Tuesday, May 30th

Last update07:38:55 AM GMT

You are here:

ЭСКИ ДАРД – ЯНГИ ҲАСРАТ

...Боғбон ерни тобига келтириб, кўчатни ўтқазгандан сўнг энди қачон ҳосилга кирар экан, деб кутиб турмайди. Табиийки, унга ўз вақтида сув қуяди, озиқлантиради, ёввойи ўтлардан тозалайди, турли мавсумий ноқулайлик, касалликлардан ҳимоя қилиш чораларини кўради. Қарабсизки, тўғри ва оқилона бажарилган агротехник тадбир натижа бера бошлайди: ёш ниҳол илк нишоналарини кўрсатади.

Бу ҳаётий тамойил ҳар бир соҳага тааллуқли,  жумладан, қишлоқ хўжалигига ҳам. Оддий аксиома шуки соҳанинг ривожланиши учун, аввало, эътибор, имтиёз ва она табиатга ғамхўрлик зарур. Бусиз иқтисодиётда соҳа улушини ошириш – булутсиз осмондан ёмғир кутишдек бир гап.

 

Жаҳоннинг барча мамлакатлари ана шу тажрибага амал қилган ҳолда аграр секторни ривожлантириш иқтисодиётнинг таянчи, унинг эртанги кунини белгиловчи, ва энг муҳими, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда асосий омиллардан бири эканлигини англаб етмоқдалар.

Шундай бўлиши табиий. Чунки мутахассислар томонидан яқин йигирма йил ичида дунё аҳолиси учун ҳозиргидан 50 фоиз кўпроқ озиқ-овқат, 40 фоиздан кўпроқ электр энергия ва ичимлик суви керак бўлиши тахмин қилиняпти. Нега деганда, сайёрамизда аҳоли сони муттасил ошиб боряпти. Озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжни қондириш учун эса қишлоқ хўжалиги тараққиётини янги босқичга кўтариш, соҳага инновацион технологияларни жалб этган ҳолда ҳосилдорликни ошириш, ҳар бир қарич ердан унумли фойдаланиш лозимлигини айтмасак ҳам яхши биласиз.

Хўш, ким қайси йўлдан боряпти? Қандай чора-тадбирларни амалга оширса, БМТнинг озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (FAO)нинг ҳисоботларида келтирилган муаммоларнинг олди олинади? Бинобарин, мазкур нуфузли ташкилот томонидан жорий йилда тақдим этилган маълумотга кўра, айни пайтда дунёнинг 37 мамлакати, шу жумладан, Африканинг 28 давлати озиқ-овқат кўринишидаги маҳсулотларга четдан бериладиган  ёрдамга  муҳтож. Мутахассислар фикрича, жаҳонда озиқ-овқат таъминотининг кўплигига қарамай, фуқаролик можароларидан жабр кўрувчи минтақаларда бу масала муаммолигича қолмоқда. Қурғоқчилик эса вазиятни янада мураккаблаштирмоқда. FAO экспертлари “Қора қитъа”нинг аксарият ҳудудларида қиш­лоқ хўжалигидаги ишлаб чиқаришнинг қайта тикланишини тахмин қилаётган бўлишса-да, жойларда давомли ижтимоий бўҳрон ва тартибсизликлар давом этар экан, масала ижобий томонга силжимаслигини таъкидламоқдалар.

Биргина мисол. Яқинда Жанубий Суданда расман очарчилик эълон қилинди. Оммавий очарчилик туфайли миллионлаб одамлар Нил дарёси ботқоқликларида жон сақлашга мажбур бўлишмоқда. Чунки, экин экиб, деҳқончилик қилиш имконсиз. Егулик сотиб олишга етарли миқдорда пул ишлаб топиш ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Шу боис, улар турли хил сув ўтлари ва дарёдан тутилган балиқларни еб кун кечиришяпти. Айрим оилалар бир неча кунлаб оч яшашга маҳкум. Таассуф билан айтиш керакки, дунё бундай йирик кўламдаги гуманитар фожиага сўнгги 6 йилда илк маротаба дуч келмоқда. Бу ҳали ҳаммаси эмас. Агар тахминлар исботини топса, 5,5 миллион одам ёхуд аҳолининг қарийб ярми июль ойига қадар озиқ-овқат таъминотидан маҳрум бўлиб қолиши мумкин...

Танганинг икки томони бўлганидек, мамлакатда ҳукм сураётган очарчиликнинг ўзига хос сабаблари бор. Шубҳа йўқки, уни вужудга келтирган омилларни билган ҳар бир киши, ТИНЧЛИК нақадар улуғ неъмат экани ва унинг мамлакат равнақидаги ўрнини теран ҳис этади. Бундай дейишимизнинг боиси – ҳалокатга қайсидир маънода ҳудудда ҳукм сураётган нотинчлик сабаб бўлаётир. Таъкидлаш жоиз, Судан нефть захираларига бой бўлган дунёдаги энг ёш мамлакатлар сирасига киради. Муаммо шундаки, 2013 йилда бошланган фуқаролар уруши ҳамда этник гуруҳлар ўртасида давом этаётган ўзаро зиддият давлатни қабилаларга парчалаб ташлади. Бу эса унинг иқтисодий тараққиётига жиддий тўсиқ бўлмоқда. Эътибор беринг: ўтган йили бу ҳудудда инфляция даражаси 800 фоизга етган. Шиддатли иқтисодий шўнғиш. Шундай эмасми? Умуман олганда, юқорида айтганимиздек, уруш ва қурғоқчилик, ўзаро низолар бу инқирозни келтириб чиқарди!

Айни пайтда халқаро ҳамжамият бу борада бир қатор чора-тадбирларни амалга оширишга уринаётир. Ҳисоботларда қайд этилишича, Жанубий Судандаги аҳволни нисбатан яхшилаш учун 1,6 миллиард АҚШ доллари зарур. Ҳозирда эса бу маблағнинг бор-йўғи 18 фоизи тўпланган, холос. Беғараз молиявий ёрдам билан аҳоли бироз бўлса-да, тўйиб овқат ейди. Аммо кейин-чи? Саволни аниқроқ қўйсак, молиявий кўмак муаммони охиригича бартараф эта олармикан? Энди, у ёғини ўзингиз тасаввур қилаверинг...

Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш нафақат Суданда, балки бутун дунёни ўйлантирётган масаладир. Чунки, юқорида таъкид­ланганидек, сайёрамиздаги аҳоли сони йилдан-йилга кўпаймоқда. Содда қилиб айтганда, озиқ­-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмининг ўсиши демография ва эҳтиёжларнинг ўсишидан ортда қолмоқда. Йил йилга ўхшамаяпти. Яъни, табиат ҳам ўз инжиқликлари билан ҳосилдорликка сезиларли даражада таъсир кўрсатяпти. Унумдор ерлар борган сари қисқариб бормоқда. Қолаверса, ерларнинг экологик жиҳатдан бузилиши кимёвий моддалар, минерал ўғит ва пестицидларнинг тинимсиз ишлатиш оқибатида янада кучаймоқда. Буларнинг қаторига урбанизация, яъни шаҳарлашув жараёнлари, аҳолининг қишлоқлардан шаҳарларга кўчиши билан боғлиқ муаммолар ҳам қўшилмоқда. Натижада озиқ­-овқат маҳсулотлари етиштириш учун экин майдонлари сезиларли даражада камайиб кетмоқда.

Ана шундай вазиятда айрим давлатлар озиқ-овқат хавфсизлиги билан боғлиқ муаммони гени ўзгартирилган маҳсулотлар ГЎМ ишлаб чиқариш билан таъминлашга ҳаракат қилаётир.

Ҳақиқатан ҳам бу йўл билан ҳосилдорликни ошириш, турли зараркунандаларга қарши пестицидлар ишлатилиши камаяди. Яъни, гени ўзгартирилган организмлар касаллик қўзғатувчиларига, шу жумладан, вирус ва қўзиқоринларга чидамли бўлади. Лекин, бундай маҳсулотнинг инсон организмига салбий таъсири йўқми деган ҳақли савол туғилади. Кўпчилик иқтисодчилар бунинг замирида аслида фойда кўриш, иқтисодий манфаат ётганлигини тилга олаётган бўлсалар, айрим ген инженериясини ривожлантириш тарафдорлари ҳамон ГЎМ умуман хавфсиз, деган фикрда қолмоқдалар. Аммо кейинги ўн йилликда бу фикрлар ўзини унчалик оқламади.

Шу ўринда ГЎМнинг ҳайвонларга таъсири акс этган саноқли тадқиқотлар ҳақида тўхталиш жоиз. Соҳа мутахассисларининг фикрича, ирси ўзгартирилган жониворлар ва ўсимликларнинг ҳаётга лаёқатлилиги ва уруғланиши суст бўлиб, улар ўзидан насл қолдиришни истамайди. Мана шу маълумотнинг ўзиёқ гени ўзгартирилган маҳсулотлар таҳдиди жиддий эканидан далолатдир. Мисол учун, Буюк британиялик бир гуруҳ олимлар каламушларни трансген картошка билан боққанларидан кейин улар ошқозонида аномал ўзгаришлар пайдо бўлиши натижасида бирин-кетин қирилиб кетган. Бундан ташқари ген ўзгариши ҳайвонларда агрессивликнинг кучайишига сабаб бўлиши айтилмоқда. АҚШнинг Aqua Bounty Technologies компанияси мутахассислари томонидан лосось балиғида генетик тажриба ўтказилгандан сўнг балиқнинг ҳажми ва вазни анча ортган. Кейинчалик бу балиқда ваҳшийлик ва қонхўрлик тенденцияси кучайгани маълум бўлди. Олимлар инсон қанча кўп генетик ўзгартирилган маҳсулотлар истеъмол қилса, унинг қон таркибида хавфли ўзгаришлар, ошқозон-ичак фаолияти, асаб тизимининг бузилиши ва аллергик касалликларни келиб чиқиш эҳтимоли кучайишини таъкидламоқдалар. Шунинг учун ирси чатиштирилган маҳсулотларни ишлаб чиқаришда етакчи саналган АҚШ, Канада, Лотин Америкаси ва Европа мамлакатларида бундай ўсимликлардан олинган озиқ-овқат маҳсулотларига мажбурий тарзда белги қўйиб сотиш жорий этилган. Бу талабга кимдан-ким риоя қилмаса, жуда катта миқдорда жарима тўлашга мажбур.

Бу билан гени ўзгартирилган маҳсулотлар ишлаб чиқаришга бутунлай чек қўйиш керак, деган фикрдан бутунлай йироқмиз. Чунки, сув тошқинлари, қурғоқчилик, тўфон ва табиий офатлар юз бериши инсон учун ҳаёт-мамот масаласи бўлган озиқ-овқат маҳсулотларини керакли миқдорда етиштиришга халақит бераётганини ҳам унутмаслик керак. Охир-оқибат аксарият мамлакатларда бунга қўл уриляпти. Бор гап шу!

Хўш, мамлакатимизда бу борада вазият қандай? Таъкидлаш жоизки, мустақиллик йилларида мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу борада бир қанча босқичлар босиб ўтилди. Хусусан, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини ислоҳ қилишнинг асосий негизини кенг кўламли институционал ўзгаришлар ташкил этди, уларнинг мазмун-­моҳияти маъмурий ва режали ­тақсимот тизимидан воз кечиш ва бозор муносабатларига ўтишдан иборат эди. Қишлоқ хўжалиги ерлари янгитдан ташкил этилган хусусий фермер хўжаликларига ижара асосида ер участкалари ажратиш орқали, давлат томонидан зарур имтиёз ва преференциялар яратиш йўли билан берилди. Энг муҳими, озиқ-овқат мустақиллигига эришилди. Ўзбекистон БМТнинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида Минг­йиллик ривожланиш мақсадларига эришгани учун бериладиган мукофотга сазовор бўлган давлатлар қаторида эътироф этилди.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Ўзбекистоннинг ноёб тупроқ­ иқлим шароити, мамлакатимизда қуёшли кунлар бир йилда ўртача 320 кун бўлиши, барча тўрт фаслнинг изчил алмашинуви кенг турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш учун қулай имкониятлар яратмоқда.

Мухтасар айтганда, бугунги кунда дунёда озиқ-­овқат хавфсизлигини таъминлаш борасида ҳал этишни талаб қилаётган ўта муҳим муаммолар бир ёки иккита давлатнинг иши эмас. Аксинча, бу борада кенг миқёсдаги  халқаро ҳамкорлик, келажакка қаратилган ёндашув ва хулосалар зарур.






Акбар МУЗАФФАРОВ,
“XXI asr” мухбири

Joomla