Thursday, Jan 19th

Last update06:53:34 AM GMT

You are here:

"ЁШЛАР ҚАНОТИ" ЛОЙИҲАЛАРИ

ЭНГ ЯХШИ ФЕРМЕРЛАР БАҲСИ

Шижоатли, ташаббускор ёш фермерларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг меҳнатини рағбатлантириш мақсадида O`zLiDeP томонидан анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Ёш фермер” кўрик-танловининг Сирдарё  вилоят босқичи бўлиб ўтди.

Унда 18 дан 35 ёшгача бўлган илғор фермер хўжалиги раҳбарлари ва иш юритувчилари иштирок этди. Улар фермер хўжалигининг муваффақияти, янги иш ўринлари яратиш, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини соҳага жалб қилиш, қишлоқда ижтимоий инфратузилмани  ривожлантиришга қўшган ҳиссалари ҳақида маълумот беришди.

Оқолтин туманидаги “Эркин Озод Суннат” фермер хўжалиги раҳбари Турсунали Йўляхшиев 3-ўрин, Мирзаобод туманидаги “Фозилбек Алишер даласи” фермер хўжалиги иш бошқарувчиси  Одил Имомов 2-ўрин, Боё­вут туманида фаолият юритаётган “Илғор-Аброр ҳамкор” фермер хўжалиги бошлиғи Қуд­рат  Абдурайимов  1-ўринга муносиб топилди.

– “Ёш фермер” кўрик-танловида ғолиб бўлганимдан хурсандман, – дейди у. – Юртимизда яратилган шароитлар фермерлик ҳаракати янада кенг қулоч ёйишига имкон берди.  Мен ҳам бу имкониятдан унумли фойдаланиб, фермер хўжалиги ташкил этдим. Ғалла ва пахтадан режадагидан ортиқ ҳосил олдик. Бугун ёш фермер сифатида  танловда иштирок этиб,  O`zLiDePнинг амалий ишлар тарафдори эканига яна бир карра амин бўлдим.

Кўрик-танлов ниҳоясида ғолиб ва совриндорларга ҳамкор ташкилотларнинг диплом ва қимматбаҳо эсдалик совғалари тақдим этилди. Эндиликда ғолиблар кўрик-танловнинг респуб­лика босқичида иштирок этишади.

Норинисо ҚОСИМОВА,
“XXI asr” мухбири

ЛОЙИҲАЛАР САМАРАСИ

O`zLiDePнинг “Диплом билан – бизнесга” лойиҳаси бугунги кунда Жиззах вилоятидаги академик лицей ва касб-ҳунар коллежи ўқувчилари ўртасида оммалашиб улгурди.

Жумладан, лойиҳанинг 2013 йилги иштирокчиси ғаллаороллик Нурсалин Умаров айни пайтда “Euroasia kapital qurilish invest” масъу­лияти чекланган жамиятига раҳбарлик қилмоқда. Мазкур корхона импорт ўрнини босадиган иситиш қозонлари ва радиаторлари, қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳамда қурилиш таъмирлаш ишларини амалга ошириш билан шуғулланмоқда.

Тиниб-тинчимас партиямиз фаолларидан яна бири зафарободлик Раҳимберди Абдураҳмонов ўтган йили лойиҳада совринли ўринни эгаллаган эди. У “Самарқанд шаҳзодаси” хусусий корхонасига асос солиб, тўрт нафар тумандоши билан блок ғишт ишлаб чиқармоқда.

– Лойиҳа доирасида ўтказилган тадбирларда кредит ҳужжатларини расмийлаштириш, суғурталаш, солиқ имтиёзлари ҳақида хабардор бўлдик, – дейди ёш тадбиркор Раҳимберди Абдураҳмонов. – Ҳамкорларимизнинг иш тажрибалари билан танишганимиз бугун жуда қўл келмоқда.

Жиззах туманида истиқомат қиладиган Зилола Нуриддинова эса асаларичиликни ривож­лантиришни йўлга қўйган. O‘zLiDeP фаоллари кўмаги билан “Микрокредитбанк”нинг вилоят бўлимидан 6 миллион 500 минг сўмлик имтиёзли кредит олди. Мақсади – жаннатмонанд юртимизнинг доривор гиёҳларидан йиғилган болни жаҳон бозорига олиб чиқиш.

Бу каби ўз бизнес лойиҳаларини муваффақиятли амалга ошираётган йигит-қизлар Жиззахда кўп. Биргина “Диплом билан – бизнесга – 2016” лойиҳаси доирасида тижорат банкларига 1 минг 520 нафар коллеж битирувчиларининг бизнес режалари микрокредитлар олиш учун тавсия этилди.

Олим НОРЖИГИТОВ,
O‘zLiDeP Жиззах вилоят Кенгаши
ёшлар билан ишлаш бўлими мудири

Joomla