Monday, Apr 24th

Last update01:59:47 AM GMT

You are here:

МУРОЖААТЛАР ҲАҚҚОНИЙ БЎЛСА...

Саломатлик – туман бойлик, деб бежиз айтишмаган. Шунинг учун ҳам энг масъулиятли ва мураккаб соҳа бўлмиш тиббиёт соҳаси­ни танлаганлар олий ўқув юртларида малакали мутахассис бўлиб етишиш учун узоқ муддат ўқитилади. Афсуски, улар орасида ҳам кейинги пайтларда шифокорлик қасамини бузиб, оппоқ халатга доғ тушираётган таъмагир, худбин кимсалар учраётгани юртдошларимизни ташвишга солаётир. Хўш, бундай шифокорларни ким деб аташ мумкин?

Тахтакўпир туманида яшовчи Роза Каипованинг жорий йил 16 ноябрда Бош Вазир виртуал қабулхонасига йўллаган мурожаатини ўқиган киши қалбида беихтиёр ана шундай  ўй-саволлар кечади. Унда беморларга нотўғри ташхис қўйгани учун муқаддам уч марта судланган, бундай мудҳиш хатоси туфайли ҳатто ўз турмуш ўртоғининг ҳаётдан видолашишига сабабчи бўлган ва амнис­тия актига асосан озодликка чиқарилган шифокор К. Айтековнинг ҳамон Тахтакўпир туман тиббиёт бирлашмасида қайси қонун-қоидага асосан шифокор бўлиб ишлаётганига аниқлик киритиш сўралган.


“Наҳотки, бунга кўз юмиш мумкин? Унинг ҳали ҳам шифокор сифатида фаолият юритаётгани олдинги хатоларини яна такрорлаш учун имконият эмасмикан, деб ўйлаб қолади одам. Бундай масъулиятсизлик, лоқайдлик нега тегишли назорат органларининг эътиборидан четда қолган? Шу каби саволлар кўп, аммо уларга аниқ жавоб берадиган киши борми?”, дея куюнади мурожаатчи.

Яқинда Роза Каипова Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Л. Туйчиев имзоси билан К. Айтеков ва Тахтакўпир туман тиббиёт бирлашмаси ўртасида тузилган меҳнат шартномаси бекор қилингани баён этилган жавоб хати олди. Адолат қарор топгани учун Роза Каипова Бош вазир виртуал қабулхонасига ташаккурнома ёзди.

Фуқаро Г. Айтниязова ҳам ўз хатида Ш. Мирзиёевнинг мамлакатимиздаги ҳар бир фуқаронинг дарду ташвишини тинг­лаётганидан мамнун эканини қуйидаги сўзлар билан маълум қилган:

“Ҳурматли Шавкат Миромонович! Сизнинг ташаббусингиз билан ташкил этилган виртуал қабулхона орқали мамлакатимиздаги минглаб фуқаролар қатори мен ҳам ўзимни анчадан буён қийнаб келаётган муаммога ечим топдим. Бу фикрларни мен нафақат ўз номимдан, балки барча қорақалпоқ аёллари ва виртуал қабулхона орқали муаммоларига ечим топган ватандош­ларимиз номидан билдираман”.

Изоҳ тарзида шуни айтиш лозимки, Г. Айтниязова узоқ йиллардан буён ололмай келаётган иш ҳақини ундиришда ёрдам сўраган. Ушбу ҳолат тегишли идоралар томонидан ўрганилиб, Г. Айтниязованинг маоши тўлаб берилди.

Иштихонлик Анорхол Раҳматова эса мазкур виртуал қабулхонага ёзган мурожаатида  ўғли Шуҳрат Тожибоевга тегишли турар-жой ноқонуний равишда бузилаётгани ва ушбу муаммони бартараф этишни сўраган эди. Ўрганиш жараёнида маълум бўлдики, Ш. Тожибоев томонидан қурилган турар-жой аслида Иштихон туманидаги “Саида далалари” фермер хўжалигига қарашли бўлиб, бу ҳақда маҳаллий ҳокимият вакиллари илгари ҳам Ш. Тожибоевга бир неча бор тушунтириш берган ва иморатни ўз ҳисобидан бузиш учун ихтиёрий муддат белгиланган. Аммо у иморатни ўз маблағи ҳисобига қурганини важ қилиб, бузишга қаршилик қилиб келган. Пировардида фуқаролик ишлари бўйича Иштихон туманлараро судининг қарорига биноан жорий йилнинг 14 ноябрида Ш. Тожибоевнинг уйи бузилди ва бу ҳақда тегишли далолатнома тузилди.

Ҳа, виртуал қабулхонага мурожаат қилаётганларнинг ҳаммаси ҳам жабрланувчи эмас. Бошқача айтганда, шикоят қилган ҳар бир одам ҳақ бўлавермайди. Бу эса оддий тил билан айтганда, жойларда секин-аста адолат тарозиси тенглашаётганидан далолат беради, қолаверса, фуқароларнинг фаоллиги ортаётганини кўрсатади.

Ҳасан САЛОМОВ,
“XXI asr” мухбири

Joomla