Tuesday, May 30th

Last update07:38:55 AM GMT

You are here:

ИНТИЛГАНГА ИМКОН КЕНГ

Навоий архитектура ва қурилиш касб-ҳунар коллежида O‘zLiDeP Навоий шаҳар Кенгаши ташаббуси билан “Оилавий тадбиркорликдан – мустаҳкам оилага” лойиҳаси доирасида тадбир бўлиб ўтди. Унда асосан коллеж битирувчилари иштирок этди.
– Кўпчилик қизлар оила қургандан сўнг уй бекаси бўлиб қолади. Аксарияти кредит олишдан чўчийди, чунки бизнес юритиш бўйича етарлича тажриба, билим етишмайди. Муайян маблағни тасарруф қилишда эса ҳуқуқий жиҳатдан қийналади, банкдан кредит олишда эса турли муаммога дуч келади. Ана шу сабаблардан келиб чиқиб, тадбирда асосан қизларнинг тадбиркорлик борасидаги ташаббусларини қўллаб-қувватлашни мақсад қилганмиз, – дейди O‘zLiDeP Навоий вилоят ташкилоти Аёлларнинг сиёсий фаоллиги ва жамиятдаги ролини ошириш бўлими мудири Нигора Саимова.
– Банкдан 6 миллион сўм кредит олиб фаолият бошлаганман, – дейди Навоий информатика ва электроника саноати касб-ҳунар коллежи битирувчиси Муҳтарам Садирова. – Мақсадим бизнесимни кенгайтириш. Шу маънода мулоқот мен учун айни муддао бўлди.
Ушбу тадбир ўз ишини бошламоқчи бўлаётган ёшларнинг кўп эканлигини намоён этди. Қизлар уй шароитида тадбиркорликнинг айнан қайси тури билан шуғулланиш мумкин эканлиги, чорвачилик, асаларичилик, иссиқхона ва шу каби кўплаб йўналишлар бўйича фойдали маълумотлар олишди.

Ўз мухбиримиз

ФАҚАТГИНА ТАДБИРКОРЛИК ЭМАС...

Семинар-тренинглар Андижонда ҳам кўплаб иқтидор эгаларини, умидли кадрларни кашф қилмоқда. Энг муҳими, мазкур тадбирларда йигит-қизлар тадбиркорлик, ишбилармонлик борасида ўзларини қизиқтираётган, ўйлантираётган саволларга жавоб топаётир.
Музаффар Турғунов ана шундай истеъдодли ёшларимиздан бири. У билими, ташаббуслари билан юрт тараққиётига ҳисса қўшиб келмоқда. Хусусан, O‘zLiDeP Андижон вилоят Кенгашининг Ёшлар билан ишлаш бўлими томонидан ўтказилиб келинаётган семинар-тренинглар, тарғибот-ташвиқот ишларида ҳам жонбозлик кўрсатяпти. Айниқса, “Ёшлар қаноти”нинг уюшмаган ёшларни тадбиркорликка жалб этишга қаратилган тадбирларида фаол.
– Ҳали диплом олмаган касб-ҳунар коллежлари битирувчиларига банкдан кредит берилмаслиги бир қанча мураккаблик­ларни келтириб чиқараётгани бор гап, – дейди Музаффар. – Фик­римча, битирувчига коллеж директорининг тегишли маълумотномаси асосида кредит берилиши мумкин. Шу масалани кўтариб, таклифимни айтганимда  мутасаддилар ижобий муносабат билдиришди. Демак, биз – ёшларни ташвишлантираётган масалалар эътибордан четда қолмаяпти.
Шу ўринда ташаббускор сафдошимиз ҳақида икки оғиз сўз. Избоскан туманида туғилиб вояга етган Музаффар болалигидан қиш­лоқ хўжалиги соҳасига алоҳида меҳр қўйди. Избоскан ижтимоий иқтисодиёт коллежини тамомлаб, Қорадарё-Майлисой ирригация тизими бошқармасига диспетчер вазифасига ишга қабул қилинди. Айнан мана шу фаолият унинг иқтидор қирраларини янгидан кашф қилди. Янгиликларга интилувчан йигит тумандаги фермер хўжаликлари билан яқин ҳамкорликда иш олиб боряпти. Пахта майдонларига чигит суви бериш, ғалла майдонларини суғориш, шунингдек, кўчма эгилувчан  қувур орқали суғориш технологиясини жорий қилиш ишларида илдамликни қўлдан бермаётир.
Яна денг, Музаффар китобохун йигит. Ёзганларида юракнинг шижоати, Ватан ишқининг алангасини сезасиз. 2013 йилда унинг “Ёниқ юрак“ деб номланган илк китоби ҳам нашрдан чиққан.
Ёш иқтидор эгаси мақсадлари сари эзгу шиор билан интилади: “Аввало, Ватанга керакли инсон бўлиш шарт, чунки элига зарур инсонгина бахтли яшашга ҳақлидир”.
Зилола РАҲМОНОВА,
“XXI asr” мухбири

ҲЕЧ ИККИЛАНМАНГ!

Худди шу мақсадда Тўрақўрғон туманида ўтказилган семинар-тренингда тадбиркорликни бошлаш тараддудида юрган 200 га яқин йигит-қиз қатнашди. Тадбирда қатнашчилар ишбилармонлик соҳасига оид ҳуқуқий билимларини ошириш, тақдимотда лойиҳаларини намойиш этиш, тенгқурлари билан тажриба алмашиш ва шу каби  турли масалаларни соҳа мутахассислари билан муҳокама қилиб, истиқболли йўналишларни белгилаш имконига эга бўлдилар.
– Ёшим 21 да, – дейди тумандаги “Чусткўприк” маҳалласида яшовчи Феруза Ҳафизова. – O‘zLiDeP ташаббуси билан ташкил этилган ушбу семинар режаларимга қанот бағишлади. Анчадан бери тикувчиликка ихтисослашган кичик корхона очишни ният қилсам-да, журъат қилолмай юрардим. Энди ишончим ортди. Мазкур тадбирдаги  иштиёқманд ёшларни қўллаб-қувватловчи, маслаҳат ва ёрдамини аямайдиган инсонлар, ташкилотлар туфайли истак-интилишларимни рўёбга чиқаришга муҳим қадам ташладим, деб ҳисоблайман.
Семинар-тренинг ниҳоясида 12 иштирокчига банклардан имтиёзли кредит олиш ҳуқуқини берувчи сертификатлар топширилди.
Мусохон ЮСУПЖАНОВ,
O‘zLiDeP Наманган вилоят Кенгаши
Ёшлар билан ишлаш бўлими мудири

75 НАФАР ЙИГИТ-ҚИЗГА САРМОЯЛАР АЖРАТИЛДИ

Жорий йилда Жиззах вилоятидаги 4 та академик лицей ва 75 та касб-ҳунар коллежини 18 минг 656 нафар ўқувчи 98 мутахассислик бўйича битириб чиқади. Бинобарин, партиямиз томонидан ҳам уларнинг бандлигини таъминлаш, тадбиркорликка жалб қилиш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, O‘zLiDeP вилоят Кенгаши Ёшлар билан ишлаш бўлими томонидан амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар бу жараёнда ўзига хос ўринга эга. Буни жойларда қизғин давом этаётган партиявий тадбирлар – “Ёш мулкдор – юрт таянчи” ҳамда “Диплом билан бизнесга” лойиҳалари доирасида бўлиб ўтаётган семинар-тренингларда яққол кузатиш мумкин.
– Туманимизда ўтказилган семинарларда партия вилоят, туман ташкилотлари масъуллари, депутат ва ҳамкор ташкилотлар вакиллари, тажрибали тадбиркор, фермерлар ҳамда 30 нафар уюшмаган йигит-қиз ва 40 нафар касб-ҳунар коллежи битирувчилари иштирок этди, – дейди O‘zLiDeP Зарбдор туман Кенгаши раисининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари Хуршид Азимов.
Машғулот иштирокчилари қандолатчилик, кондитер маҳсулотлари ишлаб чиқариш, сутни қайта ишлаш, мебель ишлаб чиқариш, иссиқхона ташкил этиш, тикувчилик, паррандачилик, чорвачилик, боғдорчилик, автомобилларга тех­ник хизмат кўрсатиш, компьютер-мобиль телефонларни таъмирлаш ва дастурлаш ҳамда бошқа бир қанча йўналишлар борасидаги бизнес ғоялари билан қатнаш­ди.
– Ҳукуматимиз томонидан тадбиркорларга улкан ғамхўрлик кўрсатилаяпти, – дейди Зарбдор хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи битирувчиси Моҳира Улуғбекова. – Мен бунга семинар-тренинг мобайнида яна бир бор амин бўлдим. Хусусий сектор учун яратилаётган имтиёз ва преференция­лар тўғрисида мутахассислар томонидан кўплаб маълумот олганимдан сўнг асаларичиликни ривожлантириш бўйича бизнес ғоям мукаммал ҳолга келди. Тадбирда менинг бизнес-режамни қўллаб-қувватлаб, молиялаштириш учун “Агробанк”нинг туман филиалига тавсия этишда кўмаклашгани учун O‘zLiDeP туман Кенгашидан миннатдорман. Тадбиркорликни йўлга қўйишим нафақат оиламиз фаровонлигига ҳисса қўшади, балки қўшимча 2 та янги иш ўрни яратиш имконини ҳам беради.
Бундай миннатдорлик сўзларини семинар-тренинглар бўлиб ўтган Шароф Рашидов, Зафаробод, Фориш туманлари ҳамда Жиззах шаҳри ёшларидан ҳам эшитиш мумкин. Шу кунгача мазкур тадбирларда қатнашган 370 нафар йигит-қиздан 75 нафари кредит олиш учун ўз лойиҳаларини тижорат банкларига тақдим этди. Қолган иштирокчиларнинг бизнес-режаларидаги жузъий камчиликлар тўлдирилса, ҳужжатларни расмийлаштиришга тааллуқли баъзи хатолар тузатилса, кредит олувчилар сони янада кўпайиши шубҳасиз.
Семинар-тренинглар вилоятнинг бошқа туманларида ҳам бўлиб ўтмоқда.
Баҳром МИРЗАҚОБИЛОВ,
“ХХI asr” мухбири

Joomla