Thursday, Jan 19th

Last update06:53:34 AM GMT

You are here:

БОЛАЛАРГА БЕЭЪТИБОР БЎЛМАНГ

Мамлакатимизда вояга етмаганлар ва ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бу йўналишдаги ишларни самарали ташкил этилишида Ички ишлар вазирлиги ва унинг жойлардаги қуйи тизимларининг ўрни катта. Хўш, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида тизимда бу борада қандай ишлар амалга оширилди? Ушбу савол билан Ички ишлар вазирлиги Ҳуқуқбузарликларни олдини олиш бош бошқармаси катта инспектори Нозим Ҳабибуллаевга мурожаат қилдик.

– Касалликни даволагандан олдини олган афзал бўлганидек, жиноятга олиб борувчи сабаблар бартараф этилса, у томир отмайди ва жамиятга хавф солмайди, – дейди суҳбатдошимиз. – Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, маҳалла посбонлари ва бошқа жамоатчилик тузилмалари вакиллари билан ҳамкорликда вояга етмаганлар, шунингдек, ёшлар ўртасида ҳуқуқ­бузарлик ва жиноятларни эрта аниқлаш ҳамда ўз вақтида олдини олишга қаратилган қатор ишлар амалга ошириб келинмоқда.

Бу борада Бош прокуратура, Ички ишлар, Адлия, Олий ва ўрта махсус, Халқ таълими вазирликлари, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати ва Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси вакилларидан иборат ишчи гуруҳ ички ишлар органларининг профилактик назоратида турган вояга етмаганлар билан тегишли тадбирлар олиб бормоқда. Келажагимиз эгаларининг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш мақсадида турли спорт ва факультатив тўгараклар ташкил этилди.

Бундан ташқари, ижтимоий-ҳуқуқий ёрдамга муҳтож вояга етмаганлар республикамизнинг ҳар бир ҳудудида фаолият кўрсатаётган ёрдам кўрсатиш марказларига жалб этилиб, уларга якка тартибда профилактик ишлар олиб борилаётир.


Маълумки, фарзанд тарбиясида оила, ота-онанинг таъсири катта. Зеро, инсоний фазилатлар болаликдан сингдирилсагина, улар онг-шуурига мустаҳкам ўрнашади ва эзгу ишлар сари етак­лайди. Шу боис фарзанд тарбиясида лоқайд­ликка йўл қўйиб бўлмайди. Аммо орамизда бу ҳаёт ҳақиқатини ўз вақтида тушуниб етмаётган ота-оналар ҳамон учраб турибди. Бу эса ғўр, ҳаётнинг аччиқ-чучугини татиб кўрмаган, содда ва ишонувчан, таъсирчан ёшларни билиб-билмай хатога йўл қўйишига сабаб бўлмоқда. Биргина жорий йилнинг тўққиз ойида ўз фарзанди олдидаги вазифаларини бажармаётган тўққиз мингдан ортиқ ота-оналар туман ва шаҳар ҳокимлик­лари ҳузуридаги вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссиялар ҳузурига чақирилиб, ижтимоий, психологик ва педагогик кўрсатмалар берилди.

Қолаверса, доимий фаолият юритувчи мониторинг ишчи гуруҳлари кўмагида вояга етмаганлар тарбиясига салбий таъсир кўрсатувчи порнографик маҳсулотларни тайёрлаш, респуб­ликамиз ҳудудига олиб кириш, тарқатиш, реклама қилиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларни содир этган 700 нафардан зиёд, зўравонлик ва шафқатсизликни тарғиб қилувчи маҳсулотларни қонунга хилоф равишда тарғиб қилган 100 нафарга яқин шахсларга тегишли тартибда чора кўрилди.

Албатта, бу каби саъй-ҳаракатлар ўз самарасини бераяпти. Амалга оширилган умумий, якка ва махсус профилатик тадбирлар натижасида мамлакатимизда вояга етмаганлар томонидан содир этилган умумий жиноятлар 8,4 фоизга камайди.

Фаолиятимиз самарадорлигини ошириш мақсадида республикамиз бўйлаб “Ёшлар ва қонун” тарғибот тадбирларини ўтказдик. Уларда 4 миллионга яқин ўқувчи ва талабалар қамраб олинди. Энг муҳими, юртимиз тинчлиги ва осойишталигини сақлашда нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, балки, барчамиз бирдек масъул эканлигимизни унутмаслигимиз лозим. Ўсиб келаётган навқирон авлоднинг одоб ва ахлоқи, юриш-туришига оила, маҳалла, таълим муассасасида бирдек эътибор қаратиш зарур. Фарзандимиз бўш вақтини қандай ўтказаётгани, ким билан дўстлашётгани билан қизиқишимиз, уларнинг кўнглига йўл топишимиз даркор.

“XXI asr” мухбири
Акбар МУЗАФФАРОВ ёзиб олди.

Joomla