Tuesday, May 30th

Last update07:38:55 AM GMT

You are here:

КИТОБГА ҚАЙТИШ

Дунё таомилига кўра мамлакат раҳбарларининг тарихи том маънода
унинг биринчи кунидан бошлаб қайд этила бошланади, катта
сиёсат саҳнасидаги қадамлари ёзиб борилади, тадқиқ қилинади,
ташаббускорлиги, айтган гаплари, ишлари, ислоҳотлари ҳужжатларга муҳрланади.
Даъватлари, юракларга сингувчи лутфлари шиорларга айланади.


Аҳрор АҲМЕДОВ,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист
_____________________________________

Ҳамонки шундай экан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг янги мақомдаги фаолиятининг дастлабки чўнг ундовларидан бири “Китобсиз келажак йўқ!” чорловидир. Таъбир жоиз бўлса, жаҳон миқёсида сайлов­олди дастурига китоб ўқиш, мутолаа масалалари киритилган биринчи Президент ҳам айнан Шавкат Мирзиёев бўлди.
Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси съездида Шавкат Мирзиёев ўз сайловолди дастури билан таништириб, ёшлар тарбияси, уларнинг маънавиятини ошириш, ватанпарвар, фидойи қилиб тарбиялашда китобнинг аҳамияти ҳақида гапирар экан, юқоридаги шиорни айтганда зал қалқиб кетди, ҳамма ўрнидан туриб, беихтиёр юрак-юракдан қарсак чалиб юборди.
Бу шунчаки бир мавриди гап эмаслиги кўп ўтмай номзоднинг вилоятлардаги учрашувларида ўз тасдиғини топди. Масаланинг долзарблиги қайта-қайта таъкид­ланди. “Ваъда вафоси билан гўзал”, деган нақл амалиётга кўчди. Сайловдан кейинги дастлабки кунлардаёқ Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидовнинг 80 йиллигини нишонлаш тўғрисида қабул қилинган қарор бу борадаги интиқ кутилган мардона қадам бўлди. Диёримиз шукроналик, соғинчли адабий мушоиралар юртига айланди. Бу ҳаяжонлар ҳовури совумай туриб, Президентимиз яна бир маънавий жасоратга қўл урди: 2017 йил 12 январда “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармойиш эълон қилинди. Шу ўринда тарих солномачиларига юзлансак: “Хўш, қайси замонда, қайси мамлакатда Биринчи шахс шу тахлит фармони олий берган экан?!”
Фармойишнинг мазмун-моҳиятини шарҳлаб ўтиришга ҳожат ҳам йўқ. Оммавий ахборот воситалари уни қўш қўллаб кутиб олишди ва ҳозирда муттасил тарғиб қилинмоқда. Бир сўз билан айт­ганда, ота-боболари аллома-ю замон, зако-ю жаҳон бўлган ўзбек халқининг яна “китобга қайтиши” “аслига қайтиш” бўлди.
Фармойишда таъкидланганидек, 2 ой муддатда мутахассислар, соҳа вакилларидан иборат ишчи гуруҳлар тузилиб, аввало, янги тизимни шакллантириш, китобни қандай чоп этиш керак, уни ўқувчига қай йўсинда етказиш керак, ижод аҳли билан учрашувлар, унинг аҳамияти, маънавиятни юксалтиришдаги ўрни масалалари ўрганиб чиқилди. Режалар, чоралар, тадбирлар белгиланмоқда.
Энди соҳа ҳақида икки оғиз сўз. Маълумки, китоб нашриётларда тайёрланади. Кўпчилик ноширлик касби ҳақида тўлиқ ҳам билавермайди. Китоб чоп этувчи ношир, дейилади, аниқроғи, китоб қўлёзмаси устида ишловчи. Китоб муҳаррир, мусаҳҳиҳ, рассом, дизайнер, техник муҳаррирлар меҳнати маҳсулидан сўнг босмахонага жўнатилади. Уни қолипга солиб, махсус ускуналарда тайёр китоб маҳсулотига айлантирувчиларни эса матбаачилар, дейишади. Умумий айтганда, қўлёзма нашриётнинг бу эшигидан кириб, китоб ҳолида у эшигидан чиққунча 40 дан ортиқ жараён ичида бўлади, яъни 40 киши, 40 та ўзига хос касб эгасининг қўлидан ўтади. Шунинг учун бу соҳа ўта нозик, мураккаб, керак бўлса, синчков-диққинафас касб.
Ҳозир юртимизда 120 дан ортиқ нашриёт бор. Уларда ўртача ҳар йили 40 миллион нусха атрофида китоблар чиқади. Лекин уларнинг катта қисми мактаб, коллеж-лицей, олий ўқув юртлари дарслик ва қўлланмалари, ёш илмий тадқиқотчиларнинг турли савиядаги монографиялари, Зулфиячи бўламан деб ота-онаси етак­лаб юрган 8-синф қизларининг пиёз пўстидек келадиган китобчалари, 1000 хил олди-қочди брошюралар, “оилавий альбомлар”  ташкил этади. Шундан келиб чиқсак, 2-3 миллион нусха атрофида ўқиса бўладиган адабиётлар қолади. Бу энди 32 миллиондан ошиқ халқ учун озми ё кўпми – ўзингиз хулоса чиқараверинг. Қайсидир мамлакатда бир кишига 8 та – 9 та (ундан ортиғи ҳозирча йўқ) китоб тўғри келаётганда биздаги кўрсаткич кам эмасми?
Маънавий озуқаси бисёр китобларни кўпайтириш, сотувини кучайтириш, халқ уни ўқиши керак деганда айримларнинг энсаси қотади. Шу соҳанинг вакили, умрим китоблар ичида ўтган бир ношир сифатида мен бу ҳолатни тез-тез бошдан ўтказаман, яъни шу муҳит ичида яшайман десам ишонаверинг. “Шу китобдан ош, нон чиқармиди” дегувчилар қанча. “Тўғри, ош-нон чиқмас, лекин ҳалол, тўғри, виж­донли одам чиқади. Ўғри, сотқин, аблаҳ чиқмайди” дейман уларга қарата. Ён-атрофдан, таниш-билишлардан мисол келтираман. Ўйланиб қолади. Ноилож “тўғри” дейди, лекин барибир “тўғри-куя”, деб қўяди. Бу энди унинг виждонига ҳавола.
Ҳуқуқ-тартибот соҳаси мутахассислари билан учрашувларда доим бир нарсани сўрайман: “Қамоққа ҳукм қилаётган маҳбусларингизнинг жиноятга қўл уришига китоб сабаб бўлган ҳолат борми, ёхуд қайсидир бир кишининг аввал китоб ўқиб, кейин қотилликка жазм қилгани борми?” деб сўрайман. Назаримда, уларга ҳеч ким бу тариқа мурожаат қилмаган бўлса керакки, ўйланиб қолишади. Охири “йўқ” дейишади. Ижикилаб сўрайвераман. “Йўқ, йўқ! Кино кўриб ўтириб, видео кўриб, интернет кафедан чиқиб, тўйдан чиқиб, ошдан чиқиб жиноят қилганлар кўп. Лекин китоб ўқиб бўлиб, жиноятга қўл урганини учратмаганмиз”, дейи­шади. Хулоса ўзингиздан.
“Тараққиётнинг умумий кўламида ҳар бир халққа у ўқиган китоб­ларнинг умумий сони билан баҳо берилади”, деган арбоб ҳақ гапни айтган. Зеро, энг кўп китоб ўқийдиган халқлар энг тараққий этган халқлардир. Ўша Америка, Англия, Франция, Германия, ҳозир Хитой, Ҳиндистон...
Бугунги ўзбек ноширчилигининг ўз анъаналари, принциплари, қадриятлари бор. Соҳада катта салоҳиятли тажриба тўпланган. Миллат тарихи, буюк аждодларимизнинг дунё тамаддунига қўшган мислсиз хизматлари китобларга жамланган. Истиқлол маънавияти, ватанпарварлик ғоялари, фидойилик анъаналари, аввало, китоблар орқали халққа етмоқда. Ортимиздан жасоратли, куч-ғайратга тўла, шижоатли ёш авлод гуркираб чиқиб келаётгани  кишини қувонтиради. Китобларимиз ҳеч бир дунё андозасидан қолишмайди. Тўғри, шоли курмаксиз бўлмаганидек, қорин дардида маза-матрасиз, олди-қочди, урди-сурдини хом-хатала китоб қилиб юрганлар ҳам бор. Бундайларга ўз ишига яраша муносабат билдирилиши керак.
Очиғини айтишим керак, энг муҳим масала китобларнинг тиражи ва савдосида. Дейлик, “Бобур энциклопедияси” ёки “Навоий қомуси”нинг ўртача нархи 55-56 минг сўм атрофида. Бир қараганда, қиммат, ойлик маошдан бирдан шунча пулни узиб олиш қийинроқ. Сабаб уларнинг тиражи ўртача
3 минг нусха эканида. Агар...
Фармойишда ижтимоий аҳамиятли китобларга давлат буюртмасини ташкил қилиш айтилган. Бу нима дегани? Мамлакатимизда 10 мингга яқин мактаб, 5 мингга яқин коллеж-лицей, 100 га яқин олий ўқув юртлари, академиялар, илмий муассасалар бор. Маънавият ўчоқлари, “Маҳалла” жамоат фонди, “Нуроний” жамғармаси тизимлари, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, вазирлик ва идоралар бор. Шуларнинг ҳар бирига 2 донадан (ҳамма китоб эмас, фақат ижтимоий-маънавий-маърифий) ажратилганда ҳам ўша китобларнинг тиражи 100 минг нусхани ташкил қилади. Бу эса бояги китобларнинг нархи 20 минг сўм атрофида бўлади дегани?! Бундай китоблар 100-200 номда бўлар. Қолган китобларни нашриётлар ўз имкон даражасида чоп этиб, сотиши мумкин.


Ҳозир республикамизда нечта интернет кафе бор? Аниқ айтолмайсиз, тўғрими? Мен ҳам. Лекин улар китоб дўконларидан энг камида юз баравар кўплиги оддий аксиома. Бу нотенглик бартараф этилмас экан, жиддий ўзгариш­ларга умид қилиш қийин. Наҳот битта қишлоқда 2-3 та китоб дўкони, борингки, дўконча очиш шунчалик қийин бўлса. Оилавий, хусусий китоб савдосига катта йўл ва шу даражада имконият, имтиёз бериш керак. Ахир улар ароқ ё сигарет сотмайди-ку?!
Футболга ўта ружу қўйган бир танишим бор. Бирор юртга ё шаҳарга баҳо берганда, нечта футбол стадиони борига қараб, хулоса чиқаради. Демак, кимдир ресторан, кимдир тўйхона, кимдир парк ё модалар уйига қараб баҳо берар. Менга қолса, кутубхона ва китоб дўконларига қараб баҳо берган бўлардим. Шаҳри азим Тошкентда кўрса-кўргулик, кўрсатса-кўрсатгулик китоб масканлари бу – “Шарқ зиёкори” ва “Китоб олами”, холос...
Фармойиш баҳона матбуот ҳам бир мунча қизиқарли бўлиб қолди. Ушбу масаланинг долзарблиги, аҳамияти турли-туман мақолаларда кенг очиб берилмоқда. Лекин мени кўпроқ амалий ишлар, бу борада “йилт” этган янгиликлар, ташаббуслар, ҳаракатлар эътиборимни тортади. Мисол учун, Булунғур туманида “1 фарзандга – 3 китоб” акцияси ўтказилаётган экан. Шовотлик Ортиқбой ота Манглибоев халқ билан мулоқот тадбирларида қишлоқда кутубхона йўқлиги масаласини ўртага қўйибди. Қаранг, тезда қишлоқдаги коллежда кутубхона очилиб, 1300 та янги адабиёт келтирилибди. Мўйноқлик ёш йигитча эса 500 миллион сўмлик имтиёзли кредит эвазига китоб дўкони қуришни бош­лабди. “Мустақиллик байрами арафасида Мўйноқда катта китоб дўкони бўлади”, дейди у. “Бўларкан-ку”, деб юборасан, қувонганингдан. Лекин шу ўринда битта гап. Тасаввур қилинг, китоб завқи тинч қўймаган чол-кампирлар коллежга ҳар куни кириб келаверса, қандай бўлади? Бу ўринда қишлоқ кутубхоналари фуқаролар йиғини қошида, маҳаллаларнинг ўзида, борингки, чойхоналарда бўлса, нур устига аъло нур бўлур эди.
Банклар аҳоли тадбиркорлиги бўйича уйма-уй юриб кредитлар бераяпти. Товуқчилик, мол-қўй, боғдорчилик, нонвойлик ва ҳоказо. Шу қаторга оилавий китоб савдоси ҳам қўшилса яхши бўларди. Мактабларга, коллеж-лицейларга китоб совға қилиш акциялари омма­лашмоқда. Бир вақтлар “Яқинларингизга китоб совға қилинг” деган мақола ёзгандим. Табриклаганлар ҳам бўлган, қўл силтаганлар ҳам. “Келин сарпога китоб ҳам қўшайлик” деб ёзганимда, кулгувчилар топилганди. Бугун бу ишлар одат тусига кириб бормоқда. Бир яқинимизнинг туғилган кунига атаб янги чиққан, совғабоп қилиб чоп этилган “Бобурнома” китобини совға қилгандим. Бунга роса 14 йил бўлди. Кимдир соат, кимдир галстук, кимдир пул. Орада у чет элларда ишлаб келди. Ўтган йили дўстлар яна ўша хонадонда жам бўлдик. Қарасам, ўша жавонда, ўша куни қўйилган “Бобурнома”. Лекин дўстимнинг қўлида ўша соат ҳам, бўйнида ўша галстук ҳам, балки қўйнида ўша пул ҳам йўқ эди. Ғурурланиб кетдим. Худди билгандай, балки атайлаб қилгандай, яна китоб совға қилдим. Бу гал Алишер Навоийнинг 2 томли “Қомусий луғат”ини. Дўстим уни ҳам ўша жавонга, ёнма-ён териб қўйди. Орадан 2-3 кун ўтиб, ўша даврада ўтирган дўстларимдан бир нечтаси келиб, “Шундай китоблардан бизга ҳам топиб бер”, деб қолди. Хурсанд бўлиб “Шарқ зиёкори” китоб дўконимизга олиб тушдим...
Куни кеча ўқиб қолдим. 1220 та болалар боғчасида кутубхоналар ташкил қилинаркан. Балки бу борадаги энг яхши янгилик шудир, бола ёшлигида китобга ўргатилмаса, кейин уни ўргатиб бўлмайди. Боғчадаги қизиқиш мактабда кўникмага айланади. 5-6 йил олдин юртимизга бельгиялик ноширлар ташриф буюришганди. Болаларга ихтисослашган бу нашриёт мамлакатдаги энг машҳур миттивойлар ўйинчоқлари фабрикаси рўпарасида ташкил қилинган экан. Буни кўриб кўплаб сармоядорлар нашриётга пул тикишга жазм қилишмабди. Ўз имкониятлари билан амал-тақал иш бошлаган ноширлар шу даражага чиқишибдики, китоблар ўйинчоқлардан афзал бўлиб, бозори гуллабди. Охири ҳеч ким ўйинчоқ олмай, боласи учун китоб ола бош­лаган экан. Натижада фабрика касод бўлиб, биносини нашриётга сотишга мажбур бўлибди. Бояги сармоядорлар энди пул берамиз дейишган экан, ноширлар уларни қабул қилишмабди...
Демоқчи бўлганим – ҳар қандай яхши китоб қўғирчоқдан афзал. Афсуски, буни ҳамма ҳам англаб етавермайди. Ўйинчоқ болага завқ беради, нари борса тўполонини тўхтатади, китоб эса зиё беради, дунёқарашини шакллантиради, тафаккур дунёсига пиллапоя бўлади.
Илм оламида тетапоя қилаётган боланинг эҳтиёжига айланган бу машғулот мактабда энди кўникмага айланади. Шу боис мактаб дарс жадвалига “Мутолаа” деган дарс киритилса, яхши бўларди. Киритилганда ҳам у душанба куни биринчи соатга қўйилиши керак. Чунки шанба-якшанбада мутолаа қилган ўқувчи ўша китоб таассуротлари билан яшайди, ҳали ўша воқеалар таъсирида бўлади, буни кимлар биландир ўртоқлашгиси келади. Душанба куни синфда ҳаммани ҳайратга солган бола энди тўхтолмайди, мутолаа, мушоҳада, мунозарага ошино бўлади.
Бундан ўн йиллар бурун телевидениеда китоб ҳақида бир кўрсатув тайёрлаган эдим. Унда шундай бир ноодатий лавҳа ҳам бор эди: метро станцияларининг номини ўқийдиган сухандон ғайритабиий эълонни ўқийди – “Ёш болали, ёши катталарга... ва китоб ўқиб кетаётганларга жой беринг”. Поездда китоб ўқиб кетаётган аёлга ғалати қараб кетаётганларнинг бир нечтаси бирдан ўрнидан туриб жой беради. Мен шундай кунлар келишига ишонаман...

Joomla