Tuesday, May 30th

Last update07:38:55 AM GMT

You are here:

ҲАЁТИМИЗ ДАСТУРИЛАМАЛИ

Президентимизнинг шу йил 7 февралдаги фармони билан тасдиқланган “2017 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси” мамлакатимизни иқтисодий тараққий эттириш, аҳоли фаровонлигини янада юксалтиришда янги босқични бошлаб берди.


Халқимизнинг тинч ва осуда ҳаётини таъминлаш, турмуш даражасини янада яхшилаш каби олижаноб ғоялар ўз ифодасини топган мазкур тарихий ҳужжатнинг ҳар бир йўналиши пухта ўрганилиб, таҳлил қилинаётир. Айниқса, стратегиянинг учинчи йўналишида хусусий мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш ва унинг устувор мавқеини янада кучайтириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ривожини рағбатлантириш,  бу борада барча турдаги тўсиқ ва чеклашларни бартараф этиш, соҳа вакилларига тўлиқ эркинлик беришга алоҳида аҳамият қаратилгани эътиборга моликдир. Бу эса яқин беш йилда юртимизда айни пайтдаги қулай бизнес муҳитини янада яхшилаш, хусусий мулк устуворлигини мустаҳкамлашга йўналтирилган қонун ҳужжатларини такомиллаштириш, тадбиркорликка бундан-да кенгроқ эркинлик беришга қаратилган аниқ чора-тадбирлар изчил давом эттирилишини англатади.
Дарҳақиқат замон шиддат билан илгарилаб бораётган бир пайтда барча жабҳалар қатори мамлакатимизнинг энг чекка ҳудудларида ҳам хусусий секторни ривожлантириш, истиқболли лойиҳалар устида бош қотириш, одамларни тадбиркорликка ўргатишни даврнинг ўзи тақозо этмоқда. Зеро, шу орқали ҳар бир оиланинг иқтисодий имкониятлари оширилади, пул айланмаси кўпаяди. Шундай экан, бу каби долзарб масалаларни ҳал этишда ким бўлишимиздан, қайси лавозимда фаолият кўрсатишимиздан қатъи назар, алоҳида жонбозлик кўрсатишимиз шарт. Чунки мазкур стратегия O`zLiDePнинг мақсад ва вазифаларига тўла ҳамоҳангдир. Бинобарин, унинг ҳар бир бандида партиямизнинг ҳаракат дастуридаги муҳим йўналишлар ўз аксини топган десак янглишмаймиз.
Бектемир туманида ҳам бу борада қатор амалий ишларга қўл урилмоқда. Бунда асосий эътибор турли сабабларга кўра ўз ишини тўхтатган тадбиркорлик субъектлари фаолиятини қайта тиклаш масаласига қаратилмоқда. Мисол учун, жорий йилда 29 та тадбиркорлик субъекти қайта иш бошлади. Қувонарлиси, бунинг натижасида 100 дан зиёд иш ўрни вужудга келди. Ютуқлар ўзимизники, лекин бу борада қилиниши керак бўлган ишлар бисёр. Демоқчиманки, ҳали туманда иши юришмай тўхтаб қолган корхоналар мавжуд. Шу боис йўналишни тўғри олиб, муаммоларни жойида ўрганиш ва тегишли чора-тадбирлар асосида амалий кўмак беришимиз зарур. Бу билан, энг аввало, электорат ишончини оқлашга, қолаверса, яқин беш йилга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегиясида назарда тутилган вазифалар ижросини таъминлашга озми-кўпми ҳисса қўшган бўламиз.
Сарвар МАХАМЕТОВ,
Халқ депутатлари Тошкент шаҳар
Кенгаши депутати

Joomla