлиб, уларда 2349 та хонадон мавжуд. Уларга хизмат кўрсатиш мақсадида 5 та хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари жорий йил 24 апрелда янгидан ташкил этилган, бироқ уларнинг тўлақонли фаолият юритиши учун махсус биноси ҳали-ҳануз йўқ. Ичимлик суви тармоғидаги босим пастлиги сабаб “Дўстлик” ва “Бинокор” маҳаллаларидаги 4-5 қаватли уйларда айрим ҳолларда сув етиб бормаслик ҳолатлари мавжуд. Шу каби муаммоларни ижобий ҳал этиш учун тегишли ташкилотлар жалб қилинди, назорати эса Халқ депутатлари Хива туман Кенгаши депутатлари зиммасига юкланди.
“Гиламчи”, “Газчи”, “Дўстлик”, “Бинокор” маҳаллаларида ҳам шунга ўхшаш манзара кўзга ташланади. Хусусан, “Бинокор” маҳалласида 28 та 2 қаватли, 4 та 4 қаватли, 4 та 5 қаватли уйлар бўлиб, ҳанузгача уй-жой мулкдорлари ширкати ташкил этилмагани боис улар умуман қаровсиз аҳволга келиб қолган. Иншоотларнинг кириш йўлакларида эшиклар йўқ, шу боис ертўлалар чиқиндихонага айланган. Бундан ҳам аянчлиси, кўп қаватли уйларда марказлашган иссиқлик тизими йўқлиги туфайли ҳар бир хонадон эгаси қўлбола иситиш мосламаси ўрнатишга мажбур бўлган. Бу нафақат ноқонуний, балки истиқомат қилувчи фуқароларнинг ҳаёти учун ҳам хавфлидир. Шунингдек, уйлар олдида янги кўринишдаги намунавий новвойхоналар йўқлиги туфайли ҳар бир уй олдида эски типдаги тандирлар қурилиб, ўтин ва ғўзапоялар уюлиб қолган. Ўз-ўзидан маълумки, мазкур ҳолат кўп қаватли уйларни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштиришга халал бериши баробарида хавфсизлик талабларига ҳам тамоман зиддир.
Юқорида қайд этилган масалалар атрофлича ўрганилиб, аввало, аҳолига кенг тушунтириш берилди ва мутасадди ташкилотларга депутатлик сўровлари юборилди. Албатта, уларнинг ижроси қатъий назоратга олинади.
Клара ЖУМАМУРАТОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
O‘zLiDeP фракцияси аъзоси
* * *

ҚОРАҚАЛПОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ:

7-Орол сайлов округидан Парламент Қонунчилик палатасига сайланган фракциямиз аъзоси Зафар Ханиязов Беруний туманида аҳоли билан юзма-юз мулоқотда бўлди. Вақт тиғизлигига қарамасдан, депутатимиз эксклюзив-интерьвюга кўнди.
– Зафар ака, ҳозиргина якунланган учрашув қандай ўтди?
– “Саркоп” ОФЙ ҳудудида аҳоли билан мулоқотда ҳудудлардаги давлат бошқаруви идоралари ҳамда мутасадди муассасалар фаолияти таҳлил қилиниб, ҳал этилиши лозим бўлган масалаларга эътибор қаратилди. Беруний тумани марказидан 15 км узоқда жойлашган овулдаги ўнлаб хонадонларга кириб, айрим  муаммоларга мутасаддилар билан биргаликда ечим изладик.
–  Муаммоли мурожаатлар асосан қайси соҳаларга тааллуқли?
– Кўпинча электр тизимидаги узилиш, тадбиркорлик, ижтимоий муҳофаза масалаларида бўлмоқда. “Саркоп” ОФЙда истиқомат қилувчи тадбиркор Инобат Худайберганованинг “Қишлоқ қурилиш банк” филиалига савдо терминали билан таъминлашни сўраб март ойида ёзган аризаси жавобсиз қолибди. Масала ҳал этилди. “Навоий” ОФЙда яшовчи кекса ногирон Жолдасбай Утемуратовга туман тиббиёт бирлашмаси билан биргаликда ногиронлик аравачаси олиб берилишига эришдик. Шунингдек, “Палваш” ва “Саркоп” аҳоли пунктларида электр энергияси қувватини меъёрида етказиб бериш учун махсус ускуналарни алмаштириш юзасидан мурожат тушганди, мутасаддилардан  ижобий ечим учун бир ҳафта ичида бажарилиш кафолати олинди. 11-сонли мактабда тоза ичимлик суви ўтказилмаганлиги бўйича қилинган мурожаат ҳам жойида ҳал этилди. “Палваш” маҳалла аҳолиси ҳам жамоат транспорти қатнови борасидаги муаммоси ечим топганидан хурсанд.
– Мурожаатларнинг алоҳида назоратга олинаётганлари ҳам борми?
– Албатта. Учрашувларда фуқаро Ғулом Ҳакимов тадбиркорлик учун ер ажратишни сўраган. Ушбу масала ечими туман архитектори томонидан назоратга олинди. Туман халқ таълими бўлимига қарашли 61-сонли мактабда ташкил этилаётган иссиқхонага 4 миллион 500 минг сўм кредит ажратилиши, “Саркоп” ва “Палваш” маҳалласида газ баллон алмаштириш шохобчаси ташкил этиш масалалари ҳам алоҳида эътиборга олинган мурожаатлардир. Шунингдек, бир неча нафар беморни тиббий кўрикдан ўтказиб, тегишли муолажаларни амалга ошириш масаласини ҳам ён дафтаримга алоҳида қайд қилиб қўйдим.
– Таклифлар ҳам тушаётгандир?
– “Палваш” МФЙга ичимлик суви тармоғини олиб бориш комплекс дастурга киритилиши лозим. “Нур” қишлоқ врачлик пункти негизида ташкил этиладиган оилавий поликлиника учун қўшимча етти хонали янги бино қуриш, эски бино ўрнида эса ижтимоий дорихона филиали ташкил этиш керак. “Палваш” ва “Жуманиязов” МФЙда жойлашган 2 та болалар боғчасини таъмирлаш (реконструкция), “Палваш” массивида янги мактабгача таълим муассасаси қуришга эҳтиёж бор. Ёки 9-сонли мактабни олайлик: у 180 ўринга мўлжалланган бўлиб, ҳозирги кунда 383 нафар ўқувчи таълим олмоқда. Бу муаммони ушбу мактабга қўшимча бино қуриш орқали ечиш мумкин. Булар энди алоҳида эътибор ва ҳаракат талаб этиладиган масалалардир.
O‘zLiDeP Қорақалпоғистон Республикаси
Кенгаши матбуот хизмати раҳбари
Фурқат ЮСУПОВ суҳбатлашди
* * *

НАМАНГАН:

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари бу гал Наманган вилоятининг Янгиқўрғон туманида бўлиб, аҳоли билан учрашдилар.
– Мулоқотлар ғоят самимий руҳда ўтди, – дейди O‘zLiDeP вилоят Кенгаши раиси, сенатор Солижон Мўминов. – Туман маркази ва қишлоқлардаги 850 дан зиёд хонадонга кирилди. 500 га яқин муаммоли масалалар ўртага ташланди. Уларнинг аксарияти уй-жой, коммунал, тиббий хизмат кўрсатиш, таълим, бандлик, инфратузилма ҳамда тадбиркорлик борасидаги вазифалар билан боғлиқ бўлиб, 101 масала жойида ҳал этилди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, O‘zLiDeP фракцияси аъзоси Наргиз Халилова тумандаги Нанай ва Заркент қишлоқларидаги аҳоли билан учрашди. Фуқаролар бу учрашувлардан мамнун эканликларини айтишди.
– 9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан бир қатор тадбирлар амалга оширилмоқда, – дей­ди Заркент қишлоғида истиқомат қилувчи Соҳибахон Отамирзаева.  – Айниқса, ўтганларни хотирлаш, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва фахрийларни эъзозлаш, уларни байрам билан табриклашга алоҳида эътибор қаратилганлигидан ҳамма хурсанд. Қишлоқдаги қабристонлар ободонлаштирилди. Якка-ёлғиз яшовчи кексалардан, беморлар ҳолидан хабар олинди. Бу каби хайрли ишлар ёшлар тарбиясига ижобий таъсир этмоқда. Лекин беш қўл баробар бўлмаганидек, маҳалламизда нотинч, низоли оилалар, фарзандлар тарбиясига етарли даражада эътибор қаратмаётганлар, томорқасидан унумли фойдаланмаётганлар ҳам йўқ эмас. Ишсизлик, ажралиш, ҳуқуқбузарликлар ҳам учраб турибди. Шунинг учун мен битта таклиф бермоқчиман, яъни, қишлоқ фуқаролар йиғини биносида кутубхона ташкил этсак, ёшларни китоб ўқишга ўргатсак, яхши бўларди...
Депутатнинг саъй-ҳаракати билан икки кун ичида Заркент қишлоқ фуқаролар йиғини биносида кутубхона ташкил этилди!
Шунингдек, депутатларга “Заркент” деҳқон бозорида сотувчи ва харидорлар учун шароитлар етарли эмаслиги тўғрисида ҳам эътироз билдирилди. Бу мурожаат ҳам эътиборга олиниб, туман ҳокимлигига депутатлик сўрови киритилди. Партия электорати вакиллари бўлган тадбиркор ва фермерларнинг қонуний манфаатларини таъминлаш ҳам ишчи гуруҳи аъзоларининг диққат марказида бўлди. Жумладан, баъзи маҳаллаларда оилавий бизнесни юритиш истагида юрганлар тижорат банкларидан кредит олишда муаммоларга дуч келаётганликларини таъкидлашди. Бу масала ҳам депутатларнинг аралашуви билан ижобий ечим топди, тижорат банклари раҳбарларига бундай фуқароларга молиявий кўмак бериш бўйича тавсия ва топшириқлар берилди.
Ўз мухбиримиз
* * *

БУХОРО:

Барча ҳудудларда бўлганидек, Бухоро вилоятида ҳам Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг жойлардаги аҳоли билан учрашувлари қизиқарли ўтказиляпти.
Бу галги юзма-юз мулоқотлар вилоятнинг Вобкент туманида бўлиб, илгари сурилган бир қатор долзарб масалалар юзасидан тегишли чора-тадбирлар белгиланди. Жумладан, Олий Мажлис Қонунчилик палатасига 27-Жилвон сайлов округидан сайланган депутатимиз Жамол Носиров ва Халқ депутатлари Вобкент тумани Кенгаши депутати Ҳайдар Ҳамроев “Шанба” қишлоғи аҳолиси билан ўтказган учрашуви чоғида Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, жойларда тиббий ёрдам кўрсатишни яхшилаш, шунингдек, ички йўлларни таъмирлаш, аҳоли хонадонларини табиий газ билан таъминлашдаги узилишларни бартараф этиш  ва бошқа бир қатор муҳим  масалалар билан боғлиқ муаммолар ўртага ташланди.
Тумандаги “Пирмаст” ҚФЙ ўрамидаги аҳоли билан учрашув чоғида Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциямизнинг яна бир аъзоси Шуҳрат Бафоев ҳамда Халқ депутатлари туман Кенгаши депутати Шавкат Исомиддинов ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада тараққий эттириш, тижорат банклари томонидан соҳа ходимларига молиявий ёрдам беришни кучайтириш  билан боғлиқ масалалар юзасидан атрофлича фикр алмашди, тегишли чора-тадбирлар белгиланиб, зарур тавсиялар берилди. Алоҳида қайд этиш керак, жонли мулоқотларда кўтарилган кўпгина муаммоларга жойида ечим топилмоқда.
Асхор ИСТАМОВ,
“ХХI asr” мухбири

Joomla