Tuesday, May 30th

Last update07:38:55 AM GMT

You are here:

ТИББИЁТДА ХУСУСИЙ СЕКТОР: талаб – таклиф ва имконият

Бугун соҳалараро кечаётган қизғин ислоҳотлар иштирокчиси сифатида юрт равнақига дахлдор ҳар кишининг бир куни ўн йилликларга тенг бўляпти, десак айни ҳақиқатни айтган бўламиз. Аслида жараёнларнинг бундай шиддатли тус олиши – иқтисодий, ижтимоий, сиёсий, ҳуқуқий, маданий-маърифий ва маънавий йўналишлар катта ўзгаришлар остонасида экани Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг сайловолди чиқишларида нишона берган эди. Яъни, бу кутилган ҳодиса.

2017 йилнинг ўтган тўрт ойи мобайнида юртимизда амалга оширилган ишлар эндиликда тараққиётимизнинг янги босқичи бўлиб тарих саҳифаларидан жой олди ва олмоқда. Буни жамият ҳаётида кузатилаётган кенг қамровли янгиланиш эпкинлари – юртдошларимиз томонидан улуғвор ишларга хайрихоҳлик кайфиятининг юқорилигидан ҳам англаш қийин эмас.
Албатта, бу қадар қисқа муддатда одамлар ишончини қозонишга қаратилган саъй-ҳаракатлар оммалашувида, аввало, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан халқ ичига кириш, кишилар дардини ҳис этиш, ташвишларига шерик бўлиш, мурожаатларни астойдил эшитиб, сидқидилдан кўмак беришни ўзида мужассамлаштирган – Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари тамойилининг ўрни беқиёс бўлди. Эндиликда юрт манфаатини ўзида ифода этувчи қонунлар, Юртбошимиз томонидан имзоланган қарор, фармон ва фармойишлар айнан биз санаб ўтган омилларни ўзида жо этмоқда. Чунки, ўрганилган долзарб муаммолар ечими ва истиқболли лойиҳалар рўёбига давлат сиёсати даражасида эътибор қилинмас экан, кўзланган мақсадга эришиб бўлмайди – ривожланиш бир жойда депсиниб қолади.
“XXI asr” ижтимоий-сиёсий газетаси ўқувчиларимиз – фуқаро, тадбиркор, фермер, кичик бизнес субъекти вакили, энг асосийси, эндигина тадбиркорлик фаолиятини бошлайман деб турган ёш ишбилармонлар мурожаат, талаб ва истакларини инобатга олиб, яна бир янгилик-тажрибага қўл урмоқда. Яъни, давлатимизда қабул қилинган қонунлар, Президентимиз томонидан чиқарилган муҳим аҳамиятга молик ҳужжатларда белгилаб берилган устувор вазифаларнинг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка янада батафсилроқ тарзда етказиш ниятида тегишли соҳа мутахассислари иштирокида давра суҳбатларини мунтазам ўтказиб боришни режалаштирмоқда.
Шу муносабат билан биз Президентимиз
Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 1 апрелдаги “Соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий секторни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қароридан келиб чиқувчи соҳага оид имтиёзлар, преференциялар, имкониятлар тўғрисида фикр-мулоҳаза юритиш учун бир гуруҳ мутахассисларни таҳририятга таклиф этдик.

– Бугунги мулоқотимиз мавзуси бевосита барчамиз учун ҳар қандай бойликдан-да қадрлироқ бўлган САЛОМАТЛИК билан боғлиқ эканлигини назарда тутадиган бўлсак, ушбу қарор ниҳоятда муҳим аҳамиятга эга эканлигини изоҳлашим шарт эмас.  Шу маънода, бу ҳужжатнинг халқимиз томонидан самимий кутиб олинганлигини эътироф этган ҳолда, энг аввало, хусусий тиббиёт деган тушунчанинг маънавий ва моддий моҳиятига эътибор қаратишимиз лозим деб ўйлайман. Негаки, шу пайтгача жамоатчилик орасида бу борада ҳар хил баҳс, мунозаралар бўлганлиги рост. Марҳамат,  ушбу қарорда қатъий белгилаб берилган, айтиш мумкинки, кечиктириб бўлмайдиган устувор вазифаларни амалга ошириш жараёнлари хусусида сўз юритсак.
________________________________________

– Азалдан маълумки, тиббиёт ҳамиша ривожланишни, ислоҳотни талаб этувчи соҳа. Бу борада замон билан ҳамқадамлик, янгиликларни ўзлаштиришдан бир дам бўлсин, ортда қолиш ярамайди. Шу маънода Президентимиз имзолаган мазкур қарор мамлакатимизда энг етакчи соҳалардан бири ҳисобланган тиббиётни янги босқичга кўтаришга хизмат қилиши шубҳасиз. Бу янгилик, халқимиз, айниқса, партиямизнинг асосий электорати саналган тадбиркор ва ишбилармонлар томонидан мамнуният билан кутиб олинди десам янглишмайман. Нега деганда, мазкур ҳужжатда соҳанинг ташкилий, ҳуқуқий механизмлари янада такомиллаштирилиб, айнан бу борада тадбиркорлик қилаётган ва ана шу савобли ишга бош қўшмоққа чоғланаётганларга жуда кўп имтиёзлар тақдим этилмоқда.

________________________________________
– Мавлудахон, жуда тўғри таъкидладингиз, ушбу қарор, бир сўз билан айтганда, бугунги тиббиётимиз юзига тутилган кўзгу! Бу кўзгуга қараб, камчиликларимиз, амалга оширилиши лозим бўлган ишлар, тиббиёт ходимларига қўйилаётган талаблар, шу талабларга яраша таклифларни кўриш мумкин. Шунингдек, мазкур ҳуқуқий ҳужжат моҳиятида жамиятда тиббий маданиятни шакллантиришдек долзарб масала ҳам кўндаланг турибди. Менинг фикримча, токи аҳолининг тиббий маданияти етарли даражада шаклланмас экан, кутилган натижага эришиш осон кечмайди, тўғрими? Бу менинг, партиямизнинг Чилонзор туман Кенгаши “Аёллар қаноти” мутасаддиси сифатида тиббий маданиятни шакллантириш мавзуида ўтказган тадбирларимиз  натижасида чиқарган хулосамдир.
________________________________________

– Юқоридаги фикрларни давом эттириб, айтишни хоҳлар эдимки, бозор иқтисодиёти шароитида тиббиёт соҳасида хусусий тадбиркорликнинг фаол йўлга қўйилиши мамлакат ривожи учун ҳам, соҳа келажаги йўлида ҳам бирдек аҳамият касб этади. Маълумки, юртимизда давлат бюджетининг асосий қисми, яъни 60 фоизи ижтимоий соҳаларга сарфланади. Бунда, албатта, соғлиқни сақлаш тизимининг улуши салмоқли. Агар тадбиркорларимиз томонидан соҳага инвестиция киритилишини янада жадаллаштирсак давлат учун ҳам, фуқаролар учун ҳам катта фойда бўлади.

Норқобил ЖАЛИЛОВ:

– Мазкур қарор билан батафсил танишгач, ҳар биримизнинг кўнглимиздан ўзгача бир қониқишга уйғун иштибоҳ ўтиши табиий. Яъни, хусусий тиббиёт соҳаси вакиллари энди чин маънода ўз манфаатидан кўра кўпроқ халқ манфаатини биринчи даражали вазифа деб анг­ламоғи шарт эканлиги белгиланган. Шу ўринда, айтиш керакки, ушбу ҳужжатда тартибга солинган масалалар Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг дастурида белгиланган ижтимоий,  гуманитар,  маънавий соҳалар  ва  жамият  ақлий  салоҳиятини ривожлантириш  борасидаги  вазифаларга  ҳамоҳангдир. Зеро, дастуримизда қайд этилганидек:  “партия инсон саломатлиги, ҳозирги давр тиббиётининг янги ютуқларига таянган ҳолда дунёда илғор ўринларга интилаётган Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш ривожи ва хусусий капитални жалб қилган ҳолда аҳолига малакали тиббий ёрдам кўрсатиш соҳасида соғлом рақобат муҳитини яратиш, умр узоқлигини таъминлаш йўлида курашади”.

Дилобар МИРРАҲИМОВА:

Қарангки, бугунги суҳбатимиз мавзуси ўз-­ўзидан масаланинг иқтисодий  жиҳатига бориб тақаляпти. Бу мавзуга тўхталишдан аввал маънавий-ахлоқий масалада икки оғиз фикр билдириб ўтмоқчиман. Баъзилар тиббиётда хусусий сектор хизматлари нархи қимматроқ эканини кўп гапиради. Бундай пайтда улар, “Хўш, кўрсатилаётган хизмат нарх-навосига мосми?” деган ҳақли савол устида кўпам бош қотиришавермайди. Дабдабаю асъасага тўла тўйлар қиламиз, уйлар қурамиз, сендан мен камми,  қабилида қатор-қатор машиналар сотиб оламиз. Буларга бўғзимизгача қарзга ботиб бўлсаям пул топамиз. Аммо бебаҳо неъмат бўлмиш саломатлигимизга келганда ана шундай “фидойилик”ни доим ҳам кўравермаймиз, ё ёлғонми? Соғлиқ бўлса, бу дунёда ҳамма нарса топилади. Аммо моддий бойликларимиз бўлса-ю сиҳат-саломатлик бўлмаса, инсонга ҳеч нарса татимайди: данғиллама уйи ҳам, топган молу давлати ҳам. Ана шу, оддийгина ҳақиқат англаб етилганда эди,  кўп муаммоларга ўз-ўзидан ечим  топилган бўларди...

Рашид ҲАКИМОВ:

– Агар мумкин бўлса, юқорида айтган фикрларимни давом эттирмоқчиман. Тиббиётда хусусий секторнинг ривожи бюджедга тушаётган юкламани маълум маънода енгиллаштиради. Бу давлат ижтимоий соҳага ажратилаётган маблағни камайтиради, дегани эмас. Балки соҳа ривожи учун ажратилаётган маблағ янада ошади. Самара ҳам ўз навбатида шунга яраша бўлади. Умуман, бозор талабига мос соғлиқни сақлаш тизими вужудга келади. Энди қарорга биноан соҳага берилаётган имтиёзлар ҳақида икки оғиз сўз. Ҳужжатда соҳа ривожида банкларнинг аралашувига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилган. Қатор солиқ имтиёзларидан ташқари ҳудудлардаги бўш  иншоотларни “ноль” қийматида бериш ҳам  катта имконятлардан бири ҳисобланди.

– Рашид ака, узр, гапингизни бўлдим, шу ўринда яна бир жиҳатни айтмасак бўлмайди. Ўз тажрибамиздан мисол келтирмоқчиман: масалан, биз корхонамизни йўлга қўйиш учун югуриб юрган пайтларимизда ҳали бунақа кенг, давлат аҳамиятига молик  имкониятлар йўқ эди. Шу сабабли минг қийинчиликлар билан бошқа ташкилотга тегишли бўлган бинони мўмайгина нархда сотиб олган эдик. Пулини тўлашда ҳам роса қийинчиликларга дуч келганмиз. Шунда ҳам бўлиб-бўлиб тўлаганмиз. Агарда ўшанда бугунгидек имтиёз бўлганда эди, иншоот учун сарфланган маблағга чет элдан янги ускуна олиб келиб, маҳсулотларимиз турини бундан ҳам кўпроқ қилган бўлардик!

Дилобар МИРРАҲИМОВА:

– Бевосита қарорнинг мазмун-моҳиятига тўхталадиган бўлсак, унда соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий секторни янада ривожлантиришнинг асосий йўналишларидан бири – “хусусий тиббиёт муассасаларининг ташхис қўйиш ва даволаш бўйича замонавий юқори технологияли усулларни кенг қўллаган ҳолда, кенг аҳоли қатламлари, жумладан, ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларга юқори малакали тиббий ёрдам кўрсатишга қаратилган хизматлар кўлами ва турларини кенгайтиришни ҳар томонлама рағбатлантириш” экани алоҳида таъкидланган. Нима демоқчиман? Хориж шифокорларининг биздан устунлиги нимада? Фақат битта  масалада – улар юқори технологияли тиббий асбоб-ускуналарга эга. Касбий салоҳият, профессионализмда манаман деган чет эллик шифокорлардан қолишмайдиган мутахассис кадрлар  ўзимизда ҳам етарлича топилади. Шунинг учун бизнинг малакали кадрларимизга хорижда ҳам эҳтиёж бор.
Қарорга мувофиқ, хусусий тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, уларни замонавий тиббиёт ускуналари, махсус инвентар ва асбоб-ускуналар билан жиҳозлашда қатор қулайлик ва имтиёзлар берилиши, пировардида, тиббий хизмат  сифатини янги босқичга олиб чиқилиши баробарида миллий кадрлар салоҳиятини намоён этишда муҳим омил бўлиши шубҳасиз. Берилаётган имтиёзлар соҳа ходимларининг ижтимоий муҳофазаси масаласи борасидаги  муаммоларга ҳам ечим вазифасини ўташи алоҳида эътиборга лойиқ.
________________________________________

– Дарҳақиқат, шундай. Берилаётган имтиёзлар асо­сида моддий-техник ба­замиз­ни маблағлар ҳисобидан замонавий тиббий асбоб-ускуналар харид қилиш, янги бино ва иншоотларни қуриш, мавжудларини реконструкция қилишимиз мумкин. Эндиликда биз билан ҳамкорликда ишлашга жалб этиладиган хорижлик шифокорлар ва замонавий тиббиёт асбоб-ускуналарига хизмат кўрсатадиган техник мутахассислар билан тузилган меҳнат шартномалари доирасида олинадиган даромадлар бўйича жисмоний шахслар даромад солиғи ҳамда ягона ижтимоий тўловлардан озод этилгани ҳам бизнинг самарали фаолият юритишимизга имкон беради.

Мавлуда ХЎЖАЕВА:

– Иқтисодчимизнинг гапига қўшимча сифатида ­қуйидагиларни айтган бўлардим. Шундай замонавий тиббий асбоб-ускуналар борки, уларни фақатгина хорижлик мутахассислар кўмагида ишлатиш мумкин. Ёки бўлмаса, айрим жарроҳлик амалиётларини хорижлик шифокорларнинг иштирокисиз амалга ошириб бўлмайди. Шуни инобатга олган ҳолда қарорда  хусусий тиббиёт муассасаларида ишлаш учун жалб этиладиган хорижий шифокорлар ва замонавий тиббий асбоб-ускуналарига хизмат кўрсатадиган техник мутахассислар билан тузилган меҳнат шартномалари доирасида олинадиган даромадлар бўйича жисмоний шахслар даромад солиғини тўлашдан озод этилмоқда. Бундан ташқари хорижий шифокорлар ва замонавий тиббиёт асбоб-ускуналарига хизмат кўрсатадиган техник мутахассислар билан тузилган меҳнат шартномалари доирасида тўланадиган даромадлар ягона ижтимоий тўловдан озод этиляпти. Қолаверса, хусусий тиббиёт муассасаларининг хорижлик ходимлари бошқарув персонали сифатидаги фаолиятидан оладиган даромадлари жисмоний шахслар даромад солиғидан озод этилаётгани алоҳида эътиборга моликдир.

Музаффар АБДУЛЛАЕВ:

– Президентимиз қарорига кўра, ўз фаолиятининг 60 фоиздан ортиғини тиббий дори-дармонлар ишлаб чиқаришга йўналтирган ишлаб чиқарувчиларга юқоридаги имтиёзлар қўлланилади. Бизнинг корхонамизда ҳам бундай имтиёзнинг татбиқ қилиниши келажакдаги режаларимизни анча олдинга силжитиши аниқ. Маълумки, юртимизда ишлаб чиқарилаётган ва хориждан импорт қилинаётган дори-дармон маҳсулотлари чекланган нархларда дорихоналарда сотилиши белгилаб қўйилди. Рўйхатда келтирилган дори воситаларнинг 116 таси маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан тақдим қилинган бўлса, 227 таси четдан импорт қилинаётган маҳсулотлардир. Ҳозирда биз, корхонамизда рўйхатда қайд этилган дориларнинг 10 тасини ҳиндистонлик ҳамкорларимиз билан биргаликда ишлаб чиқаришни йўлга қўйдик. Агар айтиш жоиз бўлса, ишлаб чиқариш жараёнига ҳеч қандай четдан инвестиция киритилмаган. Ҳиндистондан келган мутахассислар бизга янги технологияларни амалда қўллашимизда кўмакдош бўлишмоқда.

Мавлуда ХЎЖАЕВА:

– Қарорнинг ҳар бир банди, унда белгиланган вазифалар O‘zLiDePнинг дастурий мақсад ва вазифаларига тўла мос эканлигини таъкидлаш ўринли бўлса керак. Зеро, партиямиз тиббиёт сифатини давлат ва хусусий ҳамкорлик тамойиллари асосида тубдан яхшилаш тарафдоридир. Бошқача айтганда, партиямиз хусусий тиббиётга аҳолининг тиббий хизматларга бўлган эҳтиёжини қондириш, соғлиқни сақлаш соҳасида янада самарали ва замонавий технологиялар ва инновацияларни жорий этишнинг гарови сифатида қарайди. Шундай экан, мазкур қарорнинг мазмун-моҳиятини энг аввало, тадбиркор ва ишбилармонларга ва аҳоли кенг қатламларига ўз вақтида тушунтиришимиз зарур. Шундан келиб чиққан ҳолда партия ва унинг парламент қуйи палатасидаги фракцияси бу борада тадбирлар режасини ишлаб чиқмоқда. Уларни шунчаки расмиятчилик учун эмас, балки амалий мулоқот шаклида ташкил этишга эътибор қаратиляпти. Мақсад, иштирокчилар, айниқса, тадбиркорлар бу борада партиямизнинг амалий кўмагини ҳис этсин.

Норқобил ЖАЛИЛОВ:

– Мамлакатимизда бугунги кунда олиб борилаётган ўзига хос ислоҳотлар жараёни шу даражада жадаллашиб кетдики, қисқа давр мобайнида кўп соҳаларда янгича сифат даражасига кўтарилдик, дейишга бизда тўла асослар бор. Ишончимиз комилки, улуғвор мақсадлар, ёруғ ниятлар билан бошланаётган хайрли ишларимизнинг натижаси албатта самарали бўлажак. Бунда давлатимиз раҳбари томонидан ҳаётга кенг татбиқ этилаётган Ҳаракатлар стратегия­сининг ўрни беқиёс эканлигини яна бир бор таъкидлаш лозим. Демак, ушбу мавзудаги мулоқотлар яна давом этади.
Давра суҳбатини “XXI asr” мухбирлари ёзиб олди.
Суратлар муаллифи Солижон ЗОИРОВ

Joomla