Tuesday, May 30th

Last update07:38:55 AM GMT

You are here:

АҲВОЛ ҚАЛАЙ, ТАДБИРКОР?


Ноқонуний ҳаракати ёки ҳаракатсизликлари оқибатида катта миқдорда товон тўлашига тўғри келаётган божхона, банк ва бошқалар хусусида

Ҳар нарсанинг сўроғи-ю саволи бор. Тадбиркорлар ҳуқуқи ҳимояси давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланган экан, бу борадаги сўроқ-саволларнинг жавоби ҳам шунга яраша бўлади.  Шундай бўлмоқда ҳам. Аниқ мисоллар керакми?  Тошкент шаҳар адлия бошқармаси бўлими бош­лиғи Абдуманнон БЎРИЕВда мисоллар  керагича топилади. Бошқарманинг  Тадбиркорлик субъектлари ва хорижий инвестицияларни ҳуқуқий ҳимоя қилиш бўлимини бошқараётган суҳбатдошимиз гапни бир бошдан бошлади:

– Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 23 августдаги  “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида кичик бизнес, хусусий тадбиркорлик субъектлари, хорижий инвесторларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш, уларнинг молия-хўжалик фаолиятига ноқонуний аралашишларга, кичик бизнес, хусусий тадбиркорлик субъектларини ривожлантириш соҳасида маъмурий тўсиқ ва ғовларни яратишга йўл қўймаслик бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш вазирликнинг асосий вазифалари ва фаолияти йўналишлари этиб белгиланди.
Шунингдек, вазирлик ўзига юкланган вазифаларни бажариш учун тадбиркорлик субъектлари, хорижий инвесторлар ва хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш мақсадида давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат тузилмаларининг ҳуқуқни қўллаш амалиётини тизимли асосда ўрганиб боради.
– Хўш, мазкур вазифаларни бажаришда вазирлик ва унинг ҳудудий тузилмалари томонидан қандай ишлар амалга оширилмоқда? Тадбиркорларимиз ўзларининг бузилган ҳуқуқ ва манфаатларини тиклашда адлия идораларининг кўмагига суянишяптими?
– Бўлмасам-чи! Тадбиркорлар мурожаати кўрсатмоқдаки, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилишига йўл қўйиш, хотиржам ишлашига тўсқинлик қилиш ҳолатлари ҳам учрамоқда. Биргина жорий йилнинг 1 апрелига қадар бошқармамизга 156 та мурожаат келиб тушди. Уларнинг 82 таси қаноатлантирилди, 10 таси рад этилган, 53 тасига ҳуқуқий тушунтириш берилди.
– Рақамлар умумий манзара хусусида тасаввур беради, албатта. Тасаввуримизни янада бойитиш учун  айримларининг тафсилоти билан  таништирсангиз.
- Бажонидил. Бўлимимизга йилнинг дастлабки ойида “Family group” ва “Arktika botlers” қўшма корхоналари томонидан бир хил мазмунда шикоят келиб тушган эди. Мазмуники, Тошкент шаҳар божхона бошқармаси томонидан мазкур корхоналарга нисбатан божхона имтиёзлари қўлланилмаётган экан. Натижада улардан божхона тўловлари меъёридан кўпроқ ундирилган. Мурожаатлар ўрганилди. Қарасак, иккала субъектнинг ҳам ҳуқуқи бузилган. Мазкур ҳолат юзасидан  бошқармага тегишли тақдимномалар киритсак-да, ўзгариш бўлмади. Бу ҳолатга шунчаки қараб бўлмайди, тўғрими?  Мана, натижаси: бошқарма бўлим бошлиғи Н. Салимжонов зиммасидаги вазифаларни лозим даражада бажармагани сабаб  унга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик чорасини қўллаш тўғрисида баённома расмийлаштирилди. Жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман судининг қарорига кўра, энг кам ойлик иш ҳақининг ўн баравари миқдорида жарима қўлланилди. Бундан ташқари Тошкент шаҳар божхона бошқармасидан “Family group” ва “Arktika botlers” қўшма корхоналарига тўланган  ортиқча тўловлар – 350 миллион  сўмдан ортиқ маблағ қайтарилди!

– Юртимизда тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаётган банк муассасалари қаторида уларга моддий кўмак беришдан бош тортаётган ёки турли важлар билан фаолият ривожи учун энг муҳим омил –  кредит бериш, ҳисоб-рақам очишни кечиктириб, ишбилармонларни бесабаб сарсону саргардон қилаётган ҳолатлар ҳақида ҳам тез-тез эшитиб қоламиз. Натижада ишлаб чиқариш субъектлари фойдани бой беришади...
– Дарҳақиқат, гуруч курмаксиз бўлмаганидек, иш жараёнида бундай қонунбузарликларга ҳам гувоҳ бўляпмиз.
Чет эл инвестицияси иштирокидаги “Ангрен электродлари” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Х. Маҳбубов узоқ вақт ана шундай саргардонликларни бошидан кечириб келган. Бунга унинг акциядорлик тижорат “Халқ банки”нинг Миробод туман филиали ходимларининг хатти-ҳаракатларидан норози бўлиб ёзган хатини ўрганиш жараёнида амин бўлдик. “Ангрен элекродлари” масъулияти чекланган жамияти импорт ўрнини босувчи, янги такомиллаштирилган пайвандлаш электродларини ишлаб чиқаришга мўлжалланган. Бундан ташқари, “Ангрен” махсус индустриал зонаси аъзоси ҳисобланади. Жамият раҳбари фаолиятни ривожлантириш учун акциядорлик-тижорат “Халқ банки” Миробод туман филиалига ариза билан мурожаат қилиб, керакли миқдордаги кредит ажратишни сўраган. Банк раҳбарияти эса бунинг учун жамият ўз ҳисоб-рақамини  “Ўзсаноатқурилишбанк” Ангрен шаҳар филиалидан АТ “Халқ банки” Миробод филиалига ўтказиши лозимлигини маълум қилади. Х. Маҳбубов дарҳол сўралган ҳужжатларни банкка тақдим қилади. Бироқ... ҳисоб-рақам нақд 460 (!) кундан сўнггина очилади. Натижада тадбиркорлик субъекти катта миқдорда моддий ва маънавий зарар кўради.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, бошқармамиз номидан  тадбиркорлик субъекти томонидан бой берилган фойдани ундиришни сўраб, Тошкент шаҳар хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилдик. Натижада “Ангрен электродлари” масъулияти чекланган жамиятининг бой берилган фойдаси – 100 000 АҚШ доллари миқдоридаги маблағни банкдан ундириш ҳақида суд ҳужжати чиқарилди.
Яна бир мисол. Якка тартибдаги тадбиркор Сардор Мирзаевнинг “Халқ банки”нинг Яшнобод туман филиали томонидан кредит ажратилмаётганлигидан норози бўлиб бошқармамизнинг ишонч телефонига қилган мурожаати ҳам ижобий якун топди. Адлия бошқармасининг аралашувидан сўнг тадбиркорга 50 миллион сўм миқдорида кредит ажратилди.
– Амалдаги қонунларимизда тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун тегишли жавобгарлик белгилаб қўйилган...
– Жорий йилнинг биринчи чорагидаёқ бошқармамиз томонидан аниқланган қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш тўғрисида тегишли ташкилотларга жами 11 та тақдимнома киритилди, натижада 13 нафар мансабдор шахс интизомий жавобгарликка тортилди. Уларнинг  аксарияти ҳокимлик, тижорат банклари, божхона, назорат қилувчи идораларнинг мансабдорларидир.  Бу ҳали ҳаммаси эмас. Тадбиркорлар фаолиятига тўғаноқ бўлган 26 нафар мансабдор шахсга нисбатан маъмурий жавобгарликка тортиш юзасидан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, судга юборилди. Тегишли судларига эса тадбиркорлик субъектлари манфаатларини кўзлаб 24 та даъво аризалари киритилди.
– Эътирофга муносиб ҳаракатлар бу, албатта, хайрли ишларда чарчаманг.
– Раҳмат.
“XXI asr” мухбири
Нурхон ЭЛМИРЗАЕВА
суҳбатлашди.

Joomla