Tuesday, May 30th

Last update07:38:55 AM GMT

You are here:

ТАРАҚҚИЁТНИНГ ЯНГИ МОДЕЛИ ёхуд “йўлбарс шиддати”га шайланаётган мамлакат

...1960 йилларда жаҳон­­­­нинг нуфузли ташкилот ва экспертлари Осиёнинг Жанубий Корея, Гонконг, Сингапур ва Тайвань давлатларининг иқтисодий ўсиш суръатлари юқори даражага етаётганини эътироф этишди. 10-15 йилдан сўнг ҳам бу жараён изчиллик билан давом этаётганини кўрган мутахассислар уларни “Осиё йўлбарслари” деб аташди. Ҳатто 1990 йилларга келиб “Осиё йўлбарслари”  аҳоли жон бошига яратилаётган ялпи миллий маҳсулот бўйича дунё­нинг энг бой ва ривожланган давлатларидан бири Германия­дан ҳам ўзиб кетишди. Кейинроқ эса Малайзия ва Таиланд ҳам улар қаторига қўшилди...

Жаҳон иқтисодий ҳамжамиятида юз бераётган ўзгаришларни синчиклаб кузатиб борадиган зукко халқаро экспертлар бугун  Осиёнинг яна бир давлати – Ўзбекистоннинг иқтисодий сиёсатига ҳам алоҳида эътибор бера бошлашди. Негаки, улар  бу давлат яқин даврда ривожланиш шиддати бўйича ҳатто ўша машҳур “Осиё йўлбарслари”дан ҳам ўтиб кетишини сезиб туришибди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаб­буси билан ишлаб чиқилган 2017-2021 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар  стратегияси  юртимиз иқтисодиётини бутунлай янги босқичга олиб чиқади, тараққиёт суръати кескин ошиши учун пухта замин ҳозирлайди.  Ҳаракатлар стратегияси Биринчи Президентимиз Ислом Каримов бошлаб берган демократик ислоҳотларни изчил давом эттириш ва чуқурлаштириш сиёсатини ҳуқуқий соҳадан тортиб, то хавфсизлик масалалари, мамлакат миқёсидан тортиб то чекка-чекка туман ва қишлоқларни ўйлантираётган масалаларни ечишни ҳам ўз ичига олган умумдавлат аҳамиятига эга ҳужжат сифатида тарихимизда қолади.

Ҳаракатлар стратегиясининг  муҳим жиҳатларидан яна бири Президент Шавкат Мирзиёевнинг сайловолди жараёни, вилоятлар, ҳатто узоқ туманлар вакиллари билан учрашувларида кўтарилган муҳим масалалар, жамоатчилик, ишбилармон доиралар вакиллари ҳамда давлат органлари вакиллари билан учрашувлари чоғида  мамлакатни ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, маданий-гуманитар ривожлантириш бўйича билдирилган фикр ва мулоҳазаларнинг ҳам инобатга олинганлигидадир.

Бу ҳужжат муҳим 5 йўналиш – давлат ва жамият қурилишини такомиллаштириш, қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, иқтисодиётни янада ривожлантириш ва либераллаштириш, ижтимоий соҳани ривожлантириш, хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий руҳдаги ташқи сиёсат юритишни ўз ичига олади. Тараққиётнинг бешта устуни деб таклиф этилаётган ушбу чора-тадбирларнинг амалиётга жорий этилиши юртимизни яқин келгусида дунёнинг ривожланган давлатлари қаторига кириши йўлида ташланган улкан қадамдир.

Шу ўринда биз стратегиянинг иқтисодий йўналиши ҳақида фикр юритамиз.  “Иқтисодиётни янада ривожлантириш ва либераллаштириш” номли учинчи йўналишда кўрсатилган чора-тадбирларни рўёбга чиқариш учун миллий валюта ва нархларнинг барқарорлигини таъминлаш, валютани тартибга солишнинг замонавий бозор механизмларини босқичма-босқич жорий этиш, маҳаллий бюджетларнинг даромад базасини кенгайтириш, ташқи иқтисодий алоқаларни фаоллаштириш, экспортга мўлжалланган маҳсулот ва материаллар ишлаб чиқариш учун замонавий технологияларни жорий этиш, транспорт-логистика инфратузилмаси, тадбиркорликни ривожлантириш ҳамда хорижий инвесторлар учун инвестициявий жозибадорликни ошириш, солиқ маъмурчилигини яхшилаш, банк фаолиятини тартибга солишнинг замонавий принцип ва механизмларини жорий этиш, кўп тармоқли фермер хўжаликлари ҳамда туризм индустриясини жадал ривожлантириш назарда тутилмоқда. Ҳужжатда белгиланган аксарият устувор вазифаларнинг бажарилиши аллақачон бошланган.

Умуман олганда Ҳаракатлар стратегиясида  2017–2021 йилларда умумий қиймати 40 миллиард АҚШ доллари миқдоридаги 649 та инвес­тиция лойиҳасини назарда тутувчи тармоқ дастурларини рўёбга чиқариш режалаштирилган. Натижада ушбу йилларда саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш 1,5 баравар, унинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 33,6 фоиздан 36 фоизгача, қайта ишлаш тармоғи улуши 80 дан 85 фоизгача ошади. Бундан ташқари импорт ўрнини босувчи ва экспортга йўналтирилган ишлаб чиқаришларни ривожлантиришни ўз ичига олган маҳаллийлаштириш дастури қабул қилинди. Унга мувофиқ 2019 йилгача жами ишлаб чиқариш ҳажми 3,4 миллиард АҚШ долларига тенг
1 минг 146 та маҳаллийлаштириш лойиҳаларини амалга ошириш белгиланган. Биргина 2017 йилда мазкур дастурда белгиланган чора-тадбирларни амалга ошириш натижасида импорт ҳажми 1,1 миллиард АҚШ доллардан кўпроқ камайиши кутилмоқда.

Маълумки Ўзбекистон жаҳоннинг энг кўп пахта етиштирадиган ва экспорт қиладиган давлатлари қаторига кирса-да, хорижга экспорт асосан пахта толаси ва ундан олинадиган ип-газлама шаклида амалга оширилади. Аслида пахта толасини чуқур қайта ишлаш уни тола ва ип-газлама  сифатида сотиш бир неча баравар кўпроқ фойда келтиради. Шу боис пахта толасини ўзимизда чуқур қайта ишлаш, ундан сифатли, арзон ва харидоргир тайёр товарлар  ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ҳамда экспортга йўналтириш бўйича ҳукумат дастури қабул қилинди.

Мазкур мақсадга етиш учун 2017-2020 йилларда дастур доирасида 2,2 миллиард доллар жалб қилинади. Лойиҳалар тўрт босқичли тизим асосида пахта хомашёсини қайта ишлаб, тайёр маҳсулотгача ишлаб чиқаришга ихтисослашган махсус тўқимачилик комплекслари ташкил этиш ва улар фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда 27 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратиш  кўзда тутилмоқда. Шунингдек, 120 та янги корхона ташкил этиш, фаолият кўрсатаётган ўнлаб текстиль корхоналарини модернизация қилиш режалаштирилган. Бунинг натижасида 2020 йилга бориб, пахта толасидан ишлаб чиқарилган ип-калава маҳаллий корхоналарда чуқур қайта ишланади, тўқимачилик ярим тайёр маҳсулотлари экспортининг сезиларли қисқаришига эришилади ва тайёр маҳсулотлар экспорт ҳажмининг 2 баравардан ортиқроқ ошишига эришилади.

Ҳаракатлар стратегиясида ҳар бир ҳудуд салоҳиятидан комплекс ва самарали фойдаланиш, ривожланиш даражаси нисбатан паст бўлган туман ва шаҳарларни саноат ва экспорт салоҳиятини ошириш, янги саноат корхоналари, сервис марказлари ва кичик саноат зоналарини ташкил қилиш лозим. Натижада ҳудудлар ривожланишидаги фарқлар камаяди ва маҳаллий бюджетларнинг даромад базаси кенгайиб, халқ турмуш фаровонлиги янада ошади. Бунинг амалий тасдиғи сифатида юртимизнинг ҳар бир ҳудуди бўйича 2017-2018 йилларда саноат, қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш соҳаларида амалга оширилиши кўзда тутилаётган лойи­ҳалар дастурлари тасдиқланди. Унга мувофиқ биргина Хоразм вилоятида саноатни ривожлантириш бўйича умумий қиймати 1,8 триллион сўм бўлган 740 та лойиҳа, хизмат кўрсатиш ва сервис инфратузилмасини ривожлантириш бўйича умумий қиймати 575 миллиард сўм бўлган 2 503 та лойиҳа, қишлоқ хўжалигини ривож­лантириш бўйича умумий қиймати 420 миллиард сўм бўлган 1 600 дан ортиқ лойиҳаларни амалга ошириш белгиланди. Бошқа ҳудудларда ҳам амалга оширилиши белгиланган чора-тадбирлар ва лойиҳалар кўлами бундан кам эмас.

Бундан ташқари, давлатимиз раҳбари вилоятларга ташрифида ҳудудларни комплекс ривож­лантириш, уларнинг иқтисодий салоҳиятини янада оширишга қаратилган йирик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, маҳаллий бюджетларнинг даромадлар базасини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратмоқда.  Ҳар бир қурилиш майдонидаги ишлар билан танишиб, ўзининг бой тажрибаси билан ўртоқлашмоқда.

Биргина мисол, Жиззахда қиймати 2,2 миллиард доллар бўлган, йилига 5 миллион тонна нефть хомашёсини қайта ишлаш имкониятига эга  замонавий нефтни қайта ишлаш мажмуасини қуришга киришилди. Янги заводнинг ишга туширилиши унда 2 мингдан зиёд, иқтисодиётга алоқадор ва хизмат кўрсатиш тармоқларида қўшимча равишда  14 мингдан ортиқ малакали меҳнат талаб қиладиган замонавий иш ўринларини яратиш имконини беради. Бунга ўхшаш мисолларни кўплаб келтириш мумкин.

Ҳаракатлар стратегиясида бошқа мамлакатлар, айниқса, қўшни мамлакатлар билан халқаро алоқаларни ривожлантириш ва аҳиллик муҳитини шакллантиришга  алоҳида эътибор қаратилган. Президентимизнинг қўшни мамлакатлар – Туркманистон, Қозоғистон, Россия Федерацияси, ниҳоят, яқиндагина Хитой Халқ Республикасига уюштирилган давлат ташрифлари доирасида тарихий аҳамиятга эга, ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқадиган салмоқли келишувларга эришилгани ҳам ана шундай алоқаларнинг натижасидир. Россия Федерациясига ташриф давомида умумий қиймати 16 миллиард доллар бўлган 50 дан ортиқ ҳужжат имзоланган бўлса, дунёнинг энг ривож­ланган давлатларидан бири сифатида эътироф этилаётган Хитой Халқ Республикасида ўтган олий даражадаги учрашувлар доирасида 100 дан ортиқ давлатлараро, ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжат имзоланди. Эътиборли жиҳати, эришилган келишувлар доирасида сармоявий лойиҳаларнинг умумий қиймати 23 миллиарддан ошганлигининг ўзиёқ икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик юксак даражада ривожланаётганидан  далолатдир.

Дунё ривожланишининг маркази Европа ва АҚШдан Осиёга кўчаётгани ҳеч кимга сир эмас. Жаҳоннинг энг тез ривожланаётган мамлакатлари қаторига Осиё қитъасидан тобора кўпроқ мамлакатлар қўшилаётгани минтақанинг глобал иқтисодиётдаги роли кучаяётганини билдиради. Улар қаторида Ўзбекистон мунтазам равишда ўрин эгаллаб келаётгани юртимизнинг нафақат Осиё қитъасида, балки бутун дунёда ҳам ўзининг муносиб ўрни борлигини исботлайди. Буни 13 йилдан бери ялпи ички маҳсулотнинг ўсиш суръати 7-8 фоиздан кам бўлмаганида ҳам кўришимиз мумкин. Масалан, жорий йилнинг биринчи чорагида янги ташкил этилган кичик бизнес субъектлари сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 64 фоиз, уларга ажратилган кредитлар миқдори эса 1,3 баравардан кўпроққа ошди. Мамлакат иқтисодиётига сарфланган инвестициялар ҳажми 9,7 фоиз, шу жумладан, хорижий инвестициялар ва кредитлар – 10,5 фоизга ўсди. Йил бошидан буён 9 та йирик корхона ва 4 мингдан ортиқ ишлаб чиқариш объектлари фойдаланишга топширилди. 258 та янги корхона илк бор экспорт фаолия­тига жалб этилди, товарларнинг 117 та янги турини экспорт қилиш, 28 та янги ташқи сотиш бозори ўзлаштирилди.

Мухтасар айтганда,  юртимизда амалга оширилаётган янги иқтисодий сиёсатнинг  мазмуни ва шиддати Ўзбекистонимизни наинки Осиё, балки жаҳоннинг энг тез ва барқарор ривожланаётган давлатларидан бирига айлантира олади. Халқаро экспертлар таъбири билан айтганда эса  мазкур ўзгаришлар  Осиё қитъасида янги “йўлбарс” пайдо бўлаётганидан дарак бермоқда!

Одил ОЛИМЖОНОВ,
иқтисод фанлари доктори, профессор,
Шерзод ОТАБОЕВ,
илмий  тадқиқотчи

Joomla