Monday, Feb 27th

Last update06:53:18 AM GMT

You are here:

ЙЎЛЛАР РАВОН – МАНЗИЛ ЯҚИН

...Андижондаги йиғилишдан кеч чиқдим. Соат олтилар чамаси. Автовокзалда Марҳаматга келиш учун ўнга яқин одам йиғилган экан. Бир йигит:
– Марҳаматга кетувчилар борми, “Дамас”га чиқинглар, – деб бақира кетди. – Йўлкира арзон, тўрт мингдан.
– Сал эви билан айтинг-да, ука, – деди йўловчилардан бири.
– Намунча, сиз таксидан ҳам қиммат сўраяпсиз-ку, – койинди бўйинбоғли киши.
Ўша онда келиб тўхтаган “Нексия” ҳайдовчисининг: “Марҳаматга ким кетади, беш мингдан”, дегани ҳаммадан ҳам ошиб тушди.
– Шуниси етмай турувди ўзи, инсоф сари барака дейдилар, оғайни, – деди бир киши оғрингансимон оҳангда.
– Э, буларда инсоф нима қилади, ноқонуний киракаш-ку, ҳеч қандай уюшмага аъзо эмас, давлатга солиқ ҳам тўламайди, – деди бир аёл.
Асабийлашаётган ҳамроҳларимга юзланиб:
– Сиқилманглар, ҳозир қонуний ишлаётган машина чақираман, – дедиму,
Марҳаматдаги “Равон йўллар ишончи” МЧЖ телефон рақамини тердим.
– Лаббай, “Равон терминал такси” эшитади, – жавоб берди мулойим овоздаги диспетчер қиз.
Андижонда ўнга яқин йўловчи борлигини айтиб, буюртма бердим...
– Кеч бўп қолди деб, йўл ҳақини ошириб юбормасмикан улар? – хавотирланди ёшроқ йигит.
– Йўғ-е, 24 соат бир хил нархда хизмат кўрсатишади улар.
– Менга ўхшаб нақд пули йўқ, пластиги борлар-чи, ўғлим, улар нима қилади?
– Ҳозир кўрасиз, амаки, ҳамма машиналарга терминал ўрнатилган...
Бир зумда етиб келган таксиларда ҳаммамиз манзилимизга отландик. Йўл-йўлакай хушмуомала ҳайдовчи йигит телефон рақами, манзили, тўлов тури, нархлари ёзилган ташриф қоғозини бизга улашди.
Эътиборли жиҳати, бугунги кунда юртимизда автомобиль транспортида йўловчи ташиш тегишли қонун ва қарорлар асосида тартибга солинмоқда. Хусусан, Халқ депутатлари Андижон вилояти Кенгашининг 2015 йил ноябрда бўлиб ўтган 6-сессиясида қабул қилинган “Вилоят (туман) ҳудудида транспорт ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўйи­ча кечиктириб бўлмайдиган вазифалар тўғрисида”ги қарор ижросини таъминлаш бўйича вилоят, туман ва шаҳар ҳокимликларидаги комиссиялар, йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланаётган автотранспорт воситаларини назорат қилувчи ишчи гуруҳлар фаолият кўрсатмоқда.  Мазкур гуруҳлар томонидан вилоят ҳудудида доимий тарзда назоратлар ўтказилиб, уларда автотранспорт воситаларининг йўловчи ташиш талабига жавоб бериши, айниқса, тегишли ҳужжатларга эгалиги, автотранспорт воситасининг техник, ҳайдовчининг эса тиббий кўрикдан ўтгани мунтазам текшириб борилмоқда.
Биз депутатлар ҳам ушбу йўловчи ташиш тизими бўйича назорат ўрнатганмиз ва бу ҳақда аҳоли ўртасида тушунтиришлар олиб боряп­миз. Шунингдек, Халқ депутатлари туман Кенгашидаги O`zLiDeP депутатлик гуруҳи ҳамда Кенгаш доимий комиссиялари йиғилишларида бу масала кўриб чиқилган. Лекин шунга қарамасдан, тегиш­ли ҳужжатларсиз йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланаётганлар сони камаймаётганлиги бизни ташвишга солмоқда.
Бу муаммони  ижобий хал этиш йўлини Марҳамат туманидаги “Равон йўллар ишончи” масъу­лияти чекланган жамияти топганига юқоридаги жонли мисол далил бўлади. Мазкур автокорхона  бозор механизми – соғлом рақобат муҳитидан унумли фойдаланмоқда.
– Яқинда иш бошлаган бўлсак-да, бизнинг беминнат хизматимиздан кўпчилик мамнун, – дейди мазкур жамият раҳбари Абдулатиф Нурматов. – Қисқагина муддатда жамоатчилик орасида ўз мижозларимизга эга бўлдик. Фақат автомобилларимиз етишмаётганлиги туфайли айрим буюртмаларга улгура олмаяпмиз. Банкка яна 10 та автомобиль сотиб олиш учун кредит ажратишни сўраб мурожаат қилдик. Агар режамиз амалга ошса, қўшимча яна 20 та янги иш ўрни яратилади.
Фурсатдан фойдаланиб, айтмоқчиманки, ўз шахсий автомобилида қонуний фаолият кўрсатишни хоҳлайдиган юртдошларимиз бўлса, марҳамат, келишсин, эшикларимиз очиқ, сафимизга қабул қиламиз. Уни терминал, алоқа воситаси, диспетчер хизмати ва бошқа қулайликлар билан таъминлаймиз.
Дарҳақиқат, бундай ташаббуслар ўлкамизнинг барча ҳудудларида қўллаб-қувватланиши аниқ. Йил сайин жадал суръатда ривожланаётган, тараққий этиб бораётган мамлакатимизнинг истиқлолга эш йўллари ҳамиша равон, ватандошларимизнинг манзиллари яқин бўлаверсин.

 

О. ҲУСАНОВ,
Халқ депутатлари Андижон вилояти ва Марҳамат тумани
Кенгашлари депутати

Joomla