Monday, Apr 24th

Last update01:59:47 AM GMT

You are here:

АКЦИЯ ТАДБИРЛАРИ ЎТКАЗИЛМОҚДА

O‘zLiDeP ҳудудий ташкилотларининг ёшлар билан ишлаш бўлимлари томонидан жойларда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига партиямиздан кўрсатилган номзод Ш. Мирзиёевнинг сайловолди дастурини навқирон авлод вакиллари орасида тарғиб қилиш мақсадида акция тадбирлари бўлиб ўтмоқда.

Қорақалпоғистон
Республикаси

O‘zLiDeP Қорақалпоғистон Респуб­ликаси Кенгаши томонидан Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика инс­титутида “Тараққиёт билимдони” номли викторина ўтказилди. Унда талабаларга давлатимиз раҳбарлигига  партиядан кўрсатилган номзоднинг таржимаи ҳоли, сайловолди дастурида белгиланган муҳим йўналишлар бўйича саволлар берилди. Энг тўғри жавоб берган фаол ёшлар ташкилотчилар томонидан тақдирланди.

Шунингдек, тадбир давомида фермер ва тадбиркорлар ҳам ўз ютуқлари ҳақида гапириб, тажрибаларини ўртоқлашишди.

– Бош вазир виртуал қабулхонасининг йўлга қўйилиши жисмоний ва юридик шахсларнинг муаммоларини бартараф этишда муҳим аҳамият касб этмоқда, – деди чимбойлик ёш тадбиркор Менлибай Базарбаев. – Энг муҳими, муаммолар ечимини топаётир. Мен Ш. Мирзиёевни давлатимиз раҳбарлигига муносиб номзод деб биламан. Аминманки, у кишининг раҳбарлигида биз – ёшлар баланд чўққиларни забт этамиз.

O‘zLiDeP Қорақалпоғистон

Республикаси Кенгаши

Матбуот хизмати

Хоразм

O‘zLiDeP Хоразм вилояти Кенгаши томонидан сайловда ёшларнинг фаол иштирокини таъминлаш мақсадида “Биз тараққиёт ва ёрқин келажак учун овоз берамиз!” шиори остида акция ўтказилди.

– O‘zLiDePдан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатилган номзоднинг сайловолди дастурида ёшларни ижтимоий ҳимоя қилиш, замонавий касб-ҳунар сирларини пухта эгаллаши учун зарур шароит яратиш, иқтидор ва имкониятларини тўлақонли юзага чиқариш масалаларига эътибор қаратилгани чин маънода мамлакатимизнинг Биринчи Президенти бошлаб берган одилона сиёсатнинг узвий давомидир,  дейди Урганч давлат университети талабаси Дилрабо Маткаримова.

Тадбир давомида тадбиркорлик, фермерлик, архитектура, тиббиёт, туризм ва бошқа соҳаларда изланишлар олиб бораётган ва бу йўналишларда салмоқли ютуқларни қўлга киритган фаол ёшлар маърузалари билан иштирок этишди.

– Ёшларимизнинг ватан тақдири ва келажаги учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир инсонлар бўлиб вояга етаётгани ҳар биримизни қувонтиради, – дей­ди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Клара Жумамуратова. – Бугунги акция чин маънода партиямиздан Президентликка номзоднинг сайловолди дастурини кенг тарғиб қилишда ҳамда мамлакатимиз тақдири учун муносиб номзодга овоз беришда муҳим амалий аҳамият касб этади.

Дилрабо КУРЯЗОВА

 

Самарқанд

Партия Самарқанд вилоят Кенгашининг ташаббуси билан  ташкил этилган  акция кўтаринки руҳда бошланди. Унда қатнаш­ган 18 ёшга тўлган йигит-қизларнинг сиёсий-ҳуқуқий саводхонлиги ошди, ўз мустақил фикри ва фуқаролик позиция­си мустаҳкамланишига замин яралди.

– Сайловда илк маротаба иштирок этаман, – дейди Самарқанд қишлоқ хўжалик институти қошидаги 1-сон академик лицейи ўқувчиси Сарвиноз Ҳамитова. – Сайлов участкасида яратилган шароитдан фойдаланиб, адабиётлар, номзодларнинг сайловолди дастури билан танишдим. Мен биз – ёшлар учун кенг имконият яратадиган номзодга овоз бераман.

O‘zLiDePдан Президентликка кўрсатилган номзод Ш. Мирзиёевнинг ишончли вакили Ҳасан Нормуродов мамлакатимиз ривожланган давлатлар қаторидан муносиб ўрин эгаллаши ёш авлоднинг интеллектуал салоҳиятига боғлиқлигини алоҳида таъкидлади.

Тадбир сўнгида талабалар томонидан саҳна кўринишлари намойиш этилди.

Муҳаббат РАВШАНОВА,

“XXI asr” мухбири

 

Сирдарё

 

O‘zLiDeP Сирдарё вилоят Кенгаши томонидан ўтказилган тадбирда билимли, истеъдодли ёшлар ўз қобилиятини намоён этишди.

– Вилоятда 529 минг 810 нафар сайловчи рўйхатга олинган бўлиб, уларнинг 15 минг 300 нафари илк бор сайловда қатнашувчи йигит-қизлардир, – деди партия вилоят Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Фахриддин Абдусатторов. – Ёш авлод қалбида қонунларга ҳурмат, юрт келажагига дахлдорлик туйғуси мустаҳкамланиб бораётгани уларнинг сиёсий жараёнларда фаол иштирокида ўз ифодасини топмоқда.

Тадбирда Президентликка номзод Шавкат Мирзиёевнинг вилоятдаги ишонч­ли вакили Камолиддин Акбутаев номзоднинг таржимаи ҳоли ва сайловолди дастури ҳақида батафсил маълумот берди.

Норинисо ҚОСИМОВА,

“XXI asr” мухбири

Жиззах

 

Жиззахда ўтган акция тадбирида 650 нафардан ортиқ ёш иштирок этди. Партия­миздан кўрсатилган номзоднинг Жиззах вилоятидаги ишончли вакили Акрам Иномов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Эркин Холбўтаев Президентлик сайловида фуқароларнинг фаоллиги юртимиз келажаги учун ўта муҳимлиги, номзоднинг сайловолди дастуридан ўрин олган масалалар ҳақида сўз юритишди.

– “Ёшлар қаноти” ўз сафига вилоятимиздаги энг иқтидорли, изланувчан ёшларни жамлаган, – деди O‘zLiDeP Жиззах вилоят Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Ваҳобжон Норбоев. – Улар орасида Зулфия номидаги Давлат мукофоти, “Ниҳол” мукофоти совриндорлари, таниқли спортчилар, тадбиркор йигит-қизлар бор. Бугунги анжуман уларнинг жипс­лигини, Ватан тақдирига бефарқ эмаслигини кўрсатди.

Баҳром МИРЗАҚОБИЛОВ,

“ХХI asr”мухбири

 

Қашқадарё

 

Қарши давлат университетида ташкил этилган “Биз муносиб номзод – Шавкат Мирзиёев учун овоз берамиз” деб номланган ёшлар форумида O‘zLiDeP Қашқадарё вилоят Кенгаши раиси Лутфулла Ёзиев, Сиёсий таълим маркази раҳбари Дилором Азизова, ўқитувчи Мафтуна Нодирова “Ўзбекистон Респуб­ликаси Президенти сайлови тўғрисида” ва “Фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунларнинг мазмун-моҳияти, фуқароларнинг сайлаш ҳуқуқлари ҳақида батафсил маълумот беришди.

– Бугунги форумда сиёсий-ҳуқуқий билимларимиз бойиди, сайлов қонунчилиги ҳақида батафсил маълумотга эга бўлдик, – дейди Қарши давлат университети талабаси Мафтуна Ниёзова. – O‘zLiDePдан кўрсатилган номзоднинг сайловолди дастурида юксак маънавиятли, ўз мустақил фикрига эга бўлган ёшларни тарбиялаш, аҳолининг китобхонлик савиясини ошириш, ёш авлоднинг мафкуравий иммунитетини кучайтириш каби мақсадлар ўрин олган. Сайлов куни шу инсоннинг Президент бўлиши учун овоз бераман.

Тадбир сўнгида фаол талабаларга O‘zLiDeP вилоят Кенгашининг эсдалик совғалари топширилди.

Сайфулла ИКРОМОВ,

“ХХI asr” мухбири

Joomla