Monday, Apr 24th

Last update01:59:47 AM GMT

You are here:

“КИЧИК” МУАММОНИНГ КАТТА САВОЛИ
























Қўқонлик Зафар Турсунов тадбиркорликнинг бошини тутганига йигирма йилдан ошди. Бунча вақт, айниқса, катта таваккалчилик ҳисобланган бу соҳада чикка ёки пукка  бўлишга етиб ортади?! Қаҳрамонимизда эса унисиям бўлмади, бунисиям... Орттиргани “закўнчи” деган ном  бўлди, холос. Нега?

ҲОЛАТ. Аслида Зафар Турсуновнинг катта номга ҳам, нонга ҳам даъвоси йўқ. Нари борса, ўн беш-йигирма нафар хўранда сиғадиган ошхонаси бор. Шу жойдан ўзидан ташқари яна икки-уч инсоннинг қора қозони қайнаб турса, бас. Мўъжазгина ошхона биносини қонунан ўзига тегишли эканини исботлагунча она сути оғзига келганди. Бироқ бу ғурбатлар кейинги воқеликлар олдида ҳолва бўлиб чиқди...
ВОҚЕА. 2009 йилнинг 14 декабрь куни Қўқон шаҳрининг ўша пайтдаги ҳокими Ш. Ў. Собировнинг 467-сонли қарори чиқди. Унга кўра,  шаҳардаги қатор бино ва иншоотлар қатори Зафар Турсуновга қарашли Сарбоз кўчаси 45-уйда жойлашган, умумий майдони 357,00 кв.м. бўлган ошхона биноси ҳам бузиладиган бўлди. Майли, ҳоким қарорида таъкидланганидек, “давлат ва жамият эҳтиёжи учун” шу ер керак бўлса, бош устига. Бироқ давлат ҳам, жамият ҳам фуқаронинг ҳуқуқини бузиш эвазига эҳтиёжини қопламайди-да. Аксинча, нимаики иш қилинмасин, унинг замирида фуқаро манфаати ётади. Мавжуд қонун-у қоидалар айни шу тамойил асосида қабул қилинган-ку!..
ХУДДИ ШУНДАЙ. Масала айни шу мезонлар асосида ўрганилганда аён бўлдики, шаҳар ҳокими, жуда юмшоқ айтганда, шошибди... Ҳужжатларнинг тилсиз шоҳидлигига кўра, бу жойга давлат-у жамиятнинг эҳтиёжи йўқ экан. Зафар Турсунов шугинани мутасаддиларга тушунтиришга обдон уринди. Бироқ мутасаддилар “тушуниб етгунларича” бино-иншоотлар чангини чиқариб бузиб ташланди.
ЭНДИ НИМА ҚИЛСИН? Аввалига З. Турсунов бир нечта идораларга шикоят битди, умид билан не-не даргоҳлар остонасига бош урди. Натижа чиқмагач, бор-е, деб... судга мурожаат қилди. Судлашиш узоқ давом этадиган жараён экани маълум. Бунинг учун асаб темирдан, ирода метиндан бўлиши керак. Судлашишнинг ўзига салкам тўрт йил вақт кетди. Қаҳрамонимиз “закўнчи” номини бежиз олмаган экан: барибир мақсадига эришди,  қойилмисиз?!..
АЛҚИССА. 2009 йилнинг охирида бошланган можарога 2016 йилнинг январь ойида суд қонуний нуқта қўйди. Фуқаролик ишлари бўйича Қўқон туманлараро судининг ҳал қилув қарорида шаҳар ҳокимининг ўша, 467-сонли қарорининг З. Турсуновга қарашли иншоотни бузиш қисми ноқонунийлиги эътироф этилиб, бунинг натижасида етказилган моддий ва маънавий зарарни қоплаш учун шаҳар ҳокимлигидан жами 281 миллион сўм ундириш белгиланди.
МОҲИЯТ. Бу нафақат З. Турсунов, балки жамият учун ҳам қувонарли ҳолат аслида. Жамиятда ҳуқуқий онг, ҳуқуқий маданият шаклланаётганининг амалий ифодаси шу эмасми? Суд-ҳуқуқ соҳасида ўтказилаётган улкан ислоҳотлар шу каби воқеликларда яққол кўзга ташланмайдими? Соҳадаги ислоҳотлардан пировард мақсад ҳам фуқаролар ҳақ-ҳуқуқини самарали ҳимоя қилиш, жамиятда қонун устуворлигини таъмин этишдан иборат.
ҲОЛАТ. Мана, суднинг ҳал қилув қарори чиқиб, қонуний кучга кирганига ҳам  бир йилдан ошди. Бироқ  ижроси ҳамон “дам еб”  ётгани юқорида бироз баланд оҳангда ёзилган эътирофларга соя солади. Ижросиз суд қарори ҳақида нима дейиш мумкин? Суд ҳужжатлари ижроси – мажбурий ҳисобланади. Шу сабабки, суд қарори ижросига турли шаклда тўсқинлик қилиш наинки маъмурий, ҳатто жиноий жавобгарликкача бўлган чоралар қўлланишига олиб келиши қонунларда алоҳида қайд этилган. Хўш, унда муаммо нимада?
МУАММО. Бир қарашда суд қарори ижроси масаласида суд ижрочилари барча чораларини кўришгандай... Яъни, ижрога оид иш қўзғатилган, шаҳар ҳокимлигининг Ғазначилик бўлинмасининг барча чиқиш ҳисоб-рақамларига банд солинди... тамом. Бу ёғи эса, жайдари тилда айтганда, маҳаллий бюджетда товон учун тўлов кўрсатилмаган экан, то керакли пул топилгунча, кутасиз, узр...
АСЛИДА-ЧИ? Аслида  вазият унчалар мураккаб эмас. Тўлов учун маълум миқдорда маблағни ҳам, унинг  манбасини ҳам ўтган йилиёқ Фарғона вилоят молия бошқармаси топиб берган. Яъни,  ўтган йили Қўқон шаҳар маҳаллий бюджетнинг даромадлар режаси  оширилиб бажарилиши ҳисобига тўқсон миллион сўмдан ортиқ маблағ йиғилган. Ушбу пулни фуқаро ҳисобига ўтказиб беринг-да, қолган қисмини қоп­лаш учун бизга асослантирилган  хат билан чиқинг. Бу, вилоят молия бош­қармасининг Қўқон шаҳар ҳокимига ёзган  хатининг бир парчаси мазмуни. Ўша хатда яна  маҳаллий бюджетдан   товон учун чиқиб кетаётган шу-унча маблағнинг ўрнини  айбдорлардан ундириш ҳисобига қоплаш  масаласида керак чора-тадбир қўллаш ҳам кўндаланг қўйилганди...  Бироқ ҳоким томонидан  амалда на униси бажарилди, на буниси! Фақат З. Турсунов ҳисобига “овози ўчиб” туриши-ю суд қарори гўёки ижро этилаётгандек таассурот қолдириш учун жами  саккиз миллон сўм ўтказиб берилди, холос...  Икки ўртада суд қарори муаллақ, тадбиркор ҳамон сарсон...
САВОЛ. Кўринадики, масала ечими – боши берк кўчада эмас. Суд қарори ижросига илож ҳам, имконият ҳам бор,  хоҳиш  йўқ, холос. Модомики, шундай экан, суд ижрочиларига нисбатан савол туғилади: оддий фуқаронинг, дейлик, коммунал тўловлардан қарзи бўлса, дарҳол чопиб келинади. Таъкид этиладиган гап ҳам битта: беш кунда тўлов амалга оширилмаса, энг кам иш ҳақининг беш баробари миқдорида жарима солинади!  Тўғри таъкид, тўғри талаб. Мабодо, муддат ўтказилиб юборилса, қарздор ҳақли равишда жаримага тортилади, камига қарздорликни қоплаш учун ижро – унинг мулкига қаратилади... Нега энди шу қонун талаби ҳокимга келганда “кучини йўқотмоқда”?.. Профессионал салоҳият, профессионал холислик қани?
ОҒРИҚ. Яқин-яқингача оддий фуқаро ёки тадбиркорнинг ҳоким ёки вазирни судга бериши –  эртакдай гап эди. Бугун бу реал воқеликка айланди, ортиқча ажабланишга ҳожат йўқ. Бу реаллик замирида, қайд этилганидек, мамлакатимизда ўтказилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари ётибди. Ислоҳот – ислоҳот учун эмас, ислоҳот – инсон учун, деган эзгу мақсад ҳам шунда мужассам. Суд ҳужжатлар ижросини сунъий музлатиш, шу орқали амалдорларни “сувдан қуруқ чиқишига” имконият яратиш ислоҳот йўлига тўғаноқдан бошқа нарса эмас. Муаммони бўрттиришда айб­лашга шошманг... Кимлар учундир кичкина туюлаётган бу муаммо ортида катта савол бор, аслида.  Саволки, йиллар мобайнида судлашиб, топгани бир парча қоғоз бўлган одамнинг наинки маҳаллий ҳокимиятга, балки суд ҳокимиятига нисбатан ҳам ишончига путур етиши эҳтимоли юзага  келмайдими?  Бирники – мингга, мингники туманга, деб бежиз айтилмаган, ахир?! Масаланинг оғриқли жиҳати ана шунда!
Турсунали АКБАРОВ,
“ХХI asr” мухбири

Joomla