Monday, Apr 24th

Last update01:59:47 AM GMT

You are here:

ЧОРРАҲАДА ЧАЛҒИМАНГ!

15 мартдан кузатув камералари ишга тушади


Пойтахтимиз йўлларида ҳаракатланиш хавфсизлиги борасидаги ишлар самарадорлигини янада такомиллаштириш мақсадида ўтган йили Тошкент шаҳридаги 115 та чорраҳага видео кузатув мосламалари ўрнатилган эди. Шунингдек, онлайн тизимида кузатувни амалга оширадиган ушбу янги техник мосламалар ёрдамида қоидабузарларга нисбатан жарима қўллаш механизми қачон тўлиқ ишга тушиши ҳақида ОАВда эълон қилиниши хабар қилинган эди. Ниҳоят, ўша кун ҳам етиб келди – 15 мартдан бошлаб мазкур видеокамералар ёрдамида қайд этилган қоидабузарликлар учун ҳайдовчиларни жаримага тортиш механизми синов тариқасида ишга туширилади. Биз мазкур янгиликнинг барча тафсилотларидан муштарийларимизни хабардор қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Ички Ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги Бош бош­қармаси бошлиғи Холматжон Сайдалиев билан суҳбатлашдик.

– Холматжон Аҳмедович, юқорида қайд этилган тизимнинг синов тариқасида фаолиятини бошлагани ва уни жорий этишдан кўзланган мақсад, бир сўз билан айтганда, тизимнинг самарадорлиги тўғрисида маълумот берсангиз?
– Дастлаб камералар нима учун синов тариқасида ишга туширилиши ҳақида айтиш керак. Маълумки, бу янгилик бизда илк бор қўлланилаяпти. Шу боис уни ўзига хос тажриба десак, тўғри бўлади. Яъни, 15 март кунидан бошлаб  қоидабузарликлар учун жарима солиш тўғрисидаги қарор транспорт воситасининг эгасига жўнатила бошланади. Айнан мана шу жараён мобайнида ўрнатилган техникаларнинг ишлашини назоратдан ўтказамиз. Юзага келадиган муаммолар ва камчиликларни бартараф этиш чораларини кўрамиз. Шу сабабли ҳам синов тариқасида, деб айтилаяпти.
Энди кейинги саволингиз – асосий мақсадга келсак, бу Тошкент шаҳри кўчаларида йўл ҳаракати хавфсизлигини замонавий технологиялар ёрдамида таъминлашдан иборатдир. Шунингдек, ушбу янгилик йўл ҳаракати қатнашчиларининг йўл-транспорт ҳодисаларидан ҳимояланганлик даражасини ошириш, пойтахт кўчаларининг юқори ҳаракат жадаллиги шароитида йўл ҳаракатини назорат қилиш, қоидабузарликларни автоматик тарзда аниқлаш, қайд этиш ҳамда профилактика қилиш ишларини такомиллаштиришга қаратилган. Бунинг учун назорат қилинадиган ҳар бир объект, яъни чорраҳа ҳаракатни назорат қилувчи, қоидабузарликларни автоматик тарзда аниқловчи замонавий техник воситалар, интеллектуал детекторлар, контроллерлар, видеокамералар билан жиҳозланди.
Янги тизимнинг ишлаш тартиби қандай?
– Чорраҳалардан олинган барча маълумотлар Марказий диспетчерлик хизматига узатилади ва бу ердаги электрон табло ҳамда видеомониторларга чиқарилади.
Қулайлик жиҳати шундаки, чорраҳалардаги тизимга киритилган светофорлар детекторлардан олинган ҳаракат оқими тўғрисидаги маълумотларни қайта ишлаш орқали автоматик тарзда бошқарилади.
Бунинг натижасида светофорлар фаолияти оптималлашади, йўлларнинг ўтказувчанлик қобилияти оширилади. Энг асосийси, транспорт воситаларининг чорраҳалар олдида тўхтаб туриши 20-25 фоизга, двигателлардан чиқаётган заҳарли газлар 5-10 фоизга, ёнилғи сарфи эса 5-15 фоизга камайиши ҳисобига шаҳардаги экологик ҳолат ҳам анча  яхшиланади.
Яна бир муҳим янгилик бор: чорраҳалардаги вазиятни масофадан туриб узлуксиз кузатиб бориш ортидан видеокамералар ҳамда фуқаролар учун махсус, жумладан, ички ишлар, тез тиббий ёрдам, ёнғин хавфсизлиги хизматларини  чақириш учун тегишли воситалар ўрнатилди.

– Айтинг-чи, қонун билан амалдаги Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга махсус автоматлаштирилган фото ва видео техника воситалари орқали қайд этилган йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун маъмурий жавобгарликнинг киритилишидан кўзланган мақсад нима?
– Ўзгартиришлар асосан транспорт воситаси ҳайдовчиларининг масъулиятини ошириш, автомобиль йўлларида ҳуқуқбузарликлар ва йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, кўчаларимизда юзага келаётган тирбандликларни бартараф этиш, энг муҳими, йўл ҳаракати иштирокчиларининг хавфсизлигини таъминлашга қаратилган.

– Суҳбатга тайёргарлик кўриш асносида Олий Мажлис Сенати томонидан 2015 йил 6 августда маъқулланган ва 10 августда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун матни билан яна бир карра танишган эдим. Унда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекс соҳага оид 2 та янги модда билан тўлдирилгани ҳамда 13 та моддага қўшимча ва ўзгартиришлар киритилганини кўришимиз мумкин.
– Тўғри, Кодекс 171-модда билан тўлдирилди. Мазмуни махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали қайд этилган йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун шахсларнинг маъмурий жавобгарлиги ҳақида. Демак, унга кўра, махсус техника воситалари орқали йўл ҳаракати қоидалари бузилганлик ҳолати қайд этилганда, маъмурий жавобгарликка транспорт воситасининг мулкдори тортилиши белгиланган. Шунингдек, юридик шахсга тегишли транспорт воситасидан фойдаланганда содир этиладиган йўл ҳаракати қоидалари бузилганлиги махсус техника воситалари орқали қайд этилган тақдирда, маъмурий жавобгарликка юридик шахснинг транспорт воситасидан фойдаланиш учун масъул бўлган шахси тортилиши белгилаб берилди.
Иккинчи янгилик – кодексга киритилган 3091 ‑модда. Бунда фото ва видео техника воситалари орқали қайд этилган йўл ҳаракати қоидабузарлик­ларига нисбатан жарима солиш тартиби белгиланган. Унга кўра, махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали қайд этилган йўл ҳаракати қоидабузарлиги бўйича жарима солиш тўғрисидаги қарор маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган шахснинг иштирокисиз чиқарилади. Жарима солиш тўғрисидаги қарорнинг кўчирма нусхаси фото ва видео қайд этиш техника воситалардан олинган материалларни илова қилган ҳолда қарор чиқарилган кундан эътиборан уч кун ичида буюртма почта жўнатмаси орқали ҳуқуқбузарга юборилади.

– Шу ўринда шахсан ўзимни қизиқтираётган савол. Қоидабузарлик содир этилган вақтда транспорт воситасининг эгаси ўрнига бошқа шахс ишончнома билан бошқарган бўлиши мумкин-ку! Бундай ҳолатда қандай чора кўрилади?
– Қонунда масаланинг бу томони ҳам инобатга олинган. Агар маъмурий жавобгарликка тортиш тўғрисидаги қарор устидан берилган шикоятни кўриб чиқиш жараёнида тегишли транспорт воситасига ҳуқуқбузарлик қайд этилган пайтда эгалик қилган шахс аниқланса ёхуд мазкур транспорт воситаси бошқа шахсларнинг ғайриҳуқуқий хатти-ҳаракатлари натижасида транспорт воситаси мулкдорининг эгалигидан чиқиб кетганлиги аниқланса, транспорт воситасининг эгаси ўзига тегишли транспорт воситасидан фойдаланиб содир этилган йўл ҳаракати қоидабузарлиги учун маъмурий жавобгарликдан озод этилади. Бу қоидабузарликларнинг олдини олишда жуда ҳам муҳим. Сабаби, эндиликда мулк эгаси ҳам ҳайдовчини қоидабузарлик қилмасликка чақириб, қоидаларга амал қилиш зарурлигини эслатиб туради. Айниқса, бир неча транспорт воситаларини ижара шартномаси асосида ёки ишонч қоғози билан бошқаришга берган мулкдорларнинг масъ­улияти ошади. Уларнинг ўзлари ҳам қоидабузарликларга қарши курашишади. Ҳайдовчиларини доимий назорат қилишади. Шунинг ўзи ҳам қоидабузарликлар сони сезиларли даражада камайишига хизмат қилади. Ҳаракатланиш хавфсизлигини таъминлаш самарадорлиги ортади. Қисқача айтганда, йўл-транспорт ҳодисаларининг сони ўз-ўзидан камаяди.

– Махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситаларидан олинган маълумотлар далил сифатида ўтадими?
– Ҳа, албатта. Кодекснинг 276-моддасига киритилган ўзгартиришда айнан шу масала кўзда тутилган. Унга мувофиқ автоматлаштирилган тизим орқали олинган маълумотлар маъмурий иш бўйича далил сифатида қабул қилиниши белгилаб қўйилди. Шунингдек, ҳужжатлар электрон шаклда расмийлаштирилиши сабабли махсус техника воситалари орқали қайд этилган ҳуқуқбузарлик учун маъмурий баённома тузилмаслиги ҳақида ҳам Кодекснинг 283-моддаси тўртинчи қисмида белгилаб қўйилган.

– Қоидабузарлик содир этган ҳайдовчи жаримани қанча муддатда тўлайди?
– Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 36-моддасига киритилган ўзгартиришларга кўра, маъмурий жазо қўллаш муддатлари икки ойдан бир йилга қадар узайтирилди. Бундан ташқари, Кодекснинг 332-моддаси иккинчи қисм билан тўлдирилиб, махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали қайд этилган йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун солинган жаримани ҳуқуқбузар жарима солиш тўғрисидаги қарор чиқарилган кундан бошлаб 60 кундан кечиктирмай, бундай қарор хусусида шикоят берилган ёки протест билдирилган тақдирда эса, шикоят ёки протест қаноатлантирилмаганлиги тўғрисида хабар берилган кундан эътиборан ўттиз кундан кечиктирмай тўлаши лозимлиги ҳақидаги норма белгилаб берилди.

– Агар кўрсатилган ушбу муддатларда ҳам жарима тўланмаса, қандай чора кўрилади?
– Кодекснинг 291-моддаси иккинчи қисмига кўра, жарима солиш тўғрисида қарор чиқарган ваколатли орган раҳбари жарима солиш ҳақидаги қарор чиқарилган кундан эътиборан олтмиш кун ўтгач, қарорнинг ижроси юзасидан иш юритиш тугагунига қадар транспорт воситасини вақтинчалик жарима майдонида ушлаб туриш тўғрисида ёзма кўрсатма бериши ҳақидаги қоида белгилаб берилди.

– Маълум бир сабабларга кўра қарор бекор қилинса-чи, унда қандай йўл тутилади?
– Айнан шу мазмунда Кодекснинг 321-моддаси учинчи қисм билан тўлдирилди, яъни махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали қайд этилган йўл ҳаракати қоидалари бузилганлиги бўйича иш янгидан кўриб чиқиш учун юборилиб, қарор бекор қилинган тақдирда, мазкур иш маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этган шахсга нисбатан у илгари содир этган ҳуқуқбузарликларнинг такрорийлигини инобатга олган ҳолда умумий асосларда кўриб чиқилиши лозимлиги мустаҳкамлаб қўйилди.

– Жарималар қоидабузарликларнинг такрорийлигига қараб белгиланиши ҳақида айтдингиз. Махсус автоматлаштирилган фото ва видео воситалари орқали қайд этилган қоидабузарликларга ҳам шу тарзда чора кўриладими?
– Қонун қабул қилингунга қадар транспорт воситалари ҳайдовчиларининг белгиланган ҳаракат тезлигини соатига 40 километрдан ортиқ катталикда ошириб юборишлари аниқланган тақдирда маъмурий иш ваколат доирасида кўриб чиқиш учун суд идораларига юборилиши лозим эди. Эндиликда бу турдаги ҳуқуқбузарлик алоҳида 1283-модданинг 3-қисми сифатида ажратилиб, энг кам ойлик иш ҳақининг етти баравари миқдорида жарима солиниши белгиланди ва чора кўриш ваколати Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати мансабдор шахсларига берилди, учинчи ва тўртинчи қисмлар мос равишда тўртинчи ва бешинчи  қисмлар деб ҳисобланиб, суд идоралари ваколати доирасида кўриб чиқилиши белгиланди.

Таъкидлаб ўтмоқчиманки, махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали қайд этилган йўл ҳаракати қоидабузарлик­лари юзасидан тўғридан-тўғри жарима солиш тўғрисидаги қарор чиқарилади. Бунда қоидабузарликнинг такрорийлиги инобатга олинмайди.
Агарда чиқарилган қарор юзасидан шикоятни кўриб чиқиш жараёнида ушбу ҳуқуқбузарлик бошқа шахс томонидан содир этилганлиги аниқланганда, қарор бекор қилинади ва транспорт воситасини бошқариб, қоидабузарликни содир этган шахсга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилади. Бунда қоидабузарликнинг такрорийлиги инобатга олинади. Қисқа қилиб айтганда,  жарима солиш тўғрисидаги қарорга эътироз билдирилмаса, қоидабузарликнинг такрорийлиги инобатга олинмайди, мазкур ишни қайта кўриб чиқиш пайтида бошқа шахсга маъмурий баённома расмийлаштирилса, такрорийлик инобатга олинади.

– Сўнгги савол: бошқарма томонидан ушбу янгиликларни ҳаётга жорий этиш, ҳаракат иштирокчиларига тушунтириш бўйича қандай чора-тадбирлар кўрилаяпти?
– Қонун қабул қилинган кундан эътиборан оммавий ахборот воситалари имкониятларидан кенг фойдаланган ҳолда тарғибот ишлари олиб борилмоқда. Бундан ташқари маҳаллаларда, меҳнат жамоаларида ўтказилаётган учрашув ва амалий мулоқотлар чоғида ҳам янги тизимнинг афзалликлари, киритилган қўшимча, ўзгартиришлар ҳақида тушунтириб борилаяпти. Фурсатдан фойдаланиб, ҳаракат иштирокчиларига мурожаатимиз шуки, қонунлар кимнидир жазолаш учун эмас, балки йўлларимизда хавфсизликни таъминлаш мақсадида қабул қилинади. Унинг ижроси эса ўзимизга боғлиқ.
“XXI asr” мухбири
Аслиддин АЛМАРДАНОВ ёзиб олди.

Joomla