Tuesday, May 30th

Last update07:38:55 AM GMT

You are here:

КЎЗ НУРИ, ҚАЛБ ҚЎРИ ЖОЙЛАНГАН ДУНЁ

Бир замонлар таниқли мутафаккир Дени Дидро “Одамлар китоб ўқимай қўйсалар, фикрлашдан ҳам тўхтайдилар”, деган эди. Дарҳақиқат, шундай. Аслида ҳар қандай жамият учун фикрламайдиган кимсадан хавфлироқ душман йўқ. Китобни кўп ўқийдиган одамдан ёмонлик чиқмайди. Тафаккури кенг элни эса ҳеч бир ёв енга олмайди.

Саводлилик мезони, энг аввало, яхши китоб ўқиш ва уни уқиш билан белгиланади. Аммо сўнгги йилларда бу борада бизда анча муаммолар йиғилиб қолганидан кўз юмиб бўлмайди. Ҳақиқатан ҳам янги авлод камроқ ўқимоқда. Ўқиш истагидаги кишиларга эса зарур адабиётлар етиб бормаяпти.

Бугун радио, телевидение ва интернет воситалари китобнинг асрлар давомида ўзгармай келаётган қадр-қиммати ва аҳамиятига қисман соя солаётгани ҳам рост. Аммо уларнинг ҳеч бири қалбга китобчалик завқ-шавқ ва тафаккурга кўламдор маънавий озуқа, эстетик завқ бера олмаслиги ҳам оддий ҳақиқат.

Шу маънода Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармойиши ижод ва илм аҳли, умуман жамият ва юрт келажагига бефарқ бўлмаган ҳар бир инсонни руҳлантириб юборди.

Бу ўринда яқин тарихимизга назар солайлик. Бир пайтлар республикамизда бармоқ билан санарли нашриётлар фаолият юритар, уларнинг барчаси давлатга тегишли эди. Эндиликда улар сони салкам 120 тага етди, хусусий тармоқ улуши ортиб бормоқда.

Қолаверса, даққиюнусдан қолган ва ишлатиш жуда мураккаб бўлган дастгоҳларда ишловчи матбаа корхоналари ўрнини энг илғор асбоб-ускуналарда ишловчи замонавий босмахоналар эгалламоқда. Ноширлик ишининг сифати ва мазмун даражаси ошди.

Вилоятларда ахборот-кутубхона марказлари, туман ва шаҳарлар таълим муассасаларида ахборот-ресурс марказлари фаолияти йўлга қўйилди. Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси энг олди ахборот технологиялари билан жиҳозланган ва улкан китоб фондига эга. “Китоб олами”, “Шарқ зиёкори” каби савдо мажмуалари аҳолига сифатли хизматлар кўрсатмоқда. Аммо бу ҳам вазиятни ўнглаш учун кифоя қилмаяпти.

Ҳозир энг салоҳиятли нашриётларимизда ҳам босилаётган сара асарлар тиражи 3-5 минг нусхадан ошиб-ошмаяпти. Хорижий элларда юрган “гастарбайтер” ёки суюқоёқнинг бошидан ўтказган саргузаштлари, озгина жиноий унсурлар ва ишқий муносабатлар ифодасини топган китобларнинг бозори эса ҳар қачонгидан ҳам чаққон бўлмоқда.

...Механизм тахминан шундай ишлайди. Сиз кўзингиз нурини, қалбингиз қўрини бериб бирор китоб қоралайсиз. Сўнг уни чиқариш учун нашриётга элтасиз. Улар қораламани бир сидра кўздан кечиради, нашр учун қанча маблағ топишингиз кераклигини айтишади. Кейинчалик сотиб бериш шарти билан ҳам чиқариб беришлари мумкин. Яъни китоб ёзган муаллиф уни чиқариши учун маб­лағ топишига ҳам тўғри келмоқда.

Натижада профессионал ва ижодий фаоллик-иштиёқ сўниб боради. Агар бозорбоп ва кенг омма эҳтиёжи-талабига мос китоб ёзилса-ку, бунга қалам ҳақи тўланиши мумкин. Аммо унда муаллиф кўпинча юксак ижодий ва бадиий мезонлар қолипига тушмайдиган бозор қонунлари билан ҳисоблашишига тўғри келади. Шу маънода Президент фармойишида адибларни молиявий рағбатлантириш назарда тутилгани ва ҳатто уларнинг бир гуруҳига ҳозиргача уй-жойлар берилгани айни муддао бўлди.

Маълумотларга кўра, ҳозир нашриётларимизда ҳар йили тахминан 2 минг номдаги 40 миллион нусхада китоблар чоп этилмоқда. Уларнинг 75 фоизи дарслик ва қўлланмалар, монография, брошюралардир. Қолган 4-5 миллион донаси омма учун мўлжалланган адабиётлардир. Бу бир хонадонга бир йилда ўртача бир дона китоб тўғри келмаяпти, дегани эмасми?

Агар Ўзбекистонда 7 миллион оила истиқомат қилса, улар йил давомида ўртача 100 минг сўмлик китоб сотиб олган тақдирда ҳам 700 миллиард сўмлик йиллик савдо айланмаси вужудга келар эди. Бу тармоққа киритилаётган жуда катта сармоя ҳисобланади.

...Яна бир оғриқли ҳолатни кузатяпмиз. Бир неча юз минг долларга ҳашаматли уй қураётган давлатманд одамлар хонадонида, афсуски, китоб жавони у ёқда турсин, бирорта китобни топиш ҳам амримаҳол. Шахсларнинг моддий таъминланганлиги инсон тафаккурининг маънавий-маърифий тақчиллигини ҳам тўлдириб бормас экан, бундай жамиятда маънавий ўпирилиш юз беради. Китоб кирмаган хонадон жонсиз танага ўхшайди, деган эди Цицерон. Минг йиллардан буён бу пурмаъно фикр ўз қимматини йўқотгани йўқ.

Мана, “Қишлоқ қурилиш банк” ҳисобидан жойларда арзон ва шинам, барча қулайлик­ларга эга тураржойлар қуриш ишлари кетаяпти. Янги маҳаллаларнинг бир бурчагида китоб дўконлари ҳам қўшиб қурилса нур устига аъло нур бўларди. Шунда яратувчанлик борасидаги эзгу ниятларимиз ва бунёдкорлик фалсафаси мантиғи тугал бўларди.

Айни пайтда оммавий ахборот воситаларида “Китобхон муносабати” ёки “Янги китоб” рукнлари остида энг янги нашрлар ҳақида тақриз ва мақолаларни, кўрсатув ва радиоэшиттиришларни мунтазам бериб бориш ҳам китоб тарғиботида энг таъсирчан воситадир.

“Шарқ зиёси” ва “Китоб дунёси” газеталари тўлиғича, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида “Янги нашр”, “Оила даврасида” газетасида “Китоб жавонингизга” ва “Китобхон фототанлови”, “XXI asr” ижтимоий-сиёсий газетасидаги “Китобсиз келажак йўқ” рукнлари, шунингдек, “Маърифат” газетасида янги асарлар мунтазам таҳлил қилиниб, уларни оммалаштириш бўйича яхши таж­рибалар ёритиб борилмоқда. “Ўзбекистон” телеканалида “Ижод маҳсули”, “Ассалом, Ўзбекистон” кўрсатувида “Мутолаа” рукни, “Тошкент” каналида “Китобхон шоу” кўрсатувлари пайдо бўлаётгани қувонарли.

Юртимизнинг ҳар бир туманида мол-қўй бозори, сомон, товуқ, ҳатто қуш бозорлари, исталган озиқ-овқат ва деҳқончилик маҳсулотлари бозорлари бор. Аммо бирорта китоб бозори йўқ, тўғрими? Ҳеч ким эрта тонгдан туриб, китоб олайлик, ёки қани китоб сотиб озроқ пул ишлайлик, деб ошиқмайди.

Шу маънода фармойишда ихтисослашган китоб дўконлари тизимини яратиш, уларга шаҳарнинг аҳоли гавжум ва қулай жойидан ер майдонлари ажратиш, ижара ҳақи, солиқ ва бошқа мажбурий тўловлардан имтиёз берилиши кўзда тутилгани жуда ўринли. Хусусан, сотув айланмасида китоб улушининг ҳажми 70 фоиздан ортиқ бўлган тадбиркорлик субъектларини алоҳида ҳисобга қўйиб, уларга солиқ имтиёзини бериш масаласи белгиланган.

Яна бир жиҳати бор. Ҳозир очилаётган хусусий нашриётлар аксариятининг молиявий, моддий-техникавий аҳволи танг. Уларда ўз матбаа корхонаси тугул, ҳатто замонавий ижодий жараёнлар учун ҳам шароит йўқ. Бир-иккитагина чоғроқ хонанинг ижара ҳақини ҳам тўлашга қурби келмаётганлари қанча.

Улар асосан “қаттиқ буюртма” деган тамойилда ишлайди. Қайсидир шоввоз йиғиб қўйган ҳавасаки шеърини чиқарса, кимдир ўзининг “улуғвор ҳаёт йўли” ибратидан сўзловчи таржимаи ҳолини чоп эттирмоқда. Албатта, ёзувчи ёки шоир, олим ёки муайян касбнинг профессионал эгаси бўлмаганлар китоб чиқармаслиги керак деган тартиб-мезон йўқ. Афсуски, бундай мазмун-мундарижаси саёз китоблар ўртамиёна ўқувчининг савиясини ҳам тушириб юборади. Аммо хусусий ношир қандай бўлмасин, маблағ топмаса қора қозони қайнамайди.

Шу маънода аҳамиятли китобларни нашр этиш ишларига давлат молиявий кўмаги кўрсатилса, уларни босиб чиқариш учун хусусий нашриётларга ҳам имконият яратилса, банклардан имтиёзли кредитлар ажратилса, мақсадга мувофиқ бўларди. Сўнгги пайтларда аҳоли орасида фойдаланиш урф бўлаётган “истеъмол” кредити йўналиши ичида “китоблар сотиб олиш учун” деган бандни ҳам киритиш масаласини ўрганиш керакка ўхшайди.

Ҳар куни чиққан ёки яқин орада нашриётлар босиши мумкин бўлган янги китобларнинг умумий рўйхатини қаердан билиш-ўқиш мумкин? Тўғри, Навоий кутубхонаси сайтида бу нарса бериб борилмоқда. Аммо улар фақат мазкур кутубхонага бориб тушган китоблар ҳақидадир... Матбуот ва ахборот агентлигининг расмий сайтида бу маълумотларни умумлаштириб, изчил бериб бориш лозим. Ана шундагина китоб ихлосманд­ларининг қайси китоб қаерда босилганидан хабардорлигини ошириши баробарида, бир хил номдаги ва мазмундаги китобларни турли нашриётларнинг босишига эҳтиёж қолмайди.

Яна бир гап. Давлат органининг тақдимнома киритиши асносида нашриётларнинг лицензиясидан мосуво қилиш амалиётига чек қўйиш вақти етди. Чунки имло ёки бошқа айрим жузъий хато қилган нашриётларга иқтисодий жарима қўлласа ҳам бўлаверади. Лицензия бериш тартибини ҳам соддалаштириш, хусусан, барча турдаги китобларни нашр этиш учун табақалаштирилган тартибда эмас, ягона ҳужжат бериш тартибига ўтиш даркор.

Тармоқ рентабеллигининг тушаётгани сабабларидан бири қоғоз таннархининг қимматлигида. У асосан, четдан қаттиқ валюта эвазига олиб келинмоқда. Китоб маҳсулотлари баҳосини арзонлаштириш мақсадида қоғоз саноати тизимини яратиш жуда долзарб. Бир пайтлар ғўзапоядан яхши қоғозлар олиш мумкинлиги бўйича кўп фикрлар билдирилган эди. Аммо бу ғоя ривожланмай қолиб кетди. Лекин қоғоз хомашёси учун локализация дастурлари доирасида бошқа имкониятларни ҳам ўрганиб чиқса бўлади-ку.

Туркманистон, Афғонистон, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон Республикаси, Россияда кўп миллионли ўзбек миллатига мансуб аҳоли вакиллари бу борада кенг бозорлар бўлиб хизмат қилиши мумкин.

Ҳозирги кунда Халқ таълими вазирлиги тизимида 9 минг 576 та ахборот-кутубхона муассасаси мавжуд. Мактаб кутубхоналарида ҳаммаси бўлиб 23 миллиондан ортиқ китоб фонди жамланган. Уларга тўрт миллион нафардан зиёд ўқувчи аъзо. Бу кўпми-озми? Албатта, оз. Нега барча ўқувчилар кутубхоналарга аъзо эмас?

Мактаб кутубхоналари жозибадорлигини қандай ошириш мумкин? Ойлик маоши шундоқ ҳам кам кутубхоначиларни китоб тарғиботи борасидаги меҳнатига қараб моддий рағбатлантириш тизимини яратиш вақти етди. Энг кўп китоб ўқиётган ёшларни ҳам тақдирлаб бориш атрофдаги тенгдошларига ҳам меҳр уйғотиши аниқ.

Нуфузли нашриётлардан бири бош муҳаррирининг яқинда “XXI asr” ижтимоий-сиёсий газетасида эълон қилган мақоласидаги қуйидаги фикр-мулоҳаза жуда долзарб ва ўринлидир: “Китоблар ҳалоллик, садоқат, муҳаббат ва эзгулик фазилатларига бошлайди. Китоб кўп ўқийдиган кишидан ўғри-муттаҳам, нокас чиқмайди. Профилактика нозирлари жиноятчилик бўлмасин деса, маҳалла кутубхоначиси билан ишласин”.

Таълим муассасаларида бу йил илк маротаба ўтказиладиган “Оммавий китобхонлик ҳафталиги” ўқувчилар китобхонлиги даражаси ва мутолаа фаоллигини оширишга кўмаклашиши шубҳасиз. Таълим муассасаларининг ахборот-ресурс марказларида янги адабиётлар сотиб олиш учун ажратилаётган маблағлар ҳам кам. Харажатлар сметасини қайта кўриб чиқиш ва энг керакли китобларни сотиб олишга молиявий воситаларни янада кўпайтириш лозим. Халқ таълими вазирлигининг 2017 йили 5-9-синф ўқувчилари учун 28 номда жаҳон ва ўзбек адабиёти намунасини 1 миллион 200 минг нусхада харид қилиб, жойларга етказишга қарор қилганини жуда катта силжиш деса бўлади.

Ҳозир республикамиз миқёсида катта-кичик 500 дан ортиқ китоб дўкони ишлаб турибди. Реклама компаниялари савдо-сотиқ ривожига яхши хизмат қилиши аниқ. Аммо дўконлар алоҳида ҳолда реклама беришга қурби етмайди. Китоб савдоси дўконлари ва нашриётлар уюшмасини тузган ҳолда реклама-тарғибот ишларига молиявий ресурс ва кучларни умумий сафарбар қилиш катта фойда келтириши аниқ.

Истеъдодли ёзувчи ва қаламкашларнинг жамиятда юксак ўринга эга бўлиши ҳам муҳим. Кейинги пайтларда қатор давлат тадбирларига таниқли ва иқтидорли шоирларимизнинг фаол жалб этилаётгани ана шундай юксак муносабатнинг амалий ифодаси бўлмоқда.

Китобхонлик маданиятини юксалтириш мақсадида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва Хотин-қизлар қўмитаси ҳамкорлигида жорий йил март-май ойларида республика миқёсида “Китоб акцияси” тадбирлари ўтказилмоқда. Тадбир натижасида энг олис ва чекка ҳудудларда жойлашган мактаблар ва маҳаллаларда намунали кутубхоналар ташкил этилгани ибратли ҳодиса.

Ҳозир тўй-ҳашамларда сандиқ-сандиқ сарпо-суруқ, хорижий мебелу қимматбаҳо пардалар қилинади. Аммо бу туҳфалар орасида негадир китобни кўрмаймиз. Моддий буюмлар рўзғорни бутлаш учун нечоғли зарур бўлса, китоблар ҳам оиланинг маънавий бутунлиги учун ундан-да муҳимроқ. Сўнгги йилларда тобора ўсиб бораётган ажрашиш­ларнинг асл сабабларини ўрганар эканмиз, қўйди-чиқдилар асосан оилада етишмаётган маънавий тақчиллик туфайли содир бўлаётганига гувоҳ бўламиз.

Алишер Навоийнинг ғазаллар тўплами, Бобур Мирзонинг “Бобурнома”, Абдулла Қодирийнинг “Ўтган кунлар”, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Ҳалима Худойбердиева, Шукур Холмирзаев, Ўткир Ҳошимов, Тоғай Мурод ва бошқа ўнлаб забардаст шоир-ёзувчилар китоблари, шунинг­дек, “Оила” ёки “Хотин-қизлар” энциклопедия­ларини, одоб ва ахлоқ, рўзғор тутиш, эр-хотинлик муносабатларига оид сара асарлар ҳам келинлар сепига қўшилса, янги барпо бўлаётган ёш оиланинг устунлари мус­таҳкам бўлар эди.

Алалхусус, ниятимиз шуки, китоб дўконларида харидлар кўплигидан “тақчиллик” юзага келса..., турнақатор навбатлар ҳосил бўлиб энг яхши дурдоналар етмай қолса..., китоблар экспортидан нашриётлар катта валюта тушумлари олса...

Лазиз РАҲМАТОВ

Joomla