Monday, Apr 24th

Last update01:59:47 AM GMT

You are here:

Иқтисодиёт

АВВАЛГИЛАРДАН ФАРҚЛИ тадбирлар энди кўпчиликда катта қизиқиш уйғотмоқда

Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг “Иқтисодиётни янада ривожлантириш ва либераллаштириш” номли учинчи устувор йўналиши ҳукуматимиз, давлатимиз раҳбарининг мамлакатимизда янада қулай, эркин ишбилармонлик муҳитини яратиш борасидаги асосий мақсад ва интилишларини ўзида мужассам этган. Мазкур муҳим йўналиш соҳада мутлақо янги босқични бошлаб бераётгани яққол кўзга ташланаяпти. Бинобарин, партиямиз хусусий бизнес вакиллари орасига янада чуқурроқ кириб бориш, уларни ўйлантираётган масалаларни теранроқ таҳлил қилиш, соҳадаги камчилик­ларни жадаллик билан ҳал этишга қаратилган тизимли ишларга киришган.

Яқинда O‘zLiDeP Тошкент шаҳар Кенгаши  томонидан ўтказилган “Қулай бизнес муҳити – тадбиркорлик ташаббусларини амалга оширишнинг муҳим омили” номли давра суҳбати ҳам ушбу йўналишда навбатдаги қадамдир.
Аввало шуни эътироф этиш керакки, айниқса, партиянинг пойтахт ташкилоти уюштираётган тадбирлар шакл ва мазмун жиҳатдан тобора такомиллашиб, том маънодаги очиқ мулоқотлар, давра суҳбатлари тусини олаяпти. Сир эмас, илгари шу сингари айрим йиғилишларда бир неча киши кетма-кет маъруза қилар, қолганлар эса фақат тинглашарди. Устига-устак ана шу чиқишларда тадбиркорларни ташвишлантираётган ўткир, долзарб муаммолар деярли тилга олинмасди. Кейинги ойларда ташкиллаштирилаётган тадбирларда эса савол-жавоблар, баҳс-мунозараларга кенг ўрин берилаяпти, иштирокчиларнинг эътирозлари, таклиф-тавсиялари эшитилаяпти, муҳокама қилинаяпти. Айтилган муаммолар ўша заҳоти тегишли идоралар ҳамда партия шаҳар ташкилоти, депутатлар назоратига олинаяпти. Бу галги мулоқот ҳам қизғин, конструктив руҳда ўтди, бошқача айтганда, тўла-тўкис хусусий сектор вакиллари манфаатига хизмат қилди.
Партиянинг Тошкент шаҳар Кенгаши раиси Тўрабек Назаров қайд этиб ўтганидек, ўтган йили пойтахтимизда 7492 та кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъекти ташкил топган. Аммо улардан 4285 таси тугатилган. Бу рақамлар, гарчи юртимизда хусусий бизнес учун ғоят қулай шарт-шароит яратилган бўлса-да, тадбиркорларнинг билим ва кўникмалари етарли эмаслигидан, шунингдек, ишбилармонлар дуч келаётган муаммоларни бартараф этишга оид ёндашувлар, услублар яхши самара бермаётганидан далолат бераяпти.
Албатта, партия шунчаки кузатувчи бўлиб қолаётгани йўқ. Хусусан, O`zLiDeP шаҳар ва туманлар ташкилотлари қошида тугатилган ва вақтинча фаолият кўрсатмаётган  тадбиркорлик субъектларига ёрдам кўрсатиш бўйича ишчи гуруҳлари тузилган. Улар томонидан мунтазам равишда учрашувлар, семинарлар ҳам ўтказилаяпти. Бунинг натижасида туман ҳокимликлари билан биргаликда 52 та хусусий фирма фаолияти қайта тиклангани эътиборга молик.
Мулоқот чоғида ишбилармонлар ўзларини қийнаётган саволлар билан бевосита мутасаддиларга мурожаат этдилар. Масалан, Дилбар Тоштемирова эски нов­войхонани тўлиқ қайта таъмирлаб, эндигина иш бошлаганида Юнусобод туман ҳокимлиги уни бузмоқчи бўлаётганидан шикоят қилди. Саидафзал Исломов арзонлаштирилган дори-дармонларнинг айримлари илгари қимматга олингани, уларни тугагунга қадар эски нархларда сотиш имконияти бор-йўқлиги билан қизиқди. Бобуржон Расулов газ, электр ҳисоб­лагичлари ҳар 3-4 йилда янги русумдагиларига алмаштирилиши (бу жараёнга ишбилармон муайян вақт, куч ва маблағ сарфлайди) мантиқий, ҳуқуқий ва бошқа жиҳатлардан қанчалик асосли экани унда шубҳа туғдираётганини айтди. Давлат идоралари масъул ходимлари шу сингари қирққа яқин саволга баҳоли қудрат жавоб қайтардилар, айрим муаммоларни ўз раҳбарларига етказишга, уларга албатта ечим топишга ваъда бердилар.
Тадбиркорлар синчиклаб ўрганиб чиқишга, амалга татбиқ қилишга арзийдиган талайгина таклифларни ҳам ўртага ташладилар. Хусусий фирманинг юридик манзилини расмийлаштириш тартибларини ҳамда банкдан кредит олиш жараёнини соддалаштириш, тегишли ташкилотларда, жумладан, уларнинг веб-сайтларида ижарага бериладиган бино, иншоотлар ҳақидаги маълумотларнинг мутлақо қайд этилмаганлик ҳолатига барҳам бериш тўғрисидаги фикр-мулоҳазалар ҳам шулар жумласидан. Таклифлар яқин орада меъёрий ҳужжатларда ўз ифодасини топса, ажаб эмас. Зеро, шу кунларда партия Тошкент шаҳар ташкилотидаги сафдошларимиз ва депутатлар мазкур таклифларни парламентдаги фракциямиз аъзолари эътиборига ҳавола қилиш ҳаракатида.
Беҳзод ИСРОИЛОВ,
“XXI asr” мухбири

ИМКОНИЯТ БОРМИ, ИШЛАНГ!

Излаган имкон топади, деган гап бежиз айтилмаган. Тўғри, бугун тадбиркорлик бошини тутган одам кўпам бош қотириши шарт эмасдай. Чунки имконият етарли-да, гап  бундан унумли фойдаланишда қолган.
Андижон вилоятида тадбиркорликнинг маълум қирралари бўйича ўзига хос мактаб яратилган. Қай гўшага бош суқманг, чумолидай ғимирлаётган одамларга кўзингиз тушади.
Мана, шулардан биттаси Бахтиёржон Турғунов. Пахтаободлик. Туманнинг “Терактаги” маҳалласида истиқомат қилади. Ҳали ўттизга бормаган бу йигит бир ҳаракат билан яхшигина ишга қўл урди. “Clear”, “Привет” брендлари остида кир ювиш кукунлари тайёрлаб, ички бозорга чиқармоқда. Бу ишбилармон ҳақидаги гапнинг давомини O‘zLiDeP туман Кенгаши раиси Баҳодиржон Раҳимовдан эшитамиз:
– Бахтиёржон, барака топсин, ғайратли йигит. Топганини тежаб-тергаб, маҳаллада озиқ-овқат ва истеъмол товарлари билан савдо қилувчи дўкон ҳам очди. Унда юздан ортиқ маҳсулотлар банк плас­тик карточкаларига муаммосиз савдо қилинади.
Бу ҳали ҳаммаси эмас. Ёш тадбиркор маҳалладаги бўш турган бинодан фойдаланиш истагини билдирганди. Мутасаддилар жон деб рози бўлишдики, натижасидан кўзингиз қувнайди: бу ерда тикувчилик цехи ташкил этилиб, ўндан ортиқ хотин-қизлар иш билан таъминланди.
...Пахтаободдан ўтиб, Хўжа­ободга юзланамиз. Мева-сабзавот етиштиришда хўжаободликларда катта тажриба бор. Шунга таянилиб, яқинда туманда яна бир янгиликка қўл урилди: “Тошкентвино” ва “Навигул” қўшма корхонаси томонидан қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштириш, сақлаш, қайта ишлаш, қуритиш ва қадоқлашга қаратилган лойиҳа устида ишланяпти. Қиймати 20 миллион АҚШ доллари бўлганидан кейин, энди ишлар кўламини тасаввур қилаверинг. Ҳозирда 6 гектар майдонда иссиқхона қурилмоқда. 255 гектар интенсив боғ учун хориждан гилос, шафтоли, ўрик, олхўри кўчатлари келтирилди. Қуритилган мева-сабзавотлар четга экспорт қилинади.
– Ҳозир хитойлик мутахассислар ёрдамида ерларни текислаш, бетонлаш ва девор тиклаш ишлари амалга оширилмоқда, – дейди “Навигул” қўшма корхонаси масъул ходими, O‘zLiDeP фаоли Маҳфузахон Турғунова. – Бунинг учун “Миллий банк”нинг 16 миллион АҚШ доллари миқдоридаги молиявий кўмагидан ташқари ташаббускорлар томонидан 4 миллион АҚШ доллари ҳажмида маблағ ажратилди. Ишчи кучи ва техникаларимиз етарли.
Жорий йилнинг иккинчи чорагида қурилиш ишлари тўла якунига етиши режалаштирилган. Лойиҳа доирасида бир йилда 10 минг тонна мева-сабзавот ишлаб чиқарилади. Асосийси, 100 та доимий ва 700 та мавсумий иш ўрни нақд.
...Эндиги навбат эса Хонободга. Бу ерда  Маҳмуджон Собиров деган ёш тадбиркор анча тилга тушиб қолибди. Яқинда у ҳам шаҳар марказидаги фойдаланилмай турган бинога харидор бўлган экан. Мана, олинг, ишлатинг, дейишди уни ортиқча овора қилишмай. Бугун бу жой анча обод бўлиб қолган. Аввалига бинони обдон таъмирдан чиқаргач, қандолатчилик цехини ташкил қилди.  Бугун “Хонободим ширинликлари” масъулияти чекланган жамияти маҳсулотлари харидоргир.
Биламизки, Андижонда ширинликлар масаласида рақобат катта.  Катта рақобат бор жойда эса ўсиш бўлади.  Иш юришмоқдами, демак, меҳнатлар бесамар кетмаяпти. Олдинда тадбиркорни яна бир юмуш кутиб турибди: шаҳар марказида парҳез таомлар ошхонаси ва дам олиш уйи ташкил қилмоқчи. Бу яна янги ишчи ўринлари яратилади, деганидир.
Зилола РАҲМОНОВА,
“XXI asr” мухбири

“ПЕНСИОНЕРГА МИКРОКРЕДИТ ОЛИШДА ИМТИЁЗ БОРМИ?”


– Яқинда тижорат банкларидан шахсий томорқамда тадбиркорликни йўлга қўйиш ва қўшимча даромадга эга бўлиш учун имтиёзли кредит олишда кафиллик бўлиши лозимлиги ҳақида эшитдим.
Мазкур кредитни олишда баъзи аҳоли тоифалари, масалан, менга ўхшаб пенсиядаги ва кўп йиллик меҳнат стажига эга бўлганлар учун бирор-бир имтиёзлар мавжудми?
Самат ХЎЖАЕВ,
Жиззах вилояти Фориш тумани

Саволга Олий суд катта консультанти
Ойбек БАРАКАЕВ жавоб берди:

– Кафиллик, ўз мазмунига кўра, мажбуриятни таъмин­лашнинг бир усули ҳисобланади. Фуқаролик кодексининг 292-моддасига асосан кафиллик шартномаси бўйича кафил бошқа шахс ўз мажбуриятини тўла ёки қисман бажариши учун унинг кредитори олдида жавоб беришни ўз зиммасига олади. Кафиллик шартномаси келгусида вужудга келадиган мажбуриятни таъминлаш учун ҳам тузилиши мумкин. Кафиллик шартномаси ёзма шаклда тузилиши керак.
Тижорат банклари томонидан фуқароларга шахсий хўжалик юритишни йўлга қўйиш мақсадида кредитлар ажратиш билан боғлиқ муносабатлар Марказий банк бошқарувининг 2012 йил 10 мартдаги қарори билан тасдиқланган “Тижорат банклари томонидан шахсий ёрдамчи хўжаликларга қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш учун микрокредитлар бериш тартиби тўғрисида”ги низом билан тартибга солинади.
Ушбу низомнинг 2-бандига мувофиқ, шахсий ёрдамчи хўжаликларга қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш, қорамол, қўй, эчки, қуён боқиш ва парваришлаш, паррандачилик ва асаларичиликни ривожлантириш, ихчам иссиқхоналар ташкил этиш, шунингдек, уруғ ва кўчатлар учун энг кам иш ҳақининг 100 бараваригача миқдорда микрокредитлар берилади. Микрокредит олиш учун шахсий ёрдамчи хўжалик юритувчи жисмоний шахс томонидан тижорат банкига микрокредит бериш сўралган ариза, фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) томонидан имзоланган, белгиланган тартибда берилган санаси ва рақами қайд этилган ҳамда муҳр билан тасдиқланган тавсиянома, микрокредит олувчи шахсий ёрдамчи хўжалик юритувчи жисмоний шахсда томорқа участкаси мавжудлиги ҳамда унинг майдони кўрсатилган маълумотнома ва шахсни тасдиқловчи ҳужжат нусхаси тақдим этилади. Кредит таъминоти сифатида эса мол-мулк гарови, банк ёки суғурта компаниясининг кафолати, учинчи шахснинг кафиллиги ёки қарз олувчи томонидан олинган кредитни қайтармаслик хатарининг банк фойдасига суғурта қилинганлиги тўғрисидаги суғурта полиси тақдим қилиниши мумкин.
Мазкур низом талабларидан келиб чиққан ҳолда шахсий ёрдамчи хўжалик юритиш учун банк кредитини олишда бир ва ундан ортиқ шахснинг кафиллиги бўлиши; кафиллик шартномаси ёзма равишда тузилиши; чорва моллари ёки мева кўчатларини сотиш билан шуғулланувчи тегишли субъект албатта давлат рўйхатидан ўтган юридик шахс (фермер хўжалиги, агро фирма ёки бошқалар) бўлиши лозимлиги боис, тижорат банклари томонидан айнан шу турдаги кредитлаш фаолиятини амалга оширишда ортиқча талаблар қўйилиши мумкин эмас. Шунингдек, амалдаги қонунчиликда мазкур кредитни беришда аҳолининг бирон-бир тоифаси учун имтиёзлар назарда тутилмаган.
Шу билан биргаликда, тижорат банкларининг республика раҳбарияти томонидан мижозларга мазкур турдаги кредитларни бериш борасида ишлаб чиқилган ички тартибда кредит маб­лағларининг қайтариб олиш имкониятини инобатга олган ҳолда қўшимча талаб­лар, шу жумладан, икки ва ундан ортиқ шахснинг кафиллиги бўлиши, кафилларнинг айнан кредит ажратилаётган банк филиали жойлашган ҳудуддан бўлиши ва кафиллик шартномаси нотариал тартибда тасдиқланиши лозимлиги ҳақидаги талаблар белгилаб қўйилиши мумкин.
Юқоридагиларга асосан тижорат банки ходимлари томонидан сизга микрокредит ажратишда амалдаги қонунчилик ва банкнинг ички тартибида назарда тутилмаган талаблар қўйилган тақдирда бу ғайриқонуний ҳисобланиб, мазкур ҳолат юзасидан сиз юқори турувчи банкка ёки тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилишга ҳақли саналасиз.

ХИЗМАТ ДОИРАСИ КЕНГАЯДИ

Марказий банк ташаббуси билан “Микрокредитбанк” акциядорлик-тижорат банкида “Аҳолини тадбиркор қилиш” дастури доирасида матбуот анжумани ташкил этилди.
Унда кун тартибидаги масала юзасидан банк бошқаруви раиси ўринбосари Азиз Низомов сўзга чиқди.
Маълумки, юртимизда жорий йилнинг “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб номланиши муносабати билан банк тизимида ҳам кўплаб хайрли тадбирлар амалга оширилмоқда. Бундан кўзланган асосий мақсад, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш учун қулай молиявий муҳитни шакллантириш, аҳолининг кенг қатламлари, айниқса, касб-ҳунар коллежлари битирувчилари ва хотин-қизларнинг банк хизматларидан самарали фойдаланишларини таъминлаш, ҳудудларда бандлик даражасига муносиб ҳисса қўшишдан иборатдир.
Банк ходимлари ҳозиргача  428 та аҳоли пунктларида бўлиб, 706 мингдан зиёд хонадон эгалари билан мулоқот ўтказиб, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик истиқболлари юзасидан кенг тарғибот-ташвиқот ишларини амалга оширдилар. Натижада 563 мингта хонадон эгалари тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагини билдирди. Энг муҳими, молиявий ёрдамга эҳтиёжманд 17 минг 179 нафар  фуқарога 110,1 миллиард сўм имтиёзли кредит маблағлари ажратилиб, шу ҳисобдан ҳудудларда 17 мингдан ортиқ янги иш ўринлари ташкил этилди. Яқин келажакдаги режалар янада катта. Умуман, жорий йилда тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш учун “Микрокредитбанк” томонидан 140 мингта хонадонга 570 миллиард сўмдан  ортиқ имтиёзли сармоя ажратиш кўзда тутилган. Айни кунда  асосий эътибор Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 6 майдаги “Тижорат банкларининг молиявий барқарорлигини янада ошириш ва уларнинг ресурс  базасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қароридан келиб чиқадиган вазифалар ижросини  таъминлаш, банк иқтисодий кўрсаткичлари, хусусан, капитал, депозит ва аҳоли омонатлари, кичик бизнес субъектларини кредитлаш ва микромолиявий хизматлар кўрсатишнинг белгиланган йиллик ўсиш параметрларини таъминлашга қаратилмоқда.
Жумладан, амалдаги йилда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини молиявий қўллаб-қувватлаш учун 1 триллион 300 миллиард сўм, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини янада ривожлантириш мақсадларига 160 миллиард 600 миллион сўм миқдорида кредит маблағлари ажратиш режалаштирилган. Касб-ҳунар коллежлари битирувчилари, шунинг­дек, ишбилармон хотин-қизлар ҳам банкнинг молиявий ёрдамидан тўла баҳраманд бўладилар.
Тадбирда журналистларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб қайтарилди.
Мусурмон РЎЗИЕВ,
“XXI asr” мухбири

БИЗНЕС БЎЙИЧА ЎН БЕШ САБОҚ

Ҳамюртларимиз орасида тадбиркорликка иштиёқмандлар кўп. Лекин бизнесда муваффақиятга эришиш учун хоҳиш-истакнинг ўзигина кифоя қилмайди. Бошқача айтганда, “ҳолва” деган билан оғиз чучимайди. Шунисиям борки, ишбилармонликка қўл урмоқчи бўлганларнинг аксарияти ишни эплай олмасликдан, касод бўлишдан чўчийди.  Уларнинг хавотири ўринли.
Маълумотларга диққат қаратайлик: бугунги кунда мамлакатимизда 300 мингдан зиёд кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъекти фаолият юритмоқда. Шунинг баробарида ўтган йиллар мобайнида 25 мингга яқин хусусий корхона тугатилган, 15 мингдан ортиғи эса ҳозир ишламаяпти. Сир эмас, бу ҳолатнинг асосий сабабларидан бири – тадбиркорлар билим ва кўникмаларининг етарли эмаслигида.
Партиядошларимиз томонидан йўлга қўйилган “Бошловчи тадбиркорлар учун  15 та дарс” номли бепул ўқув курслари ана шу эҳтиёжга жавобан юзага келди, десак янглишмаймиз. Қайд этиш жоизки, мазкур хайрли тадбир ташкилотчилари, яъни, O‘zLiDeP Тошкент шаҳар Кенгаши ҳузуридаги Сиёсий таълим маркази, партия Чилонзор туман Кенгаши, Ўзбекистон тадбиркорлик ва фермерликни қўллаб-қувватлаш марказининг шаҳар бўлими ҳамда  “Yaran Consulting&Audit”, “New Realtor Group” хусусий фирмаларидаги партия бошланғич ташкилотлари бу борада катта тажрибага эга. Ўқувларнинг қизиқарли, мазмунли, энг асосийси, тингловчилар учун ғоят фойдали йўсинда ўтаётгани ҳам шундан.
Яқинда ўтказилган навбатдаги – бешинчи машғулотни  “Yaran Consulting&Audit”  компанияси раҳбари Евгения Сон олиб борди. Дарс ишбилармонликка кириб келаётган кишиларнинг айрим янглиш тасаввурлари,  йўл қўйишлари мумкин бўлган хатоларга бағишланди.
– Ўз касби, ҳунарини пухта билиш яхши бошқарувчи бўлишни англатмайди, – деди ўқув асносида тадбиркор. – Ишчи-ходимларга оқилона раҳбарлик қилиш учун махсус билим, маҳорат кераклигига шахсан ишонч ҳосил қилганман...
Е.Соннинг илк даромаддан ортиқча севиниб, “бош айланиб қолиш”  туфайли  пулни турли керак-нокерак буюмлар, хусусан, автомобиль, мебель, таъмирлаш-безатиш ишларига сарфлашнинг номақбуллиги ҳақидаги сўзлари ҳам йиғилганларни мушоҳада юритишга, турли саволлар беришга,  фикр алмашишга ундади.
– Бир пайтлар тадбиркорлик соҳасида адашган, қандайдир камчилик-нуқсонларга йўл қўйган, кейин улардан тегишли хулосалар чиқариб,  юксак марралар сари йўлини давом эттирган инсоннинг биз – ўз бизнесини бошлаш арафасида турган ёшларга сабоқ бериши айни муддао, – дейди ўқув курси иштирокчиларидан бири Темур Юсупов. – Касални даволагандан, унинг олдини олган афзал, албатта. Бугун берилган ана шундай маслаҳатлар эртага бизни  беҳуда кетган вақт, асаббузарликлар, маблағ йўқотишлардан асрайди.
O‘zLiDeP Чилонзор туман Кенгаши аппарати раҳбари Абдунаби Мухримовнинг айтишича, кейинги дарсларга Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партиямиз фракцияси аъзолари Полянте Свешников, Раҳматулла Каримов, шунингдек, иқтисод фанлари доктори, АТ “Микрокредитбанк” бошқаруви раисининг маслаҳатчиси Ашур Қодиров, Ўзбекис­тон халқаро арбитраж ва ҳакамлик судларини ривожлантириш жамоат фонди ҳузуридаги Тошкент шаҳар ҳакамлик суди раиси Муқаддас Лутфуллаева,  “KomTek” МЧЖ раҳбари Лутфулла Йўлдошев ва бошқа  таниқли сафдошларимиз  устоз, муаллим сифатида таклиф этилган. Демак, суҳбатлар янада қизиқарли, баҳс-мунозараларга бой кечади.
Беҳзод ИСРОИЛОВ,
“XXI asr” мухбири
Солижон ЗОИРОВ олган сурат.

ҚУЛАЙ БИЗНЕС МУҲИТИ

Самарқанд вилоят Адлия бошқармасида O‘zLiDeP вилоят Кенгаши томонидан “Қулай бизнес муҳити – тадбиркорлик ташаббусларини амалга оширишнинг муҳим омили” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.

Вилоят ҳокимлиги билан ҳамкорликда уюштирилган тадбирда вилоят прокуратураси, божхона, Марказий банк, статистика бошқармалари, Ўзбекис­тон Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бош­қармасидан масъуллар, партиянинг маҳаллий кенгаш депутатлари, тадбиркор ва фермерлар ҳамда фаолиятини вақтинча тўхтатган ишбилармонлар таклиф этилди.
Тадбирда эътироф этилдики, мамлакатимизда бизнес юритиш учун кенг шароитлар яратилмоқда. Айниқса, Президентимиз фармони билан тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантириш давлат сиёсатининг муҳим устувор йўналиши этиб белгилангани, давлат органлари томонидан тадбиркорлар ҳуқуқи ва қонуний манфаатлари устуворлиги тамойилига сўзсиз амал қилиши қатъий белгилаб қўйилгани бугун амалиётда ўз аксини топмоқда.  Шу ва шу каби омиллар туфайли юртимизда ҳар йили бир неча ўн минглаб янги тадбиркорлик субъектлари фаолият бош­лайди. Бироқ уларнинг барчаси ҳам бирдек оёққа туриб кетмоқда дейиш қийин. Бунинг учун соҳада учраётган муаммоларни тизимли ўрганиш талаб этилмоқда. Статистик маълумотларга кўра, вилоятда ўтган йил давомида 16 минг 208 та кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектлари рўйхатдан ўтган бўлса, 1486 таси фаолиятини тугатган, яна 1418 та корхона ва микрофирмалар иши тўхтаб қолган.
– Айрим тадбиркорлик субъектлари рўйхатдан ўтгач, қисқа вақт ичида ўз фаолиятини тугатаяпти, – дейди  Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бош­қармаси мутахассиси Шуҳрат Нурбеков. – Сабабларини ўрганганимизда айримлари тегишли идораларга ҳисоботларни вақтида топширишда тажрибасизлик қилган. Бунинг олдини олиш, тадбиркорларга яқиндан ёрдам бериш учун Палатада бир ойдан бери бухгалтерия хизматлари кўрсатиш, солиқ, статистика ҳисоботларини тўғри юритиш бўйича хизматлар кўрсатиш йўлга қўйилди.
Давра суҳбатида тадбиркорлар ўзлари дуч келаётган масалалар ҳақида мутасаддиларга тўғридан-тўғри мурожаат қилиш ва уларнинг ечими бўйича аниқ жавоб олиш имкониятига эга бўлди.
– Бугунги тадбирда кўпгина фойдали маълумотларга эга бўлдим, – дейди оқдарёлик Зафар Отаев. – Банкдан олган кредит эвазига чорвачиликни бошлаган эдик. Лекин озуқага келганда анчагина қийналиб қолдик. Бу муаммони ҳал қилиш учун ҳам банкдан қўшимча кредит олишимиз мумкин экан.
Муҳаббат РАВШАНОВА,
“ХХI asr” мухбири
***
O‘zLiDeP Бухоро вилоят Кенгаши ҳам шу мавзуда тадбир ўтказди. Унда таъкидланганидек, бугунги кунда мамлакатимизда кўплаб янги иш ўринлари ташкил этилмоқда. Маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми кўпайиб, бозорларимиз тўкинлиги таъминланаяпти. Турган гапки, бунда юртимизда фаолият олиб бораётган 300 мингга яқин кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг ўз ўрни бор.
Давра суҳбати давомида тадбиркорлар фаолиятида учраётган муаммоларни таҳлилий ўрганиш ва уларни ҳал этиш борасида амалга оширилаётган ишлар, соҳа ходимларининг кредит-молия ресурсларидан кенг фойдаланишларини таъминлаш бўйича белгиланган вазифалар ижроси, тадбиркорликни ривожлантиришга хизмат қилувчи  молия институтлари фаолиятининг устувор вазифалари юзасидан атрофлича фикр алмашилди.
Вилоятда бугунги кунда 13015 та кичик бизнес субъектлари рўйхатдан ўтган бўлиб, улардан 12598 таси йўналишидан келиб чиқиб юрт равнақига ҳисса қўшаётир. Фаолият олиб бормаётган кичик бизнес субъектларининг асосий қисми эса саноат, қурилиш, қишлоқ ва ўрмон хўжалиги, савдо ҳамда умумий овқатланиш корхоналарига тегишлидир. Бу субъектлар фаолияти ўрганилиб, уларни қайта оёққа қўйиш борасида аниқ  чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий этилмоқда.
– Ҳудудларда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни, шу жумладан, аёллар тадбиркорлигини ҳам жадал ривожлантиришга тўсқинлик қилаётган муаммоларнинг сабабларини аниқлаш ва ҳал этишга қаратилган таклифларни  ишлаб чиқишда жонкуярлик кўрсатишлари лозим, – дейди Ўзбекистон “Тадбиркор аёл” ишбилармон аёллар ассоциацияси вилоят бўлими раиси, партия вилоят Кенгаши раисининг Аёллар масалалари бўйича ўринбосари Дилбар Аҳмедова. – Қолаверса, яқин беш йилга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегиясида иқтисодиётни ривожлантириш ва либераллаштиришнинг устувор йўналишлари алоҳида қайд этилгани O‘zLiDeP дастуридаги мақсад ва вазифаларга тўла мос келади.
Асхор ИСТАМОВ,
“ХХI asr” мухбири
***
O‘zLiDeP Андижон вилоят Кенгаши ташаббуси билан Андижон шаҳридаги “Боғишамол” меҳмонхонасида  ўтказилган  шу мавзудаги тадбирда партиянинг вилоят, шаҳар, туманлар кенгашлари аъзолари, маҳаллий кенгашлардаги депутатлик гуруҳлари, мутасадди ташкилотлар вакиллари, кичик саноат зоналарида фаолият юритаётган тадбиркор ва ишбилармонлар иштирок этишди.
Маълумки,  қулай  муҳит – тараққиётнинг муҳим омили ҳисобланади. Кичик бизнес ва тадбиркорлик ривожи хусусида ҳам гап шу. Бугун соҳани янада ривожлантириш борасида улкан ишлар амалга оширилмоқда. Тадбирда қайд этилдики, ҳозирда вилоятда фаолият кўрсатмаётган тадбиркорлик субъектлари 1442 тани, кичик бизнес субъектлари эса 1351 тани ташкил этади. Шунингдек, жорий йилнинг ўтган даври давомида кичик тадбиркорлик субъектларининг 125 тасининг фаолияти қайта тикланди.
Давра суҳбатида фойдаланилмаётган ҳамда қурилиши тугалланмаган давлат мулки объектларини тадбиркорларга имтиёзли асосларда бериш, бу борадаги талаб ва таклифлар хусусида  атроф­лича  сўз юритилди.
Очиқ мулоқот шаклида ўтган тадбирда тадбиркорларнинг кўп­лаб саволларига кенг тушунтириш ва соҳага оид тавсиялар берилди.
Зилола РАҲМОНОВА,
“XXI asr” мухбири

НИЯТ ВА ШУНГА ЯРАША ҲАРАКАТ



“To`xtaniyoz-ota” фермер хўжалиги Зангиота туманининг Келес шаҳрида фаолият юритмоқда. 1993 йилда кичик корхона сифатида иш бошлаган, 3 хилдаги колбаса маҳсулотларини тайёрлайди. 2000 йилда фермер хўжалигига айлантирилган. Таъкидлаш керакки, кўп тармоқли хўжаликда иш пухта йўлга қўйилган. Германия ва Италиядан келтирилган замонавий дастгоҳлар самарадорликни оширмоқда. Ишчи-ходимларнинг ўз касбига масъулият билан ёндашиши, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг сифати доимий назорат қилиниши, санитария нормалари ва технологияларга қатъий риоя қилиниши туфайли юқори сифатли ва рақобатбардош колбаса маҳсулотлари тайёрланмоқда. Ажойиб таъм ва сифат уйғунлигига эришилгани боис улар харидорларга манзур бўлмоқда.
“To`xtaniyoz-ota” фермер хўжалиги фаолиятни янада кенгайтириш, янги қурилмалар ўрнатиш, янги иш ўринлари яратиш устида доимий изланишлар олиб бораётир. Хусусан, 2015 йилда янги, замонавий ишлаб чиқариш цехи қуриб битказилди. Бунинг шарофати билан 
20 та иш ўрни вужудга келди. Ҳозирда бир кеча-кундузда 30 тонна гўшт қайта ишланяпти.
Бугунги кунда “To`xtaniyoz-ota” саноатлашган йирик фермер хўжалигига айланди.

Солижон ЗОИРОВ,
“ХХI asr” мухбири
(Муаллиф олган сурат)

ҲАММА ЙЎЛЛАР ТАДБИРКОРЛИККА ЭЛТАДИ

Носиржон АБДУЛЛАЕВ,

O‘zLiDeP Наманган вилоят

Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан шу йилнинг 1 февралида имзоланган “Тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларини кўрсатиш механизмларини такомиллаштиришга доир  қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори наманганлик тадбиркор ва ишбилармонларни ғоят руҳлантириб юборди.

Аввало, мазкур қарор партиямиз Дас­туридаги устувор йўналишларга  ҳамоҳанглиги, электоратимиз манфаатларига хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.  Шунинг учун партия вилоят, шаҳар, туман Кенгашлари ходимлари, Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги депутатларимиз иштирокида қарорнинг мазмун-моҳиятини тарғиб этиш, шу мақсадда давра суҳбатлари, учрашувлар, мулоқотлар ташкил этиш юзасидан чора-тадбирларни ишлаб чиқдик.

Қарорда алоҳида таъкидланганидек, тадбиркорлик субъектлари ўз фаолиятини бошлаши учун ҳанузгача турли давлат органларига мурожаат этишга мажбур бўлмоқда, лицензия ва рухсатномаларни расмийлаштириш жараёнларида замонавий ахборот-коммуникация технологиялари имкониятларидан зарур даражада фойдаланилмаяпти, кўпчилик давлат хизматлари, афсуски, ҳали ҳам анъанавий усулларда, қоғоз шаклида кўрсатилмоқда. Сир эмас, тадбиркорларга давлат хизматларини кўрсатиш жараёнида сансалорлик, бюрократик тўсиқлар ва расмиятчилик ҳолатларига ҳозирги кунда ҳам дуч келинмоқда. Шу маънода ушбу қарор тадбиркорларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларга янада кенгроқ имкониятлар ва қулайликлар яратишга хизмат қилади.

“Ягона дарча” марказларининг ҳокимликлар тасарруфидан адлия бошқармалари тизимига ўтказилганлиги ҳам ниҳоятда хайрли иш бўлди. Чунки адлия идоралари тадбиркорларни рўйхатдан ўтказишдан бошлаб, уларга лицензия ва рухсатномалар бериш, давлат хизматлари кўрсатилиши  жараёнларини назорат қилиш  ваколатига эгадирлар.

Ҳозирга қадар “Ягона дарча” марказлари томонидан тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун 16 турдаги рухсатномаларни бошқа идораларга бормасдан расмийлаштириш амалиёти қўлланиб келган бўлса, ушбу қарор билан  буни янада кенгайтириш, талаб энг юқори бўлган қўшимча 86 турдаги лицензия ва рухсатномаларни “ягона дарча” марказлари орқали расмийлаштириш механизмини босқичма-босқич жорий этиш назарда тутилмоқда. Бу эса тадбиркорлар учун янада кенг қулайликлар яратади. Эндиликда тадбиркорлик субъектлари юқоридаги лицензия ва рухсатномаларни олиш учун бошқа идораларга овора бўлиб юрмасдан, уларни аниқ муддатларда берадиган “ягона дарча” марказларига тўғридан-тўғри мурожаат қилиш имкониятига эга бўлади. Эътиборли томони, бундай марказлар барча зарур келишиш тартиб-таомилларини тадбиркорлик субъекти иштирокисиз мустақил амалга оширади.

Хусусан, бизнинг вилоятимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, уларни қўллаб-қувватлаш борасида муайян ишлар амалга ошириляпти. Айни пайтда тадбиркорлик субъектларининг ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улуши 80 фоиздан юқори, шунингдек, улар янги иш ўринлари яратишда, айниқса, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини иш билан таъминлашда, экспорт режаларини бажаришда ўзига хос мавқега эга. Лекин шу билан бирга вилоятимизда айрим сабаблар туфайли ўз фаолиятини тўхтатиб қўйган ёки бюрократик тўсиқлар, қоғозбозликлар туфайли ишини юргиза ололмаётган, лицензия, рухсатнома олишда қийинчиликларга дуч келаётган  тадбиркорлар, хусусий корхоналар ҳам йўқ эмас. Буни ҳам яширмаслигимиз керак.

Партия вилоят, шаҳар, туман Кенгашлари, депутатлик гуруҳларимиз ана шундай муаммоларни бартараф этиш юзасидан чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқди. Бугун вилоятдаги тижорат банклари билан бирга хонадонма-хонадон юрилиб, аҳолини тадбиркорликка жалб этиш, уларга бизнес режалари тузиш, кредитлар олиш масалаларида тарғибот ишлари олиб борилмоқда.

Бугун иқтисодиётимиз рақобатбардошлигини ошириш, жаҳон бозорида ўзининг муносиб ўрнини топа оладиган маҳсулот етказиш ва шунга яраша хизматларни яратиш талаб этилмоқда. Шу маънода партиямиз томонидан анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган лойиҳаларни ҳам такомиллаштириш, уларнинг самарадорлигини ошириш, Савдо-саноат палатаси, лизинг компаниялари, тижорат банклари ва бошқа ҳамкор ташкилотлар билан бирга  тадбиркорларимизнинг иқтисодий, ҳуқуқий билимларини янада ошириш, уларни халқаро кўргазмаларда иштирок этишлари учун шароит яратиб бериш, кўп маблағ талаб этмайдиган ихчам ва замонавий технологияларни олишда  амалий ёрдам бериш зиммамиздаги долзарб вазифалардан ҳисобланади. Ўйлаймизки, ушбу қарор бу борада бизга дастуриламал бўлиб хизмат қилади.


КОЛЛЕЖ БИТИРУВЧИСИГА ИМТИЁЗ БОРМИ?

Ўтган йили касб-ҳунар коллежини битирдим. Яқинда тадбиркорлик фаолиятимни бошламоқчиман. Айтинг-чи, амалдаги қонунларимизда тадбиркорликни йўлга қўяётган битирувчиларга қатъий белгиланган солиқни тўлашда имтиёзлар борми?

Н. Пиримқулова,
Когон тумани

Амалдаги Солиқ кодексининг 375-моддасига асосан солиқ тўловчининг календарь ойида ишлаган кунлари сонидан қатъи назар, қатъий белгиланган солиқ тадбиркорлик фаолиятининг тури ва солиқ тўловчининг фаолиятни амалга ошириш жойига қараб белгиланган ставкалар бўйича тўланади.

Фаолиятнинг бир неча тури билан шуғулланувчи солиқ тўловчилар қатъий белгиланган солиқни фаолиятнинг ҳар бир тури учун мазкур турдаги фаолиятга нисбатан белгиланган ставкалар бўйича алоҳида-алоҳида тўлайдилар.

Қатъий белгиланган солиқни ҳисоблаб чиқариш солиқ бўйича ҳисобга олиш жойидаги давлат солиқ хизмати органлари томонидан амалга оширилади.

Қатъий белгиланган солиқ тадбиркорлик фаолияти амалга оширилган ойнинг 25-кунидан кечиктирмай ҳар ойда, солиқ тўловчи давлат рўйхатидан ўтказилган жой учун белгиланган ставкалар бўйича тўланади. Агар фаолият амалга оширилган жой учун қатъий белгиланган солиқ ставкалари давлат рўйхатидан ўтказилган жой учун белгиланган ставкалардан фарқ қилса, қатъий белгиланган солиқ энг юқори ставка бўйи­ча тўланади.

Янги рўйхатдан ўтган якка тартибдаги тадбиркор, шу жумладан, оилавий тадбиркорлик субъекти қатъий белгиланган солиқни якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтказилган ойдан кейинги ойдан бошлаб тўлайди.

Дарвоқе, касб-ҳунар коллежлари битирувчилари ўқишни тамомлагандан кейин ўн икки ой ичида якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтган тақдирда, қайд этилган санадан эътиборан қатъий белгиланган солиқни тўлашдан олти ой муддатга озод этилади. Аммо якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтилган пайтдан бошлаб ўн икки ой ичида фаолият тугатилган ёки фаолият уч ва ундан кўп ойга тўхтатилган тақдирда, қатъий белгиланган солиқ фаолият амалга оширилган бутун давр учун тўланади.

Саволга Фуқаролик ишлари бўйича
Тошкент вилоят судининг девонхона мудири
Ойбек БАРАКАЕВ жавоб берди.

ИНТИЛГАНГА ТОЛЕ ЁР

“Саид” хусусий корхонаси раҳбари Саидрасул Жовунов Қўшработ туманидаги таниқли тадбиркорлардан. У туманда илк бор
мева-сабзавотни сақлаш учун мўлжалланган юз тонналик совуткич барпо этди. 18 ўринли хусусий меҳмонхона қургани ҳам тилга тушди. 200 ўринли ўқув маркази ташкил этганда ёшлар бир қувонишдики...

Эътиборлиси, ишбилармон O`zLiDeP бош­ланғич  ташкилоти раиси сифатида партия дастурий ғоя ва мақсадларини оммалаштиришга ҳисса қўшмоқда. Бу жараёнда орттирган тажрибаси яқиндагина кўтаринки руҳда ўтган Президент сайловида ҳам ғоят асқотди.

– Сиёсий куч ўз олдига қўйган вазифалар моҳиятини аҳолига тушунтиришда маслакдошларим кўмагига таянаяпман, – дейди етакчи. – Айниқса, Бобур Жовунов, Носир Дўстёров ва Олим Хўжақуловнинг жонбозлиги алоҳида эътирофга ло­йиқ. Бевосита мулоқотларга депутатлар, ҳуқуқшунослар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакилларини ҳам таклиф этаяпмиз. Тадбирларда жойлардаги айрим ижтимоий-иқтисодий  масалалар ҳам ўртага ташланмоқда.

Муҳаббат РАВШАНОВА,
“ХХI asr”мухбири

Саҳифа 1 - 81

Joomla