Monday, Apr 24th

Last update01:59:47 AM GMT

You are here:

ЭЪТИБОР ВА ИШОНЧ ҚОЗОНИШ КЕРАК

Бугун мамлакатимизда иқтисодий, сиёсий, ҳуқуқий ва маънавий соҳаларда воқеалар ривожи, ислоҳотлар шиддати, янгиланиш одимлари шунчалик тезлашяптики, ўтаётган ҳар бир кунимиз йиллар мазмунига тенг бўлмоқда. Зеро, барча жабҳаларда халқимизнинг ҳаёт тарзи ва табиатидан келиб чиқиб, жонли ва ҳаётий ислоҳотлар ҳаётга татбиқ этиляпти. Муҳими, янги шакл ва мазмун касб этаётган ислоҳотлар ҳар бир оила, ҳар бир хонадон, ҳар бир фуқаро ҳаётига кириб бормоқда.
Яна бир гап. Сезим шундаки, вақт ўтгани сайин одамлар давлат идораларига эмас, давлат идоралари одамларга яқинлашяпти. Бу эса Президентимизнинг “Бундан буён ҳар бир туман ва шаҳарга, керак бўлса чекка-чекка қишлоқ ва овулларгача кириб борамиз. У ерда истиқомат қилаётган одамларнинг дардини эшитамиз, муаммоларини ҳал қилишга қаратилган дастурлар ишлаб чиқамиз ва ижросини қатъий назоратга оламиз” деган сўзлари амалда ўз исботини топаётганидир.
Табиийки, бундай эзгу, устувор вазифалар ўз навбатида парламент қуйи палатасидаги O‘zLiDeP фракцияси аъзолари зиммасига ҳам улкан масъулият юклайди. Бугунги кунда депутатлар ўз фаолиятларини тубдан қайта кўриб чиқиб, сайловчилар билан учрашувларнинг мазмун-моҳияти ҳамда шаклини ўзгартирмоқда. Расмиятчиликдан иборат бўлган турли кўринишдаги тадбирлар ва кабинетда хонанишин бўлиб вазиятни муҳокама қилишдан буткул воз кечилиб, ҳар бир юртдошимиз қалбига кириб боришнинг таъсирчан йўллари изланяпти. Эл ишончини қозониш учун бу каби долзарб вазифаларни адо этиш эса ўз самарасини бераётир. Ушбу фикримизни депутатларимизнинг жойларда аҳоли вакиллари билан бўлган навбатдаги учрашувлари ҳам тасдиқлайди.
Мавзуни даставвал мамлакатимизнинг шимолий ҳудуди – ХОРАЗМдан бошлаймиз. Биласиз, бу ердан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайланган депутатлар орасида Клара Жумамуратованинг ҳам ўз ўрни бор, албатта. Фракциямиз аъзоси Гурлан туманида яшаётган сайловчилар билан самимий мулоқот қилиб қайтди.
Депутатимизнинг изоҳ беришича, тумандаги масъуллар иштирокида кўчама-кўча, хонадонма-хонадон юриб, аҳолининг ҳар бир мурожаати обдон ўрганилди. Ечимини кутаётган масалаларни қонунчилик асосида ҳал этиш бўйича зарур маслаҳатлар берилди.
Депутат билан боғланиб, учрашувлар тафсилоти билан қизиқдик.
– Ҳорманг, Клара Шахназаровна!
– Саломат бўлинг!
– Гурлан туманидаги ўрганиш натижалари хусусида қисқача гапириб берсангиз. У ерда вазият қандай?
– Қарийб ўн кун мобайнида, туманнинг “Сахтиён”, “Олға”, “Эшимжирон”, “Вазир”, “Хизир-эли”, “Дусимбий”, “Бирлашган”, “Гулистон”, “Шоликор” қишлоқ фуқаролар йиғин­­лари, Гурлан шаҳарчасида бўлиб, ҳақиқий ҳолат билан танишдик. Рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, очиқ, самимий мулоқотлар давомида аҳоли томонидан 116 та аниқ масала бўйича 402 та мурожаат қилинди. Уларнинг аксарияти жойида ечимини топди.
Туманда олиб борилган таҳлиллар шуни кўрсатяптики,  ҳали яна кўплаб камчилик­лар мавжуд. Бу табиий ҳол. Чунки, ҳаёт бор экан, инсон бор экан, ­муаммолар ҳам бўлади. Хусусан, айни пайтда туманда жами 504 та савдо ва хизмат кўрсатиш субъектлари мавжуд бўлиб, уларнинг 178 таси тўлов терминаллари билан таъминланмаган. Вазир қиш­лоғи (Ўзбекистон ҳудуди) “Қангли”, “Оққум”, “Олчин” ва “Хизир эли” қишлоғининг “Деҳқон” маҳалласи ҳудудида аҳолига маиший хизмат кўрсатувчи субъектларнинг (кийим кечак ва пойабзал таъмирлаш устахонаси, гўзаллик салони, ҳаммом, маиший электр жиҳозларини таъмирлаш устахонаси) йўқлиги маълум бўлди. Худди шунга ўхшаш қатор камчиликлар атрофлича ўрганилиб, тегишли идораларга депутатлик сўровини жўнатдик. Табиийки, уларнинг ижроси устидан қатъий депутатлик назорати олиб борамиз.
– Демак, ­асосий муаммо ва камчиликлар қуйи бўғинда – пастда. Шундай эмасми?
– Шундай-у, лекин, бугунги шароитда бизнинг вазифамиз фақат одамларнинг мурожаатларини эшитиш, арзномаларини ўрганишдангина иборат бўлиб қолмаслиги, балки аҳолининг ижтимоий-сиёсий онгини юксалтиришга ҳам эътибор қаратишимиз зарур. Бу борада айниқса сўнгги йилларда қабул қилинган долзарб қонунлар, халқчил фармон ва қарорларнинг мазмун-моҳиятини уларга атрофлича тушунтиришимиз керак. Амалий мулоқотлар давомида бунга яққол эҳтиёж сезилди. Зотан, аҳолида ҳуқуқий саводхонлик, ислоҳотларга дахлдорлик ҳисси янада ортса, бизсиз ҳам муаммолар ҳал бўлиб бораверади.
Хўш, бунинг учун қандай механизмлардан фойдалансак, самара биз кутгандек бўлади?
– Фикримча, мақсад аҳоли орасига янада чуқурроқ кириш, нисбатан кенгроқ аудиторияни қамраш экан, энг аввало, бу борада оммавий ахборот воситалари имкониятларидан унумли фойдаланишимиз зарур. У хоҳ босма нашр, телевидение ёки радио бўлсин, чиқишларимизни кўпайтиришимиз ва мулоҳазаларимизни оддий ва содда тилда баён этишимиз даркор.
Акбар МУЗАФФАРОВ,
“XXI asr” мухбири
***

ҚАШҚАДАРЁ

Парламент қуйи палатасидаги фракциямиз аъзолари Қаҳрамон Эргашев, Гулшана Худоёрова ва Ўткир Бўтаевлар воҳанинг Қамаши туманидаги ҳақиқий ҳолатни ўрганишди.
Очиқ мулоқотлар давомида ечимини кутаётган муаммолар рўй-рост айтилди. Хусусан, Қоратепа қишлоғи аҳолисининг талаб ва эҳтиёжларини инобатга олиб, шифокор Камол Хуррамов “Сирожиддин фарм” масъулияти чекланган жамияти қошида дорихона ташкил этган. Лицензия ололмаётганлиги боис дорихонани ишлата олмаяпти. Тўқбой маданият ва аҳоли дам олиш маскани ишга туширилган. Бироқ, тўгарак раҳбарлари учун штатлар ажратилмаганлиги боис маскан талаб даражасида фаолият олиб бораётгани йўқ. Шаҳноза Аҳмедова ва Бахтиёр Бобомуродовлар лимонарий ташкил этиш учун жой ҳозирлаб қўйишибди. Агар кредит ажратилса, цитрус мевалар етиштиришни бошлаб юборишларини маълум қилдилар. Шу ва бошқа масалаларни депутатларимиз ҳар томонлама ўрганишди. Уларнинг бир қисми жойида ҳал этилиб, қолганлари бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқилди.
– Хусусий корхонамизни ташкил этиб, чорвачиликни ривожлантиришга қўл урганимизга кўп йиллар бўлди, – дейди Қоратепа қиш­лоғида яшовчи, “Озод нур” хусусий корхонаси раҳбари Муаттар Аллаева. – Айни пайтда тасарруфимизда 200 бош қўй, 30 бош қорамол ва 50 бош от бор. Уларни озуқа билан таъминлашда ниҳоятда қийналяпмиз. Қонунчилик палатаси депутатлари билан мулоқотда туман ҳокимлиги захирасига қайтарилган фермер хўжалиги ерини олишимизга амалий кўмак сўрадик. Таклифимиз назоратга олинди. Ўйлайманки, тез орада хушхабар эшитамиз.
Сайфулла ИКРОМОВ,
“XXI asr” мухбири

***

САМАРҚАНД

– Депутат ўз номи билан халқ вакили. Шундай экан, у доимо одамлар орасида бўлиши, ҳар бир кишининг дардини, қувончини ўзиники деб билиши керак, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси раиси Тўлқин Эшназаров. – Ана шу масъулиятни яна бир карра ҳис этан ҳолда навбатдаги ўрганувимиз вилоятнинг Пастдарғом туманига қаратилди. Ўн кун мобайнида 1360 та хонадонда бўлиб, аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқотда бўлдик. Учрашувларда 618 та масала кўтарилди. Кўплаб мурожаатлар жойида ҳал этилди. Мисол учун, тадбиркорлар Зебо Юсупова, Майрам Бердиева, Майрам Бобоёрова, Гулбаҳор Бўриеваларга “Микрокредитбанк” туман филиалидан терминал аппарати олиб берилди. Шунингдек, Марказий шифохона тўлов терминали билан таъминланди.
Депутатлар томонидан фуқароларни ташвишга солаётган масалаларнинг ечимига ёхуд уларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклашга қаратилган, шунингдек, туман иқтисодий ва ижтимоий инфратузилмаси объектларининг нормал фаолиятини ташкил этишни таъминлаш бўйича туман ва вилоят ташкилотлари раҳбарлари номига 57 та депутатлик сўровлари юборилди.
Ўрганишлар жараёнида шунингдек, туман иқтисодиётини ривожлантириш бўйича ишлатилмаган захиралар мавжудлиги кўриниб қолди.
Хусусан, Пастдарғом тумани пахта етиштиришда Самарқанд вилоятида етакчи ҳисобланса-да, бу ерда қайта ишлаш, экспортбоп трикотаж ва тайёр кийим-кечаклар ишлаб чиқариш корхоналари учрамайди. Ушбу соҳага хорижий ҳамкорларни жалб этиш ва уларга яхши инвес­тицион муҳитни яратиш бўйича амалга оширилаётган ишларни ҳам қониқарли деб бўлмайди. Туманда ҳар йили ўртача 23 минг тонна узум етиштирилаётган бўлса-да, маҳсулотни қайта ишлайдиган завод йўқ. Бундай корхоналарни ташкил этиш, туманнинг иқтисодий салоҳиятини ошириш ва аҳолини қўшимча иш ўринлари билан таъминлаш масалалари ҳам эътибордан четда қолмоқда.
Шу ва шунга ўхшаш масалалар атрофлича таҳлил этилиб, тегишли давлат идораларига таклифлар тайёрланмоқда.
Муҳаббат РАВШАНОВА,
“XXI asr” мухбири



***
ЖИЗЗАХ вилоятининг Шароф Рашидов туманида олиб борилган ўрганиш давомида қатор ижтимоий соҳадаги масалалар билан биргаликда туманда тадбиркорлик соҳасини ривожлантиришдаги камчиликлар, уларнинг сабаблари ҳам чуқур таҳлил қилинди. Туманда жорий йилнинг 1 апрель ҳолатига рўйхатдан ўтган жами тадбиркорлик субъектлари сони 1688 тани ташкил этган бўлса, уларнинг 94 таси турли сабабларга кўра фаолият кўрсатмаяпти. “Агробанк” Шароф Рашидов тумани филиалига бириктирилган 6654 та хонадонларнинг барчаси қамраб олинган ва уларнинг 2731 таси тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш истагини билдирган. Лекин, уларнинг 171 тасига кредит берилган, холос.
Якка ва оилавий тадбиркорликни ривожлантириш борасидаги ишларни ҳам қониқарли, деб бўлмайди.
Депутатлар ушбу камчилик ва нуқсонларни бартараф этиш бўйича аниқ чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқишди.
Баҳром МИРЗАҚОБИЛОВ,
“XXI asr” мухбири
***
ФАРҒОНА. Олий Мажлис Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатларидан иборат Ишчи гуруҳи жорий йилнинг 1-10 апрель кунлари вилоятнинг энг чекка ҳудудларидан бири Фарғона туманида бўлдилар. Учрашувларда аҳолини ташвишлантираётган аксарият муаммолар ўз ўрнида ҳал қилинди.
Водил қишлоғининг Еттичинор кўчасида яшовчи Тўхтахон Эркабоева хонадонига Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O‘zLiDeP фракцияси аъзоси Мавлуда Хўжаева келгач, муаммо ечим топди. Гап шундаки, Т. Эркабоева айни пайтгача қандли диабет касаллиги билан эндокринолог шифокор назоратида турган. Аммо сўнгги пайтлардаги даволанишида дори-дармон етишмовчилигига дуч келди. Шу боис у фракция­миз аъзосига мурожаат қилишга мажбур бўлди. Натижада депутат аралашуви билан беморга туман тиббиёт бирлашмаси томонидан керакли дори-дармонлар етказиб берилди.
Туман аҳлининг ҳақли эътирозига сабаб бўлаётган яна бир муаммо шундаки, ҳудудда архив мавжуд эмас. Оқибатда аҳоли 50-60 чақирим йўл босиб, Марғилон шаҳрида жойлашган архивга боришга мажбур бўлмоқда. Шу боис, туман марказига янги архив биносини қуриш юзасидан “Ўзархив” агентлигига депутатлик сўрови жўнатилди.
Хуршид СУЛТОНОВ,
“XXI asr” мухбири


***
ТОШКЕНТ вилоятининг чекка ҳудудларидан бири Бекобод ҳақида эшитсангиз биринчи галда хаёлингизда нелар гавдаланади? Саноат, кон-металлургия, адоқсиз далалар ва бўйсунмас шамоллар... Шундай эмасми? Иссиқхонангиз, оғилингиз, яшаб турган уйингиз суянчигача Бекободда ишлаб чиқарилган арматура, швиллерь, устун ўрнатганингиз эсга тушади. Миллий маҳсулот, истайсизми йўқми, киши қалбида ватанпарварлик туйғулари унишига, барқ уришига сабаб бўлиши-да айни ҳақиқат. Бир сўз билан айтганда, Бекобод мамлакатимизда локомотив ҳудудлардан бири.
Бекобод туманининг Далварзин маиший касб-ҳунар коллежида ташкил этилган давра суҳбатида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ҳудудда тадбиркорликни янада ривожлантириш, ишбилармонларни ўйлантираётган муаммолар ечими ҳамда уюшмаган ёшларга қулай меҳнат муҳитини яратиш каби масалаларга алоҳида тўхталиб ўтишди.
– Одамлар орасида юриб, уларнинг ҳаёт тарзи, турмуш даражаси ва бандлигидан хабардор бўлиш халқ вакилларнинг асосий вазифасидир. Модомики, халқимизни ўйлантираётган айрим муаммоларни ўз жойида ҳал қилишга кўмаклашиб, ёшларимизнинг келажак режаларини амалга оширишга камарбаста бўлсаккина, аҳолининг депутатларга бўлган ишончи янада мустаҳкам бўлади, – дейди парламент қуйи палатасидаги фракциямиз аъзоси Муҳаббат Тўхтаева. – Навбатдаги мулоқотлар давомида таҳлилий ўрганиш жараёнида шунга гувоҳ бўлдимки, маҳаллаларда истиқомат қилаётган юртдошларимизнинг фаоллиги, сиёсий жараёнлардан воқифлиги ҳамда тадбиркорликка, меҳнат қилишга бўлган иштиёқи баланд. Табиийки, натижалар ҳам шунга яраша.
Тадбир давомида тадбиркор ва маҳалла фаолларининг муаммоли мурожаатлари тингланиб, фаолиятга тўсиқ бўлаётган ғовларни бартараф этишга кўмаклашилди. Республика миқёсида кўриб чиқилиши лозим бўлган аҳамияти катта мурожаатлар эса ён дафтарчаларга белгилаб қўйилди.
Шундан сўнг депутатларимизнинг уйма уй юриб ҳудудлардаги ҳақиқий аҳволни билиш юзасидан амалга ошираётган ишлари салмоғини билиш мақсадида мусиқага ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар мактабида жойлашган штаб биносига ташриф буюрдик. Барвақтроқ келибмиз чоғи, депутат ва сенаторлар ҳали маҳаллалардан қайтишмаган экан. Маълум вақт ўтиб Ишчи гуруҳ аъзолари бирин-кетин кела бошлашди.
– Аҳолининг қонуний талаб ва истакларини қондириш юзасидан олиб борилган ишлар давомида 1000 га яқин аҳоли хонадонларидаги шароит яқиндан ўрганиб чиқилди, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O‘zLiDeP фракцияси аъзоси Виктор Пак. – Уларнинг аксари томорқалардан самарали фойдаланиш, оилавий тадбиркорликни йўлга қўйиш орқали янги иш ўринлари яратиш, банк томонидан имтиёзли микрокредитлар ажратилиши борасидаги эҳтиёжлардир. Мурожаатлар ўрганилиб, эгаларига тегишли амалий ёрдамлар кўрсатилди.
Биз касб тақозосига кўра депутатларимиздан бири таъкидлаб ўтган “амалий ёрдамлар” аслида қандай бўлгани билан қизиқдик. Масалан, партия­миздан парламентга сайланган депутатимиз Расул Кушербаев кўмагида Ер тузиш ва кўчмас мулк давлат кадастрида хизмат қилиб, ташкилотнинг вилоят бошқармаси томонидан ноқонуний ишдан бўшатилган 11 нафар фуқаронинг бекор қилинган меҳнат шартномаси тикланишига эришилди, компенсация тўловини ундириш борасидаги шикоятлар бир неча кунлик текширувлар давомида асосли деб топилиб, тегишли идоралар иштирокида ижобий ҳал қилиб берилди. Шу билан бирга чорвачиликка қўл ураман деб турган ва бу йўлда банкдан кредит олишга қийналаётган фуқаролар мурожаати қондирилди: уларга икки кун ичида 22 миллион 200 минг сўм миқдорида кредит маблағи банкдан олиб берилди.
Дарвоқе, Ишчи гуруҳ аъзолари билан суҳбат чоғида бизни бир жиҳат ҳайратга солади. Сиз ҳам эшитиб кўринг-а:
– Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолияти билан яқиндан танишиш давомида бир қатор маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳанузгача ўз биноларига эга эмаслиги аниқланди, – дейди Муҳаббат Тўхтаева. – Туман ҳокимлиги билан қисқа муддатда ушбу масала ўрганилиб, Дўстлик ва Гулистон маҳалла фуқаролар йиғинларига бўш турган бинолар ажратиб берилишига эришдик. Шу билан бирга тумандаги Зафар шаҳарчасидаги Гулистон, Истиқлол, Бўстон маҳаллаларида махсус график асосида чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш тизими ҳам ташкил этилди.
Бекобод туманининг ҳақиқий аҳволини ўрганишда қувонарли ҳолатлар борлигига ҳам исботлар талайгина. Хусусан, “Деҳқонобод” фуқаролар йиғинида жойлашган “Ўзбекобод” маҳалласининг ўзида 20 га яқин хонадон ўз томорқасида иссиқхона барпо этиб, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланмоқда. Ғалаба, Далварзин, Ўзбекистон каби ҳудудларда аҳолининг деярли 60-70 фоизи тижорат банкларидан шахсий томорқасида ўз бизнесини бошлаш учун кредит маблағларини олиб улгурган.
Қисқаси, ҳудудда бўй кўрсатиб турган ижобий ҳолатлар анчагина, камчиликлар ҳам йўқ эмас. Асосийси, юқорида таъкидлаб ўтганимиздек фуқароларнинг шахсий ташаббуси ва келажакка бўлган интилишлари ҳавас қилиб ўрнак оларли даражада. Муҳими, жойи келганда қўллаб-қувватланса бас.
Сардор ТУРОБОВ,
“XXI asr” мухбири

Joomla